АЛАМЗАДА… (3-қисм. БИРИНЧИ ФАСЛ)

0

 

* * *

 

Сўраб-сўраб Маккани топибди деб беҳуда айтишмаган-да!.. Мелибой мироб ҳам суриштира-суриштира мардикор бозорини топди. Етиб борганда соат эрталабки тўққиздан ошиб қолганди. Аммо бозорни мардикор дегани босиб кетибди. Ишга олиб кетувчилар эса, афсуски, анқонинг уруғи. Йўл четига машина келиб тўхтади дегунча, ёш, навқирон қишлоқ йигитлари ўша ёққа ўзларини уришар, улар орасидан тўрт, ёки икки нафаригина машинага чиқиб ўтириш шарафига муяссар бўларди.

“Бу туришда бизга ўхшаганларга иш топилмайди шекилли. — ўйлади мироб ҳайрон бўлиб бозорни кўздан кечираркан. — Ишқилиб, кўчада қолиб кетмайин!.. Тағин анави мелисаларга дучор бўлсам…”

Шу тобда қаршисига оппоқ либос кийган, ёши олтмишларга яқинлаган, серсоқол бир эркак келиб тўхтади. Шаҳарлик экани ўзини тутишидан аниқ-тиниқ  кўриниб турарди.

— Иним, ишга борасизми? — сўради у миробга бошдан-оёқ кўз ташлаб.

— Ҳа, бораман. — деди мироб жонланиб. — Нима иш экан, ака?..

— Мен ихчамгина, кичкинагина бир ҳовли қурдиряпман. — деди эркак. — Усталарга ёрдамчи керак бўп қолди.

— Х-хўп, биз тайёр!..

— Яхши, унда шу ердан қимирламай туринг, мен яна олти-етти кишини топай. Кейин жўнаймиз!..

Мироб хурсанд бўлганидан гўё турган жойидан бир қадам жилса, эркак топа олмай қоладигандек, тош қотганча, иш берувчи кетган тарафга анграйганча тураверди.

Тахминан беш дақиқалар ўтиб эркак олти нафар йигирма-йигирма беш ёшлар орасидаги барваста йигитларни бошлаб келди.

— Қани, ҳов анави юк машинасига ўтиринглар! — деди у миробга. — Кетдик!..

 

* * *

 

Машина ўттиз чақиримча йўл юриб ўнгга бурилди. Бу ер шаҳардан анча олисда эди. Торроқ йўлнинг икки четидаги далалар ҳовли қуриш учун ажратилган экан. Бироқ ажратиб, тўрт тарафи қамиш, тахталар билан номигагина ўраб қўйилган майдонларнинг ҳеч бирида қурилиш ишлари бошланмаганди.

Икки-уч чақиримча юриб машина тўхтади. Бошқаларга нисбатан ҳажми анча катта бўлган бу майдон иш берувчига тегишли экан. Бу ерда бетон қуйиш учун бир нечта чуқур ковлаб қўйилган, йўл четида усталар бўлса керак, уч эркак шай турарди.

Мироб сал нарида турган бетон ташувчи машинани кўриб ҳозироқ иш бошлаш лозимлигини тушуниб етди.

Ҳамма машинадан тушгач, уй эгаси уларни бир қатор саф тортишга буюрди.

— Ишни ҳозироқ бошлайсанлар! — деди у мардикорларни сенсираб. — Кимда қанақа савол бор?

Саф четида турган татар йигит луқма ташлаган бўлди.

— Нархни келишмадик-ку, ота!..

— Айтиб қўяй, — деди уй эгаси. — Менинг исмим Ботирбой. Дангасаларни, ўзини уёқ-буёққа ташлайверадиганларни, гапдон, шартакиларни ёмон кўраман!.. Нархни эса, ишларингга қараб белгилайман. Агар қай биринг зўр иш кўрсатсанг, кунда топадиганингнинг икки бараварини бераман. Аксинча, яхши иш кўрсатмасанг, мендан бир тийин ҳам ололмайсан. Қани, энди ҳамманг менга паспортингни бериб қўй!

— Нега? — миробдан бошқа барча баравар Ботирбой акага юзланди.

