ҚАМОҚХОНАДА КЕЧГАН КУНЛАРИМ… (19-қисм)

0

 

* * *

 

Ниҳоят, манзилга етиб бордик. Настя шаҳар четроғидаги тор кўчада яшаркан. Мен аввал баланд деворлар билан ўралган ҳовли атрофини эринмасдан айланиб чиқдим. Кўча тарафдан девор ошиб тушиш қалтисроқ туюлди. Йўлга яқинлиги боис тез-тез машиналар у ёқдан-бу ёққа ғизиллаб ўтиб турибди. Машина чироғи шуъласи деворни ёритганда мени кимлардир пайқаб қолишлари мумкин. Шу сабабли ҳовлига томорқа орқали киришга қарор қилдим.

Мендек бўйдор одам учун бу тахлит баланд деворлардан ошиб ўтиш қийинчилик туғдирмайди. Асосийси, ҳовлини итлар қўриқламаётган бўлса бас. Борди-ю, шундай бўлган тақдирда…

Шоша-пиша елкамдаги қора сумкани очиб, ичидагиларни фонарча ёруғида текшириб кўра бошладим.

— Ў, мана буни профессионал иш деса бўлади!

Сумкага латтага ўралган бир неча дона колбаса ва гўшт бўлаги солинган экан. Ахир бекорга солинмаган, аввалдан эҳтиёт чоралари кўрилган. Демак, ҳеч нарсадан хавотирланмасам ҳам бўлади. Сумкани қайтадан елкамга илиб, фонарни чўнтакка урдим ва бир сакраб девор оша ҳовлига тушдим.

Хайрият, жимжитлик экан. Оёқ учида юриб бориб ҳовлига кирдим. Икки қаватли оддийгина уй. Юқори қаватнинг ўнгдаги хонасида чироқ ўчирилмаган. Ҳа, бундан чиқди, уй эгаси шу ерда! Фақат уни чўчитиб юбормасдан секин ҳаракат қилишим лозим, акс ҳолда иш бузилади.

Эҳтиёткорлик билан мармар зиналардан юқорига кўтарилиб, керакли эшик олдида тўхтадим-да, уни секингина итариб кўрдим. Ичкаридан қулфланган экан. Ойна остидан ичкарига қулоқ тутдим. Сукунат.

Ҳаммаси жойида эканига амин бўлгач, сумкадан қулф бузишда ишлатиладиган асбобни олиб, қулфга солдим ва бир-икки пастга, юқорига кўтарган бўлдим. Қулф бузилди. Чўнтагимдаги тўппончани қўлимга олиб, сумкадаги овоз пасайтиргични учига маҳкамладим-у, остона ҳатлаб йўлакка ўтдим.

Ана шунда хоналарнинг биридан кимнингдир товуши эшитилди.

— Ким? Витя, сенмисан?..

Кўз очиб юмгунча рўпарамда тунги ялтироқ халатга ўранган, келишган, сочлари қорага бўялган, мовий кўз, ёши чамаси ўттиз бешлардаги аёл пайдо бўлди ва қўлида тўппонча тутган эркакни кўрди-ю, жонҳолатда ўзини орқага олди.

— Қўрқма, соҳибжамол! — шивирладим тобора унга яқинлашиш асносида. — Мен сенинг бахтингман, эшитаяпсанми? Сени пули кўп, бақувват ўйнашга зор экан деб эшитиб, тўппа-тўғри уйингга келавердим. Сўроқсиз кирганим учун кечирасан!..

— Кет!.. Кимсан? Кет!.. Ҳозир милиция…

Эпчиллик билан Настяни қучоқлаб, кафтимни оғзига босдим.

— Ўзинг ҳам жа… кетворган экансан, — давом этдим. — Милицияни безовта қилишнинг нима зарурати бор? Кел, ундан кўра, кайф-сафо қиламиз.

— Сизга нима керак!.. — йиғлай бошлади аёл. — П-пул керак бўлса, ана шкафда турибди. Фақат менга тегманг!

— Шунақами? Пулинг шунчалик кўпми?..

Уни икки елкасидан чангаллаб хонага судраб кирдим-да, диванга итқитиб юбордим.

— Кимсиз?! — титрашга ўтди аёл. — Ким юборди сизни бу ерга? Мақсадингиз нима?

Тўппончани чўнтакка уришга шошилмай аёлнинг тепасига яқин бордим.

— Толяндан сенга алангали салом! — дедим Настянинг узун кокилларини бармоқларим билан силаб. — Сени жуда соғинибди. Қадрдонларни бунчалик соғинтириб қўйиш инсофдан эмас.

— Ким у Толян? Мен ҳеч қандай Толянни танимайман.

— Йўғ-э! Наҳотки шундай келишган, кўриниши жон олгувчи аёлнинг хотирасидан шикояти бўлса?

Аёл осонликча тилга кирмаслигига кўзим етиб тўппончани унинг томоғига тирадим. Настяни баттар титроқ тутди.

— Хўш, эсладингми? Гапир, соҳибжамол? Тезроқ гапирмасанг, жаҳлим чиқиб, ёмон одамга айланиб қолишим мумкин.

