БОЛАЛИКНИНГ АЧЧИҚ ВА ШИРИН ХОТИРАЛАРИ… (4-қисм)

0

 

 

Севгимнинг нархи иккитагина ёнғоқ

 

Бувим, бобом, доим бир гапни такрорлашарди.

— Сен албатта хориж тилини билишинг керак!!!

Мана шу ниятдами, туман марказига яқинроқда жойлашган рус тилига ихтисослашган мактаб-интернатга бориб, атайин гаплашиб ҳам келишибди.

Иккинчи синфни ўша интернатда бошладим. Олдинига кўникишим оғир кечди. Чунки бир ҳафта интернатда ётиб ўқишга мажбур эдим. Яқинларимни, меҳрибонларимни фақат шанба ва якшанба кунларигина кўрардим. Худонинг берган куни уларни соғинар, ҳатто, тушларимда гоҳ бувим, гоҳ бобомнинг исмини такрорлаб алаҳлардим.

Аммо орадан бир-икки ой ўтиб ўргандим, дўстлар орттирдим. Мени оҳанграбодек ўзига тортган бир туйғу дўстларимдан-да ошиб тушди. Синфимизда Маърифат исмли оқ-сариқдан келган, чиройли қиз бор эди. Дастлабки кунданоқ Маърифатни кўрсам, ғалати аҳволга тушадиган бўлдим. Даъфатан сўз қотиб қолса, каловландим, юзма-юз келганда дув қизаравердим. Шу қизни деб иложи борича яхшироқ ўқишга, тўполон қилмасликка, дадилроқ, жиддийроқ бўлишга тириша бошладим. Ётсам ҳам, турсам ҳам Маърифатнинг ёрқин чеҳраси кўз ўнгимда гавдаланаверди.

Афсуски, мендек тўққиз яшар бола кўнглидан кечаётган ўзига нотаниш ўша туйғуларни бировга ошкор айта олмасди. Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмасди, қўрқарди, ҳадиксирарди, ҳайиқарди.

Охири тоқатим тоқ бўлди. Мактуб ёзиб, қандай бўлмасин, Маърифатнинг қўлига етказишга аҳд қилдим.

Навбатдаги дам олиш куни уйга келиб, кунни кеч қилгач, қўлимга қоғоз- ручка олдим-да, атрофни ўғринча кузатдим. Бобом қаергадир иш билан кетган, бувим эса оғилхонада қўй-сигирларга ем бериш билан банд эди. Айни муддао. Шартта хона бурчагига ўтириб олиб мактуб ёзишга тутиндим.

«Маърифат, мен сени яхши кўраман! Агар иккита ёнғоқ берсанг, сенга атлас кўйлак олиб берардим!..»

Билмадим, ҳамон тушунмайман, ақлим бовар қилмайди. Бу нима эди ўзи? Муҳаббат изҳорими ё болалик тантилигими? Умуман, ўшанда бундай гаплар қандай хаёлимга келди-ю, уларни нега қоғозга туширдим?.. Билмадим, билмадим…

Қисқаси, шу кеча ўзим учун жуда қимматли бу мактубни ёстиғим остига беркитиб қўйдим.

Болалик, нодонлик экан-да, эрталаб ўйинга андармон бўлибман-у, мактубни олиш ёдимдан кўтарилибди.

Тушга яқин кўчадан қайтсам, ток остидаги сўрида бобом, бувим, тоғам Абдураҳмон, кеннойим Гулнор, Салима аммам ўтиришарди. Мени кўрди дегунча хохолаб кула бошлашди. Шу кўйи узоқ кулишди. Айниқса, тоғам қўлларини тиззасига уриб-уриб, гавдасини орқага ташлаб қота-қота кулди. Кулавериб бувимнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.

Бир маҳал бараварига кулишдан тўхташди. Биринчи бўлиб Салима аммам луқма ташлади:

— Жиян, иккита ёнғоққа сотилдингми? Сен-а? Бизникига кир, ўзим сенга бир этак ёнғоқ бераман!

Кетидан тоғам кулги аралаш гап қистирди:

— Менга қара, атлас кўйлакка пулни қаердан олмоқчисан?

