БАХТНИНГ БИР ЛАҲЗАСИ…

0

 

 

* * *

 

— Танюша, мен сени бир одам билан таништирмоқчийдим, — секин шивирлади Влад. — Фақат илтимос, ақлли қиз бўлиб, жилмайишни унутмагин!

— Бугунмас, — деди Таня қовоғини уйиб. — Биласан-ку, мен унақанги нарсаларни жинимдан ёмон кўраман!

— Аҳмоқ бўлганмисан? У одам жуда бадавлат. Ҳамма ҳурмат қилади. Менга жудаям керакли… Менга қара, сенга бирпас ўша билан гаплашиб кўриш шунчалик қийинми?.. Ўтинаман!..

— Сен мендан фойдаланмоқчимисан?

— Асалим, келажагимизни ўйласанг-чи!..

Таня тескари ўгирилиб олди.

— Бизда келажак нима қилсин?

— Танюша, секинроқ гапиргин! Атрофдагилар бизга қараб қўйишяпти.

— Вой Худойим!.. Бунақасини кўрмагандим… Майли, таништир ўша одаминг билан! Лекин ваъда бер, кейин мени уйимга олиб бориб қўясан! Мен жуда чарчадим.

— Албатта, жоним, — Влад аёлнинг қўлини ўпди, — Дунёнинг нариги четига десанг ҳам олиб бораман. Мен ҳозир…

Влад кўз очиб юмгунча тўпланганлар орасига кириб ғойиб бўлди…

Таня одамларга ҳиссиз кўзлар билан боқаркан, бир нарсани сира тушуна олмасди. Нега Владга бу қадар осонликча ён беради? Сўзини қайтара олмайди? Ахир, аллақачон ўрталарида бир пайтлар пайдо бўлган ёниқ муҳаббат сўна бошлаган-ку!..

Влад беш дақиқалардан сўнг ёнида кекса бир эркак билан пайдо бўлди.

— Мана, Танюша, танишинглар, бу киши ҳаммамиз учун ҳурматли Ян Олегович бўладилар!.. Бу — Танюша!..

Қариянинг ўзи гапни илиб кетди.

— Сиз билан танишганимдан бағоят мамнунман. Биласизми, сизни анчадан бери кузатиб тургандим. Жуда гўзалсиз! Сиздек аёлни кўпдан бери учратмагандим…

— Ян Олегович, рухсат берсангиз, сизларни ёлғиз қолдираман! — деди Влад кетишга чоғланиб. — Зерикманглар, мен тез қайтаман!..

Таня унинг ортидан хўмрайганча қараб қолди. Ян Олегович унинг ҳолатини сезса-да, билдирмади. Эҳтиёткорлик билан Танянинг белидан олди-да, шампан виноси ичишга таклиф этди. Аёл қаршилик қилмади.

— Сизга буер ёқдими? — сўради қария стол қаршисига бориб ўтиришгач.

— Йўқ, мен бундай тантаналарни ёқтирмайман. Ҳаммаси юзаки.

— Сиз ҳақсиз. Ишонасизми, сизнинг очиқ гапиришингиз менга жуда ёқди.

— Хурсандман.

— Йўқ, Танюша, сиз уйимга келиб аксинча мени хурсанд қилдингиз.

— Ҳали… Сизми бу уйнинг эгаси? — ҳайрат аралаш қарияга тикилди Таня. — Кечиринг, мен ўйламай гапириб юбордим! Хафа бўлдингизми?

— Асло… Қуриб кетсин шу тантаналари!.. Истасангиз, мен сизга ичкарини кўрсатардим.

— Кўрсата қолинг!

Қария уни ҳовлига олиб чиқди. Ўртага ажойиб фаввора қурилган. Ҳовлининг айлана-атрофи гулзор. Сал нарига чет эллардан келтирилган манзарали дарахтлар экилибди. Ёнида ўриндиқ. Умуман, буерни шоҳона қасрга бемалол қиёсласа бўларди…

— Майлими, сизга бир савол берсам? — қария сигарасини тутатиб Таняга юзланди.

