ДАРДИМИЁНА… (18-қисм)

0

 

* * *

 

Ҳайдовчи нимадир деди, мен эшитмадим. Эшитишни ҳам истамайман. Холи бўлишни, ўзим билан ўзим қолишни истайман. Ҳеч ким, ҳеч нима керакмас менга! Эй, Тангри! Ҳеч қачон ҳозиргидай ўлишни истамаганман. Бор-йўғи ўн саккиз йил яшадим. Шу ўн саккиз йил ҳам кўпдай. Ўлим… У қанақа экан? Ранги, туси, шакл-шамойили бўларканми? Ўлаётганингда бирон жойинг оғрирканми? Оғриса, қанақа оғриқ бўлади? Бўғилиб ўлиш, осилиб ўлиш, заҳарланиб ўлиш, чавақланиб ўлиш… Буларнинг қайси бири яхши?..

Бирдан кулиб юбордим. Сўнг ўзимга ўзим:

— Тавба, ўлишнинг ҳам яхшиси бўларканми? Ҳеч қанақа-да! Мен ўзи нималар ҳақида ўй суряпман. Биргина одамзот нафс ўпқонининг керагидан ортиқ кенгайиб кетганини фожиага айлантиряпманми? Тўғри, аслида, фожиа, лекин бунинг учун инсон ўзини ўзи қурбон қилиши шарт эмас…

— А-а, бирон нима дедингизми? — деди ҳайдовчи кўзгу орқали менга кўз ташлаб.

Ноқулай аҳволга тушдим. Қизардим. Кейин жилмайганча дедим:

— Эътибор берманг. Мен ўзи шунақароқман, баъзида ўзимга ўзим гапириб юбораман. Куни кеча битта кино кўргандим. Қаҳрамони роса ёқди. Ҳозир ўша қаҳрамонга гапириб юбордим. Узр.

Тавба қилдим. Нега ўзимни ўзим оқлашга ҳаракат қиляпман. Арзимаган нарса учун шунча баҳона тўқиш шартми? Бу одам менга ҳеч киммас. Ҳеч кимга шунча ҳиммат кўрсатишми? Шарт эмас. Ҳаттоки танишим бўлганида ҳам, гапириб юборганимни оқлашга уриниш аҳмоқлик. Чунки айб иш қилмадим.

Машинадан тушганимдан кейин жунжикиб қаҳвахонага боргунимча шалаббо бўлдим, шу боисдан ичкарига киришим билан қаҳва буюрдим. Иссиқлик ичимга кирди-ю, вужудимда қандайдир тетиклик ҳис этиб, қаҳвахона залидан Надеждани қидирдим. У йўқ, ҳали келмаган. Демак, мен ҳар доимгидек шошганман. Қайтанга яхши, исиниб, ўзимга келиб оламан. Орқа томондан қизларнинг кулгиси эшитилди. Ундан кейин тамаки тутуни келди шу тарафдан. Тўғрисини айтсам, ҳақ гап ҳаммага ҳам ёқавермайди. Айниқса, ҳозирги замонда. Шу боисдан орқамдагиларга бир нима дейишдан тийилдим. Бир куни «Правда»нинг интернет вариантини ўқиб қолдим. Газета етмиш беш йил олдин чоп этилган. Барака топгур газетачилар шуни бир гўрдан топишиб, интернетга жойлаштиришибди. Исаев фамилияли ёзувчими, журналистми бўлган экан. У иттифоқ нақадар жозибакор, ҳақиқатпарвар бўлишига қарамасдан «тунги капалаклар» тўғрисида танқидий мақола ёзибди. Очиқ, ошкора ёзибди. Ва шунинг орқасидан отишга ҳукм этилибди. Чунки бунақанги жуда зўр давлатда танасини сотиб кун кўрадиганлар йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас экан-да. Исаевни ёмонотлиққа айлантирган мақола муаллифи шундай ёзган экан. Тўғрисини айтсам, тарашадай қотиб қолдим. Исаевга роса ичим ачиганди ўшанда. Ҳозир ўша мақолани эслашга ортимдагилар мажбур этишди. Агар ўгирилиб: «Қизлар, сизларга чекиш мутлақо зарар. Чунки эрта бир кун, албатта, она бўласизлар ва чекиш натижасида фарзандларинг ногирон туғилиши мумкин», десам, улар устимдан «қотиб» ташлашади. Яна ён-атрофда ўтирган хўрандалар ҳам менга қўлларини бигиз қилишиб: «Бу қизнинг томи кетибди. Аҳмоқ, замондан орқада қолган. Чекса, ўзлари чекишяпти, сенга нима? Оғзим бор деб гапираверасанми?! Ўзи шунақалар оёғимиздан тортиб туришибди! Ўчир овозингни!» дейишлари ҳеч гап эмас. Қарабсизки, каминанинг бошига салкам Исаевнинг куни тушиб турибди. Лекин сигареталар роса аччиқ экан. Уфф, Надежда эртароқ келсайди, бошқа бирон жойга борардик. Бу ер сира бўлмайди.

