Путин ёш тадбиркорларга “қабристондаги энг бой” бўлишга интилмасликни маслаҳат қилди

0

Россия президенти  Владимир Путин “Немалый бизнес” (“Оз бўлмаган бизнес”) миллий мукофоти ғолибларига келгусига бир нечта маслаҳатлар берди. Ёш тадбиркорлар билан учрашув Кремлнинг қабуллар залида бўлиб ўтган.

Путин танловда 32 минг тадбиркор иштирок этгани, ўн минглаб тадбиркор бундай тадбирларда иштирок этиш учун ҳали етилмагани, бироқ келгуси йиллар ўзларини кўрсатишлари мумкинлигини айтган.

Россия раҳбари ғолибларга юзланиб, ёш тадбиркорлар ўз компаниялари номларига қаратадиган аҳамиятга эътибор қаратган.

“Кемани қандай атасанг, у шундай сузади, дейишади, бироқ энг асосийси – мазмун, шижоат, истеъдоддир. Бу омилларнинг мавжудлиги, ижтимоий моҳият жуда муҳимдир”, деб айтган Путин.

Россия президентининг таъкидлашича, бизнес даромад олишга асосланган, бироқ “доимий даромад олиш охир-оқибат қизиқарсиз бўлиб қолади”. Шу муносабат билан Путин бизнеснинг асосий мақсади даромад олиш эмас, унинг келгуси ривожланишга имкон бериши ҳисобланишини таъкидлаб ўтган.

“Қабристонда энг бой бўлиш – бу унча қувноқ воқеа эмас”, деб масалаҳат қилган Путин. Унинг айтишича, бизнесда ҳам бошқа соҳалардагидек инсон авваламбор ўзини ривожлантиришга интилиши лозим – айнан шу нарса завқ келтиради.

Политтехнолог Алёна Августнинг айтишича, ўз ишини бошлаш учун баъзида энг истеъдодли ва уддабурон кишиларга ҳам биринчи қадамни ташлашга қатъият етишмайди, шу сабабли тадбиркорлик ғояларини ахборий ва маънан қўллаб-қувватлаш кредитлар бўйича имтиёзлар ва субсидиялар бериш каби муҳимдир.

“Немалый бизнес” мукофоти айнан шундай илҳомлантирувчи ва рағбатлантирувчи воқеалардан биридир. Менга президентнинг “қабристондаги энг бой” ҳақидаги сўзлари таъсир қилди. Ҳақиқатан ҳам тадбиркорликнинг моҳияти нафақат даромад ортидан қувишдан иборат. Инсонга инсонийликни қайтариш умумий тренддадир ва бизнес борган сари ижтимоий масъулиятли бўлиб боради. “Сотиб ол-сот” эмас, балки “ўйлаб топ-амалга ошир” муҳимроқдир ва буни бугунги ғолиблар исботлашди”, деб айтган Алёна Август.

Путин совриндорлар билан суҳбат чоғида уларнинг ҳар бири билан эришган ютуқлари, корхоналари обороти, ишлаб чиқариш қувватлари қаерда жойлашгани, қанча ходим ишлаши ҳақида бирма-бир қизиқиб кўрган. Аниқланишича, тадбиркорларнинг аксариятига бизнесларини ривожлантириш учун муниципал ва ҳудудий грантлар туртки берган.