Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 9 феврал куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Бугун ҳамкасблар ва дўстлар айтган энг муҳим гапларни албатта ёдда сақлаб қолинг. Яқин келажакда асқотади. Айниқса, сизнинг мартабангиз билан боғлиқ ахборот бўлса яна яхши. Кун давомида ишчанлик ва жамоавийликка алоҳида эътибор қаратинг. Башарти ёлғиз қолишни ихтиёр этсангиз, табиат қўйнига чиқиб кетинг. У ерда ҳам дам оласиз, ҳам келгуси режаларни пухталаштирасиз. Кечқурун эса албатта тоза ҳавода сайр қилинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

9 февралда кўплаб муҳим ахборотларга эга бўласиз. Ҳаракатлар содир этишдан олдин куч ва имкониятларингизни назардан ўтказиб олинг. Сиз билан ҳамкорликда ишлайдиган одамларнинг ҳам фикрларини инобатга олинг. Шахсий бизнеси борлар билсинларки, бугун даромад сиз кутган даражада бўлмайди. Қолганлар эса моддий жиҳатдан муаммога дуч келишмайди. Аксинча, айрим дўстларимиз мўлжалдагидан кўпроқ пулга эга бўлишлари кутилмоқда.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Бугун барчанинг диққат марказида бўлинг, касбингиз бўйича янги билимларга эга бўлиш пайига тушинг. Ишларингиз юриша қолмаса, асабийлашманг. Юриштириш усулларини топинг. Кун мобайнида олис сафарга отланишингиз эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Куннинг иккинчи ярмида касбингиз билан боғлиқ малакангизни ошириш ҳаракатига тушишингиз кутилади. Спорт билан фаол шуғулланадиганлар ёғ ва углеводлар истеъмолини камайтиришлари тавсия қилинади.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

9 феврал куни пул эмас, мартаба учун тер тўкишингизга тўғри келади. Молиявий аҳволингиз ҳавас қиладиган даражада эмас, лекин чидашга мажбурсиз. Рўзғор, хўжалик билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда хотиржамлик сақланг. Сурункали хасталикларни даволашда янгича усуллардан фойдаланишингиз керак бўлади. Бироқ олдин мутахассис билан албатта маслаҳатлашинг. Саломатлик масаласида хатоларга йўл қўйишга ҳаққингиз йўқ. Кечқурун овқатланишда меъёрни билинг.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Агар профессионал касбингиз билан боғлиқ ишингиз келажаги учун фойда берса, жами истеъдодингизни кенг оммага намойиш этишингиз керак. Уялманг, тортинманг, иккиланманг. Дўстларингиздан кимдир сизни чув тушириш пайига тушиши мумкин. Эҳтиёт бўлинг. Жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингизга кўпроқ эътибор қаратинг. Саломатлиги билан қизиқинг, муаммолари бўлса, биргаликда бартараф этинг. Кечқурун хонадонингизга кутилмаган меҳмонлар ташриф буюриши мумкин.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

9 февралда молия ва муҳаббатда омадингиз чопади. Ишингиз юзасидан айрим масалаларда кимларгадир ниманидир исботлаш илинжида елиб-югуришингиз мумкин. Ақлий меҳнат кишиларига даромад бўйича етадигани бўлмайди. Кечки пайт олис сафарга отланишингиз эҳтимоли бор. Сафар давомида оиласиз бўлсангиз, бир инсон билан танишишингиз мумкин. Келгусида эса танишув муҳаббатга айланиши кутилади.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Ишда қатъиятли бўлинг. Ўзингизга бўлган ишончни сўндирманг. Орқага бош буриб ҳам қўйманг. Фақат олдинга интилинг. Тушдан кейин ҳамкасблардан бири сизга кутилмаган совға ҳадя этиши эҳтимолга яқин. Оилалилар ўз саломатлигини тиклаш, бемор қариндошлар ҳолидан хабар олишга эътибор қаратишлари керак. Фарзадлар билан суҳбатга ҳам алоҳида вақт ажратинг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

9 феврал куни оиласизлардан кимнидир яқинда танишган инсони хафа қилиши мумкин. Ҳойнаҳой, унинг туйғулари мустаҳкам бўлиб чиқмайди. Бундан ранжиш керак эмас. Турмуш қургандан кейин шундай ҳолат юзага келса, ана бунинг учун ранжисангиз арзирди. Бошқасини топасиз, вассалом. Бу ҳам тақдирнинг бир синови-да. Ижод аҳлини кечқурун жуда хурсанд қилишади. Навбатдаги ижод маҳсулингиз кўплаб олқишларга сазовор бўлади. Айримларнинг хонадонида бугун янги меҳмон дунёга келиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Бугун ҳамкасбларга шахсий сирларингизни ошкор қилманг. Бу сизнинг зиёнингизга ишлаши мумкин. Руҳий кечинмаларингизга ишни аралаштирманг. Ишхонадаги раҳбарлар сизни ишга кўмиб ташлаши кутилмоқда. Астойдил тер тўкишингизга тўғри келади. Кун бўйи кўпроқ пиёда сайр қилинг, фикрлашда тезкор бўлинг. Ўтмишдаги хатоликлар туфайли тушкунликка тушманг. Рўзғордаги ташвишларни бартараф этишда ташаббускорлик талаб этилади.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

 

9 февралда эзгу ниятларни ҳақиқатга айлантириш, муваффақият қозониш учун сиздан бардош ва тафаккур талаб қилинади. Яқинларингизга қанча кўп ҳурмат ва эътибор кўрсатсангиз, шунча обрўйингиз ошади, ўрнингиз мустаҳкамланади. Оилавий муаммоларни ижобий ҳал қилиш учун бугун вақтингиз етмайдиган кўринади. Бу фожиа эмас. Худонинг куни кўп. Эртага ҳам бемалол ҳал қилаверсангиз бўлади. Саломатлигингизни асранг. Асабларни мустаҳкам тутинг.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

Оиласизлар, ўзингиз жондан севган, яқин келажакда турмуш қурмоқчи бўлган инсон томон яна бир қадам ташланг. Ташлангки, орангиздаги масофа метрлардан эмас, миллиметрлардангина иборат бўлсин. Шу жумладан, у инсоннинг қаршисида ўзингизни дипломатларча тутишга ҳаракат қилинг. Бугун жисмоний зўриқишлар сизнинг фойдангизга ишлайди. Қачонки, керакли витаминларга бой таомларни кўп ва хўб истеъмол қилсангиз. Айримларга кечқурун сердаромад иш таклиф қилишлари мумкин. Дарров рози бўлинг.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

9 феврал куни кун мобайнида асосан қоғозбозликлар қуршовида қолишингиз кутилади. Муҳим ҳужжатлар билан ишлашингизга тўғри келади. Хатоларга йўл қўйишдан сақланинг. Нимаики ишга қўл урманг, албатта режалаштирилган бўлсин. Бугун оилавий байрамлар, унаштириш ва тўй маросимлари муваффақиятли, ёқимли кечади. Севинмоқчи бўлсангиз, кўнглингизни тоғдек кўтариш ниятида бўлсангиз, бу ишни чин юракдан амалга оширинг.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади