VPN’дан фойдаланасизми? Бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилишингиз мумкин!…

2

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 октябрдаги ​«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни билан телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланганлик (2787-модда) учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Ушбу модда нимани англатади? Бу интернет фойдаланувчисининг VPN иловасидан фойдалангани жавобгарликни назарда тутадими? Бу ҳақида kun.uz хабар қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг ​«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг 43-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига расмий шарҳ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан берилади.

Шу туфайли Жиноят кодексининг 2787-модда (телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш)си юзасидан илмий-назарий тушунтириш учун Тошкент давлат юридик университетига мурожаат қилдик.

​«2787-модда икки қисмдан иборат. Мазкур модданинг биринчи қисмига кўра ўрнатилган ҳимоя тизимларини четлаб ўтган ҳолда телекоммуникация тармоғидан фойдаланиш ва халқаро трафикни ўтказиш мақсадида телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш, шунингдек мазкур мақсадлар учун мўлжалланган махсус дастурий ёки аппарат воситаларини қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) сақлаш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратиш энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

1999 йил 20 августдаги 822-I-сонли Ўзбекистон Республикасининг ​«Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонунда «телекоммуникациялар», ​«телекоммуникациялар тармоғи» тушунчаларига таъриф берилган.

Унга мувофиқ телекоммуникациялар – сигналлар, белгилар, матнлар, тасвирлар, товушлар ёки ахборотнинг бошқа турларини ўтказгичли, радио, оптик ёки бошқа электрмагнит тизимларидан фойдаланган ҳолда узатиш, қабул қилиш, қайта ишлаш; телекоммуникациялар тармоғи эса – узатишларнинг бир ёки бир неча турини: телефон, телеграф, факсимиль турларини, маълумотлар узатиш ва ҳужжатли хабарларнинг бошқа турларини, телевизион ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминловчи телекоммуникация воситаларининг мажмуини англатади.

Қуйидаги қилмишлар Жиноят кодекси 2787-моддаси билан жавобгарликка тортилиши мумкин:

– фойда кўриш мақсадида қонунга хилоф равишда халқаро сўзлашувларни ташкил этиш;

– ўрнатилган ҳимоя тизимларини четлаб ўтган ҳолда халқаро трафикни давлатлараро узатиш;

– халқаро телефон тармоғини четлаб ўтган ҳолда трафикни ўтказиш йўли билан ғайриқонуний халқаро телефон алоқасини ташкил этиш учун Интернетдан фойдаланиш;

– ўрнатилган ҳимоя тизимларини четлаб ўтган ҳолда телекоммуникация тармоғидан фойдаланиш;

– телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланишга мўлжалланган GSM, IP, SMS-шлюзлар ва шу каби махсус дастурий ёки аппарат воситаларини қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) сақлаш ёки уларнинг фаолият кўрсатиши учун шароит яратиш ва бошқалар.

Одатда, телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланилганда GSM, IP ва SMS-шлюзлардан фойдаланилади. Бундай шлюзлар тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг

2018 йил 21 майдаги 173-сонли буйруғи билан тасдиқланган ​«Маълумотлар узатиш тармоғи, шу жумладан Интернет хизматларини кўрсатиш қоидалари»да келтирилган:

– GSM-шлюз – мобил алоқа тармоқлари ва телекоммуникацияларнинг бошқа тармоқлари ўртасида трафикни ўтказиш учун мўлжалланган аппарат-дастурий восита;

– IP-шлюз – IP тармоқлар ва телекоммуникацияларнинг бошқа тармоқлари ўртасида трафикни ўтказиш учун мўлжалланган аппарат-дастурий восита;

– SMS-шлюз – мобил телефондан фойдаланмасдан SMS хабарлар жўнатиш ва олиш имконини берадиган аппарат-дастурий восита.

2787-модданинг иккинчи қисмида оғирлаштирувчи ҳолатлар белгиланган. Яъни, сўз юритилаётган қилмишни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, шунингдек уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилиши энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади», – дейилади ТДЮУ расмий вакили.

Эслатиб ўтамиз, электрон техника воситалари ёрдамида ноқонуний равишда халқаро алоқа хизмати кўрсатиш билан шуғулланаётган шахсларнинг фаолияти фош бўлгани ҳақида аввал ҳам хабарлар берилганди. Балки муҳокаматалаб масалалар юзасидан Ўзбекистон Конституциявий суди расмий шарҳлар бериб бориш амалиётини кўпайтирар.

2 ФИКРЛАР

  1. Телекоммуникация тармоғидан фойдаланиш қоидалари тўғрисида кичик ҳажмдаги брошюралар, тарқатма варақларни ташкил этиш зарур. Бўлмаса билмаган ҳолда ушбу дастурга кириб ишлаётганлигини кўпчилик билмайди. интернет тармоғи яхши ишларкан деб ишлатиб кетаверади.

  2. Хар бир фукаро эркин маълумот излаш ва уни урганишга хукукли, агарда бу давлат сири булмаса. Бу маълумотлар хаммаси очик доступдаги маълумотлар. Интернетдаги ммаълумотлар. Уларга тусик давлат томонидан куйилган. Фейсбук Ютуб давлат сири эмас. Кани инсон хукуклари? Кани суз эркинлиги?

Comments are closed.