Озода Нурсаидованинг юрак хуружига сабаб бўлган сир очилди!

0

Бундан 10 кун аввал хонанда Озода Нурсаидованинг тоби қочиб, юрак хасталиги билан шифохонага ётқизилган эди.

Энди маълум бўлишича, хонанданинг юрак хасталиги билан шифохонага ётқизилишига унинг Яккасарой туманида жойлашган ва айни дамда истиқомат қилиб келаётган уйининг бир қисми бузиб ташланиши сабаб бўлган. Бу ҳақда унинг синглиси Нилуфар Нурсаидова маълум қилган.

Озода Нурсаидова бу уйни 2004 йилда харид қилган. Шундан буён муаммолар давом этиб келаётган эди. Йиллар давомида Озода Нурсаидованинг хонадони орқа тарафида жойлашган давлат ташкилоти ерга эгалик ҳуқуқини, яъни хонандага тегишли уйнинг бир қисми давлат ерига қурилгани ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганини даъво қилган. Бўлиб ўтган суд йиғилишларида гоҳ у тараф, гоҳ бу тарафнинг қўли баланд келган.

Сўнгги бор Озода Нурсаидовага Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ янги кадастр ҳужжатлари тақдим этилган ва уйи бузилишига нисбатан таҳдид йўқ бўлган.

Икки ой ўтар ўтмас, жорий йил бошида яна Нурсаидованинг хонадони бузилиши билан боғлиқ машмашалар бошланган. Хонанданинг қўлида ҳужжатлари бўлишига қарамасдан, 2019 йилнинг 8 февраль куни Яккасарой тумани МИБ ходимлари ва қатор алоқадор ташкилотлар вакиллари иштирокида огоҳлантирувсиз бузиш ишлари бошлаб юборилган. Бузиш шу куни соат 22:30 га қадар давом этган. Мазкур воқеалар ортидан хонанданинг аҳволи оғирлашган.

Маълум бўлишича, Озода Нурсаидова яшаб турган уйнинг ортидаги давлат ери деб даъво қилинаётган ерлар аллақачон хусусийлаштирилган.

Хонанданинг синглиси Нилуфар Нурсаидова қўлида барча ҳужжатлар борлиги ва Президент фармонига асосан уйи 2018 йилнинг ноябрь ойида қайта расмийлаштирилишига қарамасдан бузиб ташланган.

qalampir.uz