ДАРДИМИЁНА… (22-қисм)

0

 

* * *

 

— Бундан қутулишнинг йўли бор, — дедим ўзимга ўзим ички қўрқувни енгиш учун ва атайин полни гурсиллатиб босиб, ошхонага кирдим. Музлаткични очиб, кечаги яримтани олдим-да, турган жойимда қултиллатиб ичдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, сувдай кетди. Ўзимга ўзим қойил қолиб, руҳланиб, ютишда давом этдим. Буни қарангки, бирпасда шишанинг таги кўринди. Кейин «Эй-й, бор-э!» деб бир томчи қолгунча сипқордим. Стулга ўтирдим. Пешонамга қўлимни тирадим. «Ҳов, эшшак, — дедим ўзимга ўзим, — нима қилдинг?! Сен итни шу умидда бировнинг юртига жўнатишганмиди? Шу умиддами?!» Беихтиёр ўрнимдан сакраб турдим-да, столни қарсиллатиб тепдим. Яна тепдим. Яна. Кейин муштладим. Гўёки ҳамма бало-қазога стол айбдор-у, майда-майда қилиб ташламасам бўлмайдигандек. Чарчадим. Аммо қандайдир енгил тортиб қолгандай эдим. Одам ўзини ўзи ҳақорат қилса, бошқача бўларкан. Аламини жонсиз нарсалардан олса, енгил тортар экан.

Ишдан чиқишимдан аввал Александра исмли сариқ, йўқ, сариқ эмас, қандайдир оқ сочли қиз бўғирсоқ берганди. Уйидан олиб келган экан. Онаси: «Тушликда ейсан», деб бериб юборган экан. Лекин у тушлик учун қаҳвахонага чиқибди (тавба, ким кафени қаҳвахона деб ўзбекчалаштирган? Сира мос келмайди-я!). Бўғирсоқларни қайтариб олиб борса, онаси хафа бўларкан. Шунинг учун кўзига яхши кўринганларга бўлиб берди. Иккитаси менга текканди. Тушдан кейин эди. Йўқ, бешларга яқин. Шу бўғирсоқлар сабабми, дарров маст бўлиб қолмадим. Қайтанга каллам ишлаб кетди. Люба келяпти. Уйда ёлғиз ўзимман. У билан қанча ўтираман, билмайман. Балки, орага шайтон тушиб, кутилмаган ишларга қўл уришимизга мажбур қилиб қолар. Бунинг устига, ичдим. Ҳадемай ичкилик ҳам кароматини кўрсатиб қолса керак. Ҳозирча, ҳа, худди шундай, ҳозирча у кайфимни оширмаяпти. Бироқ яна беш-ўн дақиқадан кейин маст бўлиб қолсам-чи? Люба келганидан кейин ўзимни тутиб туролмасам-чи?.. Мен, мен уйланадиган қиз бунақа аҳволга тушиб, ана ундан кейин менга хотин бўлишини истамайман. Шошма, топдим. Топдим.

Қўлимга телефонимни олдим-у, Генага қўнғироқ қилдим. У дарров телефонини олиб: «Нима гап, тинчликми?» деди.

— Ошна, битта илтимос. Тўғрироғи, ёрдаминг керак бўлиб қолди.

— Бемалол айтавер.

— Масжидга борсанг. Имомни бу ёққа олиб келсанг.

— Эсинг жойидами? Уни нима қиласан?

— Керак, оғайни. Олиб келганингдан кейин ҳаммасини ўзинг билиб оласан. Миннатдор бўлардим. Унутмасдим яхшилигингни.

— Лекин менга қимирламаслик буюрилган.

— Мендан хавотир олма. Қўлимда қуролим бор…

— Тўппончанг ҳам иш бермай қолади. Аввал ишлатганмисан ўзи бирорта қуролни?

— Муаммоси йўқ.

— Қўйсанг-чи. Ажалимдан беш кун олдин ўлиш ниятим йўқ.

Жаҳл билан телефонни ўчирдим. Сўнг деворни тепдим. Агар шайтон сувидан ичмаганимда, ҳеч қачон деворни тепмаган, сўкинмаган бўлардим. Агар ўша заҳоти хаёлимга Зоҳид келмаганида, билмадим, нима қилардим?!

— Шошилмаяпсанми? — деди Зоҳид илтимосимни охиригача эшитганидан кейин.

— Йўқ, ҳаммасини олдиндан ўйлаб қўйганман. Фақат тезроқ бўл.

— Бўпти.

Кайфиятим тубдан ўзгарди. Қўшиқ айтиб юбордим.

