БОЛАЛИКНИНГ АЧЧИҚ ВА ШИРИН ХОТИРАЛАРИ… (7-қисм)

0

 

«Мени ким дунёга келтирган?»

 

Бутун бошли болалигим ўтган Хонбува қишлоғини тез-тез ёдга оламан. Гарчи бу хотиралар қалбимнинг аллақаерларини ўйиб-ўйиб олса-да, барибир хотиралардан воз кечолмайман…

Бобом Тешабой Исажон ўғли, момом Баҳриниса аяларнинг нуроний чеҳралари, юзларидан ёғилиб турган нур, менгинани навбатма-навбат бағирларига босиб талтайтиришлари, ҳадеганда бир қўлимга сўлқилдоқ нон, иккинчи қўлимга оқ қанднинг саттанг-а катталарини тутқазиб қўйишлари, мактабдан келсам, уч ё тўртта косага турли таомларни сузиб олдимга қўйишлари, мен нодон бўлсам, талтайгандан талтайиб, қайсарларча ўша таомларга ҳам бурнимни жийирганларимни энтикиб-энтикиб эслайман. Ҳар эслаганимда вужудимда бетиним титроқлар туя бошлайман. Сесканиб-сесканиб, куйиб-куйиб эслайман уларни… Оламдан ўтганларига жуда кўп йиллар бўлди. Лекин хотиралар қаримас экан. Улар қалбга қандай ёшда, қай маҳалда жо бўлса абадий ўша ҳолича қоларкан. Бобом, момом ҳали ҳануз тушларимда меҳмон. Ҳануз оппоқ либосли нуронийлар билан биргаликда мени ўртага олиб узундан-узун дуолар қилишади. Алқашади, кўнглимни кўтаришади, сўнгсиздан сўнгсиз дуои жонимда бўлишади. Шундай лаҳзаларда ўйга толаман. Ахир…

«Мени кимлар дунёга келтирган ўзи?..»

Худди шу савол бағримни кемира бошлайди. Ёдимда, онам раҳматли Чўлпоной опа, дадам раҳматли Одилжон ака эди. Фақат улар уч яшарлигимда ажрашиб кетишганди. Суд мени онамнинг қарамоғига, биттагина синглимни дадамнинг ихтиёрига берган экан. Онам қишлоққа қайтгач, мени бобом ва момомга топшириб ўзи бошқа турмуш қилиб кетган…

Буларнинг барчасини яхши эслайман.

Лекин мени барибир ўша савол ўйлантираверади. Умрим бино бўлиб ота меҳри, она меҳри деган тушунчаларни идрок эта олмай, мағзини чақа олмай яшадим ва яшамоқдаман. Онам ҳам, дадам ҳам аллақачон оламдан ўтиб кетишган. Аммо бирор марта бўлсин тушимга киришмайди. Ҳеч бўлмаса, кўнгил учун тушимга кириб ҳол сўрашмайди. Фақат бобом, момомгина тушларимни жаннатларга айлантиришади. Ёруғ дунёда яшашим учун мени доимо олдинга талпинтириб туришади. Хаста юрагимнинг бир четига умид учқунини сочишади. Мен ҳар гал ўша учқунлар қуршовида олдинга интиламан, кўксимда меҳр, шафқатни туяман. Мунглидан мунгли нигоҳларимга ҳам ўша учқунлар олов янглиғ сингиб, оламга боқишларим теранлашганини ҳис эта бошлайман…

Ана шунда осмон-у фалакдан ваҳий келгандек, қулоқларим остида жуда ҳам ёқимли нолага ўхшаш садо жаранглай бошлайди.

— Туққан эмас, боққан, меҳрини берган, умрини бахшида этган, бор-у йўғини тикканларгина ота ва она бўла олади, — дейди ўша садо яна бобом, момомнинг товушида. — Сен бу қисматдан тегишли хулосалар қил. Ҳеч қачон фарзандларингдан меҳр-у шафқатни, эътибор-у хуш муомалангни дариғ тутма!..

Ҳа, шу садогина мени бугун ҳам тик оёқда тутиб туради. Бобожон-у моможонимнинг ғойибона насиҳатларини ҳам ҳақиқатга йўйишдан тийилмайман. Тийилишни истамайман ҳам! Ҳар сафар худди шу насиҳатларга амал қилган кўйи фарзандларимга меҳримни борича улаша бошлайман. Худодан қур-қур қора кўзларимнинг тушига киритиб туришимни ёлвориб сўрайвераман. Оллоҳимдан раҳматли бобомга, жаннати момомга кўпдан-кўп раҳматлар тилайман! Уларни тушларимга кириб туришдан маҳрум этмаслигини сўраб ялинаман, ёлвораман, ўтиниб-ўтиниб сўрайман… Сўрайвераман… Сўрайвераман!.

 

АЙРИЛИҚ

 

Ақлли одамлар ҳадеганда ўтмишга қайтавериш яхши эмаслигини қулоғимга қуйишса-да, барибир хаёлан олис ўтмиш сари талпинавераман. Ўтмишим гўё учқур, сераланга оловга айланиб, мени таъқиб этаверади. Мен бўлсам, бу тилсиз ёвдан қочиш баҳонасида жонажон ва азиз, мукаррам қишлоғим кўчаси бўйлаб ҳаллослаганча чопавераман. Чопганим сайин ичкарилаб боравераман…

Айтишадики, худонинг бандалари пешонасидаги ёзуқни кўради. Пешонасига не битилган бўлса, ўша битиклардан четлашга қурби етмаскан.

Хўш, менинг пешонамга не битиклар битилган?..

Бу саволни кўп бора қоронғи ва зулматга қоришиқ кечаларда гоҳ хаёлан, гоҳ тилимга кўчириб барала сўрадим. Олис-олис осмонлардан-да нарироқ ёқларга хаёлан фарёдлар қилиб ёлвордим, зорландим. Пешонамда қандай битиклар зоҳирлигидан огоҳ этишларини сўрадим…

Ваҳий келди. Акс-садо худди қулоқларим остида жаранглагандек бўлди.

Мен бу ваҳий, акс-садодан пешонамдаги битикларни англагандек бўлдим.

Пешонамнинг бир чети шўрлик, иккинчи чети хўрлик, ўртаси эса жажжигина бўшлиқдан иборат экан.

— Сен бўшлиққа умринг поёнидагина етасан, — дейишди акс-садо олиб келганлар. — Қолган умрингни эса гоҳ чап, гоҳ ўнгдаги битиклар гирдобида ўтказасан…

Ҳа, улар ҳақ. Ваҳий ҳақ. Осмон-у фалак ҳақ. Пешонамнинг чапига ҳам, ўнгига ҳам кўп бор тушганман ва тушмоқдаман.

Илк бор шўрлик таъмини уч яшар эканимда тотиб кўрганман. Ўшанда онам ва отам иблис етагида қолишган экан. Ҳе йўқ, бе йўқ ажрашадиган бўлишибди. Отам тўполон кўтарибди, онам жаврабди. Отам тинчлана олмабди. Онам тинмабди. Интиҳосида суд ҳали бир ёшга тўлиб-тўлмаган синглимни отамга, мени онамга ажрим қилиб берибди…

Эс-эс биламан. Онам мени олиб моможоним, бобожонимнинг ҳузурига келганди. Кунларнинг бирида уйимиз олдига каттакон юк машинаси келиб тўхтади. Машина тўла одам онамни ўртага олишди-ю, жўнаб қолишди. Мен бўлсам, машинанинг, онамнинг ортидан қон йиғлаганча қолавердим…

Кейинчалик моможоним гапириб берган.

Онамни ўгай отам уйига олиб кетган экан.

Мен ўгай ота нелигини тушунмасдим.

Бош силкиб қўя қолибман.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here