ДАРДИМИЁНА… (23-қисм)

0

 

* * *

 

Чўнтагимдан телефонни олиб, Геннадийга қўнғироқ қилдим-да, уйнинг охирига бориб туришини тайинладим. У дарров мени тушунди ва ортиқча гап қўшмади.

Жуда чиройли орзум бор эди. Шу орзунинг ҳозир «мазаси» қочиб турибди. Бироқ, барибир, мақсадимга етишим керак. Йўқса, бўлмайди. Тўғрисини айтсам, қандайдир қийноқ бор қалбимда. Назаримда, ўрнимда ҳар қандай йигит шу аҳволга тушарди. Яна кўча томон эшигидан чиқсак, бизни, албатта, суратга олишарди. Қаердан билдинг, демоқчимисиз? Кўнглим сезди. Ҳали айтганимдай ҳеч нарса тасодифан бўлмайди.

Машинага ўтирдик. Мулла машина юрар-юрмас норозилигини билдирди:

— Мени яқинроқ бир жойга ташлаб кетмасанглар, эртага саҳарда полиция панжарасининг ортида бўласизлар.

— Агар ўлик танангга қайтадан жон битса, сенинг айтганинг бўлади, — деди Гена тезликни янада ошираркан.

Мулла менинг ёнимда эди. Геннадийнинг гапи ёмон таъсир қилди, шекилли, тез-тез соқолини силаб қўя бошлади.

— Бизнинг сизга сира ёмонлигимиз йўқ. Менимча, Зоҳид нима қилиш учун сизни олиб кетаётганини айтган бўлса керак. Шу ишингизни қиласиз, олам гулистон, — дедим мулланинг кайфиятини кўтариш мақсадида.

— Шу ерда ҳам ўқиб қўявераман, — дея у менга иржайиб қаради.

— Кечирасиз, исмингиз нима эди?

— Ринат Маратович, — жавоб берди у.

— Ҳурматли Ринат Маратович, — дея кесатдим, — менинг эллик марта никоҳдан ўтиб, эллик марта ажрашиш ниятим йўқ. Манави ёнимда ўтирган қизга уйланаман, бўлди. У билан, насиб этса, умримнинг охиригача яшайман. Шундай экан, ҳаммаси оби-тобида бўлишини истайман. Уқдингизми?! Ёки савоб иш қилиш ниятингиз йўқми? Жонингизнинг роҳати савобдан устунми? Агар шунақа бўладиган бўлса, муллалик қилиб нима қиласиз? Масжидларда, ҳойнаҳой, ундоқ қилиш керак, бундоқ қилиш керак, деб оғиз кўпиртирасиз. Лекин ўзингиз шундоқ қилишингиз лозим бўлганида, этагингизни ёпиб кетворасиз, шундайми?!

Чидолмадим, бақириб юбордим. Ринат Маратович, афтидан, мендан бунақанги гапларни кутмаган, шекилли, киприкларини пирпиратди.

— Узр, — деди оний жимликдан сўнг, — не десангиз, мен тайёрман.

— Гена, битта уй керак. Топа оласанми? — дедим ёнимда ўтирган Любага кўз ташлаб қўйиб.

— Муаммоси йўқ. Ярим соатда етиб борамиз. Ўзи мен шу ёққа ҳайдаётгандим.

Енгил тин олдим. Ҳартугул, ҳақиқат бор экан-ку. Ҳартугул, бугун ниятимга етарканман-ку.

Аммо…

Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас Гена:

— Ортимиздан битта машина сира қолмаяпти. Ҳали ўнга, ҳали чапга буриляпман. Атайин. У ҳам орқамдан келяпти, — деб қолди.

Бирдан асабим ўйнаб кетди. Шунчалик ўйнадики, аъзойи баданим қалтираб кетди. Ёнимда елкамга бошини қўйиб кетаётган Люба қўлимни маҳкамроқ қучоқлади.

— Тсс, ҳаммаси жойида бўлади. Мана кўрасан, — деди шивирлаб.