Дастурхонни қўлдан келганча безатдим. Камина олдин сира бунақа юмушни бажармаган. Жуда қийин экан.

Кўп ўтмай эшик қўнғироғи жиринглади. Йўқ, бундан олдин пастда, машинада ўтирган Гена қўнғироқ қилди. «Анави қизинг келди», деди. «Шу сафар, майли, ўтказиб юбораман», деди. «Кейинги сафар огоҳлантириб қўй», деди. Мен гапиришга улгурмадим. Телефонини ўчириб қўйди.

Назаримда, Люба ҳар доимгидан-да очилиб кетгандай эди. Унинг жилмайиши ўзига шунақа ярашардики, зўрға ўзимни босдим. Шунда ҳам қўлидан ушладим. «Кир, зориқиб кутаётгандим», дедим. Унинг кўзлари чарақлаб кетди. Оҳ, бу гўзалликни кўрсангиз эди! Лекин бир ҳисобдан, кўрмаганингиз ҳам маъқул. Ахир рашк қиламан.

— Мени ҳайрон қолдирдинг, — деди у ичкарига қадам ташларкан.

— Ҳайрон қоладиганинг ҳали олдинда… Эртароқ келганинг яхши бўлди. Пишир-куйдирни яхши биласан, тўғрими? Ҳали иккаламиз камида икки хил таом пиширишимиз керак.

Ундан хушбўй атир ҳиди келарди. Боягидан маст бўлмагандим. Аммо хушбўй анбар ҳиди маст қилаёзганди. Довдираганча шошиб-пишиб гапираётгандим.

— Тинчликми? Нима бўлди? Бирорта байрам, туғилган кун борми? Сенинг туғилган кунингми? Нега эртароқ айтмадинг? — деди у саволларни қалаштириб.

— Байрам бор. Аммо туғилган кун эмас. Байрам иккаламизники… Агар сен… Агар сен… Яхшиси, дарров ошхонага юр, ҳализамон келиб қолишади. Улгурмаймиз.

— Тушунтириброқ гапирсанг-чи, нима бўлди ўзи? Ким келиб қолади? Фақат ота-онам дема. Шунақа десанг, сендан жудаям қаттиқ хафа бўламан. Чунки ота-онанг келишига бошқача тайёргарлик қилиш керак.

 

***

 

 

Мен унга жилмайганча қараб турар, сўзлагани сайин қаттиқроқ яхши кўриб кетаётган эдим.

— Сенга айтмасдан бир иш қилиб қўйдим, Люба. Агар ҳозир сен йўқ десанг, ҳеч нима бўлмайди, — дедим нигоҳимни ундан узмай. Шу билан бирга ҳали у менга жуфти ҳалол эмас. Ҳали у бегона. Тикилишим — зино. Кўз зиноси. Эй, Тангрим, Ўзинг кечир.

Минг, миллион марталаб истамасдан кўзимни ундан олдим.

— Наҳотки. Қани, айтинг-чи, жентльмен. Агар…

— Ошхонага юр, шу ерда бирон нималар пишираётиб гаплашамиз.

Люба ошхонага кирди. Фартук тақди. Мен картошка-пиёзни стол устига қўйдим. У пичоқни қўлига олди. Ўзича ўқрайган бўлди-да:

— Қўлимда қуролим бор. Тезроқ устимдан қилинган иш тўғрисида айтмасанг, қуролимдан фойдаланаман.

— Мен сенга уйланаман. Бугун. Яна бир соатлардан сўнг. Мулла келади. Никоҳ ўқийди.

Унга қарамадим. Қарамасдан гапирдим. Қараганимда ҳеч нима деёлмасдим. Қанчалик ундаги ўзгаришни кўргим келганди. Аммо нима қилайки, сўзлашдан ортиғи қўлимдан келмайди ҳозир.

— Рустам…

Унинг овози қалтираб чиқди. Шу боис Любага боқишга мажбур бўлдим. Чеҳрасида ним қизиллик пайдо бўлган, лаби билинар-билинмас титрарди.

— Рустам, — такрорлади у, — илтимос, мени қийнама. Ҳаммасини бир бошдан гапириб бер. Агар озгина ҳурматим бўлса, тушунтир.

— Айтдим-ку. Мен сенга уйланмоқчиман…

— Лекин сен мендан розилик олмадинг. Ҳаттоки ёқтиришингни айтмадинг. Бирдан уйланаман, никоҳ ўқийди, дейсан. Менимча, буларнинг бари бошқача бўлиши керак эди. Назаримда, сен менинг хўжайинимсан. Буйруқ беряпсан ва буйруғинг адо этилиши керак. Бундай ўйлаб қарасанг, мен ҳисобда йўқдайман.

— Билмадим. Бирдан ўз-ўзидан шундай қилгим келди. Чунки сени ёқтираман. Сени бошқа биров илиб кетишини истамайман.

— Сен ҳеч қачон севишингни айтмагансан.

— Фақат, фақат Яратганни севиш мумкин. Қолганларни ёқтириш, яхши кўриш мумкин.

Любанинг қўлидаги пичоқ тушиб кетди.

— Ярамас! — дея пичирлади у. — Битта гул ҳам совға қилмадинг-а. Оҳ! Аммо оригинал чиқди. Бунақасини сира кутмагандим.

— Сенсиз бўлмаяпти. Никоҳсиз ёнингга яқинлашолмайман. Мен фуқаролик никоҳи деган нарсани тушунмайман. Шунинг учун уйланмоқчиман.

— Вақт ўтиб ёқтирмай қолсанг-чи.

— Яратганга, кейин ўзимга ишонаман. Сен ёмон қизмассан.

— Сени мен ёқтирмасам-чи. Умуман олганда, мен учун ҳам қарор чиқарганинг…

— Сен розимасмисан? — дея унга термилдим.

— Мен… Мен… Мен розиман! Розиман, Рустам! — у шундай дея бирдан бўйнимга осилди ва йиғлаб юборди.

Тўғрисини айтсам, ўзимнинг ҳам ўпкам тўлиб, кўзимга ёш келди. Зўрға ўзимни босиб:

— Хоним. Хоним, ҳозир одамлар келишади. Биз эса тайёрмасмиз, — дедим.

У олдин юзимдан ўпиб қўйди. Сўнг «Жинни!» деди. Ана ундан кейин ишга киришди. У картошка арчиркан, «Ҳеч нарсам йўқ, тайёр эмасман. Одам ҳам шунақа қиладими? Ғалати. Сал олдинроқ айтганингда тайёр бўлиб келардим», дер, шунинг билан бирга овоз чиқариб куларди.

Энди биз еттинчи осмондамиз. Қўйиб берса, сакраб ўйнаб кетадиган чоғимиз бор. Оҳ-оҳ-оҳ! Ҳаммагаям шунақанги бахт насиб қилсин-да. Ҳаммаям мендайин ўзини қўярга жой тополмай, шошиб суриниб қолсин-да. Ҳаммаям қўшиқ айтиб юборсин-да.

— Ҳалиги, Люба, биласанми, мен… Мен, аслида, бошқача қилмоқчийдим. Аммо…

— Яхши йигит, — деди у жилмайганча менга тикилиб, — нечта одам келади?

— Учта… Эй-й, тўртта. Зоҳид. Кейин дугонанг Надя, мулла ва пастда бошқа иш тополмаганида мени қўриқлаб машинада ўтирган Гена…

Любанинг юзи жиддий тортди.

— Надя никоҳланаётганимни мендан олдин билдими? — дея сўради киприклари пирпираб.

— Йўқ. Униям ҳеч нимадан хабари йўқ. Биттагина Зоҳид билади. Энди унга айтмасдан иложим йўқ эди. Чунки мулла олиб келади-да.

— Сизлар бизни аниқ жинни қиласизлар. Бўпти, сен пиёз арчиб тур, мен дастурхондан хабар олайин.

Иккимиз ҳаш-паш дегунча икки хил овқатни қозонга босдик. Сўнг Люба тайёргарлигини бошлади. Мен қўлимни орқамга қилганча у ёқдан бу ёққа юриб, ўзимча режа туза бошладим.

Овқат тайёр бўлганидан кейин тахминан ўн дақиқа ўтиб Зоҳид келди. Албатта, у билан бирга Надежда ва мулла ҳам бор эди. Мен уларнинг келиши ҳақида Геннадийга хабар бериб, ўзининг ҳам меҳмонлар билан бирга чиқишини тайинлагандим.

Тўғриси, ҳамма ҳайратда эди. Ким мана шунақа ярим кечаси никоҳланади? Менимча, ҳали бунақаси бўлмаган. Лекин нима қилайин, энди тақдирнинг ўзи шунга бошқариб турган бўлса?

— Нима қиляпсан? — деди Геннадий қўлимдан ушлаб, чеккароққа тортаркан.

— Кўрмаяпсанми, уйланяпман.

— Шуни бошқа пайт қилсанг бўлмайдими? Ҳозир, бугун тунни бирга ўтказавер. Эртага…

— Бошқа гапирма, — дедим унинг гапини бўлиб.

— Унда менга қуйиб бер. Икковингнинг бахтинг учун олайин-да, пастга тушиб кетайин, — дея иржайди Геннадий.

— Бўпти.

Бор-йўғи икки қадам ташлагандим. Бирдан ўқ овози эшитилди. Дераза ойнаси чил-чил синди. Қизлардан бири чинқириб юборди.

Геннадий ташқарига югурди. Яшин тезлигида. Унинг қандай қилиб қўлидаги идишни ташлаб юборганини ва эшик ортига ўтганини сезмай ҳам қолдим. Сезганим, эшикнинг қарсиллаб ёпилгани бўлди.

Дераза ёнига бордим. Бутун гавдамни девор ортига бекитиб, пардани озгина сурдим-да, пастга қарадим. Бир одам уй ёнидаги йўлнинг ўртасида чўзилиб ётибди. Бошқа ҳеч нима йўқ. Ўқ овози бор-йўғи бир марта эшитилди. Агар ўша ўқ бизнинг деразага теккан бўлса, унда пастдаги одам қандай қилиб чўзилиб қолди.

Орадан икки-уч дақиқа ўтар-ўтмас ташқарида Геннадий пайдо бўлди. Гена у ёқ-бу ёққа қаради. Кейин телефонини олди. Қўнғироқ қилди. Менга. Мен шошиб телефонимни олдим-у, қулоғимга тутдим.

— Бизга дахли йўқ, — деди у.

— Чўзилиб ётган ким? — сўрадим ҳовлиқиб.

— Ўзаро жанжал бўлганга ўхшайди. Иккитаси қочиб кетяпти. Мен машинани узоқроққа қўяман. Йўқ, яхшиси, бу ердан кетганларинг маъқул. Йўқ жойдан бошларингга бало орттириб оласизлар, — деди Геннадий.

Шу етмай турганди. Бу фалокат энди қайси гўрдан чиқиб қолди. Геннадий ҳақ. Бу ердан кетмасак, бошимиз балога қолиб кетиши аниқ.

— Нима бўляпти? — дея сўради Люба ёнимга келиб.

— Кетишимиз керак. Деразамиз синмаганида ҳам майли эди, — дедим унга ва шоша-пиша мулланинг ёнига бораётганимда Люба қўлимдан қаттиқроқ тортиб, тўхтатди.

— Барибир, ҳеч нарсага тушунмаяпман. Нима бўляпти ўзи?! — деди у йиғламоқдан бери бўлиб.

— Люба, битта нарсани ҳеч қачон эсингдан чиқарма. Ҳеч нима ўз-ўзидан содир бўлиб қолмайди. Ҳозир тасодифлар дунёси эмас. Дарров тайёр бўл, ҳовли томондан чиқамиз.

Мулла ҳам нимадир демоқчи бўлди. Менинг ҳам унга айтадиган гапим бор эди. Шунинг учун ҳам Люба тўхтатмасидан бурун унинг ёнига кетаётгандим. Аммо Люба билан гаплашгач, тилимни тишладим.

Биз шошардик. Зиналарнинг иккитасини бир қилиб пастга шитоб билан тушардик. Қарийб тушиб бўлгандик. Бир қаватгина қолганди. Бирдан Надежда йиқилиб тушди-да, «А-а-а!» дея бақириб юборди. Ҳаммамиз тўхтаб, унга қарадик. Туфлисининг пошнаси баланд экан. Пошна ёки оёқ қайрилган. Балки, иккови ҳам баробар. Шунингдек, иккаласи ҳам жабрланганга ўхшайди. Пошна, кўриниб турибди, синиб ётибди. Оёқ-чи? Надежданинг инграшига қараганда, унга ҳам бир нима бўлган.

— Кўтар! — дедим Зоҳидга бақириб.

У аввал менга кўзини олайтириб қаради, сўнг муллага.

— Ҳали… — дея энди гап бошлаган эди ҳамки, оғзига урдим:

— Ҳали-палини йиғиштир-да, кўтар!

Зоҳиднинг билаги бақувват. Надеждадан иккитасини бемалол кўтариб кета олади. Аммо Надя бегона. Қандай кўтарсин?

— Анқовланиб тураверасанми?! — дея бақириб юбордим соф ўзбек тилида. Шундан кейин у ҳаракатга тушди. Ҳовли томон кўча тарафга нисбатан хийла қоронғи эди. Яқинига бормасанг, бировни таниёлмайсан. Яхши, дедим ўзимга ўзим, сураткаш матоҳининг «кўзи» ўтмайди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