ДАРДИМИЁНА… (27-қисм)

0

 

* * *

 

Иван ўта кучлилигимни билдириб қўйиш учун бир-икки марта инқиллаб, кейин ўрнидан турди. Ваҳоланки, ўзим биламан унинг жағи қанчалик оғриганини. Инқиллаш ҳам хушомаднинг бир тури-да.

— Шеф, мендан ўтди, кечир. Бошқа бунақа қилмайман, — деди у стулини турғазиб, қайта ўтиришга шайланаркан.

— Йўқол! Чақирмагунимча кўзимга кўринма!

У қайта-қайта кечирим сўраб, чиқиб кетди. Менинг асабим яна ўйнади. Сабаби, унинг охирги қилиғи ҳам ёқмаган эди. Котибани чақирдим. Ҳар доим жилмайиб, гўзаллигини кўз-кўз қиладиган қиз бу гал жиддий қиёфада эди. Киприги пирпирарди. Демакки, қўрқаётган эди. Мен ҳам худди Иван каби балоларда қолиб кетмасмиканман, деб ўйлаётган бўлса, не ажаб. «Москвада ўт ёқсам, Петроградда тутуни», деб шунга айтишса керак-да.

— Нега кирганингни биласанми? — дея сўрадим.

— Йўқ, — деди Аниса баттар довдираб.

— Наҳотки билмасанг нима сабабдан кирганингни. Билишинг керак эди. Мен билан ишлаётганингга беш йил бўлди. Лекин ҳалигача нимага чақирганимни билмайсан. Нега шундай, Аниса?

Аниса қизариб-бўзарди. Билиб турибман, яна бир оғиз оғирроқ гап айтсам, йиғлаб юборади. Секин ўрнимдан турдим. Бир-бир қадам босиб ёнига бордим. Елкасидан қучдим, пешонасидан ўпдим. У бўлса қилт этмайди. Гўё сеҳрлангандай турибди.

— Аниса, мендан қўрқасанми? — деб сўрадим.

У юзимга ажабланиб қаради.

— Қўрқасанми-йўқми, айт, — дедим сабрим чидамай.

У елкасини қисди.

— Бу жавоб эмас. Мен қўрқинчлиманми? Мени кўрсанг, юрагинг ўйнаб кетадими? Ёки…

— Сиз қўрқинчли эмассиз, Руслан Сергеевич. Лекин… нима десам экан…

— Тушундим, — деб уни бағримдан бўшатиб, жойимга бориб ўтирдим. — Бориб менга қаҳва дамлаб кел.

У қутулганига шукр қилган одамдай бирдан ортига бурилиб, баланд пошнасини тўқиллатганча чиқиб кетди. Мен бўшашганча юмшоқ оромкурсимга суяндим. Тавба, илк маротаба роса зерика бошлагандим. Шу пайтгача вақт масаласи менда жуда оғир бўлган, ҳар дақиқам ғанимат, ҳар дақиқада ғимирлаб тураман. Энди эса ғимирлашга мутлақо хоҳишим йўқ. Уриб ўлдириб қўйинг, розиман, лекин манави-манави нарсалар қолиб кетяпти, буни ундай қилишинг, манавинисини бундай қилишинг керак ҳали, деб айтманг. Шунақа десангиз, мен сизни уриб ўлдириб қўяман. Очиғи, шундай.

Аниса кириб келди. Оҳ, унинг юришига борман-да! Бирам нозланиб, бирам чиройли юрадики, «Вой-вой-э!» деб юборасан.

— Руслан Сергеевич, аввалгидай бир ярим чой қошиғида қаҳва, бир қошиқ шакар солдим…

— Яхши, энди ўзинг ҳам ўтир. Бир маза қилиб гаплашайлик. Айтганча, ўзингга қаҳва олиб келмадингми? — дея унинг юзига тикилдим.

Аниса аввал елкасини қисиб қўйди. Кейин жилмайди.

— Менга мумкинми? — деди.

— Мумкин бўлганда қандоқ. Мен ҳам одамман, махлуқ эмасман. Яна эркалик қилишинг ҳам мумкин. Яна нозланиш мумкин. Яна… Ҳаммасини айтаверсам, қизиғи қолмайди. Демак, югур, қайнатган сувинг совиб қолмасдан ўзингга ҳам қаҳва дамлаб кел. Сенга икки дақиқа вақт бераман.

