Жиноятчи яна қамоққа тушиш учун банкни ўмарди

0

АҚШнинг Висконсин штатидаги Милуоки шаҳрида ғаройиб жиноят содир этилди. 68 ёшли Уильям Галлахер куппа-кундуз куни ҳеч қандай ниқоб тақмаган ҳолда банкка бостириб кирди. Нияти босқинчилик эканлигини ошкора эълон қилган қария банк хизматчиларидан бирига полицияни чақиришни сўради ва курсида ўтирганча қонун ҳимоячилари етиб келишини ҳотиржамлик билан кута бошлади…
Полиция етиб келиб, ҳибсга олаётганда эса Уильям Галлахер мамнуният билан қўлларини кишан тақиш учун ўзи тутиб берди (!) Ҳаёлингиздан “Шунақаям бўлар эканми?”, – деган савол ўтган бўлиши тайин. Эшитган қулоққа қанчалик ҳайратланарли туюлмасин, бу ҳақиқат..
Асл ҳақиқат эса суд залида маълум бўлди. Маълум бўлишича, ушбу ғаройиб босқинчи содир этган оғир жинояти учун 20 йил умрини панжара ортида ўтказиб, бундан 6 ой муқаддам озодликка чиққан экан. Эркинликда ўтган вақт давомида у нормал ҳаёт тарзига мослаша олмаган ва узоқ ўйлаб, ўзи кўниккан шароитга қайтиш энг тўғри қарор деган хулосага келди.
Судьянинг жиноят содир этишдан мақсад шунчалик жўн ва аниқ бўлгани ҳолда нима учун узоқ йўл босиб айнан Милуоки шаҳридаги банкни “ўмаришга” қарор қилганлиги тўғрисида берган саволига Уильям Галлахернинг жавобини эшитган суд мажлиси иштирокчилари беихтиёр кулгидан ўзларини тия олмадилар.
– “Бир вақтлар мен мамлакатдаги деярли барча қамоқхоналарда ўтириб чиққан 72 ёшли қария билан битта камерада турганман. У бир куни Милуоки шаҳридаги қамоқхонада маҳбусларнинг овқатланиш шароити энг яхши эканлигини айтганди.”