Журналистларнинг Касб этикаси кодекси қабул қилинади: уни бузган журналистлар жавобгарликка тортилади

0

Фуқароларнинг холис, ишончли ахборот олишлари, шунингдек, журналистларнинг фикрлар хилма-хиллигини инобатга олган ҳолда ҳаққоний ва объектив маълумот тайёрлаши ва уларни етказишини таъминлаш мақсадида журналистларнинг касб этикаси кодекси ишлаб чиқилмоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабарига кўра, бу оммавий ахборот воситаларининг ўз-ўзини бошқариш усули бўлиб, бу борада ҳеч қандай суд ёки ваколатли давлат идоралари аралашмайди.

Кодекс асосида журналистларнинг сифатли ахборот етказишда масъулиятларини ошириш кўзда тутилган.

Журналистларнинг касбий мажбуриятлари, уларнинг масъулиятларини ҳимоялаш, ҳалол рақобат ва журналистлар бирдамлиги – кодекснинг бош тамойилларидан ҳисобланади.

Журналистларнинг Касб этикаси кодекси принциплари ва нормаларини бузган журналистлар кодексда белгиланган тартибга кўра жавобгарликка тортиладилар.

Кодекс «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси» (БМТ Бош Ассамблеяси, 1948 йил), «Халқаро журналистика профессионал этика тамойиллари» (ЮНЕСКО, 1983 йил), «Халқаро журналист ахлоқи тамойиллари декларацияси» (Халқаро журналистлар федерациясининг Жаҳон конгресси, 1954 йил) каби ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунчилиги қоидалари асосида ишлаб чиқилмоқда.

Манба: kun.uz