— Бас қил ҳамманг! — яна бувижоним ёнимни олиб, мени маҳкам бағрига босди. — Боламни уялтиравермаларинг! Атлас кўйлакниям ўзим обераман, совчиликкаям ўзим бораман! Ҳе сенларни!.. Сенларга кулги бўлса-да!..

Бу гапдан сўнг ўтирганлар яна кулишди. Мен бўлсам, бувимнинг пинжига бошимни суққанча тек ўтирар, эҳтиётсизлигим, қилиб қўйган номақбул ишимдан афсус чекардим.

Келаси йили уйдагилар мени яна оддий мактабга ўтказиб қўйишди. Меҳрибонларим мени ўзимдан-да қаттиқроқ соғинишаркан. Ҳафта охирини кутишга ортиқ чидай олишмабди…

Орадан йиллар ўтди. Ҳаёт ташвишларидан соч оқарди. Бир куни иш билан қишлоққа борганимда, туман марказида ўша қизни, болалик муҳаббатим Маърифатни учратиб қолдим. Биз бир йилгина бирга ўқиган, орадан шунча йил ўтиб кетган бўлса-да, бир-биримизни дарров танидик. Суҳбатлашдик, мактаб-интернатдаги ҳаётимизни эсладик.

Аммо…

Мен барибир кўнглимдаги болалик туйғусини ошкор эта олмадим.

 

Мен одам ўлдирдим

 

Умр чархпалаги гир айланиб, яна мактаб охирлади. Насиб бўлса, шу йили олтинчи синфга ўтишимиз тайин бўлди. Гарчи муаллимлар йил охирлаши сабабли уй вазифаларини қалаштириб ташлашса-да, алам қилмасди. Тезроқ дарслардан халос бўлиш-у, таътилга чиқиб тўйганча кўчада ўйнаш биз болакайларнинг ягона орзумизга айланганди…

Афсуски, ҳамон мендек паст бўйли, заиф бир болани синфдошларнинг баъзилари масхаралашда, турткилашда давом этарди. Мен бу таъқиблардан зада эдим. Гоҳида «Биронтасини тош билан уриб қочсаммикан?» деб ўйлаб қолардим. Турткилар кучая боргач, муштлашишга шайланардим, ўч олиш пайига тушардим. Лекин қандайдир куч мени ҳар гал тўхтатиб қолар, мен нодон муштлашишдан кўра қочиб қолишни, бувижонимга арз қилишни маъқул кўраверардим…

Шанба куни эди. Дарслар кўплигидан кундуз соат бирлардан кейин мактабни тарк этдик.

Ташқарига чиққанимиз ҳамоно бир кўчада турадиган синфдошларим Обид ва Шавкатни синфимиз зўрлари менга қарши гиж-гижлай бошлади. Зўрға турган эканми, улар бири қўйиб бири мени турткилашга тушди. Гоҳ елкамдаги портфелимни шапатилашди, гоҳ бошимдаги дўппимни тушириб қочишди. Бошқаси бўлса алам қилмасди. Ҳар куни бирга ўйнайдиган, мактабга бирга бориб, бирга қайтадиган ўртоқларим бировларнинг ноғорасига ўйнагани нафсониятимга тегди. Шу сафар уларга нисбатан кучим камлигини унутгандек бўлдим. Тишларим билинар-билинмас ғижирлаб, қалбимни ўч жазаваси забтига олди.

«Наҳотки, шунчалик қўрқоқ бўлсам? — ўйладим йўл-йўлакай. — Қачонгача масхараланиб, хўрланиб юраман? Таваккал муштлашсам, ўламанми? Ё калтак ейишдан шунчалик қўрқаманми?.. Йўқ, бугун нима бўлсаям барибир муштлашаман. Етар! Ҳозир муюлишгача чидаб борай, кўрсатиб қўяман уларга!..»

Маҳалламизга буриладиган кўчага етгунча индамадим. Туртишди, сукут сақлаб бораётганимни кўрган сари хохолаб кулишди, портфелимни тепиб ҳам кўришди. Мен тек кетавердим. Ниҳоят болалар тарқай-тарқай, ўзим мўлжаллаган ерга келганда, уччаламиз қолдик. Аввалига «Мана, ёлғиз қолдик, балки бас қилишар?» деб ўйладим. Адашибман. Биринчи бўлиб Шавкат йўлимни тўсди.

