ДАРДИМИЁНА… (20-қисм)

0

 

* * *

 

Гапим адо бўлмай, телефоним жиринглаб қолди. Олиб экранига қарасам, Рустамнинг рақами, юрагим гупирлаб кетди. Ҳамма нарсани унутиб, дугонамга табассум ҳадя этиб, завқ-шавққа тўлиб, ҳаяжонни яшириш учун қадаҳдагини ичиб юбориб, яшил тугмачани босдим-да:

— Алло! — дедим.

Назаримда овозим қандайдир қалтираб чиқди.

— Салом. Негадир телефонинг доим ўчиқ, — деди Рустам.

— Телефоним ўчиқ? Бўлиши мумкин эмас. Илгарилари шундай бўларди. Лекин бундан бу ёғига ўчмайди. Чунки чўнтагимда пул бор-да.

Рустам кулди. Сўнг:

— Имкон бўлса, кечки пайт кўришсак… Умуман олганда, яна икки-уч соатлардан кейин, — деди.

— Майли.

Бирдан алоқа узилди. Жаҳлим чиқди. Ҳамма нарсадан. Чунки мен ундан аразлаган эдим. Майли демаслигим керак эди. Паст кетдим. Аразлаганимни билдиролмадим. Яна у розилигимни билиши билан телефонини ўчириб қўйди. Ўзидан кетяптими, ҳозир қўнғироқ қиламан-да, вақтим йўқлигини айтаман.

— Ярамас! — дедим қизариб-бўзариб ва рақам тера бошладим.

— Тинчликми? — сўради Надежда.

— Телефонини ўчириб қўйди. «Кўришайлик», деди, майли дейишим билан ўчирди, ярамас. Ҳозир…

— Шошма, балки, қуввати тугаб қолгандир. Бирдан ваҳима қилма.

Мен Надеждага қарадим, дарвоқе, шундай бўлиши ҳам мумкин-ку.

— Қачон кўришмоқчисизлар?

— Кечки пайт.

— Унда тайёргарлигингни кўр.

У шундай дейиши билан сумкачасидан телефонининг жиринглагани эшитилди. Шошмади. Бемалол сумкасини олди, очди.

— Сеники ҳам қўнғироқ қилаётган бўлса керак. Менимча, улар келишиб олишган.

Надежда афтини бужмайтирди. «Лида», деди. «Менга сираям ёқмайди», деди. Аммо гаплашди. Истамайгина, турқ-тароватини ўзгартирмасдан. Менсимайгина. Гапининг охирида «Вақтим йўқ, кўришолмайман», дея телефонини ўчириб қўйди. Бироқ орадан бир дақиқа ҳам ўтмасдан «ватсапп»ига хабар келди: «Мени ерга ураётганингдан виждонинг қийналмайдими? Биз бир пайтлар дугона эдик, дугоналик ришталари бутунлай узилдими? Балки, шахсий ҳаётим бошқача бўлгани сенга ёқмагандир. Аммо бунга сенинг дахлинг йўқ-ку. Любага қўнғироқ қилиб тушолмадим. Бир-икки марта чақирганида ҳам ўчириб қўйди телефонини…»

Надежда хабарни овоз чиқариб ўқиди. «Нима бўлган бунга?» дея сўради мендан. «Уришиб қолдингларми?» деди. Мен кулдим: «Йўқ, уришмадим. Нима десам экан. У билан бошқа дугона бўлолмайман. Унга нима бўлганини ўзидан сўрайсан».

— Ҳаммаёқ жумбоқ. Майли, дуч келиб қолса, гаплашарман. Хўш, кетасанми?

Надежданинг негадир кайфияти тушиб кетган эди. У илгаридан шунақанги қиз. Ҳеч тушуниб бўлмайди. Бир қарасанг, шўх-шаддод, яна бир қарасанг, қўрқасан, ҳозир қовоғидан қор ёғади, дейсан.

— Мен у билан учрашишим керак. Мен сендан олдинроқ танишган бўлсам ҳам, ҳалигача йигитимми-йўқми, билмайман. Умуман олганда, ҳозир нега кайфиятинг бузилганини ҳам билмайман.

Надежда бирдан жилмайди. Тунд қиёфа оний лаҳзада йўқолди. Тахминимча, у ноқулай аҳволга тушди.

— Оламизми? — деди андак ялинчоқ овозда.

— Йўқ, Рустамнинг ёнига ичган ҳолда боришни истамайман.

Худди шу пайт Надежданинг телефонига яна битта хабар келди.

— Лида ёзибди. Зериккан, шекилли.

У овозини чиқармасдан ўқиди. Қошлари чимирилди. Мийиғида кулди. Лабини билинар-билинмас бурди. Кейин менга юзланди. «Сен ҳақингда ёзибди. Сендан жудаям хафа экан. Сен уни бекордан бекорга айблаётган эмишсан. Яна бошқаларнинг шахсий, мутлақо шахсий ҳаётига аралашибсан. Кейин ёввойидан фарқинг йўқ экан», деди.

Баданимда бир нима ўрмалагандай жимирлаб кетди. Сўкиниб юбормаслик учун тишимни тишимга босдим. Кейин «Мен уни бир ёқли қиламан. Дунёни бузадиганлардан биттаси ўлса, хушчақчақроқ яшаймиз. Яна оламнинг тозаланишига ҳисса қўшган бўламан… Зўр иш. Зўр ишни ортга суриб бўлмайди. Лидани Надежда орқали овлоқ жойга чақираман. Жон-жон деб келади. Кейин қорнига пичоқ санчаман. Беш-олти марта» дея хаёлимдан ўтказдим.

 

РУСТАМ ҳикояси

 

Руслан Нагаевнинг қабулидан чиққанимда миям бўм-бўш эди. Тўғри хонамга кетдим. Хўжайиннинг муомаласи бошқача бўлди. Қандайдир совуқ. Унга кимдир мен ҳақимда нимадир дедими? «Бу бола буқаламундек турланишни, тусланишни боплайди. Эртароқ ёнингдан қув. Бир балони бошлаб юрмасин. Бунақалар ёмон бўлишади. Олдин яхшилаб ёнгинангда илдиз отиб олади-да, кейин сени қуритади», дедими? Ўҳ, валакисаланглар! Мен буларда кўролмаслик касали йўқ бўлса керак, деб ўйлаб юргандим. Тиқилиб ётган экан. Ҳа, «Ҳамма жойда бир хил хўроз қичқиради», дегани рост экан-да. Ўзи нима қилиб бошимни оғритиб юрибман. Яхшиси, шефга илтимос қилайин, бориб нонимни ёпайин. Шу иш менга қулай, ҳар хил сиёсатлар, пул ўйинларига чидамайман. Қўлим ишласин, тўрт-беш рубль ризқимни олайин, тамом-вассалом, дейман.

Ўз ёғимга ўзим қоврилиб, қўлим ишга бормай ўтирганимда хўжайин қўнғироқ қилиб қолди. Овозидан маълумки, ҳали-ҳамон у ишчан кайфиятда.

— Ёнингга Валентин Кабаев исмли бир йигит келади. Топшириғимни етказади. Ишни илгари унинг ўзи қиларди. Ҳозир мазаси бўлмай қолди. Саратон билан касалланган. Умри қисқа, шунинг учун ўрнини сенга бўшатади. Сенга ишонаман, Рустам, — дея гўшакни қўйиб қўйди Нагаев.

Мен бир оғиз ҳам гапиришга улгурмадим. Ваҳоланки, кўнглимдагини айтмоқчийдим.

Ана энди яна хаёлимни алламбалолар эгаллаб олди. Шунчалик ўйга берилиб кетдимки, ундан чиқишнинг сира иложини қилолмадим. Охири кутдим. Анави валакисалангнинг ёнимга келиб, ўзини Валентин деб таништириб, ўсма касали билан оғриганини айтиб, жойини бўшатиб берадиганни.

Шунақасиям бўладими? Ярим соат кутаман, йўқ. Бир соат кутаман, йўқ. Бу Руслан Нагаев яна сабримни синаяпти, шекилли, деб ўйладим-да, хонамдан чиқиб кетдим. Тўғри емакхонага бордим. Обдан қорнимни тўйғаздим. Бор-э, деб шайтон сувидан ҳам ютиб юборай дедим-у, тағин ўзимни босдим. Арзимаган нарса билан ўзингни хор қилиб қўйма, Рустам, дедим ўзимга ўзим. Ва емакхонадан тишларим орасига кириб қолган гўштни тозалаганча чиқдим. Ҳаво ним иссиқ. Одамнинг уйқусини келтирадиган. Шунақа пайтда юмшоққина диванга ўзингни ташласанг-у, бир-икки соат маза қилиб мизғиб олсанг зўр-ку-я, аммо уйқудан уйғонганингдан кейин ёмон оғир бўлиб қоласан-да. Шунақа ўйлар билан ўзимни андармон қилиб хонамга кирдим. Юмшоққина оромкурсига ўтирдим. Воҳ-воҳ. Қани энди ўзингга хон, ўзингга бек бўлсанг. Чой, кофе десанг. Югургилаб олиб келишса. Қовоқчангни товоқчадай қилсанг. Чой дамлашниям одамга ўхшаб дамлай олмайсанлар, десанг… Ия, Рустамбой. Ҳаддичангиздан ошмаяпсизми? Ўзингизча нималарни хаёл қиляпсиз? Бўлди, дарров ўзингизни йиғиштиринг.

