АЛАМЗАДА… (2-қисм. БИРИНЧИ ФАСЛ)

0

 

* * *

 

Йўловчи машина уни ярим кечаси шаҳарга олиб келиб ташлади. Серқатнов кўчаларда мироб анча вақтгача довдираб юрди. Лекин қаерга боришни, мардикор бозорини қандай топишни билмасди. Охири чарчаб йўл четидаги симёғочлардан бири остига ўтириб эндигина ўзича мулоҳаза қила бошлаганди ҳамки, рўпарасига қора «Волга» келиб тўхтаб, баланд бўйли, башанг кийинган, ўттиз ёшлардаги бир йигит машинадан тушди ва тўғри мироб томон юрди.

— Ҳа, амаки, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? — сўради у сўрашишга қўл узатаркан.

— М-мен… Ишлашга келгандим. — шоша-пиша жавоб қилди Мелибой мироб. — Борадиган жойимни тополмай тургандим.

— Шунақами?.. Хўш, қўлингиздан нима иш келади?..

— Дуч келган ишни қилиб кетавераман. Пул беришса бўлди-да!..

— Жуда соз!.. — йигит бирпас ўй суриб олгач, миробнинг елкасига қоқди. — Унда кетдик, иш бор!..

— Ҳ-ҳа… айтганча…

— Хизмат ҳақидан хавотир олманг. — унинг нима демоқчилигини пайқаган йигит тинчлантирган бўлди. — Ярим соат, жа борса, бир соатлик иш бор. Ётар жойингиз ҳам тайин бўлади. Юринг!..

Мироб иши ўнгидан кела бошлаганига шукр қилиб машинага ўтирди.

«Волга» шаҳарнинг миробга нотаниш кўчалари бўйлаб ярим соатча айланиб юргач, ўнгга бурилди. Бу йўлнинг икки чети бедазор эди.

“Хайрият, қишлоқдан экан буям. — хаёлидан кечириб қўйди мироб. — Ҳарқалай, қуш тилини қуш билар деган гаплар бор. Лекин… Нима иш экан кечаси қилинадиган?..”

Йигит индамасдан рулни бошқариб борарди. Уйлар кўрина бошлаганда миробга ойнадан бир-икки маротаба маъноли қараб қўйди холос.

— Мана, амаки, етиб ҳам келдик! — деди у яшил дарвоза қаршисида машинани тўхтатиб. — Қани, тушаверинг!..

Мироб итоат билан машинадан тушди. Ичкаридан бир ўсмир чиқиб қўл узатди.

— Хуш келибсиз, гўрков амаки!..

— Н-нима?.. Гўрков?..

— Вей, овозингни ўчир! — миробни машинада олиб келган йигит ўсмирни уришди. — Нега амакингни қўрқитасан?.. Бор, қўл чайишга сув тайёрлаб тур!..

— Хўп бўлади!..

— Қани, амаки, ичкарига марҳамат!..

Мироб йигитга қараб-қараб олди-ю, истар-истамас ичкарига қадам қўйди…

Ҳовли жуда ҳашаматли эди. Уйларнинг саноғи йўқ. Ҳовли ўртасига ток экиб ташлашибди. Сал нарида ҳовузсифат бир чуқур. Ичига сув тўлдириб қўйишибди. Гоҳи-гоҳида қандайдир қушнинг чуғурлаши қулоққа чалиниб қолади.

Мироб бундай уйларни киноларда бир-икки кўрганди.

“Бу баччағар бойваччага ўхшайди-ку! — ўйлади у ўсмир олиб келган човгумдан қўлларини чаяркан. — Ишқилиб, яхши пул тўласин-да!..”

— Қорнингиз ҳам очиб кетгандир-а? — сўради йигит хоналардан бирига ишора қилиб. — Ҳов анави хонага кирасиз. Ўша ерда овқатланиб оласиз. Ундан кейин ишга тушамиз.

— Ўзи нима иш экан?.. — эҳтиёт шарт сўраган бўлди мироб бироз ҳайиққаннамо.

— Сизга нима фарқи бор, бобой? — йигитнинг жаҳли чиқди шекилли дўқлаб берди. — Пулингизни берсам бўлдими?.. Сўрайвераркансиз-да!..

— Узр, иним, узр!.. Ҳа энди… Сўрадим қўйдим-да!..

— Киринг, — жаҳл аралаш буюрди йигит. — Овқат совимасдан тезроқ еб олинг! Вақт кетяпти!..

Мироб тортина-тортина чўғдек гиламларни босиб ичкарига кирди.

Дастурхон дегани шу қадар чиройли тузалган эдики, кўзларига ишонмасди.

