ДАРДИМИЁНА… (21-қисм)

0

 

 

* * *

 

Чамаси, икки соатча ўтиб турдик, бир-бир босиб, қирғоққа тушдик. Люба замонавий қизлар сингари мени қўлтиқлаб олди. Ва биз юриб кетдик. Бир, йўқ, икки-уч пиёла чой ичгулик вақт мобайнида сўзлашмадик. Ҳар ким ўз хаёли билан банд бўлди. Лекин, назаримда, биз бир хил нарсани ўйлаётгандик. Мен уни. У мени. Маза, хаёлингдагини ҳеч ким кўрмайди. Керак бўлса, устингдан кулолмайди. Албатта, гоҳида романтик ўйларинг ҳақида кимгадир оғиз очсанг, сени ниҳоятда аҳмоқликда айблайди. Керак бўлса, очиқ-ошкора масхара қилади. Бундай туйғулар фақатгина ўзингга тегишли бўлиши керак, ҳаттоки сен билан ёнма-ён кетаётган сен ёқтирган қиз ҳам билмаслиги лозим.

— Келажагингни кўроласанми? — дея сўраб қолди бир маҳал Люба.

— Келажак… Йўқ, келажак ҳақида бирон нима дея олмайман. Билганим, кўп ишлашим керак. Бир кунда йигирма беш-йигирма олти соат. Чунки орқада қолиб кетяпман. Масалан, компьютерни юз фоиз билмайман. Яна бир бало-бир балоларни. Одамлар эса мен ўрганмоқчи бўлган нарсани аллақачон ўйинчоқ қилиб ташлашган, — деб жавоб бердим унга.

— Жиннивой, ҳамма нарсага, барибир, улгуролмайсан. Имкониятинг ҳам, вақтинг ҳам етмайди. Йигирма беш-йигирма олти соат ишлаши керакмиш. Бошқа нарсани хоҳламайсанми, ишқилиб? Майнавозчиликни йиғиштир, ҳозир қаерга борасан?

— Сен борган жойга.

— Мен? Ўзим билмайман қаерга боришимни.

— Яхши, унда юраверамиз кўчада санғиб. Айтганча, ана, «Запорожец».

— Нима? Қанақа «Запорожец»?

— Машина. Бориди-ку, «Запорожец», ўша ўтиб кетди. Кўринмай қолганди. Ҳали ҳам бор экан.

Люба қаҳқаҳа отиб кулиб юборди. Мен ҳам иржайдим. Сўнг:

— Гап йўғида гап-да. Бекорга зерикиб кетаётгандик. Мана, маза қилиб олдинг. Ҳа, айтганча, юр, «Лужники»га борамиз. Футбол бор экан. Маза қиламиз, — дедим.

— Кетдик.

Стадионга бордик. Бахтимизга одам кам экан. «Спартак» ютди. Австриянинг «Рапид»ини. Тўрту бирга. Ҳамма хурсанд, шу жумладан мен ҳам. Шу боисдан футболдан чиққанимиздан сўнг Любанинг қулоғига камида ярим соат футбол тўғрисида маъруза ўқидим. Қизгина, бошида жон қулоғи билан эшитаётган эди. Кейин қарасам, энсасини қотиряпти. Шунда ҳам мен бефаросат гапираверибман.

— Рустам, агар йўқ демасанг, мен уйга кетсам, — деди охири қиз бечоранинг сабри тугаб.

— Кетаман?

— Чарчадим. Бошимни ёстиққа қўйишим билан ухлаб қоламан, ўлай агар, шундай бўлади. Сен билан куним бир томондан зўр, иккинчи томондан дабдала ўтди. Тўғриси, ёнингда юриб, зерикмасам керак, деб ўйлагандим. Адашган эканман. Ҳа, айтиб қўяй, дугоналаримдан биронтаси ҳам сен билан ярим соатдан зиёд ўтиролмайди. Шундай экан, мени бемалол қаҳрамон деб аташинг мумкин.

