БОЛАЛИКНИНГ АЧЧИҚ ВА ШИРИН ХОТИРАЛАРИ… (6-қисм)

0

 

Нодоннинг ўз пули

 

Бола эканимдаги хотирамга муҳрланиб қолган яна бир ҳодиса бу пахта компанияси эди. Ўша пайтларда куз эшик қоқиб улгурмай, барча пахта теримида иштирок этиши шарт ҳисобланган. Кўп қатори бешинчи синфга ўтгандан кейин бизнинг синфни ҳам мактабгамас, пахта даласига етаклашган.

Дарслардан безган ўғил болалар қийқирганча далани бузгудек пахта теришга киришиб кетдик. Айниқса, пахта терганга пул тўланиши бизларни жуда руҳлантириб юборди. Бундан чиқди, бизнинг ҳам ўз пулимиз бўларкан-да!..

Худди ўша «ўз пулим» деган жумла хаёлимда айланаверди. Бу хаёл таъсирида тер тўкдим. Ниҳоят кутилган лаҳзалар яқинлашди. Ҳисобчи тўғри пахта даласига келиб бир ҳафталик пулимизни тарқатди. Мен нақд олти сўм олдим.

Қандай бахт! Ахир, бунча пулни ҳеч қачон қўлимга олиб кўрмагандим!..

Кеч тушгач, оёғимни қўлга олиб қишлоқ томон жўнадим. Йўқ, бугун тўғри уйга бормоқчи эмасдим. Дўконга киришим, ўзимнинг яхши кўрган шоколадларимни сотиб олишим шарт эди.

Ўз пулинг бўлса бошқача кечаркан. Дўконга дадил кириб бордим-у, дўкончи амакига қўлимдаги олти сўмни узатдим.

— Менга шоколад беринг!..

У бир халтача ширинликларни тарозида тортиб, қўлимга тутқазди. Хурсандлигимдан юрагим қинидан чиққудек уй томон жўнадим. Шубҳасиз, уйга етгунимча халтачани деярли бўшатиб қўяёздим.

— Вой, менинг пахтакор болам кеп қолди-ку, — дея ҳовлига киришим билан бувим мени бағрига босди. — Ҳа-а, жа хурсандсан? Тинчликми? Вой, қўлингдаги шоколадларни ким берди?

— Мен бугун пахта пули олдим, — дедим керилиб. — Олти сўм беришди.

— Ие, шунақами-и? — бувим хабаримни эшитиб, қувониб кетди. — Ўзимнинг пултопар боламдан ўргилай! Қани пулинг? Менга берасанми? Ўзим сенга қўй гўштидан димлама пишириб берардим. Ҳой, бобоси, келмайсизми, болангиз пахта пули олибди! Олти сўм ишлабди!

Пайқамабман. Бобом сал наридаги каравотда ёнбошлаб ётган экан. Бувимнинг чақириғини эшитди-ю, аста ўрнидан қўзғалиб биз томон юрди.

— Мен пулимнинг ҳаммасига шоколад сотволдим, — дедим бувимга бир кулиб, бир жавдираб. — Маза қилиб едим.

— Нима? Шоколад? Ҳамма пулга-я? Ахир… Вой шўрим!.. Шунча ширинликни еб касалга чалинсанг, биз нима қиламиз?.. Кейин… Пулингни эҳтиётлаб уйга олиб келсанг бўлмасмиди? Бобонг иккаламиз бозордан сенга янги кўйлак-шим олиб бермасмидик?..

Танбеҳни бобом давом эттирди.

— Биз сени шу ниятда катта қиляпмизми? Бизга айтган раҳматингми бу?..

— Ахир… Бу ўзимнинг пулим-ку! — чийиллаб бақирдим мен аламим келиб. — Нима қипти?..

— Биламиз, сенинг пулинг, — деди бобом дағдаға билан. — Локигин фарзанд пул ишлаб топса ота-онанинг қўлига опкелиб топшириши кераклигини доим уқтирардим-ку! Менинг гапларим, насиҳатларим бир пул экан-да!?. «Етим бола асрасанг, оғиз-бурнинг қон элтар» дегани шуми, Худойим?..

Хуллас, шу куни бобом ва бувимдан керагича танбеҳ эшитдим. Роса алам қилди. Нуқул миямни «Нега ўз пулимга эга чиқолмайман? Нимага ўзим ишлаб топган пулни ишлата олмайман?», деган саволлар кемираверди.

Ўша воқеадан кейин бир ҳафтагача меҳрибонларим менга ола қараб юришди. Бироқ бу узоққа чўзилмади. Вақт ўтгани сайин гиналар унут бўлди. Бобом, бувим яна мени қайтадан эркалайдиган, алқайдиган бўлишди.

Фақат… Ўшанда йўл қўйган хатомни сал улғайгач, англаб етдим. Мени едирган, кийдирган, еру-кўкка ишонмай катта қилган инсонларга ўша пулни келтириб беришим шарт экан. Иложи бўлса, пулга қўшиб уларга қайта-қайта раҳмат айтишим лозим экан…

Тўғри, қўпол хатолар қалбларда заррадек бўлсин доғ қолдиради. Шундай бўлса-да, кейинги гал қўлимга пул тушса, дарров уларнинг қўлига қўшқўллаб топширишни одат қилдим. Бобожоним ҳам, бувижоним ҳам ҳар пул топиб келганимда мени алқаб, дуолар қилиб чарчашмади. Улар менга ишонишди, менинг ҳақиқий одам бўла бошлаганимга шукр қилишди.

Афсуски, ҳамон йўл қўйган илк хатом ўзимнинг бағримни тирнаб ўтаверади. Умрим бино бўлиб илк бор ишлаб топган пулимни бўлар-бўлмасга сарфлаганимни кўрган бувимнинг мўлтираб қолгани, бобомнинг надомат аралаш бош чайқаб, норозилангани кўз ўнгимда гавдаланиб, юрагим оғрийверади.

 

Ҳайдалиш

 

Қачонлардир маълум муддат пойтахтдаги аэропортга яқин жойда яшаганман. Ҳар куни эрта тонгда ҳовлига чиқдим дегунча осмонда турнақатор самолётларга кўзим тушарди. Аммо уларнинг шовқини, дераза ойналарини синдиргудек дунёга жар солиб учишлари заррача асабимга тегмасди. Аксинча, худди шу самолётлар мени яқин ўтмишим томон олиб учарди…

Ҳа, ўшанда 15 ёшни қаршилаш арафасида тургандим. Бувижоним ва бобожонларим анча қариб қолишган. Илгариги эркаланишлар, инжиқликлар, худбинликлар ортда қолгандек эди. Мен билан бирга ўсган Абдураҳмон тоғам ҳам улғайиб армия хизматидан қайтган, уйланган… Янгам Гулнор уйимизга келин бўлиб тушгач, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, тоғам билан муносабатларимизга путур етди. Тоғам ҳадеганда ҳе йўқ, бе йўқ менга ўшқирадиган, дўппослашга шайланадиган одат чиқарди. Шунда ҳам бувижоним ўртага тушиб мени калтаклардан асрарди.

Фойдаси бўлмади. Тоғам янгамнинг таъсирига тушиб улгурган экан.

Янгам ҳовлининг ярмига даъво қилишимдан чўчиб тоғамни гиж-гижларкан…

Кексайган ҳалоскорларимга қулоқ осишмади.

Мени уйдан ҳайдаб солишди.

Хўш, мендек туман марказидан нарига чиқмаган бўз бола қаерга боради? Кимнинг ёнига бориб кўмак, ҳимоя сўрайди?..

Онам, мени аччиқ тўлғоқ еб дунёга келтирганим аллақачон бошқа эрдан туғилган тўрт боласини бағрига босганча тек яшарди. У менга ёрдам бера олмасди. Ҳимоясига олмасди. Эридан чўчирди…

Холаларим эса…

Ҳа, уларникига йиғлаб борсам албатта қучоқ очиб қарши олишларига ишонардим. Аммо ундай қилмадим. 15 га кириб катта бўлиб қолган эканманми, номус қилдим. Таваккал катта шаҳарга — пойтахтга жўнадим. Кексайиб қолган бувим мени ялаб-юлқаб, аччиқ кўз ёшларига чўмилтириб, қўлимга пул тутқазди.

Кўзлари ожизлигига қарамай, бобом мени катта йўл бўйигача кузатиб борди. Ортга қайтаришнинг иложи бўлмади.

Шундай қилиб мен 15 ёшимда қисматнинг етагида бўлишга таваккал қилдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