Икки мутафаккир бобокалонимизга эҳтиром

0

Адабиётни севган, уни қадрлаган юртнинг эртаси ёруғ, келажаги порлоқ бўлади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети маданият саройида Алишер Навоийнинг 578 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда икки мутафаккир бобокалонларимизнинг башариятимиз ва ўзбек адабиёти тамаддунида тутган ўрни ҳақида фикр билдирилди, деб ёзмоқда ЎзА.

Тадбирда Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари, таниқли ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон давлат консерваторияси томонидан ўтказилган тадбирда Алишер Навоий ғазалларидан намуналар ўқилди, асарлари асосида тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар“ асари асосида тайёрланган саҳна асари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

– Адабиёт халқни улуғлашга, миллат маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Шарифа Салимова. – Ўзбек мумтоз адабиётини икки буюк аллома бобокалонларимизнинг ижодисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Уларнинг қолдирган бой маънавий мероси беш юз йилдан буён адабиётимиз дурдонаси ҳисобланаётган бўлса, мен ишониб айтаман, ҳали миллион йиллар ўтади, аммо ушбу улуғвор инсонлар қолдирган хазиналари ўзидан нур таратишда давом этаверади.

Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларининг талабалар томонидан инглиз, рус, немис, француз тилларидаги таржималари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотган бўлса, мумтоз поэтикамиз дурдоналаридан янграган қуй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бахш этди.