— Вақт бемаҳал қочиб кетмасликларинг учун. Берларинг тезроқ, машина кутиб қолди!..

— Овқатланиб олмаймизми? — яна ўша татар йигит савол ташлади. — Борган еримизда…

— Ўзинг эндигина келиб турибсан-у, овқат сўрашга уялмайсанми? — уришиб берди Ботирбой ака. — Гавдангни қара, тоғни урсанг толқон қилворасан!.. Бўпти, энди соат ўн икки бўляпти. Роппа роса соат учда овқат олиб келишади… Ишга киришаверларинг!..

Мироб ҳам бошқа йигитлар қатори эски кийимларини кийиб қўлига белкурак олди…

 

* * *

 

Камерада ўтириш, уйқусизлик ва очлик Мелибой миробни анча ҳолдан тойдирганди. Шунинг учун ҳам ёшини ҳисобга олиб уни замбилларга суяқ бетонни солиб турадиган қилиб қўйишди.

Барибир бир соатдан сўнг чарчоқни енгишга ўзида куч топа олмай қолди. Лекин ўтириб олишга уялар, бунинг устига уч шаҳарлик уста шу қадар тез ишлардики, замбиллар кетма-кет келиб миробни шошилишга мажбур этарди.

Ботир ака айтганига амал қилиб соат учларга яқин ярқираган «Волга»да қурилиш бўлаётган жойга етиб келди. Сира шошилмасдан машинадан тушаркан, қўлидаги қора халтани ва термосни бир четга қўйиб турган ерида бақирди.

— Ҳой, мардикорлар, кел ҳамманг, манавини еб олларинг!..

Йигитлар ҳам шуни кутиб туришганди, Ботир аканинг товушини эшитишлари ҳамоно замбилларни ирғитиб югурганча қўл ювиш учун йўл четидан оқиб ўтган анҳор томон зипиллашди…

 

* * *

 

Йигитлар ҳам, мироб ҳам усталарнинг машинага ўтириб Ботир ака билан жўнаб қолишларини кўриб ҳайрон бўлишди-ю, қориннинг очлиги туфайли узоқ ўйланиб ўтиришмади.

Ҳамма қора халтага ёпишди. Халтада эса, атиги йигирматагина совиган гумма бор эди холос.

— Қурумсоқ, — сўкинди татар йигит. — Қанақанги аблаҳнинг қўлига тушиб қолдик ўзи-а?.. Буни бир ўзим есам ҳам тўймайман-ку!..

— Назарни бунчалик оч қилма! — миробнинг ўзи ҳам уй эгаси қилиб кетган ишдан норози бўлса-да, татар йигитга танбеҳ берди. — Борига шукр қиламиз-да энди!.. Барибир ҳеч қаёққа бора олмаймиз. Паспортларни олиб қўйган. Ундан кўра, манави ишларини тезроқ битириб пулни қўлга киритиш-у, бу ерлардан кетиш тараддудига тушганимиз маъқул…

 

* * *

 

Ейилган икки-уч дона гумма ҳам миробга сал қувват бергандек, тушдан кейин жонланиб қолди. Усталар шоширишса ҳам оғринмай ишлади.

Бироқ кечқурун…

Кун ботиб ердаги бетон тугагач, усталар ҳам, мардикорлар ҳам иш қуролларини ташлаб бурчак-бурчакка ёнбошлаб юборишганди.

Бир маҳал Ботир аканинг машинаси кўринди ва ҳамма кечки овқат илинжида ўрнидан турди.

— Ие, ҳеч бало иш қилмабсанлар-ку, баччағарлар!?. — машинадан тушмаёқ қичқирди Ботир ака. — Қани қилган ишларинг?.. Шу иккита чуқурми?.. Бунақада мени хонавайрон қиласанлар-ку!..

— Ака, бор бетонни ташиб бердик. — деди ниҳоят миробнинг жаҳли чиқиб. — Қаранг, анча иш қилиб қўйилди!..

— Вей, қишлақи, — миробга яқин келиб кўрсаткич бармоғини ўқталди Ботир ака. — Туришингни қара-ю, менга ақл ўргатасанми?.. Бу ер сенларнинг қишлоғингмас шиллиқуртга ўхша-аб қимир-қимир қиладиган! Мен бир ой ичида ҳовлини қуриб кўчиб келишим керак.

