Ўзбекистонда аёллар онкологик касалликка қарши эмланади

0

Ўзбекситонда аёлларда учрайдиган бачадон бўйни саратонининг олдини олишга қаратилган Одам папилломаси вирусига қарши вакцина жорий қилинмоқда.
Таъкидланишича, ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 370 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, шулардан 190 мингтаси ушбу касаллик оқибатида вафот этади. Ўзбекистонда эса бачадон бўйни саратони энг кўп учрайдиган саратон касалликлари орасида иккинчи ўринда. Касалликлар орасида хавфлилиги кўрсаткичи бўйича эса бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратони хасталиклариидан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар орасида бачадон бўйни саратонидан ўлим кўрсаткичи иккинчи ўринда туради. Шундай қилиб, папиллома вируси касалликларининг салмоғи юқори бўлиб, уни олдини олиш учун самарадорлиги юқори ва хавфсиз бўлган одам папилломаси вируси вакцинаси билан эмлаш орқали бачадон бўйни саратони билан касалланишнинг камайишига эришиш мумкин.

ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул ходими Камола Сафаевага кўра, дунёда ОПВга қарши вакцина билан қизлар 2006 йилдан бошлаб эмланади. Юздан ортиқ мамлакатлар ундан фойдаланиш учун рухсат олган, улардан 74 таси вакцинани ўзларининг миллий эмлаш календарига киритган. Кўп йиллик ўрганишлар вакцинанинг самараси 10 йилдан ортиқ эканини кўрсатмоқда.

“Миллий эмлаш календари бўйича юртимизда болалар 12 та бошқариладиган инфекцияга қарши давлат ҳисобидан профилактик эмланади, уларни қўллаш эвазига кўп йиллардан буён қатор касалликларнинг олди олиняпти”, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова.

Британиялик олимлар саратоннинг еттита асосий аломатларини санаб ўтишди

Таъкидланишича, жойларда Глобал вакцина ва иммунизация альянси ёрдамида қурилаётган музлатгичли омборларда вакциналар сифатли сақланади ва тарқатилади. Вакциналар жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга олиб келина бошлайди ва октябр ойидан бошлаб 400 минг нафарга яқин 9 ёшли қизлар мактабларда ва тиббиётнинг бирламчи бўғинларида эмланади.

sputnik.uz