ДАРДИМИЁНА… (25-қисм)

0

 

* * *

 

— Қани, куёв бола, биргаликда бир отамлашайлик. Ол идишингни, мен тост айтмоқчиман, — дея Олег Абрамович ўрнидан турди.

— Кечирасизлар, мен ичмайман. Люба ҳам ичмайди. Мен ичишига йўл қўймайман. Чунки эриман. Бизда эр хотиндан бир поғона устун туради. Шунинг учун у — эр. Люба менинг хоҳишимга қараб иш қилади. Айни чоғда мен унинг бахтли бўлишини таъминлайман.

Қайнона-қайнотам қотиб қолди. Бир-бирларига қарашди. Сўнг Любага қарашди. Анастасия Березовскаянинг қўлидаги ошхона пичоғи тушиб кетди.

— Люба, бу бола нималар деб вайсаяпти?! — деди аёл қошларини чимириб.

— Ҳақ гапни айтяпти. Мен шуларнинг ҳаммасига рози бўлганман, — деди Люба унга тик қараб.

— Эсинг жойидами?! — дея бақириб юборди Олег Абрамович.

— Ҳа! — деди Люба кескин. — Ҳа! Чунки бошқача ҳаёт жонимга тегиб кетган. Менинг эркинлигим — эримга итоат этишим.

— Настя, мен нотўғри эшитдим, шекилли. Сен менга тушунтириб бер. Бизнинг қизимиз умрини қулликда ўтказмоқчими?! Ҳали бошқа нарса ҳам дер.

— Нимаси қуллик экан? — деди лаби титрай бошлаган Люба. — Нимаси?! Эримнинг кир-чирини ювсам, овқатини қилсам. Унинг рухсатисиз бирон жойга чиқмасам, қул бўлиб қоламанми?

— Ҳа, қул бўлиб қоласан. Қул! Йўқ, мен чидолмайман. Ҳаммасига чидашим мумкин, аммо замонавий давлатда, замонавий оилада катта бўлган қизнинг бирдан бунчалик паст кетиши… Ахир қондошларимиз эшитишса, нима аҳволга тушамиз?! — деб Анастасия Березовская қўллари қалтираган кўйи идишини тўлдирди ва бир кўтаришда ҳаммасини ичиб юборди.

— Сиз айтган нарсалар мутлақо қуллик деган мазмун бермайди. Мен ишлаб, пул топиб келаман. Ҳамма пулимни хотинимга бераман. Иккаламиз бамаслаҳат сарфлаймиз. Кейин мен уни…

— Ҳурматли куёв бола, — деди мийиғида кулган Олег Абрамович, — демак, сиз пул топиб келасиз ва ҳаммасини Любанинг қўлига берасиз. Демак, пул уники бўлади. Яъни овқатингизни қилгани, кирларингизни ювгани, ана борингки, уйингизни тоза тутгани учун. Хўш, шундай экан, унда сиз ниманинг ҳисобига кун кўрасиз?

— Уйга нимаики олиб келсам, иккаламизники.

— Иккингиз ҳам уни бараварига сарфлайсиз, шундайми?

— Бараварига. Аммо оилада бошқа нарсалар ҳам бўлади.

— Мен билдим, — деб Анастасия Березовская яна идишини тўлдирди, — жуда яхши билдим. Сен, — деб кўрсаткич бармоғи билан мени кўрсатди у, — қизимнинг соддалигидан, ёшлигидан фойдалангансан. Алдаб, йўлдан ургансан. Ҳозир унинг пули бор. Дадаси берган пул. Шу тугагунча у билан яшайсан. Кейин бирор нарсани баҳона қилиб, юртингга кетиб қоласан. Дарҳақиқат, бунақанги нарсалар охирги пайтларда жуда кўп рўй беряпти. Люба, яхшиямки, вақтида билиб қолдик. Бўлмаса…

У сўзлашдан тўхтади. Изиллаб йиғлай бошлади. Тўғрисини айтсам, бошим гангиб қолган эди. Буларга ичимдагиларни қандай тушунтиришни билмасдим.