— Унга нима керак экан? — ниҳоят саволимга савол билан жавоб қайтарди Настя.

— Ҳеч нарса. Фақат унинг дўконлардан оладиган икки йиллик улушини ҳозир бериб юборишинг зарур. Қанчалигини ўзинг яхши биласан.

— Ундан қарзим йўқ.

— Э, йў-ўқ!.. — бош чайқадим тўппончани аёлнинг томоғига қаттиқроқ тираб. — Жуда кўп қарзинг бор! Сенинг дастингдан Толяннинг улуши камайиб кетган, чунки сен ментларга чақиб қўйгансан. Сенинг дастингдан унинг одамлари ҳибсда ётибди!

— Бақирмасдан тўппончангни ол! — деди Настя қўлимни нари суриб. — Барибир, шу тобда унча пул топиб бера олмайман.

— Топасан! — дағдаға қилдим аёлга. — Жон керак бўлса, албатта, топасан. Сенга бор-йўғи беш дақиқа муҳлат! Шу вақт ичида Толянга айтган пулни бермасанг, кейин ўзингдан ўпкала! Бу иш менга хамирдан қил суғургандай гап.

— Йўқ, й-йўқ!.. — Настя тўппонча тутган билагимга маҳкам ёпишиб, ёлвора бошлади. — Ўлдирма, яхши одам, ўлдирма!

— Қаердан олдинг бу гапни? — унинг қўлини маҳкам сиқдим. Аёл лабини маҳкам тишлади, кўзлари катта-катта очилиб, менга жавдиради. Кўрдимки, Настя ҳам бошқа ожизалар каби оғриқни, қийноқларни кўтара олмайди. Демак, ҳар қандай шартни сўзсиз адо этади.

— Яхши одам эмиш… — дея қулоғига пичирладим. — Сен Толяннинг кимлигини билардинг-ку!.. Билиб туриб шу қандни еб юрибсанми?

— Мен қаердан билибман? — йиғи аралаш жавоб берди Настя. — Қамалди, тамом, энди қайтиб чиқмайди, деб хаёл қилибман!..

— Мен Толяннинг яқин дўстиман. Агар ҳозироқ у айтган пулни топиб бермасанг, ўлигингни ҳам излаб топа олишмайдиган қилиб кетаман, — аёлга пўписа қила бошладим. — Шундоғам суҳбатимиз чўзилиб кетди. Хўш, маъқулми?

— Мен… Мен ҳозир бунча пулни топиб бера олмайман. Нега ишонмайсан? Ҳамма пулларим банкда туради. Кечаси банк ишламайди-ку!..

— Тез қўнғироқ қил! — буюрдим унга.

— Кимга?

— Буни ўзинг биласан. Лекин узоғи билан бир-бир ярим соат ичида пуллар қўлимда бўлиши керак. Фақат огоҳлантириб қўяй, пул олиб келганларни ичкарига киритмайсан. Дарвоза олдида хайрлашиб қўя қоласан. Катта партия мол келиб қолди, кўтара харид қилмасам, бошқа бировга бериб юборишаркан, дейсан. Хуллас, сенга ўргатишнинг кераги йўқ, бу ёғига бир артистлигингни кўрсатиб юборасан, тузукми?

— Хўп, хўп!.. Алоқа қутиси бор. Ўшанинг ичида қолдириб кетишади.

— Қимирла! Эсингда бўлсин, дод солсанг, тамомсан! Менга фарқи йўқ, чунки…

— Тушундим, айтганингиздек қиламан…

Настя назоратим остида кимгадир қўнғироқ қилиб, талаб қилинган пулларни тезда олиб келишини тайинлади. Шундан сўнг дивандаги чойшаблар билан аёлнинг қўл-оёқларини иситкич қувурига маҳкам бойладим-да, бироз хотиржам тортдим.

Тўғриси, шу тобда жуда-жуда очиққан эдим. Аёл қўлбола кишандан халос бўла олмаслигига яна бир карра амин бўлгач, музлаткичдан бирор егулик топиш ниятида ошхонага ўтдим.

Музлаткичда бир шиша ароқ, колбаса бор экан. Ароқдан ичиб, газагига колбаса кавшадим. Ароқ кайфиданми, ё бошқа сабабми, билмадим, беихтиёр ниятим бузилди. Кўз ўнгимда Настянинг ярим очиқ жуссаси, сийналари, қалин, бўёқ ярашиб турган лаблари гавдаланди. Жонҳолатда қўлимдаги колбасани стол устига ташлаб ўрнимдан турдим-у, йўлакка чиқдим.

Эҳ, айни паллада аъзойи баданим қизиб, қоним жумбушга келаётганди. Икки ҳатлаб залда ҳозир бўлдим.

Настя оғриқ зарбидан бўлса керак, қур-қур инграб қўярди. Сутдек оппоқ бадан соҳибасига суқ аралаш боқарканман, унинг инграши ҳам ёқимли туюлиб кетди. Аёлни «кишан»дан халос этиш ниятида эгилдим. Шу тобда негадир оёқ-қўлларим бўшашиб, қайтадан гавдамни тикладим. Хаёлимда кимдир бизни кузатаётгандек ҳушёр тортиб, орқага тисландим.

