ДАРДИМИЁНА… (17-қисм)

0

 

* * *

 

Рустам мени подъездимиз ёнигача кузатиб, ортига қайтиб кетганидан кейин уйга чиққунимча шуларни ўйладим. Кейин ҳамма ўйларимни оний лаҳзада унутдим. Акам Эдуард келибди. Ойимчаси билан. Унинг қизи билан бирга келгани мени ажаблантирмади. Ажаблантирган нарса Эдуард қулоғига сирға осиб олгани бўлди. Тилла ранг, никоҳ узуги ҳалқасининг катталигида. Ўзимни тутиб туролмадим. «Пиқ» этиб кулиб юбордим. Саломлашишдан олдин кулдим. Унга кўзим тушиши билан кулдим. Аҳмоқ, соддалигимга бориб, қулоғидаги сирғасини кўрсатиб кулдим. Эдуарднинг бирдан туси ўзгарди. Лаби титради. Мен эса қаҳқаҳа отиб юборсам бўладими? Ишонасизми, сираям бунақа қилмоқчимасдим, кўзимга жудаям ғалати кўриниб кетди. Тўғри-да, қулоғида сирға, устида кўк футболка, сочи узун (ҳатто меникидан ҳам)… Нима деб ўйлашим керак? Ғалати бўламан-да. Яхшиям, дугонаси билан келган… Йўқса, кўнглимдагини очиқ-ойдин айтиб юборардим.

— Хафа бўлманглар, — деди ранги гезарган Анастасия Березовская. — Охирги пайтларда Любада жиддий ўзгариш бор. Биз Олег Абрамович билан шу тўғрида анчадан бери гаплашиб келяпмиз.

Мен асло хафа бўлмадим. Тўғри акамнинг ёнига бордим. Қўлидан ушлаб, ўрнидан турғаздим-да, юзидан чўлпиллатиб ўпиб қўйдим. Ахир мен «танланганлар» оиласининг вакиласиман, ҳар қандай шароитдан чиқиб кетишни билишим керак. Кулганим орага совуқчилик туширди, онамнинг гапи буни тасдиқлаб турибди. Демак, бундай совуқчиликни иситишнинг ягона йўли Эдуарднинг юзидан ўпиб қўйиш. Аммо ундан аёллар атирининг ҳиди келди. Ва яна кўнглим бузилди. Эҳтимол, манави ойимчаси билан ялашиб-юлқашаверганидан унга шунақанги атир ҳиди ўтириб қолгандир, деган ўйга бордим ва келин болани (агар шундай бўлса) ҳам гўёки ўзимга яқин олиб ўпдим. Айни чоғда у ҳам мени ўпиб қўйди. Биласизми, у мутлақо бошқа атирдан фойдаланар экан. Яна кўнглим бузилди. Бироқ буни ҳеч кимга билдирмадим.

— Келганларингдан роса хурсанд бўлдим. Эдуард, сени кўрмаганимга анча бўлиб кетганди. Қувонганимдан кулдим. Шу боис, — деб онамга юзландим, — мени айблашларинг ўринсиз.

— Ўзгариб кетибсан, Люба, — деди акам.

Мен ялт этиб унга қарадим.

— Сенинг топағонлигингга қойилман. Биласанми, худди шу нарсани ўзингга айтмоқчийдим.

Ўҳ, агар ичимдаги нафратни юзага чиқарсам борми, бутун уй ёниб кетади. Мен ана шундай улкан нарсани ичимда сақлаётгандимки, отам билан бирга миллионларни у ёқдан бу ёққа ўтказганим ҳам бунчалик эмасди.

Буни қарангки, акамга шу гапим ёқди. У қизлардайин қийпаланглаб иржайди. Уни охирги марта кўрганимда мутлақо бунақа эмасди. Озгина қўпол, озгина эркакча қайсарлик, озгина бефаросатлик бор эди. Ярашарди. Табиий эди. Ҳозир…

— Эдуард, дугонанг билан таништирмайсанми? — дедим ойимчага тикилиб.

— Дугонам эмас. Дўстим, стилистим. Биз бирга ишлаяпмиз, — жавоб берди акам.

— Ҳа, шундай, — тасдиқлади унинг гапини ойимча, — менинг исмим Маргарита. Францияда туғилганман. Ўша ерда беш йил яшаганмиз. Кейин бу ёққа кўчиб келганмиз.

— Ўхшаб турибди. Очиғини айтсам, боядан бери Эдуард қанақа қилиб французларга ўхшаб қолди, деб ҳайрон бўлаётгандим. Мана, гап қаерда экан.

Ҳамма ҳиринглаб кулди.

— Европага интилиб яшаш керак. Шунда ҳаётингда мазмун бўлади, — деди Анастасия Березовская.

— Яхши. Дунё кенг. Бир хил пайтлари оқ айиқларга ўхшаб шимолда, Арктикада яшашни истаб қоласан. Ойи, билсангиз, кутилмаганда бир куни Африка чангалзорларига боргим келди. Ҳа, ишонмайсиз, шундай бўлди. Ундан сал ўтиб Амазонкага саёҳат қилиш, бир йўла ўша ёқда янги топилган қабилаларнинг оилаларига қўшилиб яшаш истаги пайдо бўлса денг. Телевизорда кўрдим, қип-яланғоч одамлар. Ибтидоий жамоа… Йўқ, ҳали у даврга етиб келишмаган. Ишонсангиз, битта аёлнинг иккита эри бор экан. Улар битта қамишдан бўлган уйда аҳил-иноқ умргузаронлик қилишаркан. Лекин муҳими бунда эмас. Муҳими, эркак эркакнинг ишини, аёл аёлнинг ишини қиларкан.

 

***

Гапиришдан тўхтадим. Олдин Эдуардга, кейин Маргаритага, ундан сўнг ойимга қарадим. Улар бир нима-бир нималарни англаб-англамай ўтиришарди. Мен эса яна сўзлашда давом этдим.

— Эркаги ҳеч вақт эркагининг, аёли эса аёлининг қўлидан етаклаб кетмаскан. Ярамаслар, ҳеч вақога ақллари етмайди-да… Майли, сизлар ўтираверинглар, мен чарчадим, озгина дам олишим керак.

Йўқ, кетолмадим. Ички ғазаб юришга қўймади. Шу боисдан эшик ёнида тўхтадим-да, безрайиб ўтирганлар томонга ўгирилдим.

— Эшитдингларми, — дедим учта «муз парчаси»га нафратимни сочиб, — Ис Ғарбишин исмли бир олим чиқибди. Америкалик. У шунақанги кашфиёт қилибдики, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Ҳа, ишонаверинглар гапимга. Унинг айтишича, яна тахминан эллик ё олтмиш йилдан сўнг ҳеч кимга эр ҳам, хотин ҳам керак бўлмаскан. Ҳар ким бу масалани ўзи ҳал қиларкан. Яъни болани ўзлари қўлдан ясаб олишаркан. Қалай, — қилпангладим мен кўзимни олайтириб, — даҳшатми? Сизлар ҳам юрибсизлар-да замоннинг олдидаман, деб!

Ҳақорат бундан олий ва ортиқ бўлмас. Илон идрок этса, шу гаплардан сўнг пўст ташлаш у ёқда турсин, илонликдан воз кечиб юборарди. Бунақанги шармандаликни кўргандан, эшитгандан кўра, типратиканга ем бўламан, дерди. Лекин анавилар… Улар, эҳтимол, «оламшумул янгилик» тўғрисида ўйлай бошлашган, эҳтимолки, ҳар учови ҳам «Шошилишим керак. Тезроқ Америкага бориб, ҳали одамларнинг ақли етиб-етмасдан ўшанақанги операция қилдириш ва тарихдан муқим ўрин олиш керак», деб хаёл қила бошлашгандир. Қизиқ, нималар деяпман? Анастасия Березовская, Эдуард менинг гапимга ишонишадими? Икки дунёда ҳам ишонишмайди. Бироқ уларнинг миясига зўр фикр келгани аниқ. Яъни ҳамма нарсани битта одамга жамлашдан қандай манфаат топиш мумкин? Шундай ўйлаётган бўлсаларинг, баттар бўлларинг.

Хонамга югуриб кирдим-да, эшикни қарсиллатиб ёпдим ва ўзимни каравотга ташлаб, ҳўнграб йиғлаб юбордим. Кейин ёстиғимни сочларим тўзиб, терлаб кетгунимча муштладим. Чарчадим. Ҳолсизланиб кўзимни юмдим. «Ҳақиқатан ёввойилар оиласида туғилганимда дуруст бўларкан. Улғаярдим, кимгадир эрга тегардим. Кейин у овлаб келган бирорта ҳайвонни еб ётаверардим. Аслида… Аслида ҳам ҳамма жойда яшашдан мақсад қорин тўйғазиш-ку. Фақат битта фарқи бор. Яъни бошқалар кимнидир чув тушириб, қорин тўйғазади…»

— Шахсий фикринг, шахсий дунё қарашингни гарчи ниҳоятда сийқа, бемаза бўлса ҳам, ҳурмат қиламан. Аммо бировни ҳақорат қилишга ҳақинг йўқ. У ким бўлишидан қатъи назар. Сен илгаридан тушунарсиз қиз бўлгансан. Ҳозир ҳам шундай. Лекин мени ҳаётинг қизиқтирмайди. Йўқ, сал хато кетдим. Қизиқтиради. Фақат муваффақиятли ҳаётинг. Энди эса марҳамат қилиб қарзингни тўлаб қўй.

Эшик очилганини, ойим кирганини сезган эдим. Аммо у қарзини сўрашини кутмагандим. Шу боис бирдан ётган жойимда ўгирилиб унга қарадим. Нигоҳларимиз тўқнашди. Анастасия Березовскаянинг қаҳрли нигоҳига бардош бериш қийин. У кулганида очилиб кетади. Бироқ қовоғини осилтирса борми, суяк-суягинггача музлатади. Гапингни йўқотасан. Отам билан онам севишиб турмуш қуришган. Ҳарқалай, иккисининг оғзидан ҳам шундай гап чиққанини эшитганман. Лекин қандай қилиб? Ойим наҳотки оила қургунларича жилмайиб юрган бўлса?! Жуда қийин. Ҳа, ойимга жуда қийин бўлган… Қарз? Дарвоқе, мен ойимдан қарз олгандим. Роппа-роса уч ой аввал. Буни қарангки, эсимдан чиқарибман. Шошиб қолдим.

— Қанча эди? — дедим ўрнимдан туриб ўтирарканман.

— Икки минг доллар. Наҳотки унутган бўлсанг? Сендан мутлақо буни кутмаган эдим.

— Икки минг? — дея пешонамни тириштирдим. — Лекин мен икки минг олганимни…

— Ҳа, тўғри, икки минг эмас эди, — деди ойим гапимни бўлиб, — фоизи билан шунча бўлди.

— О-о-о, — дея ўзимни каравотга ташладим. Эсимда, бундан тахминан беш йил муқаддам ойимдан аразлаб, ўзимни худди шу тариқа каравотга ташлаганимда у ёнимга келиб ўтирган, сочларимни силаган, эркалаганди. Ҳозир эса бундай қилмади. Эшик ёнида қўлини белига тираб тураверди.

— Майли, — дедим кутганим бўлмагач.

— Биламан, ҳозир сумкачангда бундан ҳам ортиғи бор. Ҳаммасини тўламаслигингга розиман. Бир қисмини тўласанг етади.

— Йўқ, — дея ўрнимдан сапчиб туриб кетдим, — ҳаммасини тўлайман!

— Ихтиёринг.

Мени бошқа ҳеч ким безовта қилмади. Шу боис қандайдир енгил тортиб ухлаб қолдим.

 

***

 

Эртасига борадиган жойим йўқ эди. Рустамни кўргим, у билан учрашгим келарди. Бироқ ундан аразлаганман. Агар унга қўнғироқ қилсам, сени кўргим келяпти десам, аразимнинг обрўси қолмайди. Шу боисдан кутаман. Мабодо телефон қилиб қолса, ана ундан кейин учрашаман. Шундаям бир-икки марта беозор нозланишдан сўнг. Тавба, беозор дедимми? Нима, мен уни хафа қилиб қўйишдан чўчийманми? Йўғ-эй, чўчимайман. Хафа бўлса, ўзига, менга нима? Лекин, барибир, ич-ичимдан унинг дилига озор етказишни истамаяпман. Нега? Нега? Нега? А-а-а-у-у! Ким жавоб беради?! Мен уни севиб қолдимми? Севама-а-а-а-н!

