КЎЗИНГГА ҚАРАБ ЮРСАНГ ЎЛАСАНМИ? (ёки светофорнинг қизил чироғидан ўтиш балоси)

0

 

Шу йилнинг 6 февралида «Тошкент-Чирчиқ» автомобил йўлида «Nexia» автомобили 2- синф ўқувчисини уриб кетган. Фожиа маҳаллий вақт билан тахминан соат 19: 00 да содир бўлган.

Ҳайдовчи 33 ёшли Абил Мирзабеков светофорнинг қизил чироғидан катта тезликда ўтгач, йўлни кесиб ўтаётган 8 ёшли Леонид Александровни пайқамай қолган ва оқибатда уриб ўтиб кетган. Жабрланувчи зудлик билан касалхонага олиб кетилган. Врачларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, болакай касалхонада вафот этди. У ҳалокат туфайли миясидан ўта жиддий жароҳат олган экан.

Суриштирувлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, ҳайдовчи Абил Мирзабеков илгари ҳам йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузганлик учун 8 маротаба турли кўринишдаги жазоларга тортилган экан.

Ҳозирги пайтда ушбу факт юзасидан республика жиноят мажмуасининг 266- моддасига асосан жиноий иш қўзғатилган.