— Нима қилмоқчиман ўзим?.. Бировни севиб, бошқаси билан айш қилмоқчиманми ҳали? Тўғри, ваҳшийлашиб бўлганман. Биров билан муштлашаётган онларда ҳатто сесканмайман ҳам. Аммо… Қалбим ўзимда-ку! Мана, вужудимда потирлаб турибди юрагим!.. Нега потирлаяпти? Ҳаяжонланаяптими? Йўқ, у исён кўтараяпти. Еленанинг хотирасига содиқ эканини яна бир карра исботлаш илинжида потирлаяпти…

Ҳа, бундай йўл тутишга ҳақим йўқ! Икки дақиқалик оромни деб хаёлимдаги фариштамнинг юзига оёқ қўяманми? Эртага унга қай кўз билан боқаман? Нима дейман? Уни ҳам Настяни эркалаганим каби силаб-сийпайманми?

Ниятимни сезиб ҳар лаҳзада мен томон бошини буриб жавдираётган Настяга ҳиссиз нигоҳ ташлаб, индамасдан ошхонага қайтдим-да, яна колбаса кавшашда давом этдим. Кейин бошимни муздек ойнага босиш мақсадида ошхона деразасига қараб юрдим. Пардани суриб, бошимни ойнага яқинлаштирарканман, кўча бошига овозсиз келиб тўхтаган машинага кўзим тушди. Не кўз билан кўрайки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўн чоғли қора ниқоб кийиб, қўлларига автомат ушлаган ҳарбий кийимдаги кимсалар ҳовлига кириб, тўрт тарафни ўраб олишди.

— Оббо қанжиғ-эй! — кўз очиб-юмгунча Настянинг тепасида пайдо бўлиб томоғига тўппонча тирадим. — Ҳали сотганмидинг? Мени, Бургутни-я?..

— Сен нима деб ўйловдинг? — нафрат аралаш боқиб сўз қотди у. — Пулларини индамасдан қўлимга тутқазиб қўяди, деб хаёл қилганмидинг? Энди ўзингдан кўр!

— Тез яширин йўлни айт! — гарчи титраётган бўлса-да, атайин тўппончани писанд қилмаётганини пайқаб, чўнтагимдан узун сопли пичоқ чиқардим. — Тез бўл! Сўяман!

Албатта, аёл тугул, манаман деган эркак ҳам бундай манзарага шунчаки қараб тура олмайди. Ажали яқин эканини ҳис этиб, Настя жазавага тушди.

— Пичоғингни ол, ёлвораман! Менга тегма!

— Тез бу ердан чиқиб кетиш йўлини айт! — бу сафар овозим ҳар галгидан таҳдидлироқ янгради.

— Ётоқдаги деразани оч, юк машинасига кўзинг тушади. Юрагинг бетлаб ҳатласанг, қутулиб қолганинг, бошқа йўл йўқ! — деди хириллаб Настя.

— Мени кечир, ваъда бериб қўйганман, — дедим елкамга сумкани осиб, — энди уни бажармасам бўлмайди.

Бу гапни эшитиб, Настянинг рангида умуман қон қолмади. Ётоққа қараб йўналишдан аввал унинг қулоғига секин пичирладим:

— Мен кетяпман, лекин, албатта, қайтиб келаман. Чунки шу пайтгача сўзидан қайтган йигит эмасман. Толянга беришинг керак бўлган пулни тайёрлаб қўй, шунда сенга ҳеч бир зиён етказмайман.

Шу пайт ташқарида шовқин кучайди. Вақтдан фойдаланиш учун югурганча ўзимни ётоққа урдим.

 

* * *

 

Кўз очиб юмгунча кўча ўртасига етиб олдим. Атроф зим-зиё, йўлда арвоҳ ҳам учрамайди. Қулоғимга «Ана, бу ёққа кетди, шекилли! Тез бўл! Машинани ўт олдир!» деган ҳайқириқлар чалингани сайин тезроқ чопа бошладим. Юз метрча югуриб боргач, орқамга қайрилиб, қандайдир машинанинг катта тезликда келаётганини кўрдим-у, дарҳол ўзимни дарахт панасига олдим. Аксига олгандек, машина ҳам рўпарамда тормоз берди.

«Қўлга тушдим чоғи! — хаёлимдан ўтказдим. — Ментлар мендан эпчилроқ чиқиб қолдими дейман?

Аммо не кўз билан кўрайки, машина ойнаси пастга тушиб, Давиднинг боши кўринди.

— Бургут, машинага чиқ! — қичқирди у. — Фақат тез бўл! Улгуришимиз керак!

Мен эҳтиёт шарт орқа-олдимни кўздан кечирган бўлиб, дарахт панасидан чиқдим ва индамай машинага ўтирдим.

— Хўш, иш битдими? — сўради Давид.