Бир-иккита қоғозларга қараган киши бўлиб ўтирганимда эшик оҳиста тақиллади.

— Киринг, — дедим.

Эшик очилди. Бўйи меникидан калтароқ, кал бош, кўзойнак таққан, мўйлов қўйган бир одам кирди. Салом берди ва иржайиб қўйди.

Ўрнимдан турдим-да, саломига алик олиб, ўтиришга жой кўрсатдим.

— Мен Валентин Кабаев бўламан, — деди у ўтирганидан кейин сумкасини стол устига қўяркан.

— Шунақами? Мен сизни жуда узоқ вақтдан бери кутиб ўтиргандим, — дедим ва бир оз қовоғимни осилтирдим.

— Йўл. Машиналар тирбанд. Менга қолса, метрода келардим. Аммо мумкин эмас-да… Бўлмаса, ишга ўтайлиг-а, — дея у сумкани очди-да, компьютер чиқарди. Ноутбук. — Шу пайтга қадар фақатгина Кипрдаги ҳисоб рақамни кузатар эдингиз. Ишдан хабарингиз бор. Шу сабабдан бош ҳисоб рақамни ҳам кузатаркансиз. Бунга фақатгина менинг компьютеримга ўрнатилган дастур орқали кириш мумкин. Ҳисоб рақамни фақатгина сиз кўрасиз. Аммо унга кириб, пулларга ўзгартириш киритолмайсиз. Яъни пулларни бир ҳисоб рақамдан иккинчисига ўтказолмайсиз. Буни Руслан Нагаевнинг ўзи қилади. Ишингиз унчалик оғир эмас. Бироқ масъулияти жудаям юқори.

— Тушундим. Илгари ҳам мен бирор марта пулларни бошқарган эмасман. Унда компьютерни менга беринг, — дедим.

Валентин Кабаев ўзининг компьютери орқали интернетга кирди ва ҳисоб рақам кодини менга бериб, олди-берди қоғозига қўл қўйдирганидан кейин чиқиб кетди.

Ҳисоб рақамни кўрдим. Илгари кўрганим ҳолва экан. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, у шунчалик тез ўзгарадики, ҳайратдан ёқа ушлайсан киши. Шунинг ўзиёқ Руслан Нагаев қанчалик тер тўкиб ишлаётганидан, корхоналарни қай даражада усталик билан бошқараётганидан далолат бериб турарди. Ҳисоб рақамга келиб тушаётган пуллар, албатта, чиқиб кетаётганларидан кўп эди. Бировнинг пули кўпайиб кетаётганини кўриш ғалати. Лекин нима қилай, буйруқ шунақа, бажаришим керак.

Кипр ҳисоб рақамига юзланиб, кодни тердим-у, хўжайиннинг жамғармасини очдим. Бунисидаги «ҳаракат» асосийдан фарқ қилади. Боғлиқлик томонини сезмайсан. Албатта, ёш бола ҳам буни билади. Ҳар эҳтимолга қарши. Яъни бирорта сабаб билан биттасига зарар етиб қолса, иккинчиси ишлайди. Аслини олганда, бунақанги ҳисоб рақамлар жуда кўп. Лекин, ўйлашимча, менга берилганлари асосийлари бўлса керак. Айниқса, Валентин Кабаевдан олганим… Пул тушибди. Бельгиядан. Кейин Голландиядаги фирмадан, яна бразилияликлар ҳам ўтказишибди. Пул ўтказиш сабабини «қоғоз» учун деб кўрсатишибди. Инглиз тилида. Бироқ ақлли компьютер дарров қавс ичида рус тилида таржимасини ёзиб қўяр эди…

Шефнинг бойлиги икки миллиондан ошибди. Жуда қисқа муддатда… Бирдан одамнинг ичига шайтон кираркан. Ҳамма нарсани кўриб турибсан, бир нарса-бир нарса қилиб, ўзингнинг ҳисобингга озроқ ўтказиб ол. Бойни жин урармиди, унга ҳаттоки чивин чаққанчалик бўлмайди, сенинг бўлса қора кунингга озроқ сумма йиғилади. Олдингда қанча ниятларинг бор. Уларни амалга ошириш учун озмунча пул керакми?.. Бир муддат шу ҳақда ўйладим. Ва дарров миямдаги бўлмағур хаёлларни қувиб солишга урина бошладим. Қийин экан. Пул деганлари асалга ўхшаркан, бир марта яласанг, қайта-қайта ялагинг келавераркан. Мана, мен хаёлимдаги ўй билан олишиб ётганимда яна уч марта Руслан Нагаевнинг чет элдаги ҳисоб рақамига пул келиб тушди. Шулардан бири беш миллион экан. Ўзимиздан борибди. Лекин мақсади, ҳеч нимаси кўрсатилмаган. Бирдан пешонамдан тер чиқиб кетди. Йўқ, бунақада жинни бўп қолиш ҳеч гап эмас. Хўжайинга айтаман, бунақа юмушдан озод қилсин. Майли, ҳар қанча оғир иш бўлса, бажараман. Фақат мана шу лаънатидан қутқарса бас.

Кун ёпилди. Худди шу пайт шеф қўнғироқ қилди. «Хурсанд қиласанми?» деди. Бу махсус код бўлиб, мен тушган суммани узун, калта, вергул, нуқта, бўёқ, арча, дала (ҳар битта сон шунақанги сўзлар, предметлар билан номланганди) кабилар билан айтиб беришим талаб қилинар эди. Маълумотлардан сўнг телефон орқали сўзлашувда шефнинг хурсанд бўлган-бўлмаганини билолмадим. Шуниси аниқ эдики, унинг кайфияти тушиб кетмаганди.

Ишларимни йиғиштиришим олдидан Любага қўнғироқ қилдим. Бунақанги пайтда менинг нафас олишим ҳам кузатув остида, шу боисдан гапимнинг оҳангига ишқий мазмунни жойлаштирдим. Токи ҳеч кимда шубҳа уйғотмасин. Аслини олганда ҳам, бирор ножўя ҳаракат йўқ эди хаёлимда.

— Кассага кир, — деди Руслан Нагаев компьютерни ёпиб, ўрнимдан турмоқчи бўлиб турганимда қўнғироқ қилиб.

— Хўп.

Бошқа нарса дейишим мумкин эмас. Буйруққа сўзсиз итоат этишим зарур.

Менга тўрт тахлам қип-қизил беш мингталик беришди. Қовоқ-тумшуғи осилган кассир: «Кунлигинг», деб қўйди. «Кунлигим бўлса, сен нега ўқраясан? Сенинг ҳақингни олдимми, ярамас?» дея кўнглимдан ўтказдим.

Бинодан чиққач, Любага қўнғироқ қилдим. Дарёда сузадиган ресторан-пароходга (шунақа ресторан борлигини хўжайиннинг йигитларидан эшитгандим. Улар бир-икки марта ўтиришган экан) келишини айтдим.

Бирон нима емак ниятим йўқ эди. Чунки тушликда иштаҳага эрк бериб юборган эканман, кечгача ҳазм бўлмай, роса қийнади…

Қирғоқни, сувнинг чайқалишини томоша қилиб кетарканман:

— Нега сира ишинг тўғрисида гапирмайсан? — дея сўраб қолди Люба.

Унга юзландим. Люба жилмайиб, қўлини мен томон чўзди. Юзимни артаркан:

— Лабимнинг изи қолибди, — деди.

Дарҳақиқат, у мен билан кўришаётганида юзимдан ўпиб қўйганди. Ўша пайтдаёқ атрофда одам кўп бўлганлиги сабабли ноқулай аҳволга тушгандим. Энди эса юзимда лаб изи. Люба артиб қўйгунича нечта одам мени кўрди. Демакки, ҳаммаси устимдан кулган.

Вазиятдан чиқиш учун стол устидаги «кола»дан ичдим. Шу баҳонада юзимни яхшилаб артиб олдим.

— Кимдандир қўрқасанми? — деди мендан кўзини узмай ўтирган Люба.

— Нега энди?

— Юзингдаги лаб бўёғини артаяпсан.

— Ноқулай. Одамларнинг олдиларида шундоқ юролмайман-ку.