— Майли.

— Айтинг-чи, сиздай ақлли ва гўзал аёл Владга ўхшаган йигит билан нега учрашиб юрганийкин?

Танянинг қовоғи уйилди.

— Сиз ақллилигимни қаердан била қолдингиз?

— Э, мен анча ёшга кирганман. Шундай экан, одамнинг кимлиги, қандайлигини тез англай оламан. Бу менинг иккинчи касбим, ҳа!

— Биринчи касбингиз нима?

— Танюша, келинг, яхшиси, сиз ҳақингизда гаплашамиз!.. Биласизми, агар адашмасам, сиз бахтсиз инсонсиз.

— Нега унақа деяпсиз?

— Чунки ўзимга ёқадиган одамларнинг бахтсиз бўлишини истамайман.

— Унда нимани таклиф этасиз?

— Биринчи навбатда исмимни айтиб чақиришингизни хоҳлардим. Ана шундай қилсангиз, ўзимни анча ёшарган ҳис этаман.

— Хўп, Ян, нимани таклиф қилган бўлардингиз?

— Меникига борсангиз…

— Шунда мени бахтли қиласизми?

— Йў-ўқ, аксинча сиз мени бахтиёр қиласиз. Менда бўлса, сиз учун сюрприз бор.

— Нима экан?

— Ҳозирча сир. Тез орада ўзингиз билиб оласиз.

— Қачон?

— Танюша, нега титрайсиз? Қўрқманг, керакли одамлар сиз билан боғланиб, ҳаммасини тушунтиришади… Хўп, энди борайлик!..

Қария уни яна боя танишган жойларига кузатиб қўйди-да, ўзи меҳмонлар орасига кириб кетди. Таня Владни қидира бошлади. У сал нарида икки қиз билан турар, нималарнидир тушунтириш билан овора эди.

— Влад, сен мени уйимга олиб бориб қўймоқчийдинг! — деди Таня унга яқинлашиб.

— Ие, сен қайтдингми? Хўш, қандай ўтди суҳбатларинг?

— Машинада айтаман.

— Бўпти, жоним, мен ҳозир. Машинани олиб чиқай…

Шу маҳалда соат тунги иккилар бор эди. Меҳмонлар ҳам аста-секинлик билан тарқала бошлашди. Таня қоронғиликда кўчага чиқиб ўнлаб машиналар орасидан Владникини қидира бошлади. Ниҳоят олдига машина келиб тўхтади. Таня орқа эшикдан секин ичкарига кириб ўтирди-да, Владга қараб:

— Нега турибмиз? Юрмайсанми? — дея сўради.

Влад индамай моторни ўт олдирди ва машина жойидан қўзғалди.

— Сигаретимни олиб бер! — деди Таня ўриндиққа суяниб ўтирган кўйи. — Жуда сиқилиб кетдим.

Влад қайрилмасдан қутичадаги «Парламент» сигаретини Таняга тутқазди.

— Ие, нега бунақа сигарет олдинг? Сассиқ-ку бу!..

Яна жавоб бўлмади.

— Влад, — тутунни очиқ ойнадан ташқарига пуфлаб давом этди Таня, — Менга ростини айт. Қачондан бери сен учун суюқоёққа айландим-а? Қаёқдаги қария билан таништирдинг. Наҳотки мен шунақаларнинг тенги бўлсам?.. Бу биринчиси. Иккинчидан, нега ўша қария уй эгаси эканини айтмадинг?.. Айтганча, у мени бахтли қилмоқчи экан… Сени бу нарсалар қизиқтирмайдими?.. Нимага жимсан? Оғзингга толқон солволганмисан?

— Мен Владик эмасман — эркак тўсатдан орқасига ўгирилди.