— Йўқ, — очиқ ойнадан ташқарига тупуриб бошимни чангалладим. — Ментларга хабар бериб юборибди, қанжиқ. Аранг қочиб қутулдим. Лекин тайинлаб қўйдим: пулни, албатта, тайёрлаб қўяди.

— Тўппа-тўғри, — деди Давид йўлдан кўзини узмай, — бермай қаерга борарди?.. Майли, тезроқ манзилга етиб олайлик. Ментлар то машинасини ўт олдиргунча, бизлар уйда ўтирган бўламиз.

— Қаерга борамиз ўзи? — сўрадим ҳайрон бўлиб. — Мен айтган жойгами?

— Йўқ, ўрмон ичкарисида танишим яшайди. Зўр овчи. Ҳақиқий эркак. Турма кўрган. Ёшлигида унинг олдига тушадиган ўғри йўқ эди. Ҳозир қариб қолди. Аммо поняткаси ҳалиям зўр!.. Анавилар сал тинчигунча ўшаникида беркиниб турамиз.

— Кейин-чи?

— Ими-жимида пулларни оламиз-у, сени турмага ташлаб қўяман. Толян шундай деб тайинлади.

— Ўзиям… Зўрларнинг кўзини шира босиб қолганга ўхшайди, — дедим норози оҳангда. — Ҳаммаёқни ахлат босиб кетибди-ю, пайқашмайди. Шундай ўғри қаёқдаги мегажиннинг қилиб юрган ишларини сезмаса-я!..

— Қўявер, — мени тинчлантирган бўлди Давид. — Сен Толянни яхши билмас экансан. Ўша Настянг бизнинг совунимизга кир ювмабди. Сени турмага элтиб қўяй, кунини кўрсатаман.

 

* * *

 

Олтмишларга борган, оппоқ соқолли Мамед оға худди бизни кутиб тургандек тахтадан мўъжазгина қилиб қурилган ҳовличаси атрофида айланиб юрган экан. Машина келиб тўхташи билан бизга пешвоз чиқди.

— Давид, сени Худонинг ўзи етказди менга! — негадир йиғламсираб сўз қотди қария. — Яхшиям кеп қолдинг! Умринг зиёда бўлсин!

— Нима бўлди, оға? — қарияни қучиб сўради Давид. — Ким сизни хафа қилди?

— Ҳали замон кеп қолишади хафа қилганлар! — деди Мамед оға йўл томон ишора қилиб. — Ўшаларни кутаётгандим.

— Ким ўзи улар?

— Қандайдир Семён деган бойвачча. Уйимга эга чиқмоқчи итдан тарқаган. Сотмайман деганимга қўймаяпти.

— Ие, нега ундай қилади? Мени айтмадингизми?

— Айтдим. «Мен унақа одамларни танимайман» дейди.

— Ў, шунақа зўрмикан?.. — гапга аралашдим. — Неча киши ўзи?

— Ўтган гал уч киши келганди. Бугун билмадим…

— Хавотир олманг, — дедим қариянинг елкасига қоқиб, — биз шу ерда эканмиз, сизни ҳеч кимга хафа қилдириб қўймаймиз.

— Мен Семённи яхши танийман, — деди Давид кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Қаерлардандир улгуржи мол олиб келиб бозордагиларга ўтказиб юрарди. Кучайиб қолибди-да! Қани, кўрайлик-чи!

— Бу ерлар овга қулайлигини билади-да! — арз қилишда давом этди қария. — Қолаверса, унақалар аёлларниям бемалол шу ерга опкелиб айш-ишрат қилаверади. Ит ҳам кўрмайди уларни. Ҳа-а, яна яширин молларни сақлашгаям қулай.

— Қани, ичкарига бошланг! — деди Давид тоқати тоқ бўлиб. — Биз эҳтиёт шарт беркиниб туришимиз керак. Ментлар келиб қолиши мумкин. Семён билан келганда гаплашамиз.

— Бўпти, бўпти, — қария бизни ҳовлига бошлади. — Юринглар, сизларни қўлбола ароқ билан меҳмон қиламан. Милисалардан кўнгилларинг тўқ бўлсин, менинг ишдан узоқлашганимни яхши билишади, шу сабабли бу ерга келишмайди.

— Ароқни қўйинг, — деди Давид торгина, зах ҳиди анқиган хонага кириб ўтирганимиздан сўнг, — бизга, яхшиси, аччиқ қилиб чой дамланг!

Мамед оға тез орада куйиб кетган пиёздоғни эслатувчи чефир дамлаб келиб олдимизга қўйди.

— Ичамизми? — сўради Давид менга кўз қисиб.

— Мен, яхшиси, ароқ ичаман, — дедим бурнимни жийириб. — Буни қандай ичасизлар, сира тушунмайман.

— Э, Бургут! — кулиб чефирдан пиёлага қуйди Давид. — Бунинг мазасига ўргансанг, ароқни менсимай қўясан. Майли, қани, Мамед оға, дўстимга қуйинг ўша қўлбола ароғингиздан! Семён келгунича бир қизишиб олайлик!