У шундай сўзлар билан мени ҳанг-манг этганча сумкасини айлантириб елкасига ташлади-да, орқасига бурилиб кетди. Ҳов нарироққа бориб, таксига қўлини кўтарди. «Биламан, — ўйладим ичимда, — ҳаммасини биламан. Лекин сен билан очиқча гаплашолмайман. Олдинги сафаргидай. Чунки мени кузатишаётганини ич-ичимдан сезиб турибман. Бунақанги пайтда, албатта, гап қовушмайди. Албатта, кўнглингдан чиқариб гапиролмайсан. Яна мен яқинда кўчиб ўтган квартирага ҳам сени таклиф қилолмайман. Энди бунисига ўзимдан қўрқаман. Балки, кейинроқ тушунарсан мени. Балки, умуман тушунмассан».

Такси тўхтатиш мақсадида йўл четида туриб зувиллаб ўтаётган машиналарга қўл кўтардим. Ҳозир уловлар анча сийрак. Чунки кеч бўлиб қолди. Ўзини ҳурмат қиладиганлар уйида оёғини узатиб, чой ичяпти. Баъзилари пинакка ҳам кетишган.

Ҳали ўйимни охирлатмасимдан, қоп-қора «Жип» ёнгинамда тўхтади. Одатда, бунақанги машиналар таксичиликка юрмайди. Шу боис озгина довдирадим. Ҳар қалай, бировнинг юрти, оғзимдан Руслан Нагаевга ёқмайдиган қандайдир гап чиқиб кетган бўлса-ю, мени йўқ қилиш буюрилган бўлса, ажабмас, бирон чеккага обориб пешонамдан дарча очиб қўйишса… Мабодо, шунақанги ҳолат содир этилганида, ким ҳам мени сўрарди? Шундай экан, довдирашим турган гап-да.

— Яхши дам олдингми? — деди мен томондаги эшикни очган ўзимнинг ҳайдовчим иржайиб.

— Капалагимни учириб юбординг. Нега бошқа машинадасан? — дедим уни кўришим билан ҳовурим босилиб.

— Нима фарқи бор? Шуниси бўш экан, миниб келавердим.

Машинага чиқиб ўтирганимдан кейин:

— Шеф қаерда? — дея сўрадим.

— Ярим соат олдин Римга учиб кетди.

— Бехабар эканман.

— Кўпчилик бехабар эди. Ундан кейин Руслан Нагаев бировга ҳисоб бермайди. Кўнгли тусадими, кетади. Дарвоқе, анави қиз чиройли экан. Нега уйга таклиф қилмадинг?

— Бошим оғрияпти, — дея ўриндиқ суянчиғига бошимни тираганча кўзимни юмдим.

— Лекин тозага ўхшайди. Шеф: «Саёқ юриш жонимга тегиб кетди. Бирорта тозаси бўлса, уйланардим. Бола орттириш керак», деяпти. Балки, Римга шу мақсадда кетгандир.

Шошма, шунча вақт Руслан Нагаевнинг ёнида юрдим. У менга энг сир сақланадиган ҳисоб рақамини кузатиб боришни топшириб қўйди. Бундан чиқди, ишончли одамларидан биттасиман. Шундай экан, нега унинг Италияга кетганини билмайман? Нега унинг уйланиш режасидан бехабарман? Ҳа, бугун у мени яхшигина таажжубга солганди. Мана, яна бир марта унинг янги қирраси очилиб турибди. Демак, эҳтиёткор бўлишим зарур. Кузатишларини билмасдим. Аммо шубҳам бор эди. Шубҳам ўзини оқлади. Шу нарса бундан бу ёғига ҳамиша хаёлимда бўлади.

 

***

 

Уйга кирдим. Негадир кўнглим хотиржам эмас. Нимадир ичимни кемиряпти. Қўрқув… Бор. Лекин унақа кўп эмас. Бошқа бир нима эртага менга чанг соладигандай назаримда.

Хаёл билан дераза ёнига бордим-да, ташқарига қарадим. Ҳайдовчи кетмабди. Машинасини бошқаларники қаторига қўйган. Менимча, танимасин деган бўлса керак. Бошқа биров эмас, мени танимасин деган. Бироқ бир қарашдаёқ ўзим миниб келган уловни ёнидагилардан ажратиб олдим. Кеча… Кеча ташқарига қарамагандим. Кузатишган-кузатишмаганини билмайман… Шошма, ҳисоб рақамни қачон менга топширганди. Ҳа, бир ҳафта олдин. Бундан чиқди, бир ҳафтадан бери пойлаб юришибди ҳар битта босган қадамимни. Майли, кузатишса кузатишсин. Қайтанга менга яхши. Бирортаси ҳаддидан ошса, ўзлари келиб, суробини тўғрилаб қўйишади. Яхши-яхши. Аммо менинг ўзимни ҳам куни келиб ўша ҳимоя қилганлар йўқ қилиб юборишса-чи?.. Булар учун одам ўлдириш чикора. Чора топишим керак. Ҳар нима бўлган тақдирда ҳам, чап бериб кетишим зарур.

