Банкоматларни «ювган» ишчига 10 йил қамоқ жазоси беришмоқчи

0

Хитойдаги “Huaxia Bank” ишчиси ушбу банкдан бир миллионга яқин миқдордаги маблағни ҳеч кимга сездирмасдан ўзлаштирганлиги маълум бўлди. Банкнинг дастурий таъминотига масъул бўлимда ишловчи Qin Qisheng мижозларнинг банкомат орқали нақд пул олиш жараёнида техник номувофиқлик мавжудлигини аниқлади.
Тажрибали дастурчи ярим тунда саналар алмашишига бир неча дақиқа қолганда банкоматлар орқали ечиб олинган нақд пулни дастурий тизим ҳисобга олмаслигини пайқаб қолди. Яъни ушбу носозлик оқибатида айнан маълум дақиқаларда банкомат орқали олинган нақд пул мижознинг ҳисоб-рақамидан ечилмас экан.
Бу ҳақда раҳбариятни огоҳлантириш ўрнига ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга қарор қилди. Шундан сўнг 1 йилу 3 ой давомида Qin Qisheng 1358 маротаба банкоматлардан турли миқдорларда нақд пулларни шу йўл билан ечиб олишга муваффақ бўлган. У биринчи уринишини 2016 йил ноябрда амалга оширган бўлса, банк маъмурияти 2018 йилнинг январь ойига келибгина буни аниқлаган ва полицияга мурожаат қилган.
Қизиғи, айбдорлиги ошкор бўлган ходим дарҳол барча маблағни банкка қайтарган ва полициядан жиноят ишини ёпишни сўраган. Бунга сабаб сифатида эса банкнинг хавфсизлик тизимини мунтазам синовдан ўтказиб борганлигини, пулларни эса вақти келиб банкка қайтариш учун сақлаб қўйганлигини кўрсатган. Йўқолган маблағлар ҳисоб рақамига тушгач, банк ходимига нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган. Бироқ, суд ишни ёпишни рад этган.
Агар Qin Qisheng ўзининг айбсизлигини исботлай олмаса, унга камида 10 йиллик қамоқ жазоси хавф солмоқда. Давлат айбловчилари унинг ўзлаштирган пулларни ўз шахсий ҳисоб рақамида сақлаган даврида ушбу маблағлар билан турли акцияларда иштирок этиб, анча мунча бойлик орттирганлиги ҳолати бўйича ўрганишлар олиб бормоқда.