Қаҳва тугади. Егулик буюрсаммикан? Йўқ, яхшиси, Надежда келсин.

 

***

 

Дугонам сал ўтиб, мен бу ернинг атмосферасига кўникиб бўлганимдан кейин келди. Оппоқ кўйлак кийган, елкасига илиб олган сумкачаси ҳам оқ, лабида табассум билан кириб келди у. Шунинг ўзиёқ унинг тунни хуш кайфиятда ўтказганидан далолат бериб турарди.

— Вой, дугонажон, — деди ўрнимдан туришим билан қучоқлаб, — мендан бахтли қиз дунёда йўқ.

— Ҳай-ҳай-ҳай. Ўзингни бос, қизалоқ. Кўз тегиб қолади, — дея унинг юзидан чўлпиллатиб ўпиб қўйдим.

Надежданинг келиши кайфиятимни ўз-ўзидан кўтариб юборди.

— Қани, ўтир. Ёнимга ўтир. Ҳаммасини гапириб бер. Тез айтмасанг, ичим куйиб кетяпти. Шунақанги эшитгим келяптики, у ёқ-бу ёғи йўқ. Нима бўлди? Сенга ёқдими? Ёқтирдим, дедими?

— Нега бунча шошасан? Итдай очман. Бирон нарса еб олайлик аввал.

У бўйнини чўзиб, официантни қидирди. Топди, шекилли, қўли билан имлаб чақирди.

— Хуллас, — деди буюртма бериб бўлганимиздан кейин, — мен кутмаган нарсалар бўлиб кетди. Ғалати, жудаям ғалати. Биринчи танишув, биринчи учрашувданоқ шунча нарса бўлиши тушимга ҳам кирмаганди.

— Наҳотки? Надя, жиннисан, дугонажон! Лекин сенга ҳавасим келяпти. Хўш, қандай бўлди, нима бўлди? Сени қандай кўндирди?

— Очиғини айтсам, рози бўлганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Бирга-бирга гаплашиб кетдик. Кейин у севги изҳор қилди. Уйимизга яқин қолгандик…

— Демак, сени тўхтатган. Ўзига қаратган, тиз чўккан ва қўлингни ушлаб, Надя, сени севаман! Илтимос, менга турмушга чиқ. Агар оила қурсак, сени бошимда кўтариб юраман, деган.

— Йўқ, сираям ундай демади. Уйда ҳеч ким йўқ эди. Таклиф қилдим уйга. Хаёлимда ҳозир сен ўйлаётган нарса. Чунки уни шунақанги ёқтириб қолгандимки, ҳамма нарсага тайёр эдим. Ҳеч нимани ўйламай қўйдим. Ҳаттоки Лидага қўнғироқ қилиб, ундан маслаҳат ҳам сўрамоқчи бўлдим.

Лиданинг исмини эшитишим билан афтимни бужмайтирдим. Лекин сир бой бермай:

— Кейин-чи, кейин нима бўлди? — дедим.

— «Уйларингда ким бор?» деб сўради у. Мен ҳеч ким йўқ, дея жавоб қайтардим. «Унда кирмайман. Бошқа пайт, ойингми, отангми борлигида келаман», деди. Ишонсанг, қотиб қолдим. Жаҳлим чиқди. Ўзимни ниҳоятда камситилгандай ҳис қилдим. Кейин бор-э, деб кетаётганимда қўлимдан ушлаб тўхтатди. Майли, кираман, деди. Акслигимни зўрға ичимга ютдим. Азбаройи ёқтирганлигим учунгина қўл силтаб кетолмадим. Уйга киргач қаҳва дамлаб бердим. Ўша қаҳвани ичиш билан бирга у ўзларидаги удумлар, савоб, гуноҳ тўғрисида гапирди. Охирида у: «Ичимга иблис кириб олган, уни тинимсиз ҳақорат қилиш билангина измига бўйсунмай ўтирибман, йўқса, биласанми… Йўқ, яхшиси, айтмай. Сен ҳар доим қаҳвани шунақа дамлайсанми?» деди.