Ухлолмадим. Чироқни ўчириб, ўринда қарийб икки соат у ёқ-бу ёққа ағдарилиб ётдим. Йўқ, сира бўлмади. Бу ёғи вақт кетяпти. Эртага тетик калла, тетик кўз билан ишлашим керак. Уйқусирасам, ишнинг расвоси чиқиб қолиши ҳеч гап эмас. Уйқу дори йўқ. Уни ҳеч қачон ичмаганман. Яна нима ухлатиши мумкин, деган хаёлда ўрнимдан туриб, у ёқ-бу ёққа юрдим. Сўнг бирдан музлаткичдаги шайтон суви ёдимга тушиб қолди. Эй, Тангрим, ўзинг кечир, дедим-у, ошхонага кириб, битта пиёлани тўлдириб сипқордим. Кейин ухладим. Ўзиям қотиб қолибман. Агар ҳайдовчи келиб, эшик қўнғироғини босмаганида, тушгачаям ухлайверардим.

Нонушта ҳам қилмасдан ташқарига чопдим… Машинамиз узоғи билан беш дақиқа юрди. Ундан у ёғига юролмади. Авария бўлди. Чорраҳадан қайрилаётганимизда «Жигули» биқинимиздан келиб урди. Қарсиллаган овоз эшитдим, пешонамни олд ойнага урганимни сездим. У ёғини билмайман. Йўқ, ҳушимдан кетиб қолмадим. Шунчаки воқеалар тезлиги шууримдан ўзиб кетди. Бир қарасам, ташқаридаман. Уч-тўрт одам тўпланган. Бирови ундоқ деяпти. Бошқаси бундоқ. Геннадий — ҳайдовчим «Жигули» эгаси билан бўғишиб турибди. Бошимда қандайдир оғриқ сездим. Пешонамни ушласам, қон. «Ёрилибди. Яхши бўпти, қон қотиб қолмайди» дея хаёлимдан ўтказдим. Сўнг жанжаллашаётганлар орасига тушдим. Тўғрироғи, Генанинг қўлидан ушлаб тортдим.

— Билмай қолган ёки тормози вақтида ишламаган. Жуда айблайверма, — дедим.

— Маст бу! — қич-қирди Гена. — Умуман тормоз босмаган!

Шундан кейингина мен «Жигули» ҳайдовчисига эътибор қилдим. Дарҳақиқат, унинг кўзи сузилиб турар, нималардир деб ғўлдирар, бироқ гапига тушуниб бўлмасди.

— Жанжалингдан фойда йўқ, полиция чақир, — дедим Генага.

Аммо у гапимга қулоқ солмади. Қулочкашлаб маст ҳайдовчининг башарасига мушт тушириб юборди. Алкаш орқасига ағанаш ўрнига тўғри менинг устимга қуласа денг. Яна сирғалиб ерга йиқилиш ўрнига ёқамдан маҳкам ушлаб олиб, башарасини оппоқ кўйлагимга ишқади. Жаҳл устида уни силтаб юбордим. Ағанади. Кўйлагим эса қип-қизил қонга беланди. Худди шу пайт томидаги чироқларини ўйнатиб, «вайиллаб» полиция машинаси келиб қолди. Полициячилар машинадан шошилмасдан тушишди. Ундан кейин бизнинг ёнимизга ҳам худди шу алпозда келишди. Шунинг ўзиёқ йўл транспорт ҳодисалари жонларига тегиб кетганидан, кўзлари бунақа воқеаларни кўравериб, пишиб кетганидан далолат бериб турарди. Уларнинг башараларини кўриб, қилғиликни қилибсизлар, биз келгунимизча келишиб олсанглар бўларди-ку, деган маънони уқиш мумкин эди. Яна улар ёнимизга етгунича ерда думалаб ғўлдираб ётган пиёниста ўрнидан турди. Ва ҳаммани ажаблантириб иржайди. «Мен машинангни урганим учун жавоб берсам, сен жағимга мушт туширганинг сабабли суднинг қора курсисига ўтирасан», деган тахмин бор эди унинг иржайишида.

— Ҳар доимгидай, — деди полициячилардан биттаси ёнимга келганидан кейин шапкасини ечиб, бошини қашларкан, — алмисоқдан қолган темир-терсак арзанда машинани уриб, абжағини чиқарган.

У гапириш асносида менга қаради. Кўйлагим қонга бўялганини кўрганидан кейин афтини бужмайтирди.

— Ҳар доимгидай, — дея сўнгра гапини давом этказди, — қон тўкилган. Бундан чиқди, ишкал! Яхшигина ишкал! Сен, — кўрсаткич бармоғини менга ниқтади у, — «Жигули» ҳайдагансан. Сен — осилиб келган қишлоқи!

Унинг кўзлари қисилди, афти бужмайди. Ва менга нафрат билан боқди.

— Ҳар доимгидай «ўтириб қўйгансан»…

— У эмас, — дея полициячининг гапини бўлди Гена, — манави пиёниста рулда эди.

— Нима? — ҳайратланди «йўл эгаси» ва алкашга юзланди, — сенми ҳали…

— Бўлажак ақлли генерал, — дея мутлақо кутилмаганда дона-дона гапира бошлади пиёниста, — ҳаммаси жойида. Биз келишиб оламиз. Бошингизни қотириб, ҳужжат қилиб юрасизми? Ундан кейин ҳадеб суддагилар чақиравериб, тинкангизни қуритади. Биз, албатта, келишиб оламиз ва ҳеч ким ҳеч кимнинг устидан шикоят қилмайди.

У гапира туриб, бир сиқим «кўки»ни полициячининг чўнтагига тиқиб қўйиб иржайди.

Ёниб-ўчувчи қизил таёғи билан ҳайдовчиларнинг доим юрагига ваҳима соладиган одам шу заҳоти билагидаги соатига қаради.

— Ҳа, биз бу ердан сал олдинроқ ўтиб кетганимиз боис тўқнашувни кўрмай қолганмиз. Ярим соатдан кейин бошқалар ўтишади.

У ҳар биримизга алоҳида-алоҳида маъноли қарагач, ортига бурилиб кетди. Бирга келган икки шериги дарров унга эргашди.

Пиёниста яна бир сиқим пулни Генанинг чўнтагига жойлади ва шу билан «Ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп» бўлди-қўйди.

 

***

 

Мен кийимимни алмаштириш учун изимга қайтдим. Албатта, юриш хусусиятини йўқотмаган ўзимизнинг «Жип»да. Геннадий йўл-йўлакай қўнғироқ қилиб, мени олиб кетиш учун бошқа машина чақирди.

Уйга ҳовлиқиб кирдим-да, кийимларимни алмаштирдим. Ва беихтиёр кўйлагимнинг кўкрак чўнтагига қўлимни тиқдим. Қандайдир икки букланган қоғозча чиқди. Нима экан, деган хаёлда очиб ўқидим. «Танишиб олдик. Ҳамкорлигимиз давом этади, деган умиддаман. Ўзим топаман», деб ёзилган эди унда. Бирдан хаёлимга пиёнистанинг менга осилгани келди. Падарлаънати, шу солган, дедим ўзимга ўзим.

Ўша воқеа пешингача хаёлимдан кетмади. Қайси кўчага кирмадим, нимани ўйламадим. Шундай бўлдики, икки марта ҳисоб рақамга тушган пулни илғамай қолдим. Яхшики, у бирдан ўчиб кетмайди. Сақланади. Акс ҳолда, Руслан Нагаевдан оларимни олардим.

Йўқ, бунақаси кетмайди. Бирон нима қилишим керак, бунақада жинни бўлиб қолишим ҳеч гап эмас. Куни кеча мени шайтон безовта қилган эди. Бугун унинг ёнига одамсифати ҳам қўшилди. Эртага, ким билади, уларнинг сони нечта бўлади. Шунинг учун ҳозирданоқ олдини олиш керак.

