БОЛАЛИКНИНГ АЧЧИҚ ВА ШИРИН ХОТИРАЛАРИ… (5-қисм)

0

 

 

Менинг «эркак холам»

 

 

Раҳматли Тўлқиной холам (мен бу холамни болалигимдан «опа» деб ўргангандим. У киши юрак хуружи туфайли олтмишга етиб-етмай оламдан ўтган.) бувимнинг қизлари орасида энг кенжаси эди. Ўта шаддод ва чўрткесар бўлгани учун ҳаммамиз ундан ҳайиқардик. Уйимизга келса, оёғимизни қўлимизга олиб хизматини қилардик.

Лекин холамнинг хислатлари орасида хотирамга муҳрланиб қолгани фақат бу эмас. Тўлқиной холам мени ўз укасидек яхши кўрар, еру кўкка ишонмасди. Уйига бориб қолсам, қўлимга топганини тутқазар, эркалаб, сийлаб чарчамасди. Шунинг учун бўлса керак, шу холамга нисбатан меҳрим бўлакча эди…

Қарангки, Шавкат воқеаси орадан уч кун ўтиб ҳам тугай демади. Айни Тўлқиной опам бизникига меҳмон бўлиб келган куни тушга яқин Шавкатнинг онаси Хайриниса хола кўчадан туриб шанғиллай бошлади.

— Худоё мени боламни қақшатганларнинг уйи куйсин! Ер ютсин! Ҳе етимча, етти кўча!..

Бир кун олдин дадаси Жаббор ака кўзлари дўмбирадек шишиб кетган Шавкатни етаклаб бизникига чиққан, роса жанжал кўтарганди. Бувим Хайриниса опанинг шанғиллашини кўтара олмади.

— Вой бўрдоқи қўйга ўхшаб селкилламай ўлгур-эй, — дея ҳассасини қўлига олиб йўлга отланди бувим. — Ҳозир чиқай, қарғанган тилингни суғурволаман!

— Ие, онажон, сиз ўтиринг, — деди Тўлқиной холам. — Қариган чоғингизда сизга нима жанжаллашиб? Мана, ўзим адабини бераман Хайрининг! Юр, ука, қани, бир башарасини кўрайлик-чи! Ҳоли қанчайкин ўзи?

Тўлқиной холам шундай деб мени қўлимдан етаклаганча кўчага йўл олди.

Хайриниса опа шундоқ кўча бошида туриб қарғанарди.

— Ҳа, оғзинг сасимай ўлгур, кимга ўлим тилайдиган бўлдинг? — Тўлқиной холам унга яқин борди-да, икки қўлини белига тираб бақирди. — Шу жиянимни қарғаяпсанми, яшшамагур?

— Нима қиласан қарғасам, мегажин? — холамга жавобан қаттиқроқ қичқирди Хайриниса опа. — Урасанми мени, урасанми?

— Ие, ҳали сен мени мегажин дейдиган бўлдингми?

Очиғи, мен шу тобда Хайриниса опадан умуман қўрқмаётгандим. Тўлқиной холамга қаттиқ ишонардим.

«Уринг опа, уринг, — дерди кўнглим. — Дабдаласини чиқариб ташланг!..»

Бу орада Тўлқиной холам сира кутилмаганда Хайриниса опанинг юзи аралаш тарсаки тортиб юборди.

Тан оламан, ҳатто ўзим ҳам холамнинг бундай қалтис ҳаракатини кутмагандим.

Тарсаки жуда шиддатли чиқди. Ҳов наридаги ҳовлиларгача эшитилдими, узун-қисқа дарвозалар очилиб, қўшни хотинлар мўралай бошлашди.

Асосийси, Хайриниса опанинг уни ўчди. Оғриқ зарбига чидолмай юм-юм йиғлаганча ариқ бўйига ўтириб қолди.

— Менга қара, — дея унинг тепасига бориб таҳдидли оҳангда сўз қотди холам. — Яна бир марта укамни қарғасанг, бу кунинг ҳолва бўлади!..

Тўлқиной холам ортиқ бир сўз демади. Қўлимдан етаклаган кўйи уйимизга кириб кетди.

