Англиялик ҳамшира врачларнинг қўпол хатоси касрига қолиб ҳалок бўлди…

0

 

Англиянинг Бристоль шаҳрида яшаган Жули О’Коннор (Julie O’Connor) илк бор мазаси қочиб 2014 йил сентябрида ўзи ҳамшира бўлиб ишлайдиган тиббий марказ врачларига мурожаат этганди. Аммо ўшанда у саратон хасталигига чалинганини ҳеч бир врач тасдиқламади. Улар қандайдир бошқа ташҳис қўйиб, дори ёзиб беришди. Орадан бир йил ўтгач, 49 ёшли ҳамшира О’Коннор қон кетиш жараёнини бошдан кечирди. Бу ҳолат тўхтовсиз такрорланадиган бўлди. Барибир врачлар у саратон хасталигига чалинмаганини айтиб туриб олишди. 2017 йили эса ҳамшира хусусий гинекологга мурожаат этди. Врач маслаҳатига кўра, қайта текширувлардан ўтди. Таҳлиллар олинди. Шундагина гинеколог аёлнинг жинсий аъзосида 4, 5 сантиметрли саратон шиши мавжудлигини аниқлади. Афсуски, хасталик даволаш босқичидан ўтиб бўлганди. Кеч эди. Орадан уч кун ўтгач, аёл оламдан ўтди.

— Мен хоҳлардимки, — дейди марҳуманинг эри. — Хотинимни ҳалок қилган врачлар қилмишига яраша жазосини тортса. Одамлар бизнинг аянчли тарихимиздан тезроқ хабар топишсин-у, ҳеч ким биз каби аросатда қолмасин…

Жули О’Коннор 13 йил ҳамшира вазифасида ишлаган, врачлар хатоси туфайли умуман бошқа хасталикка қарши муолажалар олган тиббий марказ директори Крис Бертон мутахасссисларнинг лоқайдлиги ва билимсизлигини тан олди. Марҳуманинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.