Руслан Нагаевнинг иш кабинетига қўнғироқ қилдим. Котиба кўтарди гўшакни. «Йўқ, ҳали келмади. Келиши билан айтаман. Лекин қўл телефони ишлаб турибди. Бемалол қўнғироқ қилишингиз мумкин», деди. Аммо мен унга бошқа қўнғироқ қилмадим. Ўйлаб қарасам, ўта шошқалоқлик қилаётган эканман. Ҳали арзимаган кичкинагина битта қоғозча учун шунча ваҳима. Каттароқ нарса қўлимга тушиб қолса, нима аҳволга тушаман?

Эртасига мен ўша «Жигули» эгасини кўрдим. Ишдан уйга қайтаётганимда кўча бўйида, муюлишда турган экан. Оппоқ костюм-шим кийиб олибди. Бир қарашда у кечаги пиёнистага мутлақо ўхшамас ва эътибор бермасангиз, таниёлмас эдингиз. Лекин мен уни, гарчи машина деразасидан қараган эсам-да, дарров танидим. У ким биландир гаплашиб турар ва айнан биз ўтаётганимизда кўча томонга юзланиб, мен билан кўзи тўқнашиб, иржайиб қўйди. Машина секин кетаётганди. Шу боис бир-биримизни тезда танидик. Чунки таниб олишга мойил эдик-да. Мен кўзимни олиб қочишга уриндим. Аммо улгурмадим.

Уйга етиб келиб, машинадан тушаётганимда Гена менга тўппонча берди. Бирдан этим жунжикиб кетди. Чунки умримда биринчи марта бунақанги совуқ қуролни қўлимга олишим эди.

— Шеф тайинлади. Эҳтиёткор бўлишинг керак, — деди Гена.

Ўша пайтда тўппонча менга қандайдир куч бағишлагандай эди. Бироқ уйга кирганимдан кейин негадир қўрқа бошладим. Шу боисдан бир неча марта дераза ёнига бордим-да, пардани секин суриб, ташқарига — пастга қараб олдим. «Эй, Тангрим, нималар бўлаяпти ўзи? Анави «Жигули» ҳайдовчиси ким? Нега менга осилди? Нима мақсадда чўнтагимга қоғозча солиб қўйди? Нима истайди мендан? У атайин муюлишда турган. Атайин ишдан қайтишимни кузатяпти… Йўқ, унинг дарди менга боғлиқ эмас. Уни Руслан Нагаевнинг пуллари қизиқтиради. Ҳойнаҳой, шефнинг пуллари миқдорини билиб олмоқчи бўлса керак… Қизиқ, ким унга айнан мен ҳисоб рақамни кузатиш билан шуғулланаётганимни айтди?.. Бундан чиқди, у ёлғиз эмас. Шериклари бор. Балки, унинг тепасида турганлар ҳам бордир. Улар мени кузатишни буюришгандир. «Жигули» ҳайдаб юрибди-ю, чўнтаги тўла пул. Саволлар, саволлар, саволлар… Бир куни улар мени боши берк кўчага киритиб қўймасайди». Бошим оғриб кетди. Хаёлимдагилардан қутулиш мақсадида телевизорни ёқдим. Ҳали у каналга оламан, ҳали бунисига. Бирорта кўрсатув ҳам, кино ҳам ёқмайди. Ҳаттоки бошқа пайтлари ётволиб кўрадиганим футбол ҳам қизиқтиролмади. Охири, барибир, бўлмади. Бунақада ақлдан озиб қоламан, дедим ўзимга ўзим. Любага қўнғироқ қилдим. У дарров қўнғироққа жавоб берди. Овозида қандайдир ҳорғинлик бордай эди. Яна у нимадандир асабийлашгандай туйилди менга. «Уйимга келоласанми?» дедим унга салом-аликдан сўнг. У нимага, нега, дея сўраб ўтирмади. «Ҳозироқ йўлга тушаман», деди. Телефонни ўчириб, стол устига қўйдим. Сўнг хона бўйлаб бошимни эгилтириб, қўлларимни орқага қилиб юрдим. Юрагимнинг гупиллаб уриши тезлашган, ҳаяжон борган сари кучайиб кетаётган эди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here