— Хўп, бетонни келтириб беришсин, биз ишлайверамиз! — деди мироб. — Ўзимизни бетон қилиб қуймаймиз-ку!..

— Йўқ, бу ишларинг менга маъқул эмас. — Ботир ака қўл силтаб нари кетди. — Агар шу ишлашларинг бўлса, мендан бир тийин ҳам ололмайсанлар! Мардикор деган милтиқнинг ўқига ўхшаб ишлаши керак! Сенлар бўлсанг…

Ҳеч ким унга қарши бир сўз айта олмади. Биринчидан, чарчашган, иккинчидан, қоринлари оч эди. Ҳаммалари Ботир аканинг машинаси томон юришини ва егулик келтириб газетадан ясалган дастурхонга қўйишини сабрсизлик билан кутишарди. Афсуски, бу гал овқатдан дарак бўлмади.

— Шу ишларинг учун бугун кечки овқат йўқ сенларга! — деди у. — Жазо таъсир қилса, эртага яхшироқ ишлайсанлар!.. Ёқмаётган бўлса, катта кўча, кетаверларинг!

Ким ҳам кета оларди?.. Паспортлари Ботир аканинг қўлида бўлса… Ана шу нарса қул кунига тушиб қолаёзган мардикорларни тўхтатиб турарди.

Машина усталарни олиб жўнагач, уй эгасини сўка-сўка йигитлар ҳар тарафга тарқалиб кетди.

Мелибой мироб эса, анҳор бўйига борди-ю, сувга тикилганча қишлоқни, холасиникида қолиб кетган қизи Севинчни ўйлаб келажакни ақли етганча тахмин қилишга киришди…

 

* * *

 

— Бизни қул қилиб ишлатишмоқчи. — кеч тушиб бир бурчакка тахлаб кетилган йиртиқ-ямоқ кўрпачаларни бўлишиб ерга тўшашгандан сўнг миробнинг ёнида ётган татар йигит сўз қотди. — Аниқ сезиб турибман. Қул қилишмоқчи бизни!

— Жа қул қилиб қўйишмас. — деди мироб унга тасалли бериб. — Балки, ростдан ҳам биз кам иш қилгандирмиз?

— Э, амаки, қанақасига кам бўлсин? Келганимизда икки машинадан зиёд бетон бор эди. Ҳаммасини қуйиб бўлдик-ку! Қанақасига кам бўлади? Йўқ, бу одам бизни ҳақиқатан қул қилиб ишлатади-да, кейин кетимизга бир тепиб ҳайдаб солади. Мана кўрасиз!.. Бунақаларни илгариям кўрганман!..

— Хўш, нима қилардинг? Кетолмайсан. Чунки, ҳужжатингни олволган. Чидашдан бўлак иложинг йўқ.

— Тўғриси, инсофсиз одам экан. Кўчадаги итгаям бир бурда нонни ташлайдилар-ку! Биз одам бўлсак. Ишини қилаётган бўлсак. Ўлармиди бир коса-бир коса овқат келтириб берса?..

— Хасис экан-да, ука! — мироб уф тортиб тескари ўгирилиб олди. — Хасисга тараф йўқ. Шуни эсингда тут!..

Шундан кейин татар йигит ҳам ортиқ гапирмади. Ҳеч қанча ўтмай хуррак ота бошлади.

Миробнинг эса, уйқуси келмасди. Бир томондан Ботир аканинг иши юрагини сиқса, иккинчи томондан чўнтагидаги пуллардан хавотирланарди. Ҳар дақиқада чўнтагига қўл солиб текшириб қўяр, мабодо ухлаб қолса, манави ёнидаги йигит секин билдирмай олиб қўядигандек, кўзларини юмганча ухлаб қолмасликка уринарди…