Лекин жойида бўладиганга сира ўхшамаётган эди-да. Нима гуноҳ қилдим? Ҳеч кимни хафа қилмаган бўлсам, бировнинг томорқасига кирмаган бўлсам. Менинг ортимдан нега қолишмаяпти булар? Агар Руслан Нагаевга ишлаётганим сабаб бўлса, тўғри ёнимга келишмайдими? Бизга мана бу, мана бу маълумотларни берасан, демайдими?.. Нималар деяпман ўзи? Ким ҳам шунақа дерди? Келиб, шунақа деганида, мен айтаманми? Ҳеч қачон! Шу боис қўлга олишмоқчи, билишлари зарур бўлган нарсани айтмасам, керак бўлса, умримда кўрмаган, эшитмаган қийноқларга солишмоқчи. Яна билмадим. Балки, улар умуман менинг ортимдан тушишмагандир. Люба билан боғлиқ бирон нима бордир. Ахир у келганидан сўнг ҳаммаси бошланди-ку. Ҳар қалай, у отасининг фирмасида бир ой бўлса ҳам ишлабди. Қанчадан-қанча қинғирликларни кўрибди. Бир-иккита ишга ўзи истамаган ҳолда аралашиб қўйибди. Ота биладики, қизи бошқача, ўзига ўхшамаган. Шунинг учун унинг баҳридан ўтиб… Йўғ-э, жа унчаликка бормас. Ҳар қалай, ота-ку…

— Ҳозир боплайман, — деди Геннадий.

Шу заҳоти менинг хаёлим бузилди ва интиқлик билан Генанинг боплашини кута бошладим.

Навбатдаги чорраҳада қизил чироқ бўлмаса ҳам тўхтадик. Ортимиздаги машина ҳам тўхтади. Кўзгу орқали кўрдим. У жуда яқин келганди.

 

***

 

 

Геннадий бирдан эшикни очди-ю, машинадан тушди. Мен ҳам шундай қилдим. Геннадий костюмининг чўнтагидан тўппонча чиқарди. Югурди. Мен ҳам у билан бирга югурдим. «Мерс» ортига юрди. Аввал секин, кейин жуда тез. Генанинг тўппончаси пақ-пуқ этди. «Мерс»нинг пешойнаси чил-чил синди. Тўхтади. Сўнг Геннадий яна икки марта пақиллатди. Бу сафар арзанда машина ғилдирагининг дами чиқа бошлагани эшитилди. Мен тўхтадим.

— Геннадий! Нима қилдинг?! — дея бақирдим.

У ҳам югуришдан тўхтаб, ортига бурилди ва илдам юриб, ёнимга келди-да:

— Иш битди. Кетдик! — деди.

— Ўлдириб қўйдинг-ку, ярамас! Нега ўлдирдинг?! — дея чинқирдим.

— Ўлдирмадим. Шунчаки, ойнасини синдирдим. Тез машинага ўтир. Бўлмаса, у ҳам ўйинчоғини ишга солиб қолади.

Биз югурганча машина ёнига бориб, шоша-пиша уловга миндик.

Геннадий тўғри айтган экан. Ҳали кўпам узоқлашмасимиздан машинамизнинг орқа ойнаси чил-чил синди. Яхшики, Геннадий эгилишимиз кераклигини айтган экан. Йўқса, орқада ўтирганларнинг бирортасига, албатта, нимадир бўларди. Геннадий машинани тўхтатмади. Газни янада қаттиқроқ босди.

Ҳартугул, қолган масофани саргузаштсиз босиб ўтдик. Биров миқ этмади. Афтидан, ҳамма гапиришга-да қўрқаётган эди. Энди қўрқаётганди, десак, бироз нотўғрироқ бўлар-у, ишқилиб, гапирмади-да.