Любанинг шўхлиги тутди. Ўрнидан турди-да, столни айланиб ўтиб, ёнимга келди. Ана ундан кейин иккала юзимни, пешонамни лабининг изига тўлдириб ташлади. Бундай қилиқ менга ҳам ёқди, бироқ бизга қараб турувчиларнинг кўз ўнгида жуда ноқулай бўлди.

— Бир ҳисобдан шу ишни тўғри қилдинг, — дедим Любага у шўхлигини охирлатиб, жойига бориб ўтирганидан кейин.

— Нега?

— Кейин айтаман.

— Йўқ, ҳозир. Бўлмаса, яна қийнайман.

— Бўпти, юр, дарёнинг сувини пароход қандай парчалаётганини кўрамиз.

Шундай деб мен унга кўз қисиб қўйдим.

Картер унақа катта эмас. Сувнинг қийилишини кўрсанг, шовуллашини эшитсанг, маза қиласан! Ичингдаги ғуборлар тўкилади. Енгил тортасан. Қайғуга ботсанг, сув бўйига бор, деб бежиз айтишмаган экан. Маза.

— Хўш, йигитча, айтасизми? — сўради Люба мен каби эгилиб сувни томоша қиларкан.

— Айтарли гап йўқ. Битта фирмада ишлайман, тамом-вассалом. Оддий фирма. Фақат бошқаларига нисбатан бойроқ, каттароқ фирма. Аммо новвойлигим минг марта яхши эди.

— Ишингни сир сақлашингдан, атайин сувнинг шовуллаши эшитилаётган жойда айтмоқчи бўлганингдан ўта махфий бирон жойда ишласанг керак, деб ўйлабман.

— Махфий жой… Махфий жойга сув шовқинининг нима дахли бор?

— Унинг овози ҳар қандай овозни ўзига сингдириб юборади. Мосламалар орқали ҳам овозингни биров эшитолмайди. Албатта, ёнингдагидан ташқари.

Дарҳақиқат, боягина Любага ортиқча бирон нима десам, биров эшитмасмикан, мени кузатишмаётганмикан, деган хаёлда эдим. Ишим ҳақида сўз очдимми, Руслан Нагаевга ёқмайдиган бирон нима деб қўйишим мумкин. Энди гап орасида нимадир, барибир, чиқиб кетади-да. Шайтон, шайтон ҳали ҳам ёнимда турибди… Елкамга чиқиб олган. Сочимдан тортқилаяпти… «Сен бу ерда қаердаги қиз билан учрашиб юрибсан, у ёқда хўжайининг қоплаб пул топяпти. Ҳаракатингни қил, эртароқ бирон нимали бўлишни ўйла. Бойлик шу пайтгача ҳеч бир одамга халақит бермаган. Агар билиб қолади, деб хавотирланаётган бўлсанг, ишингни битиришинг билан юртингга жўнаворасан. Олам гулистон!» дея тинимсиз қулоғимга қуяётган эди.

— Нега жимиб қолдинг? — деди Люба елкамга қўлини қўйиб.

— Ўзим шундай. Сув зўр нарса-да. Афсус, чўмилиш мавсуми ўтиб кетди. Кун сал иссиқроқ бўлганидаям ҳозир калла ташлаган бўлардим. Бизда… Бизда, — дея пешонамни тириштириб Любага юзландим. У жуда муҳим гап айтишимни кутаётгандай, менга термилиб турарди. — Ҳозир ҳам чўмилса бўлади.

Қизнинг аввал кўзлари, сўнг юзи жилмайди. Кейин қиқирлаб кулди.

— Совқотдим. Балки, бориб ўтирармиз, — деди у кулгидан кейин.

— Ҳа, шундай қиламиз.

Биз талай муддат гаплашиб ўтирдик. Ҳамма нарса тўғрисида. Фақат мен нима иш билан шуғулланаётганимни у сўрамади. Ақлли-да. Фаросат деганлари «гуллаб-яшнаганида» эди, ҳоли-жонимга қўймас ва мен гўл ҳам ичак-чавоғимгача тўкиб солган бўлардим. Яна муҳаббат мавзусини четлаб ўтдик. Негадир иккимиз ҳам шу ҳақда оғиз очолмадик. Бундай олиб қарасангиз, ҳозирги замон йигит-қизи учун ҳеч нима. Ҳаттоки чуқур, жуда чуқур таҳлил қилиш мумкин севги деганларини. Бироқ нимадир тўсқинлик қилиб, миқ этолмадик.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