Ароғи ҳақиқатан ўткир экан. Ютимининг ўзи томоқни шилиб олай дейди. Икки пиёлани сипқорганимдан кейин ростакамига қизишдим.

— Қани, оға, уйингизга қанча сўраяпти ўша мишиқи? — сўрадим рўпарамда бошини эгганча ўйга толган қариядан.

Мамед оға менга жавобан қўл силтаб қўйди-да:

— Беш юз… — дея жавоб қилди зўрға.

— Нима? Беш юз? Вой пайтавақулоқ-эй!..

Бу гапдан жазавага тушиб, яна бир пиёла ароқни сипқордим.

— Майли, келишсин! — дедим бироз жаҳлим босилгач. — Ўзим гаплашаман улар билан. Фақат сиз аралашмайсиз. Нима десам, маъқуллаб ўтираверасиз.

— Хўп, хўп! Худо хайрингни берсин, ишқилиб, қариганимда кўчада қолмасам бўлди, бошқа борадиган жойим йўқ ахир!

— Хавотирланманг, ҳаммаси жойида бўлади, буни мен — Бургут сизга ваъда беряпман.

— Раҳмат, Бургут, раҳмат, омадингни берсин!

 

* * *

 

Орадан бир соатча ўтиб, ташқарига машина келиб тўхтагани қулоғимизга чалинди. Шу заҳоти Давид иккимиз баравар ўрнимиздан турдик. Мен тўппончани қўлимга олиб ўқлагач:

— Чиқиб қаранг! — дедим Мамед оғага. — Ментлар бўлса, белги беринг!

Мамед оға шоша-пиша ташқарига чиқди-да, дарров қайтиб кирди.

— Анавилар келишди! — деди шивирлаб.

— Ким, «харидор»ми?

— Ҳа, Семён. Ёнида ўтган сафар бирга келган икки ҳамтовоғиям бор.

— Қарши олинг! — дедим унга. — Сўрашса, қишлоқдан қариндошларим келишган эди, деб айтинг.

Мамед оға пилдираганча ташқарига чиқиб кетди.

Зум ўтмай, хонага пакана, қорин қўйган, ўттиз ёшлар оралиғидаги бир йигит (афтидан, Семён деганлари шу бўлса керак), кетидан узун бўйли икки башанг кийинган киши кириб келди.

Қария «меҳмон»ларни стол атрофига ўтқазиб, уларга умидвор тикилди.

— Кимсизлар? — сўради Семён бир менга, бир Давидга боқиб.

— Бизми?.. — мен Давидга ер остидан кўз қисиб қўйдим-да, ўзимни гўё қўрқаётгандек кўрсатиб жавоб қилдим. — Қишлоқдан келдик, қишлоқдан!

— Шунақами? У ҳолда бошқа хонага ўтиб туринглар, қария билан гаплашадиган гапларимиз бор.

— Хабаримиз бор, — деди Давид сал бўшашиброқ, — оғамиз бизниям гувоҳликка чақирган эди.

— Ҳа-а, гап бу ёқда дегин? — Давидни «сен»лаб гавдасини орқага ташлаб юборди Семён. — Майли, майли… Ўлиб кетмайсанларми… Хўш, қария, ўйлаб кўрдингми?..

— Ўйлаб кўрдилар, — чаққонлик билан гапни илиб кетдим, — лекин, акалар, сал камроқми дейман-да!.. Ҳарқалай, сиздай бойвачча, қўлини қаерга узатса етадиган одам тағин беш юз қўшиб юборса, ёмон бўлмасди. Пул қозонингизга бир марта чавли солсангиз, бир дунё пул сузиб оласиз.

— Сенга ким қўйибди ақл ўргатишни? — тутақиб кетди Семён.

— Ақл ўргатмоқчи эмасман, — дедим янада бўшашиб. — Беш юз қўшаман десангиз, тағин битта уйимиз бор, униям сотиб юборардик. Очиғи, пул жудаям зарур эди-да!.. Бу уй ҳам шу яқин орада. Зиён кўрмайсиз. Сувга яқин, ов қилсангиз ҳам, дам олмоқчи бўлсангиз ҳам, маза қиласиз.

Бу гапимни эшитиб, Семён ҳушёр тортди.

— Уйнинг эгаси ким? — сўради у. — Ким туради у ерда?

— Синглимиз яшайди, — дедим хотиржамлик билан. — Агар савдомиз пишса, оғайним ғизиллаб чақириб келарди.

— Бўлмайди, — гапни калта қилди Семён. — Беш юздан бир тийин ҳам ортиқ бермайман. Хоҳласанг, чақиртириб кел! Бўлмаса, савдога аралашмасдан жим ўтир!..

Хожасининг сўзини эшитган йигитлар пиқ этиб кулиб юборишди.

Энди асосий «иш»га ўтмасам бўлмасди. Иложи борича ўзимни босиб, бир қарияга, бир Давидга қараб олдим. Афтидан, Давид ҳам бундай муомалага чидай олмаётган, тез-тез муштларини тугиб қўяётганди.