Яна кўп қаватли иморатлар гавжум бўлган маскан. Яна зинадан кўтарилиш, бешинчи қаватга чиқиш… Ўлай агар, бирор нарсага эътибор берган бўлсам. Бу қанақа уй? Кимнинг уйи? Хавотир борми-йўқми? Умуман, бунақанги нарсалар мени қизиқтирмаётганди. Ҳаттоки никоҳ ҳақидаги шаштим ҳам йўқолганди. Юқорига кўтарилаётганимизда Надежда бироз қийналди. Шўрлик афтини қанчалик буриштирмасин, бошқаларнинг диққатини оширмаслик мақсадида бирор марта ҳам инграмади. Аммо юрди. Зоҳид кўтариб олмоқчи эди, унамади. «Ўзим эплайман», деди.

Геннадий тўртинчи қават эшигини очди. Ҳаммамизни киритди. Бирма-бир хоналарни кўрсатиб чиқди. Тўғрисини айтишим керак. Уй ниҳоятда зўр эди. Сўнгги услубда таъмир, ҳар хил мебеллар, қандиллар ва ҳоказолар одамнинг кўзини олади. Албатта, асабингиз бузилмаган бўлса, ҳар қандай гўзалликдан воз кечишга тайёр турмаган бўлсангиз.

Меҳмонхонадаги юмшоқ ўриндиққа ўзимни ташладим. Ҳамда пешонамга — тиришган, буришган пешонамга бошмалдоғимни тирадим. Бир неча дақиқа шу тахлит ўтирдим.

— Нима қиляпсан? — деди Зоҳид.

Бошимни кўтариб унга қарадим. Эшик ёнида норози бир қиёфа турибди.

— Нима қиламиз энди? Нега бу ерга кириб, ўтириб олдинг? — дея бошини қашлади у.

— Нимани нима қиламиз?

— Эсинг жойидами? Нега бизни, муллани чақирдинг? Нега энди ўзинг бу ёққа кириб олдинг? Ундан кейин, анави қизинг ҳам йиғламоқдан бери бўлиб, ошхонада ўтирибди.

— Эй-й, эсимдан чиқиб кетибди. Ростини айтсам, роса чарчадим. Ҳеч нима ёқмай қолди, — дея оғриниб ўрнимдан турдим.

— Энди ёқадими-йўқми, бошлаган ишингни охирига етказишинг керак. Бўлмаса, бебурд бўлиб қоласан.

Ошхонага бордим. Дарҳақиқат, Любанинг иккала юзи ҳам қизариб кетган. Ўзи билан ўзи бўлиб ўтирган экан. У менга ҳатто қараб ҳам қўймади. Қандай кирган бўлсам, шундай ортимга қайтдим. Зоҳид меҳмонхонага керакли нарсаларни тайёрлади. Ринат Маратовични ўтқаздим. Кейин ошхонага қайтиб, Любанинг қўлидан ушладим-да:

— Юр, кетдик. Ҳамма нарса тайёр, — дедим.

У истар-истамас эргашди.

Мулла никоҳ ўқияпти. Бошига рўмол ўраб олган Люба ора-чора менга қараб қўйяпти. «Эй, Тангрим, никоҳ ўқитгунимча қийналиб кетдим. Ишқилиб, қолганини осон қилгин» дея хаёлимдан ўтказаман. Ишқилиб, қилаётган ишим тўғри бўлсин. Ишқилиб, уйимдагилар менинг қилмишимни эшитиб, хафа бўлишмасин, дейман. Ишқилиб, Люба билан умримнинг охиригача бахтли яшайин, дейман…

Мулла Любадан рози-норозилигини сўрар-сўрамас, у: «Ҳа, розиман», деб юборди. Бирдан кулгим қистади. Шу заҳоти «Учинчи марта сўраганидан кейин розилигингни айтасан, деб огоҳлантирмаган эканман» дея хаёлимдан ўтказдим.

Маросим тугади ва Люба иккимиз ҳамхоналарни меҳмонхонада қолдириб, коридорга чиқдик.

— Энди нима қиламиз? — сўради Люба жилмайиб.