— Ойи, дада. Ўзим Рустамга тегишга қарор қилдим. У мендан шу пайтгача ҳеч нима талаб қилгани йўқ. Биринчи бўлиб мен севиб қолдим уни. Чунки унда меҳр бор. Кейин у ҳақиқий эркак. Сирға тақиб юрадиганлардан эмас. Яна унинг бойлиги меникидан бир неча марта кўп. Аммо мени Рустамнинг бойлиги мутлақо қизиқтиргани йўқ. Мана, сизлар бойсизлар. Ҳар иккалангиз ҳам. Аммо бахт-чи?.. Ойим ярим кечаси қаерлардандир келади, сенинг ишинг бўладими, дада? Йўқ, бўлмайди. Дада, ўзинг ойимга нима берасан? Ҳеч нима. Агар игнадай нарсанг ўтиб кетса, туядай қилиб қайтариб олиш чорасини ахтарасан. Биз — болаларга нима бердинглар? Нима?! Мана, мени қарздорсан, дединг. Нега, айт? Ҳеч вақт бола отасидан ёки онасидан ҳам қарздор бўладими? Еган-ичгани учун ҳам, а! Мен сизлардан озгина, бир сиқимгина меҳр истагандим, бердингларми?!

— Тўхта, — дея қўлини кўтариб, Любанинг оғзини ёпди Березовская. — Сен бизнинг тилимизда сўзламаяпсан. Эсиз-эсиз.

— Мен бунақасини мутлақо кутмагандим, — деди Олег Абрамович ҳам, — сирға тақадиганларданмас, дедингми? Тушундим. Аканг Эдуардни ҳақорат қилдинг. Ўзининг йўқлигида, бизнинг олдимизда…

— Олег Абрамович, балки, Люба қаттиқ ҳаяжонланганидан баъзи нарсаларни ўтказиб юборгандир. Лекин мен сизларга қаттиқ ваъда бераман. У, албатта, бахтли бўлади. Шундай бахтли бўладики, кўриб ҳавасингиз келади. Бунинг учун мен бор имконимни ишга соламан. Бизда аёл кўпинча уйда ўтиради. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, — дедим мен орани бироз юмшатиш мақсадида.

— Рустам, кўриниб турибди, сен гўл эмассан. Москвадан шундай қизни илинтирибсан…

— Илинтирмадим, севиб қолдим. Унга уйландим. Никоҳландим. Демак, энди мен фақат ўзим учун эмас, унинг учун ҳам қайғуришим керак.

— Булар шунчаки ҳавойи гаплар. Ҳавойи гапларга мен ҳеч қачон ишонмаганман, ишонмайман ҳам. Начора, қизим сени танлабди, — деб Олег Абрамович юзини Люба томонга бурди. — Сенга маслаҳатим, ҳаммасини хат-ҳужжат қилиб қўй. Ҳамма нарсани. Ҳаттоки мана шу уйдаги ҳавониям ҳисобла. Бу маслаҳат. Энди иккинчи масала, битта фирманинг директори бўлган экансан. Ўша фирмада етарлича қинғирликлар содир этилибди. Жуда катта миқдорда пул ўмарилган… Сен турмушга чиққан йигит сени жуда қаттиқ қадрларкан. Сени кафтида кўтариб юраркан. Сен учун жонини беришга ҳам тайёр экан. Сени ўтқазиб қўйиб боқаркан. Демак, сенинг қилган қинғир ишларинггаям шерик бўлади. Ёки ўша ишни тўлалигича бўйнига олади.

 

***

 

Ҳар ким ҳар нима даражасига тушиши мумкин. Аммо отанинг пушти паноҳидан бўлган, ўз қизига қилаётган бундай иши, ўзиники тугул бегонанинг ҳам қонини қайнатиб юборади. Мен Люба ота-онаси ҳақида гапириб берганида жа унчалик бўлмаса керак, ошириб юборяпти деб ўйлагандим. Лекин ҳозир Олег Абрамовичнинг оғзидан чиқаётган гапларни эшитиб, рости, зўрға ўзимни ушлаб турибман… У жудаям юмшоқ, паст овозда гапиряпти. Бироқ ҳар битта сўзи суягинггача қақшатиб юборади. Замон қўлингда бўлса-ю, бурдалаб ташласанг.

— Ота! — бақириб юборди Люба. — Сендан бошқа ҳеч гапни эшитишни истамайман. Маслаҳатинг ўзингга сийлов. Қинғир ишлар масаласига келсак, у ҳам ўзингнинг бўйнингда. Чунки мен олдинги ўгитларингга амал қилиб, сенинг қўлингга ишга ўтишим билан… Яъни у қандайдир фирма эмас, балки сен бош-қош бўлиб, ташкил этган фирма. Хуллас, ҳар доим ёнимда диктофон олиб юрганман. Гапларингнинг барини ёзиб олганман. Яна бошқа видеоёзувлар ҳам етарлича. Шундай экан, менга қарши қандайдир макр ишлатадиган бўлсанг, ўзингни суднинг қора курсисида кўрасан!

Олег Абрамовичнинг бирдан ранги докадай оқариб кетди. Назаримда, унинг кўз ўнгидан қилган ишлари бирма-бир ўтаётгандай эди. Шартнома тузганида ичида пайдо бўлган хурсандчилик, пулларни кўрганидаги табассум, қинғирликларни бажараётганидаги ҳадик, ҳамма-ҳаммаси…

— Бундан ташқари, — гапида давом этди Люба бир муддатли танаффусдан сўнг, — шу пайтгача орттирган мол-давлатинг иккига бўлиниб кетиши мумкин. Қанақа қилиблигини ўзинг яхши биласан. Сен билганингдек мен ҳам биламан. Энди, илтимос, кетинглар. Бугун ҳаётимда бир марта бўладиган энг ажойиб, энг бахтли куним. Яъни тўйим. Афсус, сизларни тўйга таклиф қилолмайман.

Аввал Олег Абрамович, ундан кейин Анастасия Березовская ўрнидан турди.

— Люба, мен ҳеч нимага тушунмаяпман, — деди Анастасия Березовская.

— Отам ҳаммасини батафсил тушунтириб беради. Қолаверса, хаёлингда ҳамма нарсани таҳлил қилиб бўлганингга ҳам ишончим комил. Балки, сен ҳақдирсан.

Эр-хотин олдинма-кейин уйдан чиқиб кетди. Люба шу заҳоти ўзини диванга ташлади ва бирдан ўкириб юборди.

— Нега? Нега? Нега?! — дея бақирганча болишни муштлади.

— Жим, — дедим унинг ёнига ўтириб, — ҳаммаси ўтиб кетади.

— Рустам, жоним, мен ҳам ота-онамнинг тўйимда бўлишини истагандим… Лекин… Йўқ, чидолмайман. Илтимос, мени тезроқ юртингга олиб кет. Нима десанг, ҳаммасини қиламан. Фақат отамга ўхшаган маккор бўлмасанг бўлди! — дея Люба мени маҳкам қучоқлаб олди.

— Хавотир олма. Биз дунёдаги энг бахтли жуфтлик бўламиз. Энди йиғини бас қил. Ҳаммасини унут. Дарров юз-қўлингни ювиб, тайёргарлик кўр. Кечикиб қолмайлик. Дарвоқе, ҳали келин кўйлак ҳам олишинг керак. Тўйда бошқаларникига ўхшаш кийимда бўлмайсан-ку, — деб ўрнимдан турдим. Қўлимга телефонимни олиб Зоҳидга қўнғироқ қилдим. Тайёргарликни тезлатишини айтдим.

