ҚАМОҚХОНАДА КЕЧГАН КУНЛАРИМ… (22-қисм. Охири)

0

 

* * *

 

Шундай дея иккинчи аристон гапга қўшилди. Уларнинг мақсадини англаган бўлсам-да, жавоб қайтармадим. Чунки бу аҳволда муштлашишга тўғри келиб қолса, таъзиримни ейишим кундай равшан эди. Шу сабабли, гарчи жуда оғир ва ҳақоратли бўлса-да, бу икковининг гап-сўзларига чидашга мажбур эдим.

— Сенга юлдузни бенарвон урадиганлардан деб таъриф беришганди. Афтидан роса қўшиб-чатишган кўринади, — истеҳзоли кулимсираб деди биринчи бўлиб гап бошлаган аристон. — Айтгандай, лақабингни Бургут дейишганди, бунақа қуш юрак билан қандай қилиб бундай ном олганинг мени ҳайрон қолдиряпти. Аслида сендақа бировнинг ортидан иш кўриб, осмонда учиб юрадиганларнинг ҳаммасига бир қилиб, Чумчуқ деб исм бериш керак. Нима дединг, Жора?

— Албатта-да! Мен бошидаёқ бунинг қуёнюраклигини билгандим. Қара, бизларни кўрди-ю, иштонини ҳўллаб қўйди. Хо-хо-хо! — бор овозда беўхшов кулди Жора.

Унга шериги жўр бўлди. Хона ёқимсиз кулги ичида қолди.

Ўзимни босишга, Толян айтгандай, бир гапдан қолишга ҳар қанча уринмайин қоним қайнаб, бир ғазабимга ўн ғазаб қўшилиб келаверди. Гарчи бундай пайтларда жаҳлга эрк бериш яхшиликка олиб келмаслигини жуда яхши билсам ҳам очиқдан очиқ ҳақорат қилиб, шаънимга доғ туширмоқчи бўлаётган бу икки аристонни жазоламаслигим мумкин эмасди.

Қандай қилиб ётган ўрнимдан чўзилиб анча нарида турган темир стулчани олганимни ва ирғиб туриб у билан Жоранинг башарасига солганимни билмай қолдим. Зарб шу қадар кучли бўлдики, бақириб кулаётган Жоранинг уни бирдан ўчиб, оғриқ зўридан ўтириб қолди. Пайтдан фойдаланиб, уни юз-кўзи, елкаси аралаш яна бир неча бор стулча билан «сийладим». Гарчи еган «темир зарб»ларидан сўнг ўзига келиши қийин бўлишини билсам-да, эҳтиёт шарт Жоранинг жигарини мўлжаллаб уч-тўрт бор тепдим ва ана шундан кейингина иккинчи рақибимнинг яқинлашишини кутдим. Мен томонимдан бундай кескин ҳаракат бўлишини кутмаган, шекилли, Жоранинг шериги аввалига турган жойида тошдек қотиб, ғалати қараш қилганча туриб қолди. Кейин жонҳолатда менга ташланди. Унинг ҳаракатларидан муштлашувнинг яхшигина ҳадисини олгани кўриниб турарди. Ёшлигида бокс тўгарагига қатнаган бўлса керак, ҳимояси ҳам чакки эмасди.

— Эркак бўлсанг, ётган одамни тепкиламасдан мен билан олиш, итнинг боласи! — деди у тишларини ғижирлатиб.

— Касал ётган одамнинг устидан кулиш, уни ҳақоратлаш эркакликка киради-ю, йиқилиб тушганни тепкилаш эркаклик эмас экан-да, сенингча?! — жавоб қайтардим мен ҳам ундан қолишмай.

— Бизга, аслида, сени яхшилаб калтаклаш, бундай бу ёғига турма етакчилигига уринмасликни тайинлаш топширилганди. Афсуски, бу сафар уларнинг айтгани бўлмади. Жаҳлимни чиқардинг: бу ердан сенинг ўлигинг чиқади энди!

— Сал эҳтиёт бўлиб гапир, яна шеригингдай ўрнингдан туролмай қолма!

— Менинг ғамимни емай қўя қол! Ундан кўра, қабринг устига нима деб ёзиб қўйишимизни айт: чумчуқ деб ёзишсинми ёки…

Унга гапини тугатиш насиб этмади. Қўлимдаги темир стулча билан уни ҳам айлантириб ура бошладим. Тан олиш керак, у анча-мунча зарбаларимга чап беришга улгурди. Аммо тўғридан берилган зарбани, барибир, ўтказиб юборди. Шу ондаёқ темир теккан боши ёрилиб, қон тизиллаб оқа бошлади.

— Бўш келма, Димон! Бу ифлосни аяб ўтирма, братан! — тилга кирди шу пайтгача бир бурчакда ихраб ётган Жора. — Ҳозир ўзим сенга ёрдам бериб юбораман. Бир амаллаб қўлидагини тортиб олсак, марра бизники! Эртага шу пайт ўлигини каламушлар еб битирган бўлади!