— Ҳамма нарса. Энди сен менинг хотинимсан!..

Мен уни бошқа хонага олиб кирдим. Ва шу заҳоти муҳаббат ҳақида нимаики билсам, ҳаммасини бажаришга тушиб кетдим.

— Шошма, — деди Люба эҳтироснинг юқори нуқтаси томон кетаётганимда, — шошма. Одамлар бор.

— Бўлса-чи, — дедим тўхтаёлмай.

— Барибир, бошқача бўлишини хоҳлайман.

Шу онда бирдан эшигимиз тақиллади. Мажбур бўлдим ўрнимдан туриб, эшик ёнига боришга ва овоз беришга.

— Нега бирдан кириб кетдинг?! — дея бақирди Зоҳид. — Ишим битди, эшагим лойдан ўтди, дедингми? Бу ёққа чиқ. Бизгаям гувоҳлик беринглар. Фақат тез бўл. Ринат Маратовичинг минғирлайвериб, қулоқ-миямни еб ташлади.

— Зўр-ку, ҳозир чиқаман, — дедим қувонганимдан ўзбекчалаб.

Умуман, биз ўзбек тилида гаплашдик. Шу боис Люба ҳеч вақо тушунмади.

— Нима гап? Нима бўлди яна? — деди у ёнига қайтишим билан.

— Айтсам, ишонмайсан. Улар ҳам никоҳ ўқитмоқчи, эр-хотин бўлишмоқчи экан. Тез кийимларингни тўғрилаб, рўмолингни ўра.

Люба хурсанд бўлиб кетди. Шоша-пиша айтганларимни бажарди.

Меҳмонхонага кирсак, учаласи ўтиришибди бизни кутиб. Келинболанинг боши хиёл эгик. Худди ўзимизнинг қизларга ўхшайди…

Ринат Маратовичнинг юзи пул олганидан кейин ёришиб кетди. Ахир биз у кутганидан кўпроқ берган эдик-да. У кетди. Минг марта раҳмат айтиб. Минг марта иржайиб, минг марта биз ёшларга бахт тилаб кетди.

— Тўй қилмаймизми? — деди Люба мен муллани кузатиб қайтганимдан кейин.

— Тўй? Дарвоқе, тўйсиз никоҳнинг сира қизиғи йўқ. Вақт, — дея қўлимдаги соатга қарадим, — алламаҳал бўлиб қолибди, бугун кеч қолганга ўхшаймиз. Майли, шундай бўлса ҳам, тўрталамиз бугунча уйда байрам қиламиз. Ҳар қалай, Геннадий музлаткичга бирон нималар қўйиб қўйгандир. Тўйни эса эртага қиламиз, ресторанда. Таниш-билишларнинг ҳаммасини айтамиз. Ҳатто Руслан Нагаев ҳам келади. Нима дединглар?

 

***

 

 

Бу гап қизларга, тўғрироғи, келинларга маъқул тушди. Аммо Зоҳид афтини буриштирди. Кейин менгагина тушунарли бўлиши учун ўзбекчалаб тўнғиллади.

— Энди, — деди унинг бурнидан чимдиган Надежда, — менинг ёнимда фақат мен тушунадиган тилда гапирасан.

— Оёғинг оғримаяптими? — сўради Зоҳид шу заҳоти келинчагини чалғитиш учун.

— Оёғим?.. Айтганча, оёғим қайрилиб кетганди. Ёмон қайрилмаган экан-да. Шунга дарров ўтиб кетди.

Люба гапга аралашмади. Бориб, музлаткични очди ва шу ондаёқ қичқириб юборди.

— Ура! Биз хоҳлаган ичимлик бор экан!..