Овқат деганининг борини териб ташлашибди.

У секин ташқарига қаради. Ҳеч кимдан дарак йўқ. Бир муддат кутиб турди. Ҳеч ким келавермагач, оҳиста кўрпачага ўтириб товоқдаги яхна товуқни олдига суриб ея бошлади…

 

* * *

 

— Хўш, қорин тўйдими? — ярим соатча вақт ўтгач, остонада йигит пайдо бўлди.

— Ҳа, жуда мазали экан! — мироб қўлларини оппоқ сочиққа арта-арта ўрнидан турди.

— Жуда яхши. — деди йигит совуқ кулимсираб. — Энди мен билан юринг, ишни кўрсатаман!..

Мироб секин йигитнинг ортидан ташқарига чиқди. Зиналардан ертўлага тушишди. Йигит пастга тушиб чироқни ёқди.

Мелибой мироб ичкарига кирди-ю, қотиб қолди. На ортга чекинишни, на олдинга юришни билмай, гарангсиганча йигитга даҳшат аралаш боқди.

— Нима, қўрқиб кетдингизми? — овозини пасайтириброқ сўради йигит ертўла ўртасидаги ур-бу ерига қон теккан матога ўралган бўйи бир ярим метрча келадиган узун нарсани кўрсатиб. — Қўрқманг, бу мурдамас. Бошқа нарса… Хуллас, шуни ҳозир ертўланинг ўзига кўмасиз…

— М-мен… Мен… — Мироб нима дейишини билмасди. Нуқул каловланарди.

— Фақат жуда чуқур қилиб ковланг! — унга эътибор бермай давом этди йигит. — Ҳиди чиқиб юрмасин! Ана белкурак, тез ишни бошланг!..

— М-мен… Й-йўқ… Қўрқаман. — матога ўралган нарсага қўрқинч аралаш боқаркан, ортга тисланди мироб.

— Нима?.. Вей, бу ерга сизни нимага олиб келдим ўзи?.. Нимага қорнингизни тўйдирдим?.. Бас қилинг, йўқса, ўзингиз ҳам шунинг ёнидан жой оласиз. Бошланг дедим!..

Мироб ер остидан йигитга қараб қўйди-да, титрай-титрай қўлига белкуракни олди. У матога ўралган нарсанинг мурда эканига сира шубҳа қилмасди. Аммо дилидагини тилига чиқаришга қўрқарди.

— Шундай бўпти! — деди йигит чўнтагидан сигарет чиқариб тутатиш баҳонасида ёниб турган гугурт чўпини миробнинг юзларига яқин олиб келиб. — Мабодо гуллаб қўйсангиз, сизни ернинг тагидан бўлсаям топаман. Шуни яхшилаб эслаб қолинг! Мени Толиб деб қўйибди!..

Шундагина мироб йигитнинг исми Толиб эканини билди.

— Хўп, — деди шивирлаб. — Айтганингиздек қиламан, ука!.. Фақат…

— Шу ишингиз эвазига икки ой эзилиб мардикор ишлаган пулингизни оласиз.

— Ишқилиб, Худонинг ўзи кечирсин!..

Мироб аста чиқиб кетаётган Толибга афсус билан боқиб олгандан сўнг белкуракни ерга ботирди.

Ер жуда юмшоқ экан. Энига ҳам, бўйига ҳам икки метрлик чуқурни бир соат деганда ковлаб бўлди ва матога ўралган нарсани секин судраб чуқурга туширди. Бу нарса аниқ мурдани эслатарди. Аммо қўрқув шу қадар кучли келдики, мироб ўзини ишонтиришга, мурда ўрнида бирор ҳайвон жасадини кўмгандек хотиржам тортишга уринди.

Сўнгра юзларига фотиҳа тортиб чуқурга тупроқ ташлай бошлади…

 

* * *

 

Иш битди. Умрида товуқдан бошқасини сўйиб кўрмаган мироб биринчи маротаба ўзи аниқ-тиниқ тасаввур этган мурдани ер остига кўмди…

— Зўр бўлди. — мамнун жилмайиб миробнинг чўнтагига иккита элликталик пулни солиб қўйди Толиб. — Ишни қойиллатдингиз. Бироқ келишганимиздек, сотиш йўқ. Сотадиган бўлсангиз…

— Й-йўқ, мен унақа одаммасман. — деди ҳануз қалбини даҳшат тарк этиб улгурмаган мироб. — И-ишонинг, сотмайман.

— Манави қоғозни олиб қўйинг. Қачон керак бўлсам, бемалол қўнғироқ қилаверинг!..