Менинг бутун диққат-эътиборим унинг гапларида эди. Савоб, гуноҳ, шайтон ва кутилмаганда қаҳва. Шу боисдан қандайдир чалкашиб кетдим.

«Нима?» дедим унинг юзига тикилиб.

«Қаҳвани зўр дамларкансан. Менга шунақа дамлашни ўргатасанми?»

«А? Ҳа-а, қаҳва. Бунинг қийин жойи йўқ».

«Ҳозир эмас. Сени ўзим билан бирга олиб кетаман-ку, ўшанда ўргатасан».

«Мени нега олиб кетаркансан?»

«Уйланганимдан кейин сени олиб кетмайманми? Бир ўзингни қандай қилиб бу ерга ташлаб кетаман?! Мен қаерга борсам, қаерда яшасам, шу ерда сен ҳам бўлишинг керак-ку!»

Кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Ортиқ ўзимни ушлаб туролмадим. Маҳкам қучоқлаб олдим. Унинг юрак уришини эшитиб турардим, у ҳансираб нафас оларди. Бир муддатдан сўнг Зоҳид секин бағридан итарди.

«Никоҳ ўқитмагунимизча меники бўлолмайсан», деди…

Надежданинг гапларини эшитарканман, Рустамнинг сўзларини ёдга олдим. «Агар шеригим бўлганида эди, сен билан, керак бўлса, ҳафталаб ўтирардим», деганди у.

— Надя, — дедим дугонамнинг кўзига термилиб, — Рустам ҳам менга шунга ўхшаш гап айтганди. Тўғри, у уйланаман, олиб кетаман, демаган. Лекин ёлғиз…

— Ишонасанми? — дея у менинг гапимни бўлди. — Эрталабгача… Йў-ў-қ, тахминан учларгача гаплашиб ўтирдик. Мен унга маҳлиё эдим. Шундан ўзгаси бўлмади.

Орқада ўтирган қизлар яна қаҳқаҳа отиб кулишди.

— Вадик! Вадик келди, қизлар! Ура-а!

Надежданинг юзи бужмайди. Меники ҳам. Худди шу маҳал ортимдаги қизлардан биттаси ёнимдан югуриб ўтди. Жинси шим, енгсиз оқ кофтали қиз эндигина эшикдан кириб келган хўроз сочли йигитнинг бўйнига осилди. Қиз тўла ёпиб қўйганлиги боис унинг афт-ангорини кўролмадим. Улар ўпишишди. Емакхонада қарийб эллик одам бор. Шу эллик одамнинг кўз ўнгида эҳтиросга берилиб кетишди. Биз-ку, замонавий қизлармиз, шунда ҳам ерга кириб кетгудек бўлдик.

Ахийри бир одам чиқди, ҳов залнинг охиридаги стулда ўтирган экан. Бошидаги телпаги жудаям эски, яна пешонасига қип-қизил нишон тақиб олган. Мен уни ҳаммадан олдин кўрдим. Адашдим, бошқаларнинг-да кўзи тушган бўлиши мумкин, бироқ унинг нима ниятда ўрнидан турганини, эҳтимол, фақатгина мен англаб етгандирман.

Мутлақо бегона, ёши ўтинқираб қолган (яқинроққа келганида кўрдимки, бироз буғдой ранг экан. Шунинг ўзиёқ асл маконини англатгандай эди. Кўз олдимга Рустам билан Зоҳид келди. Уларнинг-да ранги шу тусда эди. Эҳтимол, улар тупроқдошдирлар) киши йигитнинг қўлидан ушлаб, ўзига қаратди. Сўнг жағига чунонам мушт туширдики, мушт еган шўринг қурғур ҳеч қандай ортиқча ҳаракатсиз оёқ остига қулади. Ортимизда ўтирган қизлар додлаб юборишди. Яна аллақаердадир қий-чув қилганлар бўлди. Чунки ҳалиги кишининг ургани ҳаммага ҳам ёқмади. Текин томоша эди. Телевизорда кўргандан кўра беҳроқ-да. Жонлиси-да. Ёқмайдими? Ёқади. Шундай кўргиликдан мосуво қилганидан сўнг чинқирмай нима қилишади? Яна анави шарманда қизни урганида ҳам майлийди. Чунки унинг ўрнини босадиганлар ўтиришибди. Дарров бориб йигитнинг совишга улгурмаган бағрига яна тафт беришади бемалол.

 

***

 

Қаердандир иккита барзанги пайдо бўлди ва билаги бақувват кишининг қўлларини орқасига қайириб, ташқарига олиб кетишди. Юрагим гупиллаб ура бошлади. Надеждага термилиб ўтирибман, хаёлимда «Ҳозир анави гўрсухталар бечорани ўласи қилиб калтаклашади. Кейин бечора қонига беланиб қаерга боради? Полициячилар ҳам ундан шубҳаланишади. Оқ бадан бўлганида ҳам бир нави эди. Буғдой ранг. Демак, гуноҳи истаса-истамаса икки ҳисса ошади. Фалон жойда ўғрилик бўлган, фалон жойда биттасининг номусига теккан, шуларни сен қилгансан… Ёрдам бериш керак. Рустам менга ёрдам берди-ку. Энди менинг галим. Ўзига бўлмаса-да, унга ўхшаганга ёрдам бераман. Кўнглим хотиржам тортади» деган ўй ўтди хаёлимдан.

— Надя, сен ўтириб тур, мен ҳозир келаман, — дея ўрнимдан турдим.

Унинг ҳайратдан кўзлари каттариб кетганди. Шу боис ҳеч нарса деёлмай, мени кузатганча қолди.

Ҳовлиққанча ташқарига чиқдим. Ҳаво ўша-ўша. Ёмғир севалаб турибди. Ним салқин. У ёғи, у ёғи қувончдан рақсга тушиб кетаёздим. Чунки ҳалиги иккита барзанги юзтубан ерга ётганча гўёки ёмғир сувини ичяпти.

— Ур-ра! — дедим ва шу заҳоти ортимга қайтдим.

Дугонамнинг ёнига бордим-у, уни маҳкам қучоқладим. Юзидан ўпиб қўйдим.

— Сен жинни-пинни бўлдингми? — жаҳли чиқди Надянинг.

— Йўқ, жинни бўлмадим. Сендан хурсандман, Надя. Бошингга бахт қуши қўнибди. Уни маҳкам ушла. Иложи бўлса, қанотларини озгина-озгина қирқиб қўй, шунда чалғиган пайтларинг бошқа ёққа учиб кетмайди.

Надежда бирдан пешонамга кафтини қўйди, кейин бошини сарак-сарак қилди-да:

— Иситманг йўқ. Хў-ўш, нега довдираяпсан, билолмаяпман. Ҳа-а, айтганча, таниш дўхтирим бор, қўнғироқ қилсам, дарров етиб келади, — деб сумкачасидан телефонини олди.

— Жинни, ҳаммаси жойида. Шунчаки хурсанд бўлиб кетдим. Надинка, қиттай-қиттай қилайлик, а?

— Қалай бўларкан? Ростини айтсам, ўзимнинг ҳам озгина ютгим келиб турганди.

— Фақат бу ерда эмас, бошқа жойга борамиз. Иккаламиз каллани каллага қўйиб гаплашамиз. Сен менга ҳаммасини оқизмай-томизмай гапириб беришинг керак. Ахир эрталабгача шунчаки гаплашиб ўтирмагандирсизлар…

— Ўзим ҳам ишонмайсан, деб ўйлагандим. Айтганим бўлди. Майли, юр, кетдик.

Биз таксига ўтириб, икки квартал наридаги қаҳвахонага бордик. Бу олдингисидан анча шинам, қандайдир файзлироқдай эди. Алоҳида хонасига кирдик. Севишганлар столи. Стол ўртасида шам ёниб турибди. Чироқ хира, қизғиштоб. Хона фақат икки кишига мўлжалланган. Деворга эса муҳаббат рамзини акс эттирувчи расм илинган. Яъни унда гўё севги рақсини ижро этаётган иккита оқ кабутар, либоссиз йигит ва қиз акс эттирилганди.

— Адашиб кирмадикми? — деди Надежда картинага кўзи тушиши билан.

— Адашдиг-у, лекин ўтираверамиз. Эътибор берма.

Официант йигит келди. У атайин қизларга ёқадиган кийим кийиб олган эди. Яна енгларини шимариб олгандики, ташқарида кўриб қолсангиз, кимнингдир тансоқчиси бўлса керак, деган хаёлга борасиз. Аммо унга официантлик шунақанги ярашмаган эдики, сўкиб-сўкиб изига қайтариб юборгинг келади. Кейинроқ билсам, шунақанги хоналарга мабодо қизлар йигитсиз келиб ўтиришса, улардан кўпроқ чойчақа ундириш мақсадида атайин шунақа йигитлар юбориларкан. Албатта, чойчақа шу ерда ундирилади. Мабодо қўшимча хизмат тўғрисида келишув бўладиган бўлса, унинг хизмат ҳақи алоҳида бўлади. Кўпроқ. Камида юз кўкида. Агар севишганлар кабинасига йигитлар ўзлари киришса, у ҳолда қиз бола официант хизмат қилади (тавба, ҳар қадамингда турли-туман бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган воқеаларга дуч келасан. Эҳтимол, шу боисдан куннинг бошига етганингни билмай қолсанг керак). Уфф, иккита йигит шунақанги кабинага кирмасин-да. Одамнинг кўнгли бузилиб кетади уларни кўриб қолсанг.

Буюртмани бердик. Надежда менга тикилди. Мен унга. Кейин бирдан хохолаб кулишдик. Аста-секин кулги зўрайди. Ҳар балоларни тасаввур қила бошладим. Ва баттар кулавердим. Айни чоғда дугонам ҳам қорнини ушлаб қолганди. Агар официант келиб қолмаганида, энсасини қотириб қарамаганида, балки, кулгидан тўхтолмай ўлиб қолардик.

— Қуй, — деди ним қизил чироқда баттар қизариб кўринаётган Надежда.

Официант буйруқни бажариши билан Надежда юзини бекитди-да, қадаҳни қўлига олди.

Иккитадан сўнггина биз ўзимизга келдик. Шунда ҳам мен хаёлимиздаги нарсаларни ниҳоятда жирканч эканлигини, унақа нарсалар ҳақида гапириш у ёқда турсин, ҳаттоки ўйлаш ҳам иркитлик эканлигини айтганимдан кейингина (уфф, биз бу ерга нима мақсадда келдиг-у, нималар бўлиб кетди?!).

— Хўш, нима қилмоқчисан? У билан бирга кетасанми? — дедим Надеждага тикилиб.

— Агар у мени чиндан севса, ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаса, қаерга деса, бораман. Нима деса, бажараман, — жавоб берди дугонам.

— Ҳа, сендақасини топиш қийин. Лекин мен ҳали сенинг даражангга чиққаним йўқ. Балки, балки, ҳали тайёрмасдирман. Аммо шу ерлик олифталарга тегиб, ҳаётингни азобда ўтказганингдан кўра, Зоҳид билан кетганинг минг марта яхши. Яна оқибат бор жойда яшайсан.

— Бир оз қўполроқ экан-да.

— Нима бўлибди? Ўзинг йўлга солволасан.

— Сен нима қилмоқчисан?

— Билмадим. Бир қарорга келмадим ҳали. Уйимдагилар билан ҳам яхшимасман. Мутлақо келишолмаяпмиз. Тўғрироғи, мен уларнинг йўлидан юролмайман. Бундай олиб қарасанг, ота-онамнинг гапига қулоқ соладиган бўлсам, зўр яшайман. Бир йил ичида уй, машина сотиб олишим мумкин. Бироқ бўлмаяпти. Менинг дунёқарашим мутлақо бошқача. Ваҳоланки, тескариси бўлиши керак, яъни мен илғор бўлишим лозим. Аммо негадир Березовская, Абрамович ўтиб кетган. Ҳозир ишсизман. Чўнтагимда пулим бор. Ҳамма қарзларимни тўладим. Лекин…

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here