Танмаҳрам билан тунни ўтказиш ниҳоятда завқли экан. Албатта, Зоҳидга бу нарса янгилик эмас. Шу боис у ўзини йўқотиб қўймаган бўлса керак. Аммо мен довдирадим. Менга қўшилиб Люба ҳам довдиради…

Тун жуда тез, кўз очиб-юмгунча ўтиб кетди. Ҳаётимда илк бор тун шунчалик қисқа эканлигини ҳис этдим. Яна давом этсин, яна давом этсин, дедим ўзимга ўзим. Бироқ менинг айтганим бўлмади. Тонг отганига кўп бўлмай, қуёш ҳам жамолини кўз-кўз қилди. Аксига олиб, ётоғимиз деразаси кунчиқар томонда эди… Уйланганимни ҳали ҳеч ким билмайди. Шунинг учун тезда ишга боришим керак. Агар вақтлироқ ҳаракат қилмасам, Руслан Нагаевдан гап эшитиб қолишим ҳеч гап эмас.

Эндигина ухлай бошлаган Любанинг сочини силаб қўйдим-да, ўрнимдан турдим. Шоша-пиша ювиниб, кийимларимни кийдим. Кетар чоғим маст уйқуга кетган хотинимдан (яхшиси, келинчагим дейин. Шунда унинг ёшини қаритиб юбормайман) хабар олиб, эшикни яхшилаб ёпдим.

Геннадий ҳали-ҳамон машинада хурракни отиб ётган экан. Деразани тақиллатдим. У чўчиб тушди.

— Сендақа қўриқчидан иккитаси бўлса, ҳаммаёқни очиқ-сочиб ташласам ҳам бўлавераркан, — дедим.

У кўзини уқалаб, машинадан тушди. Кейин оғзини калишдай очиб эснади-да, ён-атрофига аланглаб:

— Бугун анави «Жигули»да кетасан. Андрей обориб қўяди, — деди ва менга бошдан-оёқ қарай бошлади.

— Ҳа, нима гап? — дея мен ҳам кийим-бошимни назардан ўтказа бошладим.

— Энди айтаман-да. Анави, оти нимайди, сизларни нима қилиб қўйган? Маратовичмиди? Ўша жа оғзи қулоғида кетди. Нима қилдинглар?

— Ҳеч нима. Руслан Нагаевга айтдингми? — дедим пешонамни тириштириб.

— Албатта. Мен…

— Бўпти, мен шошилишим керак, — деб у кўрсатган «Жигули» ёнига бордим. Кимсан, нимасан, деб сўрамадим. Шартта эшикни очдим-у, «Ҳайда. Тезроқ ҳайда, кеч қоляпмиз», дедим. Аммо ўзим сал ўтмасдан ухлаб қолибман. Шу боис жуда тез ишхонага етиб олгандай туйилди менга.

Компьютерни очиб, энди ҳисоб рақамга қарашим билан Руслан Нагаев қўнғироқ қилди. «Кечаги воқеаларнинг ҳаммасини эшитдим. Мени хабардор қилмаганинг чатоқ бўлибди. Лекин энди бундан бу ёғига эҳтиётингни қилмасанг бўлмайди. Кейин уйланиш шартмиди, шунчаки ишингни бажариб юравер эди. Аммо бундай олиб қараса, ЗАГСдан ўтмагансан. Воз кечиб кетишинг осон бўлади», деди.

Бирдан асабим қўзиб, гапириб ташладим:

— Шеф, менинг умуман унақанги ниятим йўқ. Кейин ЗАГСдан олинадиган икки варақ қоғознинг аҳамияти икки пул. Муҳими, никоҳ эди. Энди мен бошқа нарсалардан воз кечиб кетишим мумкин, аммо хотинимдан эмас. Кейин сизга сотқинлик қилмайман.

— Қизишма. Сени тушуниб турибман. Бундай олиб қараганда, қани, нима дер экансан, дедим. Бугун тўйингни ўтказамиз. Шаҳар ташқарисида. Йигитларга кўрсатма бердим. Ҳозир улар алоҳида жой ҳозирлашяпти. Шунинг учун ишингни йиғиштириб, хонимингнинг ёнига бор. Соат тахминан бешда олиб кетишади. Эҳтиёт бўл.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here