— Сен ҳезалак, бизнинг кимлигимизни, кимлар билан гаплашаётганингни биласанми? — ўрнимдан туриб Семён томон эгилганча таҳдидли овозда шивирладим. — Нега тумтайиб қолдинг? Ё аммангнинг сигири чала туғиб қўйдими?

Бундай кескин муомалани кутмаган Семён ҳам ўрнидан туриб, менга мушт ўқталиш илинжида қўлини кўтарди.

— Мен Бургутман! Толяннинг энг яқин одами, — дедим овозимни бир қур баландлатиб, — эшитганмисан?

Шу ондаёқ у тош қотди. Ҳозиргина масхараомуз тиржайиш билан банд бўлган икки йигит ўзини орқага олди.

— Хўш, нега индамайсан? — сўрадим дағдаға аралаш. — Танийсанми-йўқми?

— Танийман. — деди Семён.

Унинг титрай бошлагани шундоқ сезилиб қолди.

— Кечиринглар, — давом этди у ялинган оҳангда. — Билмасдан… Узр!..

— Йўқ, поезд аллақачон кетиб бўлди! — дедим қайтадан жойимга чўкиб. — Сен бизларни қаттиқ ранжитдинг! Атай паст келаётгандим синаш мақсадида, сен бўлсанг, кимлигингни ошкор қилиб қўйдинг.

Семён индамас, бошини эгганча, худди тагини ҳўл қилиб қўйган бола каби тек қотиб турарди.

— Ўтир! Эндиги суҳбатимиз бошқача бўлади, — ўдағайлашда давом этдим.

Семён боши билан маъқул ишорасини берди.

— Унда эшит, сенинг қарияга берадиганинг бир челак тезаккаям арзимайди. Шуни биласан-а?

— М-мен… Мен…

— Намунча ҳажиқизга ўхшаб чайналасан? — ўшқирдим унга. — Мундоқ эркакча гапиришни биласанми ўзи?

— Биз у билан келишиб қўйгандик, тушунсанг-чи, Бургут!?

— Манқалик қилма, йигит! — дедим Семённинг ортида қимтинибгина турган икки ҳамтовоғига ўқрайиб. — Ўзинг тагингни шилта қилдингми, ўзинг тозала!.. Айтганча, Мамед оға, булар қанақа машинада келишди?

— «Волга»да! — ҳовлиқиб жавоб қилди қария.

— Ў, машинанинг хўрози сенда экан-ку-а?.. Қара, шундай машиналарни миниб юрасан-у, беш юз қўш деганимиз учун нафасингни ичингга тортасанми?..

Шу лаҳзада Давид Семённинг тепасига келиб мушт ўқталди.

— Э, йў-ўқ! — уни тўхтатдим ва билагидан тутиб, ортга сурдим. — Бу нима қилганинг, оғайни? Гуноҳ бўлади-я!.. Семён ақли бутун болага ўхшайди.

— Э, урдим ўша зотигаям! — бақирди Давид хезланиб. — Кўрмайсанми, кеккайиши оламни бузади!

— Майли, майли, ҳозир тинчланади, — ҳамроҳимни тинчлантирган бўлдим. — Қизишиб кетди, йигитнинг гули, қизишиб кетди!..

— Бўпти, қўшсам қўшарман! — деди Семён норози қўл силтаб. — Бўлдими?..

— Ие, ҳали менга зардаям қиласанми? — унинг иягини маҳкам қисдим. — Сен хунаса, аслида, менинг оёғимга пайтава бўлишгаям арзимайсан.

— Ортиқ қўшолмайман, — деди Семён негадир дадилланиб.

— Шунақами? Давид, эшитдингми, оғайни, гапини?

Давид бош ирғади.

— Майли, мен эски латталарни титишни ёмон кўраман. Сен илгари нима ишлар қилгансан, қанча пул топгансан, бу ёғи билан ишим йўқ. Ҳозиргисидан гапира қоламан. Хуллас, шу кеча, йўқ, икки соат ичида юз минг топиб, мана шу ерга олиб келасан.

— Нима? Юз минг? Менда бунча пул йўқ, умуман бўлмаган.

— Йўғ-э, наҳотки «Волга» минган йигитда юз минг бўлмаса?

Шундай дея Семённинг кўзларига тикилдим. У қарашимга чидай олмай, нигоҳини ерга қадаб олди.

— Юз мингни айтган вақтимга олиб келмасанг, кечиккан ҳар дақиқанг учун алоҳида ҳисоб кетади, — дедим унга босим ўтказиш мақсадида.

Бу гапни эшитган Семённинг нафаси ичига тушиб кетди.

— Ишон, менда чиндан ҳам бунча пул йўқ, ҳамма пулларим оборотда! Уларни икки соат ичида олишнинг иложи йўқ.

— Бу ёғи сенинг муаммонг, уйга биз эмас, сен харидор чиқдинг. Мамед оға эса уйини юз мингга сотмоқчи, тўғрими, оға?

Қария воқеалар бутунлай бошқа ўзанга тушиб кетишини кутмаган, шекилли, бошини базўр қимирлатиб, сўзларимни маъқуллади.