 

МУҲАББАТ ҳикояси

 

***

 

Агар Рустам бўлмаганида, очиғи, ўзимни бир бало қилиб қўярдим. Тубанлик ҳам шунчалар бўладими? Ўзи Рустамнинг жароҳатини кўриб қанчалик азобландим. Буниси ўлганнинг устига тепган бўлди. Отамга қарши ҳеч қанақанги иш қилмаганман. Яъни овозини ёзиб олмаганман, ишқий саргузаштларини видео тасмага туширмаганман. Аммо нима қилай? Нима? Ўз отамни қўрқитмасам, аҳволим янаям ёмонлашиб кетади-да. Ҳамма нарсага рози эдим. Унинг туҳматига ва ҳоказоларига. Бироқ Рустамдан ажралишни тасаввуримга сиғдиролмайман. Ахир у билан унутиб бўлмас тунни бирга ўтказдик. У менга жудаям кўп меҳр берди. Ўзини ўйламади. Олдин менинг юрагим бутунлай эриб кетсин деди. Ана ундан сўнг ўзини ўйлади. Хуллас, тунни бир умр ёдда қоладиган тарзда ўтказдики, менда шубҳа пайдо бўлди. Одам малакасизлик билан бирорта ишни оби-тобида бажариши мумкинми? Менимча, уддалаши қийин… Шошма, ота-онамга ўхшаб қолаяпман. Баъзи нарсалар борки, уни билишдан кўра билмаслик фойда келтиради. Рустам менгача нима қилган бўлса розиман. Аммо ўша менинг ичимни куйдирадиган нарсаларни бундан бу ёғига қилмасин. Отамни маъшуқаси билан кўрганимда, қанчалик даҳшатга тушдим. Бундан чиқди, мабодо, Рустам шунақа иш қилса, кечиролмасам керак.

Юзимни юваяпман-у, хаёлим шунақанги ўйлар билан банд… Бугун ўзи ғалати кун бўлди. Олдинига Надяни тополмадим. Кейин Рустам елкасини кўкартириб келди. Ҳали ўзимга келиб-келолмай турганимда, ота-онам бир дунё «юк»ини ортмоқлаганча пайдо бўлди.

— Люба, нега бунча қолиб кетдинг? — дея бақирди Рустам.

Чўчиб тушдим. Тавба, қаердалигимни, нима иш қилаётганимни ҳам унутибман. Юзимни юваверибман, юваверибман, сувни сачратаверибман, сачратаверибман, ҳамма ёғимни ҳўл қилибман.

Шоша-пиша сочиқни олиб юзимга босганча ваннадан чиқдим.

— Ўҳҳў! — деди Рустам аҳволимни кўриб. — Кўйлагинг билан бирга чўмилдингми нима бало?

Бурнидан чимчиладим ва ёнидан ўтиб кетдим.

Биз йўлга отланганимизда орадан яна роппа-роса бир соатга яқин вақт ўтганди. Рустам росаям бетоқатланди. Бўянаётган маҳалим бирор ўн марта ёнимга келиб кетди. Шунинг билан бирга ўртоғига тинимсиз қўнғироқ қилиб турди.

Ташқарига чиқсак, машина турибди. Учта. Ҳайдовчи йигитларнинг қиёфасидан билдимки, кутавериб роса тоқатлари тоқ бўлган. Рустам Зоҳидни олиб кетишни ва унинг қаердалигини айтди. Дарвоқе, Рустам эрталаб ишга кетганидан кейин Зоҳид хотини билан кетган эди. Уйига бориб Надя менга қўнғироқ қилди. Онаси жуда илиқ кутиб олибди. Хурсанд бўлишибди. Надя гапираяпти-ю, мен ичимдан зил кетяпман. Ҳатто ғашим келяпти. Ҳатто кўролмаяпман. Унинг ота-онаси қизларининг бахтидан бир қарич-бир қарич ўсаётган бўлса, меникилар никоҳимизга тиш-тирноғи билан қарши. Ахир Надя ҳам бошқа миллат вакилига турмушга чиқяпти-ку. У ҳам худди мен каби бошқа юртга кетиб қолиши мумкин-ку.

— Йўлимиз экан, — деди ҳайдовчи йигит Рустамга. — Фақат айтиб қўйинглар, тайёр бўлиб туришсин. Ўзи шундоғам нақд ярим соатга кеч қоляпмиз.

Шаҳардан чиққанимиздан кейин менинг юрагимни ҳадик эгаллаб олди. Ҳа-а, бу туйғу мен учун бегона эмас. Отам билан бирга унинг ютуғини нишонлаш учун борганимда ҳам шу аҳволга тушгандим.

Рустамнинг қўлини маҳкам қучоқладим. Қулоғига пичирладим.

