БОЛАЛИКНИНГ АЧЧИҚ ВА ШИРИН ХОТИРАЛАРИ… (7-қисм)

0

 

Осмондаги самолёт…

 

Яна кўкка боқаман. Тепамдан турнақатор самолётлар учиб ўта бошлашади. Уларнинг жазавали шовқини хаёлларимни яна қадрдон қишлоғим сари олиб кетади…

Бобом ўтган йили рихлат қилибди. Қўшнимизни катта шаҳарда кўриб қолганимда айтганди. Бу айрилиқ янада қаддимни букиб қўйди. Менга худойим ҳадя этган бир чимдимгина ором, хотиржамлик бегона бўлди. Энди бувижоним буткул ёлғиз қолиб кетганини тасаввур этиб бир дардимга ўн дард қўшилди. Аммо… На илож?.. Чидашга маҳкум эдим.

Тишни тишга босишга мажбур эдим…

Мусофирликнинг аччиқ ошини ичиш қанчалар мушкул кечмасин, тириклик сари интилишга масъул эканимни ҳар нафасда англаб турардим. Бировларнинг уйида мардикорчилик қилиб, жуда қийинчилик билан пул топсам-да, вақти келганда иш топа олмай, қўнарга жой қидириб сарсон кезсам-да, ортга чекинишни хоҳламасдим. Ҳаққим ҳам йўқ эди. Олдинда нималар кутиши, Яратган менинг бошимга яна қандай офат-у хўрликларни юбориши умуман қизиқтирмасди. Фақат… Бувижонимни жуда-жуда соғинардим. Бобомнинг оёқ излари қолган ҳовлида ўтириб ҳақига дуо қилишни орзулардим. Соғинч ҳар азоб берганда, унсиз, чекка-чеккаларда, ўксиб-ўксиб йиғлардим. Худойимга бундан-да баттарроқ кунларга солмагани учун шукр қилардим.

Шундай кунларнинг бирида ортиқ чидаб тура олмаслигимни тушундим. Соғинч деб аталмиш азобнинг ўткир тиғи кўксимга қайта-қайта санчилаверишидан бездим.

Бувижонимни, меҳрибонимни, раҳнамоимни ўз кўзларим билан кўрмоқни хоҳладим. Бобомни ёдга олишга ошиқдим. Гарчи жоҳил тоғам, жодугар янгамнинг ҳақоратларини қайта эшитишга маҳкумлигимни, тағин шармандаларча ҳайдалишим муқаррарлигини билсам-да, бир нафаслик дийдор мен учун ширин туйилди ва ўша куниёқ йўлга отландим…

Ана, ўша кўримсизгина ҳовли. Менинг болалик қувончларимни, аччиқ кўз ёшларимни, қутурган аламларимни бағрига босганча турган кесакдеворли уй…

Ичкарига кирдим-у, биринчи навбатда бувим ва бобомга тегишли хона томон юзландим…

Илғамабман. Ҳовлининг нариги бурчагидаги кесакдевор ёнида қандак ўрик дарахти қад ростлаган. Худди ўша ўрик соясида бувижоним ўтирарди.

Ўзи билан ўзи овора экан.

Мени пайқамади.

Мен бувимга бирпас ўпкам тўлган ҳолда қараб турдим-да, чўчитиб юбормаслик учун эҳтиёткорлик билан олдинга интилдим. Лекин бир неча қадам ташлагач, таққа тўхтадим.

Бувим сукут сақламаётганди.

Қўшиқ хиргойи қилаётганди.

Самалўт, самалўт,

Қанотингни пастлаб ўт.

Қанотингга хат битай,

Олимжонимга ташлаб ўт…

Бувижоним мана шу тўрт мисрагина қўшиқни қайта-қайта хиргойи қиларди…

Ҳар менинг исмимни тилга олганда, товушида кучли титроқ туярди.

Чидаб тура олмадим. Югуриб бордим-у, салом беришни-да унутиб бувижонимни маҳкам қучиб олдим.

Орзиқиб кутган эканми, бувим йиғлаб юборди ва бошимни худди гўдаклигимдаги каби тиззасига қўйиб йиғи ва алам аралаш эркалай бошлади…

Ҳозир ҳам аҳён-аҳёнда осмон-у фалакда самолётларнинг шовқин солиб парвоз қилаётганига гувоҳ бўламан. Уларнинг шовқини ўрнига эса қулоқларим остида раҳматли меҳрибон бувижонимнинг мени соғиниб айтган тўрт мисрадангина иборат қўшиғи қайта-қайта жаранглайверади.

 

ҚИШЛОҚ ҚАЙРАҒОЧЛАРИ

 

Қачонлардир Хонбува қишлоғига — ўша ўзим улғайган, бувим ва бобомнинг бағрида болалик гаштини озми-кўпми сура олган қишлоғимга боргандим.

Атайин йўловчи машинадан тушиб қолиб қишлоқнинг узун ва қум кўчаси бўйлаб кетишни маъқул топдим.