— Вей, пакана, — деди у Обидга кўз қисиб қўйиб. — Боя нима деб ўзингча минғирладинг? Бизни сўкдингми ичингда?

— Шавкат, кел, дабдаласини чиқариб ташлаймиз, — орага қўшилди Обид. — Қара, ҳов анави Салим аканинг ариқчасига ётқизиб кетамиз кейин!

— Қўлингдан келмайди! — мен буткул тоқатим тоқ бўлиб портфелимни ерга ирғитдим-да, Шавкатга хезландим. — Қани, ур! Урмайсанми?

— Ў-ў-ў, — бу таҳдидимни эшитган Обид турган ерида Шавкатни тезлай бошлади. — Ўртоқ, нима деб қўрқитди бу? Жағига бир туширмайсанми?

Бу чақириқни эшитган Шавкат мени ростакамига уриш учун чоғланиб қўлини баланд кўтарди. Аммо улгурмади. Мен кутилмаганда ияги аралаш мушт туширдим. Не кўз билан кўрайки, Шавкат мушт зарбидан ерга чалқанча қулади. Ахир… Бу ҳаётимдаги зўрликлар устидан қозонган илк ғалабам эди…

Билмайман… Тўлқинланиб кетдимми, ё қўрқув кучиданми, титраб-қақшаб атрофимга алангладим. Обид аллақачон жуфтакни ростлаб улгурибди. Бу ҳам менга қайта куч бағишлади. Бир ҳатлаб ўрнидан туришга шайлана бошлаган Шавкатнинг тепасида ҳозир бўлдим ва ўйлаб ўтирмай юз-кўзи аралаш бир неча марта тепдим. Шавкат икки-уч карра иҳлади-ю, индамай қолди…

Очиғи… Бундай бўлишини сира кутмагандим. Танамдаги титроқлар баттар зўрайиб Шавкатнинг тепасига энгашдим-да, бир муддат унга қараб қолдим. Шу орада «Шавкат, ҳўв Шавкат» дея пичирладим. Барибир индамади. Шундан сўнг росманасига ваҳимага тушиб қолдим.

— Мен… Одам ўлдириб қўйдим, одам!.. — шундай деб ура солганча уй томон қочдим. Чопавердим, нафасим бўғилганига, қора терга ботганимга ҳам қараб ўтирмадим. Миямда эса бир гап айланарди.

«Мен одам ўлдирдим! Мени қамаб қўйишади!..»

Ҳовлимизга кирдим-у, жавдираб бувимни қидирдим. Бувим айвонда кўрпа қавиётган экан.

— Буви, мени беркитинг! — дедим йиғламсираб. — Тезроқ бўла қоли-инг!

— Ие, ие, нима бўлди? — бувим даст ўрнидан турди-ю, сўридан тушиб келиб мени бағрига олди. — Нега рангинг оқариб кетибди? Ким урди сени, ким?

— М-мен… Одам ўлдириб қўйдим, — дедим йиғлаб. — Ш-Шавкатни… Ўлдириб қўйдим!

— Вой, жинни бўлганмисан? Одам ўлдирдим дедингми? Сен-а? Қўй-э! Ўтакамни ёрворай дединг, болам!..

— Ро-ост! — дедим баттарроқ бақириб. — Салим аканинг ариғи ичида ётибди! Ўлиб қолди! Икки марта тепгандим…

Бувим барибир менга ишонмади. Бошимни силай-силай даҳлизга олиб кириб кўрпачага ўтқазди-да, қўлимга бир пиёла қайноқ чой тутқазди. Ўзи ёнимга чўкиб, мени тинчлантира кетди.

— Вой ўзимнинг нодон боламдан-эй! Қўй, ҳеч қачон унақа совуқ гапни гапирмагин! Худонинг ғазаби келади-я! Шавкат ўлмайди! Ҳали кў-ўп яшайди!..

Бувим адашмаган экан. Шавкат ўлмабди. Тепки зарбидан бир кўзи шишиб кетибди холос.

Билмадим, балки шу муштлашув, қўрқув сабаб бўлгандир? Ҳали-ҳали мурдалардан ўлгудек қўрқаман. Кимдандир «Биров бировни ўлдириб қўйибди» деган хабар эшитсам, этим музлаб кетади, дарров болаликдаги ўша ўзим учун мудҳиш манзара кўз олдимда намоён бўлади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