Мироб Толибдан ростакамига қўрқиб қолганди. Ахир, бу… Осон ишмиди?.. Наҳотки, бу йигит…

— Хўп бўлади! — дея тезроқ кетишга чоғланди мироб. — Энди мен кетсам…

— Тўрт тарафингиз қибла! — деди Толиб кўчани кўрсатиб. — Дарвозадан чиқиб чапга юрсангиз, тўғри шаҳарга олиб боради…

Мироб титраб кетаётган тиззаларини базўр судраб кўчага йўл олди…

 

* * *

 

— Мардикорга келмай мен ўлай! — ўзини ўзи койирди Мелибой мироб. — Қандай кунларга қолиб ўтирибман. Мана шу қўлларим билан бутун бошли одамни… Йўғ-э, балки одам эмасдир?.. Э, нима бўлгандаям барибир ўлик экани тайин эди… Энди қизимнинг кўзига қандай қарайман? Узунқулоқ гап-сўзлар қишлоққа етиб борса, одамларга нима дейман? Қамалиб кетсам-чи?.. Унда қизимнинг ҳоли не кечади? Касалини ким югуриб тузатади? Ким унга суянч бўлади?

Шу пайт узоқдан бир машина катта тезликда келиб миробнинг рўпарасида тормоз берди.

— Милиция машинаси?.. — Мелибой мироб ранги ўзгариб қаттиқроқ титрай бошлади.

— Ҳа, ака, қаерликсиз? — милиционерларнинг бири эпчиллик билан машинадан тушди-да, миробнинг йўлини тўсди.

Мелибой мироб таҳлика аралаш манзилини айтди.

— Шаҳарга нима мақсадда келгандингиз? — сўрашда давом этди милиционер.

— Ишлашга. — қўрқа-писа жавоб қилди мироб.

— Ишлашга?.. Устамисиз?

— Й-йўқ… Учраган ишни қилиб кетавераман.

— Ие, қани, қани, сал бурилсинлар-чи!.. — иккинчи милиционер энгашиб миробнинг шимига қўл чўзди. — Акромов, манавини қара!..

Шериги ҳам энгашиб кўрсатилган ерни ушлаб кўрди.

— Бу, ахир, қон-ку!

— Ҳа, қон. — тасдиқлади шериги ҳам. — Ҳов ака, бу қонни қаерда теккиздингиз?..

Мелибой мироб ваҳимаси ортиб шимидаги қонга назар солди.

— Билмадим… Қон тўкилган ерда ухлаб қолган бўлсам керак-да! — деди елка қисиб.

— Ухлаб қолгансиз?.. Қаранг-а!.. Бўпти, қани, биз билан юринг-чи!

— Қаерга?.. Йигитлар, қўйинглар энди!.. Шошиб турибман.

— Бизнинг ҳам вақтимиз зиқ. Юринг!..

Икки милиционер миробни қўлтиғидан олиб машинага судради…

У энди ўзининг ҳеч қачон озодликда қола олмаслигини тушуниб етган ва ёруғ дунёдан умидини узганди.

 

* * *

 

Миробни эрталабгача камерага қамаб қўйишди. Хайрият, у ерда ҳеч ким йўқ экан. Бир ўзи суварак, сичқон босган, қўланса ҳид аримайдиган камерада тонгга қадар кўз юммай бош қотирди. Ўзининг эҳтиётсизлигидан, пешонаси шўрлигидан нолиди. Ўпкаси тўлиб келганда тўйиб-тўйиб йиғлади…

Соат ўнга қараб кетганда ниҳоят камера эшиги очилиб соқчи унга ташқарига чиқишни буюрди. Мироб икки қўлини орқага қилган ҳолда камерадан чиқиб юқорига кўтарилди ва йўлак бўйлаб кета бошлади…

— Кимсиз? — сўради хона ўртасида керилиб ўтирган фуқаро кийимидаги терговчи.

— Мелибой Мирзабек ўғли.

— Шаҳарга нима мақсадда келгандингиз?

— Ишлашга.

— Қанақа иш?

— Мардикорчиликка.

— Шимингизга қонни қаерда теккизгансиз?

— Б-билмадим.

— Биласиз! — терговчи кутилмаганда ўрнидан туриб кетди ва миробнинг тепасига келди. — Биласан!.. Бу одамнинг қони!.. Аниқроғи, мурданинг қони, тушундингми? Мени аҳмоқ қилмоқчимисан?.. Айт, қаерда, кимни ўлдирдинг?..

— Мен ҳеч кимни ўлдирганим йўқ. — деди мироб бош эгиб.