«Эҳ, дунёнинг бевафолигини кўринг. Ҳар қандай шароитда ҳам бир жойида ками бўлади. Менга нима етишмайди? Мол-давлат, обрў керагидан ортиқ. Аммо… Аммо, ҳа, топдим — меҳр деган нарсадан мосувоман. Нега шунақа? Билмайман. Четдан ўзимга қарасам, назаримда, одамларга қурбим етгунча меҳр бераман. Лекин улар менга беришмайди. Улар ўзларини олиб қочишади. Эҳ!» — дея ўзимга ўзим гапириб, қаҳвадан бир ҳўплам ичдим.

Аниса кирди. Мен кўрсатган жойга ўтирди. Қаҳвасини кафтлари орасига олди. Нима дейсан дегандай, юзимга жилмайиб қараб турибди.

— Аниса, — дея мен бошимни қашладим, — нега эрга тегмай юрибсан?

— Эрга?! — дея ажабланганча қошларини чимирди у.

— Ҳа, эрга. Чиройлисан, овозинг ҳам бошқача, яна нима десам экан… Ишқилиб, ҳаммаси жойида. Лекин сен эрга тегмай юрибсан, нега?

— Уч марта тегиб чиқдим. Аммо учовидан ҳам рўшнолик кўрмадим. Биттаси пиёниста бўлиб кетди, иккинчиси бандит, учинчиси артист эди. Кунда янги маъшуқа орттирарди. Жонимга тегиб, ажрашдим. Мана, қанча вақтдан бери ўзим маза қилиб яшаяпман.

— Ёлғон. Учта эрни кўрган аёл тўртинчисини кўришни истамайдими? Истайди.

— Муаммо орттириб олмоқчимасман.

— Менга тегсанг-чи…

Анисанинг бирдан юзи қизарди. Ҳайратланганча боқди.

— Ҳалиги… мен ҳам оппоқ эмасман, албатта. Аммо плюсларим минусларимдан кўпроқ деб ўйлайман. Шундай экан, туппа-тузук эр бўлоламан. Ишонмайсанми менга?

Аниса кулди. Бошини қимирлатди.

— Ишонаман. Фақат эр-хотин бўлишдан олдин улар бир-бирини севиши керак эмасми?

— Севишиб кетаверамиз. Муҳими, сен мени ёмон кўрмайсан, тўғрими? Мен ҳам худди шундай.

— Лекин севмайсиз-ку. Шунчаки ёмон кўрмаслик билан бўлиб қолмайди.

— Қаердан биляпсан? Балки, севарман. Анави янги йигитни яхши танийсан. Рустамни. Уйланганидан ҳам хабаринг бўлса керак. Менинг сенга ҳозир қилаётган таклифим эмас, унинг уйлангани ғалати бўлди. У билан бирга шериги ҳам уйланди. Иккаласи ҳам рус қизига.

— Бир-бирларини севиб қолишгандир-да.

— Балки, аммо ғалати томони, сен билан аввал бирга яшай, сени обдан ўрганай, ана ундан сўнг уйланишни ўйлаб кўраман, демади. Суриштирдим. Улар тўйгача қарийб бир-бирининг қўлини ушламаган.

— Наҳотки?! — дея бирдан овоз чиқариб кулиб юборди Аниса.

— Ҳа, худди шундай. Йигитлар тўйгача, аниқроғи, никоҳгача қизлар билан яшашни исташмаган. Зўр-ку, тўғрими? Бир марта кўнглинг кетди, тамом-вассалом. У ёғи таваккал.

— Билмадим, Руслан Сергеевич, билмадим. Одам қолган умрини кимгадир ишониб топшириши учун…

— Сен ўша уч марта эрга тегишингдан олдин улар билан бирга яшагансан, тўғрими? Тўғри. Хўш, нима бўлди? Нега бир умрга етмади севгиларинг, нега?

Аниса бошини эгди. Мен қаҳва ичдим. Асабим ўйнай бошлади. Негалигини ўзим билмайман, лекин ўйнаяпти. Ич-ичимдан Анисани сўкким келяпти. Нега? Бунисини ҳам билмайман. Балки, у менга ишга киргунича уч марта эрга тегиб чиққанидандир. Балки, кейин ҳам ким-кимларнингдир кўнглини овлагани учундир. Овламаган бўлса-чи… Ишониш қийин.

— Аниса, фақат тўғрисини айт, учинчи эринг билан ажрашгач, ҳаётингда яна бошқа эркаклар бўлганми? — дедим унинг юзига тикилиб.

— Йўқ, бўлмаган. Мен ёқтирмай қолганман эркак зотини. Уларга ишонмайман.

— Лекин биологик томондан…

— Йўқ, Руслан Сергеевич, балки, мавзуни ўзгартирармиз. Шу нарса тўғрисида сира гаплашгим йўқ. Ҳатто сиз билан ҳам.

— Ана энди менга ёқа бошладинг. Шу пайтгача сени масъулиятни яхши ҳис қиладиган ходима сифатида хуш кўрардим. Энди-энди аёлга қарагандай қараяпман. Хўш, таклифимга розимисан? Фуқаролик никоҳида яшамаймиз. Бирдан ҳаммасини рисоладагидай бажарамиз. Розимисан-йўқми, шуни айт менга!

— Бу буйруқми?

— Буйруқ… Шошма, буйруққа ўхшаб қолди. Узр. Таклиф. Ҳа, таклиф қиляпман.

— Бирон жойга таклиф қилмайсизми? Айтайлик, ресторанга. Мен ўйлаб олардим.

— Бўпти, келишдик. Қаҳвангни ич. Тайёргарлик кўришни мендан сўрама. Ишхонадан тўғри кетамиз.

Аниса жилмайиб қўйди ва қаҳвасини кўтариб чиқиб кетди.

 

***

 

 

Мен қандайдир енгил тортгандай бўлдим. Айни чоғда ўйламай қилаётган ишимга ўзим ҳам ҳайрон эдим. Тавба, ҳаммаси бирдан бўлиб кетди-я. Аниса хонамга кирмаганида, эҳтимол, унга бунақанги таклиф қилмаган бўлардим. Бу менинг иккинчи марта режалаштирмай қилган ишим бўлди. Олдин Рустамнинг амалини оширишда шундай қарорга келдим. Аммо Иваннинг гапида ҳам жон борга ўхшайди. Бекорга уни урдим. Албатта, у бу калтакни эслаб қолади. Пайт пойлайди ва, албатта, ўч олишга уринади. Ҳозир ёнимда, менга яқин жойда. Ўч олиш имконияти кенг. Агар мендан узоқлашиб кетса, яқинлашиши қийин бўлади. Демак, қасд олиши ҳам муаммо. Иккинчиси — Рустам. У усталик билан ўзини кўрсатишни биларкан. Яъни соддалик билан. Ортиқча гапирмайди. Ўзини ниҳоятда содда ва ҳалол кўрсатади. Бироқ бунинг тагида бошқа бир нима ётади. Бундай одамлар, одатда, улкан режага эга бўлишади. Жуҳудга уйланиши ҳам шундан далолат.

Қаҳвани охиригача ичдим-да, ишга берилдим. Шу билан ҳаммаси унут бўлганди. Аммо кечга томон Аниса билан ресторанга боришга тайёргарлик кўраётганимда қўнғироқ бўлиб қолди. Рустамни отиб кетишибди.

 

 

РУСТАМ ҳикояси

 

 

Тўғриси, мен тўйни бунақа тугайди деб сира кутмагандим. Тўғрироғи, Руслан Нагаевнинг шунақанги қилиқлари ҳам борлигини билмасканман. Тўполон камлик қилгандай тўппончасидан ҳам ўқ узди-я. Мол-давлатим, таниш-билишларим кўп деб одам ҳар нарсани қилиб кетавериши мумкин экан-да. Ўлай агар, тўйга розилик берганимга миллион-миллион марта пушаймон едим. Кайфият ер билан битта бўлиб уйга қайтяпмиз. Ўша Руслан Нагаев совға қилган уйга. Лекин бу ёққа ҳам келишни сира истамагандим. Аммо борадиган жойим ҳам йўқ. Агар Люба ёнимда бўлмаганида, топардим ўша жойни… Шошма, меҳмонхонага кетсак-чи. Чўнтагимда пулим ҳам бор. Бўлди, меҳмонхонада яшаймиз бирор ҳафта.

Машина шаҳарга кириб, бир оз юрганидан кейин Генага машинани тўхтатишни буюрдим.

— Вақт алламаҳал бўлиб қолди. Нима қиласизлар бу ерда? — деди у норози бўлиб.

— Ёш келин-куёвлармиз, тўйдан кейин сайр қилишни, пиёда сайр қилишни ният қилгандик. Хавфсизлигимиздан ҳам хавотир олма. Бизга бировнинг кўзи учиб тургани йўқ. Тўхтат машинани!

— Шеф…

— Тўхтат! — бақириб юбордим бирдан.