— Нима?.. Кимсиз унда? — кўз ўнгида буткул бегона йигитни кўрган Танянинг ранги оқарди. — Машинани тўхтатинг, мен тушиб қоламан!

— Қаерга тушасиз? Шу даштерда-я? Шаҳаргача ҳали ўн чақирим бор.

— Бир амаллаб етиб оларман.

— Ярим кечаси-я?

— Сиз Владикнинг машинасида нима қиляпсиз?

— Бу ўзимнинг машинам.

— У ҳолда нега мени машинангизга ўтқаздингиз?

— Мен ўтқазганим йўқ. Ўзингиз ўтирдингиз. Қарасам, жуда асабий экансиз. Индамай қўя қолдим.

— Тушириб юборсангиз бўларди-ку!..

— Ҳеч қачон таксичилик қилмаганман. Бир синаб кўргим келди… Майли, истасангиз ўшаерга қайтариб ташлаб келаман.

— Йўқ… Агар ўзингиз ҳам шаҳарга кетаётган бўлсангиз, олиб бориб қўйинг. Ҳақини тўлайман!.. Сиз ҳам меҳмонга борганмидингиз?

— Ҳа — жавоб қилди ҳайдовчи.

— Бир ўзингизми?

— Ҳа… Отингиз нима?

— Таня.

— Меники Алик. Дўстларим шундай деб чақиришади. Асл исмим эса, Олег…

Шу кўйи икковлари ҳам бир оғиз гапиришмади. Шаҳаргаетиб келгачгина, Таня тилга кирди:

— Чироғингизни ёқинг, мен йўл ҳақини тўлаб қўйишим керак!

— Шарт эмас. Сизга хизмат қилганимдан мамнунман.

— Раҳмат.

 

* * *

 

Таня уйга кириб компютерни ёқди. Кейин сигарет тутатди…

Билмайди. Мониторга тикилганча узоқ вақт ўтирди. Шу орада ярим қути сигарет чекиб юборибди…

Кутилмаганда ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Билдики, ҳозир ҳушидан кетади. Доимо шундай бўлади. Болалигидан қолган асорат бу. Тезда ўрнидан турди-да, ҳар эҳтимолга қарши ёнига спирт ва укол учун шприц-дориларни қўйди…

Бирдан қулоғи шанғиллай бошлади. Кўз олди қоронғилашди. Таня шоша-пиша ўрнидан турди. Ҳа, тезда ётиш лозим!..

«Кўп чекиб юбордим шекилли»… Танянинг охирги марта эсида қолгани шу бўлди. У ҳушидан кетди…

 

* * *

 

Дугонаси Янканикида меҳмонлар бор эди. Улар Иван Купало байрамини нишонлашяпти. Тўғри-да, бу байрамнинг бошқаларидан нимаси ёмон?..

Меҳмонлар бир соатча ичкарида ўтиришгач, бирдан ўринларидан туриб ташқарига — кўл бўйига йўл олишди. Уерда ҳаво тоза, кўлнинг муздек шабадаси жоннинг ҳузури…

Бирпасда ўртага олов ёқишди…

Таня ҳам оловдан уч метрлар нарида турарди. Йўқ, дарахтлар ортига яширинмади. Бир жойда тик турганча меҳмонларни кузата бошлади. Уни кўришди. Аммо ҳеч ким эътибор қаратмаяпти. Таня бўлса бунақанги муносабатларга кўникмаган. Аввалига ҳайрон бўлди. Қизиқ, ўзи буерда нима қилиб турибди? Қандай келиб қолди? Нега уни ҳеч ким пайқамаяпти? Ҳаммалари таниш одамлар-ку!.. Ана, Диана Максим билан учинчи қаватда туришади. Юрка билан Лина эса, бешинчи қаватдан…

Таня уларга яқинроқ боришга аҳд қилди. Лекин… Қадам ташламоқчи бўлганда, аста-секин ҳавога кўтарилди…

«Мен ўлдиммикан? — хаёлидан ўтказди у. — Бу ўзим эмас, руҳим бўлса-чи?.. Унда нега овқатнинг ҳидини димоғимда туйяпман?.. Ё ойнадан ўзимни ташладиммикан?.. Билмадим… Эсимда йўқ… Тўхта, балки сувга тушиб кўрарман?..»

Таня сувга яқин боргани билан ичига туша олмади. Кўлдан беш сантиметрлар баландликда муаллақ туриб қолди.

«Демак, аниқ ўлибман, — кўнглидан кечирди у. — Эҳ, афсус… Ҳа майли, ўлибдими, энди нариги дунёда нима гаплар эканини аниқлаб кўради. Афсус, Янканинг гўшти меникида эди. Эрталаб чиқса, мен бўлмасам… Уф-ф, роса қийналадиган бўлди-да, бечора!..»

Таня ҳавода турганерида асфалтда қонга беланиб ётган танасини тасаввур қилиб кўрди.

— Бориб кўрсаммикан?.. Э, сасиб кетгандир ҳаммаёқ… Яхшиси, меҳмонлар томонга бориб, Янкага қандайдир йўл билан белги бериб кўраман…

Ҳаш-паш дегунча Таня яна олов қаршисида ҳозир бўлди. Меҳмонлар суҳбатга берилгандан берилиб кетишибди. Астойдил қулоқ тутди.

— Нима десаларинг денглар-у, — деди Костя, — Лекин Таняга ачинаман. Ёлғиз шўрлик.

— Оббо, — гапга аралашди Янка. — Сиз эркаклар ёлғиз аёлларнинг ҳаммасига ачинасизлар…

— Нима деганинг? Ёлғизлик ёмон. Шундай кунлар бўладики, сув беришга бир одам тополмай ҳалак бўлиши мумкин киши.

— Таня ёлғизмас. Сен кўрсайдинг, унинг ёнига қанақанги машиналарда эркаклар келишади…

Бу суҳбат ҳам Танянинг жонига тегди. Аста ҳавога кўтарилиб, ўрмон ичкарисига кирди. Беш метрлар нарида нимадир ярқирагандек туюлди. Таня пастлади. Қизиқ, бу илоҳий гул… Ўрмонда қандай пайдо бўлди бу гул? Айтишларича, у нариги дунё жаннатида бўлиши лозим эди. Наҳотки, нариги дунёда юрибди?..

Ҳа, яна айтишардики, шу гулга мабодо рўпара келган одам нима тилак тиласа, албатта, ижобат бўлармиш. Қани, тилак тилаб кўрсин-чи!..

Таня гулни ердан юлиб олди-да, аста шивирлади:

— Мен бахт нима эканини билишни истайман… Мен уни ҳис қилишни истайман. Илтимос, ҳеч қурса бир дақиқагина… Шу бир дақиқалик бахт абадий давом этсин, илтимос!..

Шунда Танянинг қўлидаги гул ўз-ўзидан мовий ранг олов чиқара бошлади. Олов унинг қўлларини куйдирмас, фақат қараганда кўзлари оғрирди. Таня кўзларини юмганча кейин нима бўлишини кутди. Бироздан сўнг олов хийла пасайди. Таня кўзларини очди…

 

* * *

 

Таня кўзларини очганда полда чўзилиб ётарди. Устида компютер турадиган стол, монитор юзига тегай-тегай деб турибди. Танянинг ўзи зўрға нафас оларди. У нималар бўлганини эслашга уриниб кўрди. Ҳа, стулдан турган заҳоти ҳушидан кетган. Демак, йиқилаётиб столни ушлаб қолган-у, устига қулаган…

Хўш, энди қандай туриб олади ўрнидан?.. Қимирласа-ю, монитор тушиб кетса… Симда ток бўлса-чи?.. Таня болалигидан токка яқинлашишга қўрқади…

Яна кўзларини юмди. Қайтадан ҳавога кўтарилаётганини ҳис этди. Тағин олов ёнида пайдо бўлди.