— Ўлдиргансиз!.. Бир бегуноҳ аёлнинг бошига етгансиз! Биз сизни қачондан бери қидираётганимизни биласизми? Уч кундан бери қидиряпмиз!

— Мен ҳеч кимни ўлдирганим йў-ўқ.

— Шунақами? Майли, ҳаммасини аниқлаганимиздан кейин тўтидай сайраб берасиз!.. Соқчи!..

Эшик ортида турган милиционер терговчининг товушини эшитибоқ остонада ҳозир бўлди.

— Олиб чиқинг!..

Миробни яна камерага олиб кириб эшикни ташқаридан қулфлаб қўйишди.

 

* * *

 

Ярим тун эди. Ғуссалар, турли ёмон хаёллар исканжасида қолиб кетган Мелибой мироб кўз юммасдан бу даҳшатларнинг охирини кутарди.

Бир маҳал камера эшиги шарақлаб очилгандек бўлди-ю, мироб даст ўрнидан турди.

Ичкарига икки нафар сержант терговчи ҳамроҳлигида кириб келди.

— Хўш, виждонингиз уйқу бермаяптими? — сўради терговчи унга совуқ тикилиб.

— Мен виждоним қийналадиган иш қилганим йўқ. — деди мироб қатъий оҳангда.

— Менга қаранг, ака, бизни беҳуда қийнамай, айбингизни тан олинг! Ишонинг, ҳамма далиллар фақат сизга қарши. Қачонгача бўйин товлайсиз? Қачонгача айёрлик қиласиз?

— Мен айб иш қилганим йўқ.

— Яна ўша гап, — оғир хўрсиниб терс ўгирилди терговчи. — Жуда қайсар ва танбал одам экансиз. Терговга ёрдам бериш ўрнига қилиб юрган ишингизни қаранг. Ё бизни шунчалик овсар, аҳмоқ деб ўйлаяпсизми?

— Унақа деб ўйламайман. Аммо мен айбдор эмасман.

— Эрта-индин гувоҳлар билан юзма-юз қилганимда, айбдорлигингиз исботланиб қолса-чи?..

— Мен ҳеч кимни ўлдирганим йў-ўқ, нега ишонмайсиз? — мироб йиғлдагудек бўлиб ўтирган жойида зорланди. — Мен ҳеч кимни ўлдирмадим, ўлдирмадим!..

— Жуда яхши. Эртага экспертиза хулосасини олайлик, ўшанда кўрамиз! Шундаям ёлғон гапириб кўринг-чи!.. — Терговчи миробнинг тепасига келиб елкасига оҳиста қўлини қўйди — Огоҳлантириб қўяй, терговга ёрдам беришдан қочиш жазо муддати чўзилади дегани…

Мироб индамади. Хаёлан тақдирига, қисматига, беҳуда туҳмат қилаётган терговчига лаънат ўқиганча тек ўтираверди.

Терговчи яна бир муддат камерани айланиб юргач, ёнидагиларни эргаштирганча ташқарига чиқиб кетди.

 

* * *

 

Эрталаб уйқусизликдан, сиқилишлардан кўзлари қизариб, қадди букилиб қолган миробни яна терговчи ҳузурига олиб киришди. Негадир бугун терговчининг чеҳраси очиқ эди. Мелибой мироб эҳтиёткорлик билан кўрсатилган курсига ўтирди-да, ер остидан унга қараб қўйди.

Терговчи бирпас деразадан ташқарига ўйчан боққанча сигарет тутатиб тургач, орқасига ўгирилиб сигаретини кулдонга ташлади.

— Табриклайман, ака! — деди у кулимсирашда давом этиб.

— Нима билан? — бирдан ҳушёр тортиб терговчига тикилди мироб.

— Айбингиз исботланмади. Сиз озодсиз!

— Р-ростданми?.. — ишонқирамай ўрнидан турди мироб. — Ростдан айтяпсизми?..

— Ҳа, бориб мардикорчилигингизни қилаверинг!.. Тундаги ишлар учун кечириб қўясиз-да энди!. Нима қилайлик, хизматчилик, ака!..

— М-майли, унда… мен кетаверайми?..

— Кетаверинг, фақат бундан кейин кечалари дайдимасдан ўзингизга бошпана топиб олинг!..

Миробга укаси тенги йигитнинг насиҳат қилиши ёқмади. Лекин ҳозир гина-кудуратнинг мавриди эмас. Нима бўлса бўлиб ўтди. Энди тезроқ бу турқи совуқлардан узоқроққа кетиб мардикор бозорини топгани маъқул…

Мироб навбатчилардан пули ва бошқа майда-чуйдаларини олди-да, ташқарига одимлади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