Шундан кейин Семённинг пешонасини тер босиб, кўзларидан ёш сизиб чиқа бошлади.

«Пул бунақаларнинг жонидай гап-да! — ўйладим ўзимча. — Ўша жонини суғуриб олиш эса шу тобда менинг гарданимда. Бир бойвачча ҳаромхўрдан пул ундира олмасам, Толяннинг олдида нима деган одам бўламан?»

— Борди-ю, ўзингда бўлмаса, — давом этдим босиқлик билан, — манави ўртоқларингдан оларсан! Ёки улар сенга қарз беришмайдими?

— Булар энди-энди иш бошлашаяпти, — деди Семён қақшаб, — унақанги катта пули йўқ! Илтимос, Бургут, бизга муҳлат бер! Иккала уйниям яхши нархга сотиб оламиз.

— Ў, ҳимматинг зўр-ку! — кулдим Давидга қараб. — Фақат энди бу гаплардан фойда йўқ, буни қариянинг дилини ранжитишдан аввал айтиш керак эди. Ҳозир бўлса, бизга айтилган пулларни келтириб беришнинг ҳаракатини қил!

— Йўқ менда бунча пул, — қайсарлик билан эски гапини такрорлади Семён.

— Йўқ дегин?.. Агар шу аҳволда ўтираверсанг, чиндан ҳам бор-будингдан ажралиб қоласан. Сенга маслаҳатим: тезроқ пулни келтир, бир гапни қайта-қайта такрорлашни ёмон кўраман.

Семён жавоб бермади. Титраган қўллари билан чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди-да, чўзиб-чўзиб тортди.

— Менга рухсат бер, оғайни, — хириллаб Семён томон талпиниб қўйди Давид, — бир уриб абжағини чиқарай бу калондимоғни!

— Давид, абжағини чиқаришга улгурасан, — дедим шишадаги қўлбола ароқдан пиёлага тўлдириб қуйиб. — Ундан кўра, менга айт-чи, бу боланинг уй-жойини қанчага пулласак бўлади?

— Э, шаҳар чеккасида данғиллама ҳовлиси бор, — деди Давид жонланиб. — Бундай иморатни қуришга унча-мунчанинг қурби етмайди, юраги ҳам дов бермайди. Бир-икки марта ўша ёққа йўлим тушганда кўрганман: нақ қасрнинг ўзи! Бундан ташқари, шаҳар марказидаям уч-тўртта квартираси бор. Хушторларига ҳам квартира совға қилишни хуш кўради бу ифлос.

— Жуда соз! — дедим керишиб.

Сўнгра пиёладаги ароқни ичиб, газагига қария бўлаклаб қўйган қуён гўштидан оғзимга солдим.

— Лекин… Буларнинг ҳаммасини хатласак ҳам, юз мингга бориши гумон, — дедим Давидга юзланиб. — Қолганини нима қиламиз?

Давид «билмайман» дегандек елка қисди.

— Яхшиси, ўзини манави йигитлари билан қарзи ҳисобига братваларга ўтказиб юборсак қалай бўларкан? Менимча, шунда ора очиқ бўларди.

Бу гапим ҳаммасидан ўтиб тушди. Хожасининг номусини астойдил ҳимоя қилишга отланган икки йигит хезланганча менга яқинлашди. Давид ҳам шай турганди. Эпчиллик билан йигитлар қаршисида пайдо бўлиб, уларга тўппонча ўқталди.

— Сенга ёшлигингда ўт билан ўйнашма, деб ўргатишмаганми? — дедим ҳеч нарса бўлмагандек қуён гўштини кавшаб. — Куйиб қоласан! Куйсанг, ўрнида бир умр доғ қолади. Доғни кетказиш қийин…

— Яхшиси, буларни… — Давид лаблари асабий титраб. — оёғини осмондан қилиб, чотини йириб ташлаш керак!

— Ҳақоратнинг ҳам чегараси бўлади-да! — Семённинг овози баттар титраб чиқди. — Ундан кўра, ўлдириб юбора қолинглар!

— Одам ўлдириш қочмайди, йигитнинг гули! — дедим унга. — Ўлиб кетишингдан аввал бир бечоранинг бошпанасини тортиб олиш қанақа бўлиши, уйсиз-жойсиз яшаш нималигини англашинг керак. Тушундингми, ифлос!

— Шеригингга айт, бизни тинч қўйсин! — кутилмаганда бошига тўппонча тиралган йигит шанғиллади. — Бизнинг Семён билан ҳеч қандай шерикчилигимиз йўқ. Бир жойга ўтиб келамиз, дегани учун ҳамроҳ бўлгандик!

— Сен бола, жуда маҳмадона экансан-ку! — даст ўрнимдан турдим-да, тўппончани нари суриб йигитнинг сочини чангалладим. — Бугун-ку, Семён юр дегани учун келибсан, ўтган сафар нима учун келгандинг? Жавоб бер, нимага даминг ичингга тушиб кетди, ипирисқи? Энди бизнинг ҳурматимиздаги инсонни хафа қилганларинг учун ё унинг уйини одам кўрса ҳавас қилгулик қилиб қайтадан қуриб берасанлар, ёки мишиқи ҳамтовоғинг билан йигирма мингдан нақд пул қўлимга топширасанлар.

— Аҳмоғинг йўқ, — бўш келмади йигит, — биз ҳам кўча кўрган болалармиз. Хариф эмасмиз.

— Ў, шунақами?

Дарҳол Давидга кўзим билан имо қилдим. У қўлидаги қуролнинг орқаси билан йигитнинг бўйни аралаш туширди. Зарбадан йигит иҳраганча энкайиб қолди. Кейин оғриқ зарбига дош бера олмай, энгашган кўйи жойида айлана бошлади.

— Хўш, гапимга энди тушундиларингми? — масхарали оҳангда савол ташладим йигитларга. — Сенлардан сўраяпман!

Йигитлар бараварига бош ирғашди.

— Бу бошқа гап. Ана энди, Семён, сен гапир! Шартим тушунарли бўлдими ёки бошқатдан бошлайми?

— Мениям битта шартим бор, — сал дадиллашиб тилга кирди Семён.

— Нима? — бу гапни эшитган Давид бир сакраб унинг тепасида ҳозир бўлди. — Қанақа шарт? Вей, кимга шарт қўймоқчисан ўзинг?

— Қўй, шарти бўлса, айтсин! — дедим Давидга. — Айт, йигитнинг гули, нима шартинг бор?

— Шерикларимдан пул олмайсан!

— Нега?

— Улар энди оёққа туришяпти.

— Бунинг бизга аҳамияти йўқ. Ишкалга аралашиб, разборга тушдингми, кейин орқага йўл қолмайди. Қолаверса, булар хол қўйиб бўлишди. Бунақаларни жиним суймайди.

— Илтимос, улардан пул олма! Майли, мен айтганни олиб келаман. Фақат йигитларни тинч қўй!

— Улар ҳам айтилган пулларни олиб келишади. Келгусида учовинг ҳам шахсан бизга улуш бериб турасан. Айтганча, ҳозир кимга ўлпон тўлайсанлар? Ким сенларни ҳимоя қилиб турибди?

Бундай савол беришимни кутмаган Семён билан йигитлари жим бўлиб қолишди. Афтидан, кимга ўлпон тўлаб туришларини ошкор қилгиси келмаётганди.

— Биз… Биз… — каловланди Семён, — ҳалиги бор-ку…

— Яхши, унга бу ёғига биз билан ишлашингни айтасан. Бирор муаммо пайдо бўладиган бўлса, Давид орқали маълум қиласан. Хуллас, энди Толяннинг ҳимоясидасан, тушундингми?

— Тушундим, — минғирлади Семён.

— Ҳозир бўлса Давид билан бирга бориб, айтилган пулни олиб келасан.

— Йўқ, ўзим бориб келаман. Унгача шерикларим шу ерда ўтира туришади.

— Сен жуда меҳрибон устоз экансан, — дедим Семённинг елкасига қоқиб. — Ҳақиқий йигит шундай бўлиши керак. Тўғрими, Давид?..

Хуллас, икки соат кутаман. Пулни ўз оёғинг билан олиб келмасанг, у ёғига мендан хафа бўлма! Айтганча, чиройли хотининг, болаларинг ҳам борлиги ёдингдан чиқмасин! Ҳа, яна бир нарса: ментларга сотаман деб овора бўлма. Ўзингга жабр қиласан!

— Тушунарли, — деди Семён чиқиб кетишга ҳозирлик кўраётиб, — Мен ҳам эркакман!..

— Эркакмиш, — ижирғаниб кулди Давид бойвачча уйдан чиққач, — ғирт хунасага ўхшайди-ю, эркакман деб кўкрагига ургани-чи!..

— Бойлар шунақа бўлишади, — уқтирдим Давидга «Хўш, разборни бопладимми?» дегандай керилиб қарарканман. — Улар кеча-кундуз таҳлика ичида яшашади. Тунлари уйқуси қочади. Тушидаям пул санаб чиқади. Уни қўй, буни қўй, яхшиси, икковлашиб буларни ҳаммомга қамаб қўяйлик, кейин нима қилишни биргалашиб ўйлаб кўрамиз.

Давид мамнунлигидан терисига сиғмай ўтирган Мамед оғага бир қараб қўйгач, соатига кўз ташлади.

— Лекин манови текинтомоқларни бопладинг, — елкамга қўл ташлади Давид жавоб ўрнига. — Кутмаган эдим… Ўлай агар, уни бунчалик осон қармоққа илинтирасан, деб ўйламаган эдим.

— Шунча пайтдан бери бекорга Толяннинг тарбиясини олаётганим йўқ, — мақтаниб қўйдим кўксимга уриб. — Битта бойни қўрқитиб, юрагига таҳлика солиб пулини ололмасак, нима қилиб юрибмиз? Ҳали шошма, насиб қилса, сен билан бунданам зўр ишларни қиламиз, бахтимизга Толян омон бўлса бас.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