Аммо бу гаплар Димонга мадад бўлмади. У яна темир зарбга дуч келмаслик учун эҳтиёт бўлиб қолган, анча узоқроқда туриб мен томонга жаҳд қилар ва қулай пайт келишини пойлаётган, бир томондан, Жоранинг ўзига келишига умид қилаётгани ҳам билинарди. Унинг ҳимояга ўтиб олганидан фойдаланмасам, Жора ўзига келиб қолса, вазият менинг зараримга ўзгариб кетиши аниқ эди. Шу сабаб айёрлик қилишга тўғри келди. Қўлимдаги стулчани Димонга қараб бор кучим билан улоқтирдим. У беихтиёр кўзини юмиб, ўзини зарбадан олиб қочди. Бу, албатта, унинг катта хатоси эди. Фурсатни бой бермасдан ўнг қўлимнинг қирраси билан рақибимнинг бўйин томирига урдим. Димон ҳатто нима бўлганини ҳам англаб улгурмай, ҳушини йўқотиб, оёғим остига узала йиқилди. Буни кўрган Жоранинг юз-кўзи муте тус олди. Унинг бундай вазиятларга аввал ҳам бир неча бор тушгани хатти-ҳаракатларидан билиниб турарди.

— Бизларни кечир, Бургут! Биз сени шунчаки синаб кўрмоқчи эдик! Илтимос, бизларни кечир! — бор овозда йиғлаб сўзлай бошлади у. — Гапларимга ишон, ёлғон гапираётган бўлсам, Худо урсин!

— Ўзингнинг ифлос ишларинг учун Худони ўртага қўйиб қасам ичма! Ундан кўра, сенларни бу ерга ким юборганини айт! Шунда жонинг омон қолади, чин сўзим! — Жоранинг ёқасидан бўғиб, қўрқитиш ниятида бир неча бор мушт солдим.

— Урма, урма мени, Бургут! Мени бу ерга келишга мажбур қилишди. Келмасам, ўлдириб юборишлари аниқ эди.

— Жонингдан умидинг бўлса, айт, ким мажбур қилди?!

— Толян кетар-кетмасидан сен карцерга тушиб қолдинг. Ўтган вақт орасида бу ерда анча нарса ўзгариб кетди. Энди аввалгидек тартиб-интизом бўлмаслиги аниқ.

— Нега бундай деяпсан?

— Ўзинг биласан, биз «дам» олаётган жойда маъмурият ҳукмрон эди. Уни фақатгина Толян ўзгартира оларди. Энди Толян йўқ, демак, бундан бу ёғига турма бошлиғининг айтгани айтган, дегани деган бўлади. Хоҳласа, ноғора чалиб барчамизни ўйнатади ёки муз устида рақс туширади.

— Унинг ноғорасига ўйнайдиган аҳмоқ йўқ. Қолаверса, бизлар ҳам совға эмасмиз, бир йўлини қилиб унинг ковушини тўғирлаб қўйиш қўлимиздан келади.

— Бургут, тўғри тушун, бир ўзингнинг қўлингдан ҳеч нарса келмайди Барибир, уларнинг айтганига кўнишга мажбур бўласан.

— Адашма, мен ёлғиз эмасман. Мен каби тўғри, ноҳақликка қарши курашиб, муддат олиб ўтирганлар кўп… Яхшиси, сен гапни чалғитмасдан кимнинг буйруғи билан олдимга келганингни айт!

Бу гапимдан сўнг Жора оғир хўрсиниб қўйди-да:

— Толяннинг ёнида юрадиган калбош йигитни танирмидинг, лақаби Силовсин? — деб сўради.

Унинг нега бу саволни берганига ҳайрон бўлиб, тасдиқ ишорасини қилдим.

— Энди у Толяннинг ўрнини эгаллади. Бизларни ҳам у жўнатди.

— Шу чўпчагингга мени ишонади, деб ўйлаяпсанми? Толяннинг югурдаги қандай қилиб унинг ўрнига ўтиради?

— Биз ҳам аввалига ишонмадик, аммо у бирин-кетин кўзга кўринган, гапини бошқа аристонларга ўтказа оладиганлардан ўнтасини ўлдириб юборгандан кейин…

— Нима, у ҳали ўзига ўхшаган аристонларни ўлдирдими?

— Ҳа, Бургут, ҳаёт мана шунақа экан, кимнинг ортида кучи бўлса, ўшанинг гапи икки қилинмаскан…

 

* * *

 

Қолган кунлари мени айтарли ҳеч ким безовта қилмади. Шу сабаб бўлса керак тез кучга кириб, оёққа турдим. Оёққа турмасам бўлмасди, чунки Жоранинг гапи рост чиққан, Силовсин аллақачон турмада ўз тартибини ўрнатишга киришиб кетганди. Энди пайт пойлаб у билан учрашишим лозим эди. Аммо бир неча йил Толяннинг ёнига миқ этмай юриб, унинг оғзидан чиққан гапни буйруқдек бажаришга ўрганган Силовсин шунчалик эҳтиёткор эдики, ҳатто ўзи ёнига чорлаган аристонларни ҳам текширувдан ўтказарди.