Мен тошойна қаршисида турардим. Шу боис юзимнинг аввал оқаргани, кейин қизарганини, лабларим билинар-билинмас титраганини кўрдим.

Ривожланган шаҳарнинг замонавий қизи бунақа аҳволга тушмаслиги лозим. Ҳамма нарсани оддий қабул қилиши керак. Йўқ, анави жинни қизларга ўхшаб қоламан. Кўргандирсиз, интернетга чиқиб кетди-ку, наҳотки эслолмаётган бўлсангиз. Ҳа, беш қаватлими, тўққиз қаватлими уйнинг томи. Учта қиз. Биттаси ҳўнг-ҳўнг йиғлаш билан бирга сигарета чекяпти. «Мен усиз яшолмайман. Бутун борлиғим у билан боғланган», деб уввос тортяпти. Қизил куртка кийган жингалаксоч қиз уни юпатиш билан овора. Бир маҳал анави «томи кетган» қиз шартта ўрнидан турди-да: «Алвидо!» деди-ю, ўзини томдан ташлаб юборди. Қолган иккала қиз ҳам бараварига чинқириб юборишди. Кейин яна биттаси: «Бир бало, мен сен билан!» деб ўзини дугонасининг ортидан отиб юборди. Бу сафар қизил курткали қиз миқ этолмади. У оҳиста, битта-битта қадам босиб, томнинг гирдига борди-да, пастга қаради. Ташлаганларнинг иккаласи ҳам алчайиб ётибди. «Менга барибир», деди у қўполгина қилиб ва ортига қайтиб кетди.

Йўқ, йўқ, йўқ! Мен улардек ақлини йўқотган жиннимасман. Рустам бўлмаса, бошқаси. Бир умр эркаксиз ўтиб кетмасман.

Хонамда бошимни қашлаб, у ёқдан бу ёққа юрдим. Хаёлимга Надежда келди. Ахир унга қўнғироқ қилишим керак. Кеча нима бўлганлигини сўрашим керак. Балки, Рустамнинг ўртоғи ҳам майда-чуйда гаплардан нарига ўтмагандир. Балки, муҳаббат изҳор қилгандир. Балки, иккаласи аллақачон фуқаролик никоҳига ўтиб олгандир. Эҳҳе, билишим лозим бўлган нарсалар жуда кўп экан, деб дарров телефонимни олдим-да, қўнғироқ қилдим. Надежда кўп куттирмади.

— Ухлаётган бўлсанг, уйғотиб юбормадимми, ишқилиб? — дедим унинг овозини эшитишим билан узр сўраган бўлиб.

— Ҳечам. Мен аллақачон ишга келиб бўлганман.

— Нега? Соат неча бўлди?

— Ўндан ўтяпти, дугонажон. Наҳотки Рустам ухлагани қўймаган бўлса?

— Э-э… Қанақа Рустам? Менга қара, бирга тушлик қилайлик, майлими? — дедим шошиб.

— Яхши. Сен келавер, ишхонамнинг ёнгинасида емакхона бор. Овқати жудаям мазали, — деди Надежда.

Телефонни ўчирдим. Кўзгудан юзимга разм солволдим-да, хонамдан чиқиб, тўғри ошхонага бордим. Столда қоғозча турган экан. Олиб ўқидим. «Люба, ўзингни тутишинг ҳеч кимга маъқул келмаяпти. Пулни кеча бераман, деб бермадинг. Ташлаб кет, мабодо кетсанг. Кетмасанг, ёнига яна озгина қўшиб қўй, шошганим учун ҳисоб-китоб қилмадим. Фоизини ўзинг чиқарарсан. Ойинг Анастасия Березовская».

Жаҳлим чиқиб, қоғозни бурдалаб ташладим.

— Қанақа одамлар булар? Бунча паст кетишади?! Дунё фақат ҳисоб-китоб-у пулдан иборатми?! — дедим.

Ҳеч нарса емадим. Ҳеч нарса ичмадим. Ҳаммаси бошидан қолсин! Кетишим керак. Бу уйга бошқа қадам босмаслигим керак. Дарвоқе, мен ҳали чет эл учун бериладиган паспортимни олганимча йўқ. Ошхонадан чиқиб, хонамга кирдим. Апил-тапил кийиндим. Бўянмадим. Шартми? Ким учун бўянаман? Тупурдим ҳаммасига!

Йўлакка чиққанимдан кейин жаҳл устида эшигимизни қаттиқроқ ёпиб юборибман, қарсиллаб кетди. Менимча, бу воқеа содир бўлиши сабаби ҳар доим Анастасия Березовская «Бизнинг уйга келиб-кетганимизни ҳеч ким билмаслиги керак. Доим уйда ё умуман уйда ўтирмайди, дейишсин қўшнилар. Сир ҳамиша одамларда қизиқиш уйғотади. Шунинг билан бирга устунлик беради», деб қулоғимга қуйиб келар ва мен бунга мутлақо ўрганиб қолганимдан шу пайтгача ҳали бирор марта ҳам эшигимизга озор бермагандим. Бу биринчиси. Иккинчиси эса баландроқ овозда хунук сўзлардан беш-олтитасини қаторлаштириб ташлаганим бўлди. Ахир бошқалар наздида қўй оғзидан чўп олмаган, оқила қизман. Оқила қиз шундай гапларни гапириши мумкинми? Йўқ. Аммо на илож, поезд кетиб бўлди. Яна камига кутилмаганда мен билан дуч келиб қолган кампирлар ҳам эшитди. Айнибди, безорилашибди, дейишди. Сўнг бири иккинчисига менинг кеча кечқурун «қора» йигит билан келганимни айтди. Ортидан «Бу қоралар қизларимизнинг жисмларини абгор қилиш билан бирга миялариниям айнитиб ташлашяпти. Қара, ҳатто салом ҳам бермади», деди. Қорамиш. Шундан бошқа чайнайдиган нарсаларинг қолмаган. Ўзи бир аҳволда юрган бўлсам-у, салом беришга бало борми? Ундан кўра йўлимдан чиқма эди. Нима қиласан оёғим остида ўралашиб. «Йўлак бошидан ўтганнинг оёғини, кетганнинг қулоғини ғийбат қилгунча уйингда ўтир пайпоғингни тўқиб», дея кўнглимдан ўтказдим.

Ташқари салқин, яна ёмғир ҳам севалаётган экан. Этим жунжикди. Соябон олсам бўларкан. Ҳозир ҳам уйга қайтиб, соябонни олиб чиқсам бўларди-ю, лекин анави ғийбатчи кампирларга яна дуч келаман-да. Улар мени кўришгач, ким-нималар деб ташлашади. Чўнтагимда пулим бор, автобус, метро демай, таксига ўтираман-у, етиб оламан.

Яхшики, машина салони иссиқ экан, дарров баданимга илиқлик иниб, ўзимни анча тетик ҳис эта бошладим. Дарвоқе, ўтиришимдан олдин эътибор бермабман, ҳайдовчи Рустамнинг рангидан экан. Бир оз юрганимиздан кейингина у рус тилини бузиб, зўрға гапириб, манзилга бориш йўлини кўрсатиб боришимни илтимос қилди.

— Аввал тилни ўрганиб, ана ундан кейин ҳайдовчилик қилсангиз бўларкан, — дедим.

Ҳайдовчи бошини қимирлатиб, тасдиқ ишорасини қилди. Кейин:

— Пул йўқ. Пул керак, — деди.

Ҳаммага пул керак. Дунёнинг у бурчагидагиларга ҳам, бу бурчагидагиларга ҳам. Бошқа нарса бўлмаса ҳам, яшашлари мумкин, аммо пул бўлмаса, бир куни ҳам ўтмайди одамзотнинг. У шу ҳолга етиб келди.

Рустамнинг юртдоши билан гаплашиб кетгим келганди. Гарчи у рус тилини деярли билмаса ҳам. Аммо энди бунинг ўрнига хўрсиндим. Пул, бойлик хўрсинишга мажбур қилди. Нима қилса, қандай қилса ҳам, ҳар ким бойлик орттириш тараддудида юриши мени шундай аҳволга солди. Биров бировни алдаш билан, иккинчиси молига нимадир қўшиш билан, учинчиси кимнидир ёмонлаши, кичкинагина хатосини туядай кўрсатиш билан, тўртинчиси бало билан, баттар билан жиғилдонини қондириш илинжидалиги мени шундай аҳволга солди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