Ҳайдовчи ноилож тормозни босди. Тўрталамиз тушдик. Хийла хилват жой. Машиналар ҳам кам. Бундай ўйлаб қарасанг, тонггача роса айлансанг, ғуборинг ёзилади. Бироқ мен сайр қилишни истамаётгандим. Шундай юмшоқ ўринга ўзимни ташлаб, тошдай қотиб ухламоқчийдим. Шу боис Геннадийнинг кетишини кутиб, Люба билан қўлтиқлашганча бир оз юрдим. Қарасам, Гена кетмаяпти. Машинасида орқамиздан секин келяпти. Йўқ, бунақаси кетмайди. Чидолмайман. Ҳозир портлайман.

— Мен ҳозир, — дедим Любага ва унинг қўлтиғидан қўлимни чиқариб олдим ҳамда Генанинг машинаси ёнига бордим.

У мени машинага чиқади, деб ўйлади, шекилли, орқа эшикни очмоқчи бўлиб ортига энгашди.

— Йўқол, мен сенга айтдим-ку айланамиз, деб. Одаммисан ўзинг? Кет, дегандан кейин кетгин-да. Ёки ёзма равишда маълум қилайми? «Илтимос, бизни ёлғиз қолдиринг», деб ёзиб, тагига имзо чекайми?! — дедим.

Генанинг бурун катаги кенгайиб олди. Кейин газни босди. Бирдан. Охиригача. Машина озгина зўриққанидан кейин олдинга отилди ва кўз очиб юмгунча қораси кўринмай кетди.

— Хафа бўлди, лекин менга барибир. Хафа бўлса, ундан нарига! — дедим ва йўловчи машиналарга қўл кўтара бошладим.

Биттаси тўхтамади. Иккинчиси тўхтамади. Учинчиси… Люба югуриб келди. Қўлимдан маҳкам ушлади.

— Рустам, жонгинам, ўзингни бос, илтимос! Ҳеч бўлмаганда, мен учун. Майлими?! — деди кўзидан ёшини дув-дув оқизиб.

— Люба, ҳаммаси жойида бўлади. Биласанми, аслида, мен сендан кечирим сўрашим керак. Чунки, биласанми, тўйинг… умрингда бир бор…

У бирдан лабим устига кафтини қўйди.

— Юртингда зўр тўй қиламиз, ота-онанг бўлади, қариндош-уруғинг бўлади. Тўғрими? Буниси ҳисобмас. Бунисида шунчаки ўтирдик. Шунчаки кўргазмали чиқиш қилдик…

Унинг пешонасидан ўпдим.

— Ниҳоятда ақллисанки, баъзида ўзимдан ҳам қизғанаман сени… Мен шунчаки бояги уйга боришни хоҳламадим. Меҳмонхонага борамиз. Биров гапирадиган бўлса, баҳонамиз бор. Тўйимиз куни эркалик қилгимиз келди. Маъқулми?

Люба мени маҳкам қучоқлади.

— Жиннивой, шуни бир оғиз айтиб қўйсанг бўларди-ку. Ҳаммамизнинг бўларимиз бўлди.

Люба билан қўлтиқлашиб нарироқда бизни кутиб турганлар ёнига бориб, ниятимизни айтдик.

— Унда биз Зоҳид билан уйимизга кетамиз, — деди Надежда.

Унинг гапи менга озгина оғир ботди. Энди, майли, баъзан одамзот оғзидан чиқаётган сўз қайси манзил томон кетаётганига эътибор бермайди.

— Яхши, сизларга ҳавасим келяпти, — дедим ичимдагини юзимга чиқармай.

Шу куни Люба дилимдаги ғуборни ёзиш учун кўп уринди. Эркалашлар, ширин сўзлар, келажакдаги улкан орзулар… Мен ўзимни хушчақчақ тутардим. Бироқ, барибир, сира кўнглим ёзилай демасди. Охири ухлаб қолибман.

Эртаси тушга яқин уйғондим. Люба мендан олдин турибди. Ювинган, таранган, яна ресторандан номеримизга овқат буюртма қилган экан.

Унинг оқилалигини кўкларга кўтардим. Айни чоғда «Сал иқтисодга эътибор берса бўларди» деган ўй ҳам ўтди миямдан.

— Мен ишга бормайман, — дедим овқатланаётиб. — Уч-тўрт кун дам оламан. Кейин бориб, балки, Руслан Нагаев билан орани очиқ қилиб келарман. Ҳар қалай, унинг қўлида бошқа ишламоқчимасман. Сени оламан-да, юртимга кетаман. Бу ернинг қоп-қоп пули ҳам керакмас. Бунинг ўрнига тинчгина яшаймиз. Миллион-миллион одам ризқини топиб юрибди-ку.

Люба хурсанд бўлиб кетди. Ўрнидан оҳулардай сакраб турди-да, столни айланиб ўтиб, ортимдан қучоқлаб олди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