— Қўрқяпман.

У менга қаради, жилмайди.

— Нимадан қўрқасан? — деди.

— Билмайман нимаданлигини. Аммо кўнглим безовта.

У мени бағрига босди. Сочимни силади.

 

РУСТАМ ҳикояси

 

 

***

 

Ресторан эшиги ёнида шахсан Руслан Нагаевнинг ўзи кутиб олди. Қизил костюм, қора шим, оқ кўйлак кийган, костюмининг кўкрак чўнтагига оқ атиргул тиқиб қўйганди. Машинадан тушишимиз билан у қучоғини очди. Кейин бирдан қўлларини туширди.

— Йўқ, мен сизлардан жудаям хафа бўлдим. Бунақа кўришмайман. Шунақанги ажойиб режаларинг бор экан-у, мени хабардор қилмабсизлар. Мен сизларнинг никоҳларингни нега Геннадийдан эшитишим керак? Адолатсизлик. Чидаш оғир бўлган адолатсизлик! — дея ҳайқирди у.

Биз эндигина машинадан тушиб, у томонга кетаётган эдик. Ҳаммамиз бараварига юришдан тўхтадик. Чунки хўжайин шундай тикилиб турардики, беихтиёр нима қиларингни билмай қоласан. Унинг қарашида ўкинч, алам, ғазаб қоришиб кетгандай эди. Оддий одам бўлса-ю, ёнига келиб елкасига қўлингни ташласанг, қандайдир кўнглини кўтарсанг, ўзингни оқласанг, кейин ҳазил-ҳузул қилиб ресторанга олиб кирсанг ярашади. Руслан Нагаев унақанги одаммас, ўзига яраша содда, ўзига яраша маишатни хуш кўрувчи ва энг асосийси ҳисоб-китобда адашмайдиган, бир ҳафта кейин бўладиган нимарсаларни олдиндан биладиган ва пишиқ-пухта одам. Жойи келади эмин-эркин гаплашасан, жойи келади ҳар битта айтадиган гапингни минг марта ўйлаганингдан сўнг, миянгда минг марта мулоҳаза қилганингдан сўнг, минг марта тарозига солганингдан сўнг сўйлайсан.

— Бопладимми?! — қичқирди у маълум танаффусдан кейин ҳаммани лол қилиб ва югуриб келганча мени бағрига босди. — Сен менга укамдан-да яқин бўлиб қолдинг, сенга ҳурматим янаям ошиб кетди. Нега олдинроқ дуч келмагансан! Табриклайман!

Йиғилганлар анчагина эди. Асосан, тан соқчилар ва уч-тўртта қиз-жувон. Ҳаммаси қарсак чалди.

— Лида! — қичқирди шеф ортига бурилиб. — Ишга кириш, унгача биз Рустам билан отамлашиб турамиз.

У Любага бир оғиз ҳам гапирмади. Шунчаки кўз ташлаб қўйди. Ҳамда мени қучоқлаб ресторан ичкарисига судради.

Мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики, Руслан Нагаев гарчи уйланганим тўғрисида эшитганига жуда оз муддат бўлган эса-да, ресторанни ҳавас қиладиган даражада безатиб ташлабди. Деворларга ҳар хил шарлар илинган ва ҳоказо ва ҳоказо.

— Бу ерда биронта байрам бўлганмиди? — сўрадим Руслан Нагаевдан.

— Бўлади. Мана бошланаяпти. Шошилинчда кўп ўхшамади. Лекин йигитлар анча ҳаракат қилишибди. Қани, столга ўтир, эллик-эллик оламиз. Мен сенга айтсам, шу бугундан бошлаб бутунлай ичишни йиғиштирган эдим. Агар авлиёси келиб ич, деса ҳам, қўлини қайтараман деб ўзимга ўзим онт ичгандим. Бироқ Любани никоҳингга олганингни эшитиб, ниятимни эртадан бошлайман дедим яна ўзимга ўзим.

У ўтирмасдан битта шишани қўлига олди-да, қадаҳларга қуйди ва шундан сўнггина Зоҳидни қўли билан имлаб ёнига чақирди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