Соғайганимдан кейин эски ишимни давом эттириш ниятида буюмлар сақланадиган омбордаги хонамга боришга қарор қилдим. Мени басавлат, кўринишидан собиқ спортчилиги сезилиб турган, афтидан, эркин курашчи бўлса керак, аристон хушламайгина кутиб олди. Салом бергандим, жавоб бўлмади.

— Мен Бургутман, эшитгандирсан? — деб сўрадим ундан.

— Бургут бўлсанг нима қипти, ўрнимдан туриб, қўшиқ айтиб ёки чапак чалиб туришим керакми? — жавоб қилди у.

— Ўрнингдан туришинг ҳам, чапак чалишинг ҳам шарт эмас. Лекин яхши одамлар салом берганда жавоб қайтаришинг керак, шуни биласанми? — дедим иложи борича овозимга майин тус берига ҳаракат қилиб.

— Ёш бола эмасман, менга ақл ўргатма! Қолаверса, кимнинг саломига жавоб беришни ўзим биламан, тушундингми? Энди бўлса, бу ердан туёғингни шиқиллат, йўқса онадан туғилганингга пушаймон бўласан!

— Йўғ-э, мен сенга ота-онанг фақат ёмон тарбия берган деб ўйласам, ҳали зўравонлик одатинг ҳам борми?

Бу гапдан кейин у ўрнидан турди-да, мен томонга ҳезланиб кела бошлади. Адашмаган эканман, ҳаракатлари курашчиники. Бундайларнинг чангалига тушиб қолмаслик, яъни масофадан туриб муштлашиш керак. Яна бироз жаҳли чиқса, ўзини тута олмай бошқарувини йўқотиши аниқ.

Шундай ҳам бўлди. Икки-уч бор уриниб қўлга тушира олмагандан кейин рақибнинг аччиғи чиқиб, ҳаракатларида пала-партишлик кўзга ташланиб қолди. Яна бироз «мушук-сичқон» ўйнасак, буткул ҳолдан тойиши кўриниб турибди. Унинг ҳарсиллаб ташланишларидан завқ олган кўйи яқинроқ келишини кутдим. Бечора бу сафар ҳам чап беради, деб хаёл қилди, шекилли, қулочини кенг ёзиб ҳужумга ўтди. Чаққонлик билан бир-бир чалғитувчи зарбалар йўлладим-да, кейин бор кучимни тўплаб, икки қошининг ўртасига мушт солдим. Зарба шунчалик кучли бўлдики, ҳатто қарсиллаган овозни эшитдим. Ҳозиргина мени ғажиб ташлашга тайёр йигит, турган жойидан бироз ортга чекинди, кейин мувозанатини йўқотиб, гупиллаб йиқилди.

Бу ерга келганимни ҳеч ким кўрмаганди, яна бировга қорамни кўрсатмасдан ғойиб бўлдим. Мен билан муштлашиб, ажал топган йигитни Силовсин ўзига тан соқчи қилиб олганини кейин эшитдим, Жора билан Димоннинг ўз жонларига қасд қилганликларини ҳам…

 

* * *

 

Тансоқчисининг ўлимидан сўнг Силовсин аввалгидан ҳам эҳтиёткор бўлиб қолди. Аммо мен пайт пойлаб, барибир, ундан Толян ва бошқа бекордан-бекор ўлдирилган аристонларнинг ўчини олишим керак эди. Буни қарангки, орадан бир кун ўтиб, унинг ўзи мени сўроқлатди. Лекин бир-биримизнинг кўзимизга тик боқиб гаплашиш бизга насиб этмади. Турмадаги бошбошдоқликдан безор бўлган аристонлар ғалаён кўтариб қолишди. Ўрмонга ўт кетса, ҳўл-қуруқ баравар ёнганидек, ғалаёнчилар ҳеч биримизга: на менга, на Силовсинга, на турма бошлиғига ва на бошқа зўравон-у, авторитетларга шафқат қилишди. Ўша талопўп чоғида аристонлардан кимдир бошимга темир бўлаги билан урган экан. Ҳушимга келганимда танамнинг ярми ишламас, шол бўлиб қолган эди. Шундан кейин мени санитар қисмига ўтказиб юборишди. Муддатимни ўша ерда ўтаб, озодликка чиқдим. Аммо ўзингиз айтинг, мендек умрининг гул фаслини панжара ортида кечирган одам кимга ҳам керак. Шу сабабли Еленани даракламадим, аммамникига ҳам қайтмадим.

Ҳозир чойхонада қоровуллик қиламан. Яқин кишиларим йўқлигини билган шу атрофдаги хонадон соҳиблари кунда-кунора ош-нонимдан хабардор бўлиб туришади. Шулар, умуман, яхши инсонларнинг борлиги туфайли ҳаёт шамим милтиллаб ёниб турибди. Лекин ўтмишимни хотирга олсам ҳам, келажагимни ўйласам ҳам қўрққанимдан даҳшатга тушавераман…

(ТАМОМ)

Олимжон ҲАЙИТ