— Худойим, бу нима ўзи?..

Мен тирикманми ўзи?.. Тирикман. Мен нимадир қилиб туришим лозим…

Кўзларини очиб, аста оёқларини қимирлатиб кўрди. Ҳаммаси жойидага ўхшади. Оҳиста қаддини кўтариб, компютер уланган жойга қўл чўзди. Улгурмади. Монитор тўсатдан полга қулади.

Шу тобда квартира эшиги очилди.

Ким бўлди?.. Калит фақат Владда бор эди-ку!..

Хурсанд бўлиб кетди. Ҳеч қачон Владнинг келишидан бу қадар қувонмаганди.

— Танюша, сенга нима бўлди? — бақирди Влад ичкарига кирибоқ ва қутқариш учун стол томон ташланди.

— Аввал компютерни ўчир! — деди зўрға Таня.

Влад ўчирди.

— Нима бўлди?.. Тўхта, сени ҳозир кўтариб оламан!..

— Тегма, оғрияпти!.. — қичқириб юборди Таня. — Қовурғам синганга ўхшайди. Яхшиси, қўлингни бер!

— Балки касалхонага олиб бориш зарурдир сени?

— Керакмас. Ҳозирмас, Владик. Бирпас ётай, ўтиб кетар…

— Майли… Ўзинг биласан… Биласанми, мен нима учун кирдим олдингга?

Влад Таняни каравотга ётқизгач, стол-стулларни жой-жойига қўйиб чиқди.

— Менга нима бўлганининг энди қизиғи йўқми? — алам билан сўради Таня.

— Танюша, бас қил! Сени яхши биламан. Бормайман дедингми, тамом!..

— Ҳа-а, нимага кирдинг олдимга?

— Икки кундан сўнг Венага учиб кетаман… Биласанми, сен Ян билан қандай келишувга эришгансан, билмадим-у, лекин у фирмам билан жуда жиддий битимни имзолади. Омадимиз кулди, жоним!.. Хуллас, сен мен билан ўша ёққа боришинг лозим. Айт, икки кун ичида тузалиб кетармикансан?

— Сен ҳайвонсан! — деди ётганерида Таня. — Сен билан ҳеч қаерга бормайман. Сени кўришга кўзим йўқ!

— Тушунмадим…

— Нимани тушунмадинг? Ўша куни қаерга, ким билан кетганимниям билмайсан… Сенга умуман қизиғи йўқ.

— Биламан. Сен бошқаси билан кетиб қолибсан…

— Шу нарсани бамайлихотиргина гапиряпсан-а?

— Нима қилай?.. Сенинг бўйнингга арқон солиб юролмайман-ку!..

— Шунақами? Унда… Калитни жойига қўйгин-да, кўзимдан йўқол!..

— Танюша, ўзимнинг бойлигим, сени қандай ёлғиз ташлаб кетаман?

— Иккиюзламачисан сен!.. Мени тинч қўй! Мен ҳозир ўзимни ёмон ҳис қиляпман…

— Бўпти, лекин врачни барибир олдингга юбораман!..

Влад шошилинч калитни жойига қўйди-да, ташқарига чиқиб кетди…

 

* * *

 

Эрталаб Янка кирди. Ранглари бир аҳвол эди. Таня зўрға ўрнидан туриб ўтирди.

— Сенга нима бўлди, Яна?

— Э, кеча қўшнилар билан Иван Купало байрамини нишонлагандик. Эрталабгача ўтирибмиз…

Таня бирдан ҳушёр тортди.

— Нечада бордиларинг? — сўради Таня.

— Соат кечкиеттиларда.

— Олов ҳам ёқдиларинг-а?

— Ҳа, сен қаердан биласан?

— Кейин… Сенинг Костянг мен ҳақимда гапирди, ростми?

— Тушунмадим… Нима, сен ҳам борганмидинг?.. Йўғ-э, у ерда сен йўқ эдинг…

— Эшит, сен унга жавобан роса мени ёмонладинг…

— Бу гапларни қаердан олдинг?