«Дунёда ҳар хил одам бўларкан. — ўйларди ётган ерида. — Қара, у кунги йигит бутун бошли одамни ўлдирсаям, ҳеч нарса бўлмагандай юраверади. Ҳа-а, мурда эди ўша матога ўралган нарса, мурда эди! Кўтарганимда аниқ сезганман!.. Ё алҳазар, қандай даҳшат-а!.. Буларнинг одам ўлдириб ҳам бир туки сесканмайди. Мен-чи?.. Ўша ярамаснинг гапига кириб оғир гуноҳга йўл қўйдим. Уёқда қизим йўлимга кўз тикиб ўтиргандир. Ишқилиб, яна касали қўзғамаган бўлсин!.. Қанийди, шу оч бўридай хасис одамниям кўнглини олиб ишини тугатсам-у, ҳақимни олиб қишлоққа тезроқ жўнасам. Султоннинг қарзиданам қутулардим. Ортганига қизимни катта дўхтирларга кўрсатардим… Ким билсин? Балки анави қишлоқдаги мол дўхтирга ўхшаган дўхтирнинг гапида жон бордир?.. Эҳ, қачон одамга ўхшаб яшарканман?..»

 

* * *

 

Шу пайт узоқдан мотоциклларнинг тариллаган товуши қулоғига чалиниб бошини кўтарди. Йигитларнинг ҳаммаси аллақачон ухлаб қолишган, мотоцикллар эса, тобора улар томон яқинлашиб келарди.

Мироб индамай ётаверди.

Мотоцикллар катта тезликда келиб уларга яқин жойда тўхтади. Ухлаб ётган йигитлар ҳам шошиб ўринларидан туришди.

Ҳар бир мотоциклда икки нафардан шаҳарлик, қора кийим кийган йигитлар келишганди.

Ҳаммадан олдин кўзларини ишқалай-ишқалай, татар йигит уларга яқин борди.

— Ботир акам жўнатдими сизларни? — сўради у бошларидаги каскаларни ечиб олдинга юра бошлаган йигитларга боқиб.

Жавоб ўрнига олдиндаги узун сочли йигит татарнинг қорнига мушт туширди.

— Ифлос! — дея қичқирди ерга энгашганча иҳлаётган татар йигитнинг сочидан тортиб турғазаркан. — Қайси Ботирни айтяпсан?.. Қани, ҳамманг бир сафга тур!..

Мардикорлар тушуниб етди.

Булар босқинчилар эди.

Мелибой мироб қаршисида турган тўрт йигитга бир муддат қараб тургач, инсофга чақиришга уринди.

— Болалар, қўйинглар, ҳарқалай, мусулмоннинг фарзандларисизлар! Бу ерга ҳамма ишлаш учун келган, ахир!..

— Ие, қария ҳам бор эканми? — йигитлар бараварига унга яқин келди. Бири миробнинг иягидан кўтарди. Бошқаси чўнтакларига ёпишиб елим халтанинг бўлагига ўраб ип билан бойлаб қўйилган пулларни қўлига олди.

— Оғайнилар, қаранглар, мардикорнинг пуллариям бор экан! — кулиб шерикларига кўз-кўз қила кетди у.

— Буёққа бер пулимни!.. — иягидан тутиб турган йигитнинг қўлларини силтаб ташлаб олдинга интилди мироб. — Буни сен ишлаб топганинг йўқ! Бер буёққа!

— Нима?.. — пулларни кафти орасига маҳкам сиқиб олган босқинчи миробга яқин келди. — Нима дединг, бобой?..

— Пулимни бер дедим! — хириллади мироб. — Уни сен ишлаб топганинг йўқ!..

— Мана сенга!.. Мана, ол, ол!.. Яна керакми? Мана!..

Тўрт йигит ҳаш-паш дегунча миробни тепкилаб ташлади…

Сўнгра ўрнидан қўзғалишга куч тополмаётганини кўргач, бошқа йигитларни ҳам шилиб олишди-да, мотоциклга ўтириб жўнаб қолишди…

 

* * *

 

Шундоқ ҳам кейинги ҳаёти уқубатлардангина иборат бўлиб қолган эркак учун пулидан, паспортидан айрилиб аросатда қолиш дўзах азобига тенг эди…

Мелибой мироб анча пайтгача инқиллаб ётгач, оғиз-бурнидаги қонларни енгига арта-арта ўрнидан турди.

Мардикор йигитлар аллақачон кетиб бўлишибди.

— Тўғри-да, — иҳлаганча у ҳам йўлга тушди. — Бунақа шароитда ишлаб бўлармиди?!. Кечаси босқинчилар босса, кундузи анави хасис овқатдан қисса… Эҳ, қизим, нега бизнинг пешонамизга яхши кунлар битмади-а?.. Энди нима қиламан? Қаерга бораман? Ёнимда ҳужжатим бўлмаса, шаҳар эса, катта. Ҳужжатсиз ушлаб олишса, яна тиқиб қўйишади қамоққа… Кимга додимни айтаман энди?..

Мироб калтаклар туфайлими, қорни очлигини ҳам унутган эди. Оёғига қаттиқроқ тепишган шекилли, оқсоқланганча кетиб борар, ўзича катта йўлга қанча қолганини чамалаб қўярди…

Ниҳоят серқатнов кўчага бир амаллаб етиб олди…

Хўш, энди-чи?.. Қаерга боради? Яна мардикор бозоригами? Пули йўқ одамни ким ҳам машинасига солиб кетади дейсиз?.. Айниқса, ҳозирги замон оғирлашиб кетибди. Буни қишлоқда юриб билмаган экан. Султон бойваччанинг қилиқларини кўриб ваҳимага тушган экан. Аслида унинг қилиқлари шаҳарликларники олдида ҳеч гап эмасга ўхшайди.

— Йўқ, энди пишиқроқ бўламан. — деди ўзига ўзи. — Дуч келганга ишониб кетавермайман… Қизиқ, анави олти йигит қаерга гум бўлишдийкин?.. Шунчалик тез юришдимикан? Қачон йўлга чиқиб машинага ўтиришди ўзи?.. Осмонга учиб кетишдими нима бало?..

Мироб йўл четидаги тош устига ўтирди-да, чўнтагидаги носқовоқни қўлига олди.

Хайрият, ҳеч бўлмаса шунга тегишмабди. Акс ҳолда бошқа овунчоқ қолмаганди…

Носнинг кайфини сури-иб ўн дақиқача ўтирди-ёв!.. Чарчоқданми, кўзи илинганини пайқамабди.

Шу тобда қандайдир машина ўқдай учиб ўтиб кетди. Анча нарига бориб тўхтади ва орқага юриб кела бошлади.

Қўрқиб қолган мироб даст ўрнидан турди-да, эҳтиёт шарт Ботир аканинг қурилиш бўлаётган уйи томон юрди…

Бироқ машина катта тезликда орқалаб келиб унинг рўпарасида тўхтади ва ҳайдовчиси шошилинч тушиб миробнинг йўлини тўсди…

— Танимадингизми, бобой?..

Не кўз билан кўрсинки, мурдасифат нарсани кўмишга мажбурлаган йигит қаршисида тиржайиб турарди…

— С-сизмисиз?.. — сўради мироб титроғини сездирмасликка уриниб. — М-мендан нима истайсиз?..

— Оббо сиз-эй, — яқин келиб миробнинг елкасига қоқди йигит. — Нега қўрқасиз? Бошқа унақа иш қилмайсиз!.. Мен хурсанд бўлдим!

— Нимадан?

— Нимадан бўларди?.. Мени сотмабсиз. Ҳақиқий «мужик»нинг ишини қипсиз!.. Қани, машинага ўтиринг! Сиздақаларни ҳурмат қиламан.

— Й-йўқ, сиз билан кета олмайман. — деди мироб. — Мен…

— Бас қилсангиз-чи!.. Сизбоп зўр иш бор!..

— Йўқ, ука, мен ундай ишларга бошқа қўл ура олмайман!..

— Менга қара, — ҳолдан тойиб зўрға оёқда турган миробнинг ёқасини ғижимлади йигит. — Юр дегандан кейин юргин-да!.. Мени биласан-ку!..

— Ўзи… Нима иш?..

— Борганда биласан, юр!..

Нимаям қилсин?.. Қисмат экан. Мироб тағин бир балога йўлиққанини ўзича тахмин қилиб ҳаммасини Худога ҳавола қилди ва таваккал машинага ўтирди.

Чунки, мироб учун шундан бўлак йўл ҳам қолмаганди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here