Ўша воқеадан сўнг анча кунгача мамнун юрдим. Холамнинг зўрлигидан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Аммо кейинчалик ўшанда мамнун тортганимдан қаттиқ афсус чекдим. Чунки мен сабаб бўлиб холам бировни қақшатиб қўйганди. Бахтга қарши буни жуда кеч англадим.

Ҳозиргача Шавкатни қишлоқда учратиб қолсам, ўша мудҳиш воқеа ёдимга тушиб, мулзам тортаман. Ундан, Хайриниса опадан холам раҳматли учун қайта-қайта узр сўрагим келади.

Юзим чидамайди…

Қанийди узр сўрай олсам!..

 

Тилпон кампир

 

Биздан икки уй нарида Орзи хола деган кампир яшарди. Бувимнинг айтишича, эри урушда ўлиб кетган экан.

Орзи хола жуда яхши, камсуқум кампир эди. Деярли ҳар куни бизникига чиқар, бувижоним билан чақчақлашиб ўтирарди. Аммо бувим негадир у кампирни хушлайвермасди.

— Бувижон, нега Орзи холани ёмон кўрасиз? — сўрадим бир куни. — Яхши-ку! Қачон қараса сизни сўрайди, уйига чойлашишга чақиради.

— Мен Орзи холангни ёмон кўрмайман, болам, — деди бувим маъюс тортиб. — Ғарибгина бир кампир бўлса, унинг нимасини ёмон кўрай?

— Унда нега кеча бизникига кириб келаётганини кўриб, «Ана, тилпон тағин чиқяпти» дедингиз? У нима дегани? Нимага Орзи холани тилпон дедингиз?

— Тилпонлиги ёқмайди-да, болам, — кулди бувим. — Ўшанга…

— У нима дегани? Тилпонмас-ку! Одам-ку Орзи хола!

— Уми? Орзи холанг бизникида бир гап эшитса, чиқади-да, буту-ун қишлоққа тарқатади. Уёқдаги гапни бизга етказади. Шунга… Тилпон дейман Орзини! Бу одати яхшимас, болам, яхшимас!

Бу гапни эшитдим-у, менга худо берди. Шаталоқ отганча кўчага чиқдим-да, ўртоқларимга суюнчилай кетдим.

— Болалар, Орзи хола тилпон кампир экан! Келинглар орқасидан «Тилпон кампир» деб бақирамиз!

Бизнинг ёшдаги болалар турли кутилмаган саргузаштларга, кимнидир калака қилишга мойил эмасми, бу таклифим ҳаммага ёғдек ёқиб тушди. Бирпас Орзи кампирнинг уйи рўпарасига бориб кўчага чиқишини пойладик. Кутилганидек, зум ўтмай Орзи хола кўринди. Фақат у уйидан чиқмади. Кимникидандир келаётган экан, ҳовлиси томон бурилди. Биз шивир-шивир қилиб учгача санадик-да, бараварига қичқира бошладик:

— Жири-инг! Жири-и-инг!..

Орзи кампир эътибор қилмагач, очиқчасига бақирдик:

— Тилпон кампи-ир! Ти-илпо-он! Жиринг, жири-инг!..

У ниҳоят ҳайқириқлар ўзига қаратилганини сезиб таққа тўхтади ва биз томон ўгирилди.

— Ажаб бўпти тилпон бўлсам, тузукми!? — дея негадир менга ғазабнок нигоҳларини қадади Орзи хола. — Ҳойнаҳой, анави тирмизакдан чиққандир шу гап? Худоё бу кунингдан баттар бўлгин, сиғинди!..

Ҳозир ўша воқеани эсласам, беихтиёр титраб кетаман. Қарғиш эшитганим алам қилмайди. Мен ўшанда билиб-билмай хокисор, бировга зиёни тегмаган, муштипар бир аёлни ноҳақ масхаралашларига сабабчи бўлгандим. Негаки, Орзи хола анчагача мендан ранжиб юрган. Демак, кўнгли озор чеккан. Қолаверса, келгуси ҳаётимда у менга кўп яхшиликлар қилди. Яхшиликларининг энг сараси шу эдики, мен болалигимда кўп бора Орзи холанинг тузини тотдим, меҳрига, эътиборига сазовор бўлдим.

Ишқилиб, болаликдаги бебошлигимни яратганнинг ўзи кечирсин! Орзи холанинг у дунёсини обод қилган бўлсин!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here