— Биламан-да!..

Таня жуда ҳайратда эди. Кечаги воқеалар билан Янканинг гаплари ҳақиқатан мос келяпти… Наҳотки?..

— Демак, гап бундай, — дея дугонасига ўгирилди Таня. — Мен сенинг ўтиришингга кирмайман. Ана, гўштингни олгин-у, кўзимдан йўқол!..

— Ўртоқжон, бу нимаси? Одам мастликда нималар демайди…

— Бор, бор!

Таня уни итара-итара квартирадан ҳайдаб чиқарди ва эшикни тамбалади.

 

* * *

 

Таня ортига қайтиб ўрнига чўзилди ва кўзларини юмди.

Қизиқ, кеча нималар бўлди ўзи?

Демак, юзтубан полга йиқилган-у, шу заҳоти бошқа бир дунёга бориб қолган.

Ўлиб кетсин!

Унинг ёдига ўрмондан топиб олган илоҳий гул, кейин… Тилак тилагани тушди. Ҳа, бир дақиқалик бахт тилаганди. Шу бир дақиқалик бахт абадий бўлишини истаганди…

Шу бахтни тасаввур қилишнинг имкони бормикан?..

Таня бироз ётгач, уйқуга кетди…

 

* * *

 

Самолёт салонида стюардесса ҳаммага ичимлик тарқатиб юрарди. Влад бир стакан ичимлик олиб Таняга узатди. Аёл Владгаеб қўйгудек тикилиб қаради.

Қандай ёмон кўради-я бу нусхани!.. Нимага у билан учишга рози бўлди? Уйда жимгина ўтираверса ўлармиди?..

— Эҳ! — деди Влад кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Венада маза қиламиз. Биз учун алоҳида дастурлар тайёрлаб қўйишган…

Таня индамай ҳожатхонага кириб кетди. Киргани ҳамоно сигарет тутатиб ойнадан ташқарига боқди. Самолёт оппоқ булутлар устидан учиб борарди.

«Оҳ, қанийди булутлар устида учиб юрсам!..» — хаёлидан кечирди у…

Хаёлидан шу сўзларнигина ўтказишга улгурди, холос. Шу пайт самолётнинг ўнг мотори портлаб кетгандек туюлди. Самолёт силтана бошлади. Ҳаммаёқ тўс-тўполонга айланди. Кимдир йиқилган, яна кимдир бор овозда қичқирган…

Фақат Таня ҳавода муаллақ турарди. Бу ҳолат ҳам узоққа чўзилмади. Самолёт қулай бошлаганда у ойнани синдириб ташқарига ўзини урди. Ерга қуламади. Аксинча булутлар узра бемалол парвоз қила бошлади…

Бир маҳал қараса, қулаб бораётган самолёт ёнида Влад ҳамер томон тушиб боряпти.

— Уф-ф… Энди Влад йўқ! — дея олди Таня…

 

* * *

 

Аёл қора терга ботиб уйғонди. Кўзларини ишқалай-ишқалай очди-ю, телефонга ёпишди:

— Алло, Влад, бу мен, Таняман!

— Нима бўлди, юлдузим?

— Илтимос, Венага учма!

— Бу нима деганинг?.. Ёмон йиқилиб, сал босинқираяпсанми дейман?

— Сен тушунмайсан… Қандайдир кўнгилсизлик юз беришини сезиб турибман. Самолёт қулаб тушиши мумкин, эшитяпсанми?

— Балки қуламас…

— Э, билганингни қил!..

 

* * *

 

Орадан икки кун ўтди. Влад кетаётиб ҳам қўнғироқ қилмади. Таня юраги ғашланиб, секин ўрнидан турди. Шу тобда эшик қўнғироғи чалингандай туюлди. Бориб эшикни очди. Остонада Алик кулиб турарди.

— Сиз?.. Қайси шамоллар учирди?