Ҳа, бу қишлоқ эмас, нақ жаннатни эслатарди. Ўнг ёнбошдаги кичрайиб қолган бўлса-да, сувининг шариллаб оқиши кўнгилга роҳат ҳадя этувчи ариқ, нарироқдаги пахта пайкаллари, турнақатор мирзатеракларга қараб тўймасдим. Ҳар боққанимда улар менга яқин ўтмишимни эслатарди. Ариқнинг нариги ёнбошига эса қатор қилиб қайрағочлар экилган. Худди ўша дарахтларда юрагимнинг бир парчаси қолиб кетганини қайта тан олиб юришдан тўхтадим. Қайрағочларнинг чўзинчоқ япроқлари шабада таъсирида шитирлаб қалбимни қитиқларди…

Ҳа, қишлоқдаги бу қайрағочлар тарихи айни бобом ва бувимнинг исми билан боғлиқ…

Эсимда, саккиз-тўққиз яшар бола эдим. Баҳор келди дегунча эрта тонгдаёқ бобом бувим ва мени эргаштириб худди шу ерларга олиб келарди. Улар икковлашиб қайсидир қайрағочни арралаб йиқитишгач, икки бўлакка бўлишарди-да, уйгача судраб боришарди. На илож, ўша пайтларда қишлоқда газ йўқ, қиш кечалари печкага олов ёқиб уй иситардик. Қайрағочлар эса қуруқ, тез куйиб кул бўлмайди, иссиғи ҳам узоқ вақт сақланиб қоларди…

Ўша куни қайрағоч бўлаклари уч бўлакка бўлиниб қолди. Мен дарров бир бўлагини кўтариб бобомнинг ортидан судрашга чоғландим. Лекин шу заҳоти бувим келиб қайрағоч бўлагини қўлимдан тортиб олди ва бобомга тутқазди.

— Сени зўрға катта қиляпмиз, қўзим, — деди бувим бошимни силаб. — Қўй, бу ўтин зил-замбил. Белинг оғриб қолади. Тиконлари қўлларингга кириб қонатиб юборади. Бобонгнинг ўзи судраб кетаверади.

— Ахир… Бобом қийналади-ку, — дедим йиғлагудек бўлиб. — Биттасини мен судрасам нима қипти?

— Йўқ, сен ҳов анави шох-шаббаларни чойшабга тугиб ўшани опкетасан!..

Қанча қайсарланмай, бувим ҳам, бобом ҳам унашмади. Менга енгилгина шох-шаббалар солинган чойшабни тутқазишди-ю, ўзлари оғирдан-оғир қайрағоч бўлакларини судраб кетишди…

Кўча эшигимиз яқинида эса Гулнор янгам ариқдан сув олаётган экан. Бобомнинг бирдан икки бўлак ўтин судраб келаётганини кўрди-ю, менга бақирди.

— Ҳой, уялмайсизми? Олинг бобонгизнинг қўлидан ўтинни!

— Беришмаяпти-да, — дедим хижолат тортиб. — Айтдим менга беринг деб!..

— Сенинг нима ишинг бор? — бувим ҳовли ичкарисига судраб келган қайрағоч бўлигини қўйди-да, қайтиб янгамнинг тепасида ҳозир бўлди. — Менинг болам кўтара олмайди у ўтинни.

— Нега кўтара олмайди? — бўш келмади янгам. — Кап-катта йигит-ку!..

— Турткилайверма уни! Агар яна бир марта ижикилаганингни кўрсам, гўштингни титаман!..

— Вой-бў-ў, — янгам энсаси қотганча мен томонга ўғринча қараб олди-да, нари кетди. — Нозикойимларга ўхшамай ўлсин!..

Бу гапи ортиқча эди. Бувим жаҳдини сира жиловлай олмай, бобомнинг ҳай-ҳайлашига-да қулоқ тутмай, янгамнинг ортидан даҳлизга кириб кетди.

Роса жанжаллашишди улар. Мен эса бувимнинг ҳимоясидан сўнг баттар талтайиб кетгандим. Нуқул оғзимнинг таноби қочиб хаёлан «Ўла Норпош, адабингни едингми?», дея сўзланардим…

Мана, энди ўша кунги воқеани эслаб, тасаввур этиб кўрсам, аслида янгам ҳақ экан. Мен ҳақиқатан кап-катта бўлиб қолгандим. Бир бўлак қайрағочни бемалол кўтариб кела олардим. Ўшанда бекор кулибман, янгамнинг гўрига ғишт қалабман. Бобом ҳамда бувимнинг кексайган пайтида бу қадар оғир юк кўтаришларига йўл қўймаслигим, уларни қайрағоч кесишга умуман юбормаслигим лозим эди. Бу юкни мен ўз гарданимга олишим шарт эди…

Афсус, хом сут эмган банда эканман. Мени «оғзимда қуш олиб бера олмаслигим»ни билишса-да, бор меҳрини, муҳаббатини бериб вояга етказган меҳрибонларимнинг оғирини енгил қилиш ҳақида ўйламабман…

Шу кўйи ариқ бўйида қад ростлаган қайрағочларга тикилиб турдим-у, уятдан, номусдан, алам-у надоматдан ўлай дедим. Улар гўё новдаларини эгиб, менга танбеҳ бераётгандек, кексалар қадрини билмаганим, кўра-била туриб уларнинг жони қийналишига йўл қўйганим учун қарғаётгандек туйилиб кетди…

Назаримда шу қайрағочлар туфайли мен меҳрибонларимнинг қаддини буккан, қартайтиргандек хафа бўлдим…

Афсуски, энди кеч. Бувим ҳам, бобом ҳам аллақачон ёруғ дунёни тарк этишган. Энди ҳеч қачон қайрағоч кесишга келишмайди ҳам. Шуларни билсам-да, барибир нодонлигим сабаб ўшанда уларнинг оғирини енгил қилмаганим учун астойдил тавба қилдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