«Сизга муҳаббатнинг сирини очаман!»

0

 

— Инсонлар орасидаги севги муносабатлари жуда қўрқинчли. Биз барчамиз кимларгадир севги изҳор қиламиз. Туйғулар оғушида боғланамиз ва бирдан нимадир содир бўлади. Жуда кўп ҳолатларда ўша нимадир арзимаган нарса. Сўнг бирданига бизнинг «юксак муҳаббатимиз», «чуқур эҳтиромимиз» тугаб қолади.

Қизиқ! Инсондан ҳам беқарорроқ зот бормикин? Ҳиссиётларимиз шу қадар мўртки! Мана, масалан: кимгадир меҳр берасиз, унга талпинасиз, яқин бўлишга интилиб, бор вужудингиз ила буни истайсиз. У бундан дастлаб хурсанд бўлади, боши кўкка етиб, сизга ўзингиз каби жавоб қайтаради. Кейин эса… Кейин эса у сиздан совишни бошлайди. Арзимас хатоларда сизни айбдор қилади, йиғлатади, юрагингизга озор беради. Аслида, гап сизнинг майда хатоларингизда ҳам эмас. У кибрга берилади! Қалбингизни забт этиб бўлганидан, руҳан сизга эришганидан кейин қизиқиши сўнади. Энг қизиғини биласизми? Сиз тақдирга тан берасиз, ўз йўлингиздан кетасиз, яшашда давом этасиз. «Ўлиб қоламан, энди яшолмайман», деган фикрлар оғушида қоласиз.

Аммо ўлмайсиз! Яшайсиз, оғриқларни бир четга суриб яна ўрнингиздан турасиз. Аста-секин жилмайишни бошлайсиз, қизиқишларингиз устида бош қотириб, инсонга инъом этилган ирода кучи билан қоронғиликдан чиқиб оласиз. Ва бирдан, бирдан ўша сиздан воз кечган инсонлар ҳаётингизга қайта киришга уриниб қолади. Яна қизиқишлар, забт этишга уринишлар, ҳаракатлар… Ана ўшанда сиз бир вақтлар дилингизни оғритган инсонга қарайсиз-да, «Наҳотки мен уни севган эдим?!» дея ҳайратга тушасиз. Кўряпсизми, инсон туйғулари қанчалар мўрт, қанчалар кучсиз ва улар асло баландпарвоз гапларга лойиқ эмас! Ўзингизни қўлга олинг, ҳаёт давом этмоқда!

САБРИНА