— Ўтиб кетаётгандим… Бир кўргим келди, Танюша!

— Квартирамни қандай топдингиз?

— Топдим-да!..

Ичкарига киришгач, Таня меҳмонни ошхонага таклиф этди.

— Барибир тушунмаяпман… Қандай топдингиз мени? — сўради Таня.

— Тўғрисини айтайми?

— Ҳа.

— Ян Олеговичнинг одамиман.

— Нима бўпти?

— Сизга нима десам экан?.. Билардим… Ян Олегович сизга кўз ташлаб юрганини биламан… Аммо… Мен ҳам сизни кўрганимдан кейин…

— Бу хушомадми? — йигитнинг сўзини бўлди Таня. — Эркакларнинг ҳаммасиям шу экан-да-а?.. Бир марта ётиб кўриш учун нималар деб ташлашмайди!..

— Йўқ, — Алик унинг елкасидан оҳиста тутди, — Мени ҳали умуман билмайсиз-ку!.. Ёқтириб қолганман сизни… Хоҳласангиз ишонинг, хоҳламасангиз…

— Ишонмасам нима қиласиз? — кулиб Аликнинг қўлиниелкасидан нари сурди Таня. — Шунда мени тинч қўясизми?

— Афсуски, тинч қўя олмайман…

— Ахир бошлиғингиз билан тескари бўлиб қоласиз-ку!..

— Таня, мен ҳақиқий муҳаббатни бир умр орзу қилиб яшадим. Мана, ўйлайманки, топдим ўшани. Энди менга ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди… Илтимос, мени тўғри тушунинг!.. Сизни ҳеч қачон кўз ёш тўкишга қўймайман, мана кўрасиз!..

— Йўқ, — деди Таня, — Мен бир оғиз гапга учиб, ўзини топшириб қўядиганлардан эмасман… Очиғи, эркаклардан куйганман… Тинч қўйинг мени! Ҳеч бўлмаса бугун тинч қўйинг!..

— Хўп, сиз нима десангиз шу! Билингки, доимо умидворман муҳаббатингиздан!..

Аликни кузатиб қайтгач, Таня яна Влад ҳақида ўйлай бошлади.

— Наҳотки, ўлди?.. Балки ҳаммаси бўлмаган гаплардир…

Шу пайт телефон жиринглади. Таня шошилинч гўшакни кўтарди. Ян Олегович экан.

— Танюша, — деди у негадир хириллаган овозда. — Кечиринг, мен сизга бир хунук хабарни етказишга мажбурман…

— Нима бўлди?

— Влад учган самолёт қулаб тушибди… Ҳеч ким тирик қолмаганмиш… Ҳадемай телевизор орқали ҳам айтиб қолишса керак… Фақат… Сиз куйинманг!..

Нега куйинсин?.. Бу эркакдан аллақачон тўйиб кетган… Алдаганларига куйсинми? Қўшиб бериб фойда кўрмоқчи бўлганларига куйсинми?..

Таня бўшашиб стулга ўтириб қолди. Хаёлига куни кеча кўрган нарсалар келди. Сўнгра… Илоҳий гулни эслади… Ҳа, бир дақиқалик бахт тилаганди. Шу бахт абадий бўлишини тилаганди… Демак… Наҳотки, Алик бўлса шу бахт?.. Бечора тиз чўкишга тайёр турди… Нима қилсин?.. Йўқ, у Владга ўхшаган эмас… Агар шундай бўлса, ўша кечаси бир ёққа судраб кетмасмиди?..

— Оҳ, Алик, мени кечир!.. Ўзимнинг ҳам юрагим жиз этган. Аммо бир кўришдаёқ ўзимни топшириб қўёлмасдим. Тушун!.. Кўрасан, кейинги келганингда, севгимни ошкор этаман… Чунки сен менинг бир дақиқалик, аммо абадий бахтимсан!

Татяна ВЕДЕНЕЕВА

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси