«Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «Иброҳим пошша ва Нигор калфанинг ташландиқ, тирик етим қизи»

0

 

Усмонийлар империясининг ўнинчи подшоҳи Султон Сулаймон тарихидан хабардорлар унинг бош вазири ва яқин дўсти Иброҳим пошша, ҳарамдаги бош калфа лавозимида ишлаб фожиали ўлим топган Нигор калфани яхши танишади. Нигор ва Иброҳим Паргали пошша ўртасида сирли муҳаббат мавжуд эди.

Ўзининг подшозода хотини Хадичанинг миннатларидан, тез-тез қуллигини эслатиб туришларидан безиб қолган Паргали Иброҳим хаёлан ўзи каби оддий бир аёлни орзулаб яшарди. Миннатлар туфайли ҳам Хадичадан туғилган Хулижаҳон қизи, Усмон ўғлига ҳақиқий ота меҳрини бера олмасди. Бир сўз билан айтганда, кўнгли совиб кетганди. Ана шундай кунларнинг бирида у Нигорни севиб қолди.

Нигор калфанинг ҳам Иброҳимга нисбатан туйғулари йўқ эмасди. Хуллас, улар хуфиёна учраша бошлашди. Иброҳим пошша Нигор билан учрашган кезларда ўзини ростакамига эркин ҳис этарди.

Шундай қилиб бу икки севишган ўртасида қизалоқ дунёга келди. Исмини Эсманур қўйишди. Иброҳим пошша султоннинг бош вазири сифатида фаолият юритиб, анча-мунча бойлик тўплашга улгурган. У бойликларни порахўрлик орқасидан тўплаганди. Султон Сулаймон эса Иброҳим оладиган уч миллион олтин танга маошнигина биларди. Иброҳим пошша порахўрлигини, тўплаган бойликларини ишончли жойга беркитиб қўйиши етти ухлаб тушига кирмаганди…

Иброҳим биларди, худо кўрсатмасин, Сулаймон Нигор билан ўзаро муносабатларидан хабар топса, уни ҳам, Нигорни ҳам тирик қўймайди. Суюкли синглисига хиёнат қилган бош вазирни биринчи навбатда қатл этади. Қизи ҳам омон қолмайди. Шу сабабли яқин дўсти, сарой айёнларидан бири Матракчи Носиҳ афандига Эсманурни узоқ-узоқларга жўнатишни буюрди. Қизи учун бир умрга етадиган бойликни ҳам Носиҳ афандининг қўлига топширди. Беш ёшигача вояга етказган энага аёлни Эсманурнинг онаси этиб тайинлади.

Энага узоқларга кетиб Иброҳим пошшанинг қизини ўз фарзандидек вояга етказиши шарт эди. Шу ўринда онаси Нигор калфа ва отаси Иброҳим Паргали ҳақида ҳеч қачон қизалоққа айтмаслиги лозим эди. Энага Носиҳ афандининг ёрдами билан олис вилоятлардан бирига бориб кичик уй сотиб олди. Шу ерда Эсманурни тарбиялади, мактабга берди. Ўзи эса Иброҳим пошша берган бойликларга қараб ўтирмай, бировларникида энагалик ҳам қилди. Ҳаммага эри ўлиб кетгани, қизи Эсманур билан ёлғиз қолишганини айтди. Иброҳим пошша ва Нигор калфа ҳақида оғиз очмади.

Кейинчалик Иброҳим пошша берган пулларнинг бир қисмига боғи бор ҳовли сотиб олди. Шу ҳовлида 16 ёшга етиб қолган Эсманурни тикиш-бичишга, тақинчоқлар ясашга ва ажойиб кийимлар безакчилиги кабиларга ўргатди.

Кунларнинг бирида уникига бадавлат бир аёл Эсманурга кўйлакка буюртма бериш учун келганди. Қизни кўрди-ю, ёқтириб қолди. Дарров ўғлига олиб бериш ҳаракатига тушди.

Эсманурга ҳам бу аёлнинг ўғли Паравий пошша ёқиб тушганди. Тез орада тўй бўлди. Энага асранди қизи ҳеч кимдан кам бўлмаслиги учун унга қимматбаҳо сеп тайёрлаб қўйди. Эсманур шу орада усмонийлар империясида таниқли чеварга айланди. Паравий пошша билан бир умрга бирга яшади. Ундан уч ўғилни дунёга келтирди. Бироқ ҳеч қачон ўзининг болалиги, ҳақиқий ота-онаси ҳақида ҳақиқатни билмай ўтди. Энага онаси аслида бегоналигини, асраб олганини биларди. Шунга қарамай, бу аёлни ўз онасидек севиб, ардоқлаб яшади. Энага онаси вафот этгач, уни ўзи дафн этди, ҳақига бир умр дуо қилиб яшади.

Фақат… Бир умр тунлари уйқусида тез-тез бир тушни кўрарди. Каттакон, ҳашаматли уйда жажжи қизалоқ турар, бу қизалоқ ўзи эканини биларди. Унинг ёнига башанг кийинган, бадавлат бир эркак келиб, Эсманур қизалоқни бағрига босарди, «бахтим», «қизалоғим» дея эркаларди. Аммо уйғонгач, бу эркакнинг юз тузилишини сира кўз олдига келтира олмасди. Шунга қарамай, қалбининг туб-тубида шу эркакка нисбатан кучли, бўронли, залворли фарзандлик муҳаббатини аниқ-тиниқ ҳис этиб турарди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади