АЛАМЗАДА… (26-қисм. ИККИНЧИ ФАСЛ)

0

 

* * *

 

Бу узрлар Севинчнинг қулоғига кирмади. Тезроқ катта кўчага чиқиш, отасининг ёнига етиб олиш илинжида ташқарига отилди.

Дарвозадан ўтиб не кўз билан кўрсинки, йўл четида қизил «Жигули» турарди. Машинанинг олд ўриндиғи олиб ташланибди. Ўриндиқ ўрнида эса Мелибой мироб жавдираганча ўтирарди. Севинч уни кўриб сал қурса додлаб юбораёзди. Жонҳолатда бориб машина эшигини очди-да, миробни маҳкам қучоқлаб олди.

— Мени қандай топиб келдингиз, дадажон? — йиғлаш асносида отасининг икки юзидан ўпа-ўпа сўрарди Севинч. — Ахир… Қаерга кетганимни билмасдингиз-ку!

Мироб унинг икки юзини кафтлари орасига олди-да, кўзларига боқиб боши билан нималаргадир ишора қилди.

— Отажон, башоратчи бўп кетинг-э, — деди энди йиғлашдан тўхтаб Севинч. — Бунақада мени қўрқоқ қилиб қўясиз-ку!.. Майли, майли, бас, кетамиз, кетамиз!

Севинч илкис бошини кўтарди-да, ҳайдовчига юзланди.

— Амаки, бизни отам келган жойга обориб қўйинг, илтимос! Йўл ҳақини тўлаймиз!..

Афсуски, ҳайдовчи ҳали жавоб беришга улгурмай, дарвоза очилиб Сарвар чиқиб қолди. У бегона машина, мироб ва Севинчга бир муддат тикилиб турди-да, илдам юриб келиб ҳайдовчига ўшқирди:

— Ҳўв, бобой, пишириб қўйибдими бу ерда? Нимага машина қўйдингиз? Суринг беттан! Ўзингизга ёмон бўлади! Отахонни машинадан тушириб ҳов анави «Волга»га ўтқазинг! Бўлинг тез-э!

Шундоқ ҳам ҳовлининг ҳашаматини, атрофдаги шоҳона машиналарни кўриб адо бўлаёзган ҳайдовчи Сарварнинг хезланишидан сўнг шошиб қолди. Ҳатто, пастга тушаётиб бошини машинаси темирига уриб ҳам олди.

— Х-хўп, ўғлим, хўп, ҳозир ест қиламиз-да! — ҳайдовчи пилдираганча машинани айланиб ўтиб миробни аравачаси билан даст кўтариб олди ва дарҳол Сарвар кўрсатган «Волга»га ўтқазиб қўйди.

Қайтгандан кейин ҳам узоқ қолиб кетмади. Бир неча марта Сарварга қуллуқ қилиб, машинасига ўтирди-ю, газни босди. Мелибой миробни олиб келгани учун йўл ҳақи олишни-да унутди…

Машина Толибнинг ҳовлисига олиб бориладиган серқатнов йўлга бурилганданоқ, мироб безовталана бошлади. Бошини орқага буриб Севинчга нималардир демоқчидек ғўлдиради. Кейин эса Сарварга «Машинани тўхтат» ишорасини қила бошлади.

— Нима бўлди, бобой? — миробнинг нима демоқчилигини тушунмай савол назари билан унга боқарди Сарвар тормозни босишга шошилмай. — Ҳожатга чиққингиз келдими? Ҳозир етамиз, бирпас чидаб туринг энди!

— Биз ҳув анави кўприк устида қоламиз, — отасининг ўрнига жавоб қилди Севинч зарда билан. — Отам машинани тўхтатишингизни сўраяпти.

— Тўхтатиш? — елка қисди Сарвар. — Сизларни уйга олиб боришим буюрилган. Йўлда қолдиролмайман.

— Тўхтатаси-из! — беихтиёр бақириб юборди Севинч. — Ҳақингиз йўқ бизни олиб юришга! Тўхтатмасангиз… Ҳозир бошимни ойнадан чиқараман-у, дод соламан!

— Вей, вей, жиннимисан? Ақлинг жойидами? — Сарвар кескин тормоз бериб машинани кўприк устида тўхтатди. — Вой томи кетган-эй!.. Э, менга тинчлик керак, билдингми?.. Дод солармиш! Бор, тушсанг тушавер! Менга нима? Толиб акага ҳаммасини айтаман-қўяман! Тушларинг!

Севинч пастга тушиб, Мелибой миробни аравачаси билан бирга амал-тақал ерга тушириб олди.

Сарвар атайин ўрнидан жилмай, хўмрайганча ўтираверди.

Улар тушиб эшик ёпилгани ҳамоно сўкина-сўкина газни босди.

 

* * *

 

Вақт хуфтондан ошиб кетганди. Серқатнов йўлда машиналар ғиз-ғизи ҳам камайиб қолибди.

Севинч мироб ўтирган аравачани бўшашган кўйи ғилдиратиб айлана йўл орқали кўприк остига тушди.

Буёғига худодан паноҳ сўраш, отаси икковининг жонини қисмат етагига топширишга мажбурлигини ўйлаб юраги эзилди. Эзгинлик туфайли ўпкаси тўлиб келди. Унсиз йиғлаб аравачани четроқда тўхтатди-да, чўнқайиб, тутқичларни маҳкам қучоқлаб олди. Шу йўл билан аламдан чиқишга, ўтган гап-сўзларни унутишга, келажакни ўйламасликка умид боғлади. Аммо кутилмаганда мироб тинчликни бузди. Ортга ўгирилди-ю, қизининг билагини маҳкам сиқимлаб олди.

Севинч қоронғиликда отасининг кўзларига боқди. Миробнинг кўзларидан шашқатор ёш оқар, кўкси билинар-билинмас кўтарилиб тушарди.

— Энди нима қиламиз, дада? — деди ниҳоят зулмат қаърига қўрқа-писа назар ташларкан. — Кўчада қолишга қолдик. Киссамизда бир чақа йўқ. Кимга ялинамиз? Кимларнинг кўзига мўлтираймиз?

Мелибой мироб қизига жавобан икки қўлини олдинга чўзди-да, нималардир дея ғўлдиради. Унинг нима демоқчилигини Севинч дарров тушунди.

— Уёқда нима бор? — норозиланиб аравачани олдинга ғилдиратди Севинч. — Ҳеч ким йўқ-ку! Тамом бўламиз-ку, дада!

Мироб унга жавобан «йўқ, сен ноҳақсан» деган каби бош чайқади.

— Демак, мана шу йўл четида, кўприк остида тунашимиз керак-а? — оғир хўрсиниб узоқ-узоқларга умидвор термилди Севинч. — Бизни кимларга айлантириб қўйишди-я! Туппа-тузук қишлоқда юргандик, сизам мироблигингизни қили-иб, тинчгина ишлардингиз. Энди-чи? Аҳволингизни қаранг, дада, сизга қараб турсам, додлагим келаверади. Дунёларига ўт қўйсам дейман!

Мелибой мироб жонҳолатда Севинчнинг билагидан тутди-да, юзини босиб олди ва «У-у-у» лаганча ўксиб-ўксиб йиғлади. Умрида эркак кишининг бу қадар куйиниб йиғлаганини кўриб ўрганмаган Севинч ростакамига тамом бўлаёзганди. Миробнинг елкаларини сийпалаб, худди гўдакдек овутишга уринар, аммо отаси ҳадеганда йиғлашни бас қилай демасди.

Шу маҳал узоқдан машина ўқдек учиб келди-да, уларнинг рўпарасида тўхтади.

Севинчнинг жони чиқиб кетаёзди. «Тағин Толиб қувлаб келдимикин?» деган хаёл миясига яшиндек урилиб, беихтиёр қақшай бошлади.

Бахтига Толиб эмас экан. Машинадан башанг кийинган ўрта яшар эркак тушди-да, аравачада мунғайибгина қолган миробга, Севинчга бирпас қараб турди. Сўнгра киссасини ковлаб бир даста пул чиқарди.

— Ма, қизим, — пулларни Севинчга узатди эркак. — Шу маҳалда кўчада тиланманглар! Одам қолмаган-ку кўчада! Бунинг ўрнига дадангни уйга олиб бор, мазали таомлар пишириб бер! Олақол, тортинма, она қизим, ол!

Севинч шошиб қолди. Олай деса, ҳаётда бирор марта бировдан садақа олиб кўрмаган. Олмасликка эса очлик, йўқсиллик йўл бермасди.

Нима бўлса-да, Севинч кўзларини ерга қадаган ҳолда қизариб-бўзариб, минг хавотир ва хижолатда, номусдан ўлай деб пулларни эркакнинг қўлидан олди. Олган заҳоти мироб илкис бошини кўтариб, икки қўлини дуога очди. Кўзларидан дув-дув ёш оқиб эркакни дуо қилди. Яна нималардир дея ғўдирлади. Эркак унга ачиниш аралаш қараб тургач, Севинчнинг елкасига қоқа-қоқа, тасикн берган бўлиб жўнаб кетди.

Энди ота-болага янги ҳаёт эшиклари очилгандек эди. Пулларни сиқимлаган кўйи отасига савол назари билан боқаркан, Севинч хаёлан худога шукр қилди. Ора йўлда қўймагани, очликдан силлаларини қуритмагани учун ташаккур изҳор этди. Кейин эса ўзини қўлга олиб аравачани олдинга ғилдиратди. Шаҳар ичкарироғига киришни, отасининг қорнини тўйдириш, чанқаган бўлса, қаердандир сув топиб, чанқоғини қондириш пайида бўлди.

 

* * *

 

Орадан икки кун ўтди. Толибдан дарак бўлмади. Севинч энди буткул босқинчи таъқибидан халос бўлишгани, буёғига ҳеч ким уларни безовта қилмаслигига амин бўла борди. Ўзига қолса, отасини олиб қилшлоққа жўнарди. Бироқ Мелибой мироб икки кун ичида кўпчиликда қизиқиш уйғотиб улгурди. Садақа ташлаш илинжида келганларга синчиклаб боқиб, уларнинг муаммолари қандайлиги, бу муаммони ечиш сирларини қоғозга ёзган ҳолда айтиб бера бошлади-ю, атрофларидан одам узилмай қолди. Ота-болага башорат тўғри чиққанидан руҳланган кекса бир кампир уйининг тўрини ҳам бериб қўйди. Уй, барибир уй экан-да, Севинч шу кеча тиниқиб ухлабди. Кўнгли сокин тортганиданми, туш ҳам кўрмабди. Шоша-пиша ўрнидан турди-да, миробга нонушта тайёрлади. Ўзи ҳам ул-бул тамадди қилган бўлди. Кейин отасини аравачага ўтқазиб, кўчага йўл олди.

Шошилмасалар бўлмасди. Бугун кечагидан кўпроқ одам келиши, икковларини шошириб қўйишлари мумкин…

Киссага мўмай пул туша бошласа, ётар жойинг тайинлигини билсанг, бошқача экан. Тиланчилик жуда тез фурсатда башоратчилик билан алмашгандан бери Севинч қўли қўлига тегмай пул санайди, отаси қоғозга ёзиб берган башоратларни мижозларга ўқиб эшиттиради. Бугун ҳам аҳвол деярли шундай кечди. Севинч майда-чуйда пулларни халтачага жойлайверди, қоғозларга битилган битикларни эгаларига ўқиб бераверди. Кимдир мамнун кулса, қўшилишиб кулди, дарди, қисмати оғир кечишини олдиндан эшитиб, қайсидир қиз ёки жувон йиғласа, бирга йиғлади. Бироқ чарчамади. Аксинча руҳан енгил тортди. Атиги уч кунда кўча ҳаётига ҳам кўникибди. Ўзи ҳеч қачон кўрмаган, тиллашмаган одамлар билан зумда танишиб, чақчақлашаверди, дардлашаверди, ўз андуҳларини ичга ютиб бўлса-да, уларнинг дардига малҳам қидираверди.

Ниҳоят вақт шомдан оғиб, ота-бола ёлғиз қолишди. Шу тобда миробнинг ҳам кайфи чоғ эди. Фалокатга йўлиққандан бери илк бор ярим жон қаддини тик тутиб, Севинчга майин жилмайди. Хижолати ортдими, юзидаги оқиш доғларни кафтлари билан яшириб олди.

Севинч отасининг мамнунлигини кўргач, яна бир қоп семирди. Тезроқ ижара уйга етгиси, овқатга уннагиси, йўқ, олдин отаси кулганини айтиб уй бекаси Маржон кампирга мақтангиси келди. Шу ниятда аравачани олдинга етаклади. Негадир Мелибой мироб билакларини маҳкам ушлаб олди. У Севинчнинг сумкасидаги қоғоз-ручкага ишора қила бошлади.

— Уф-ф, дадажон, уйга етволсак бўлмайдими? — норозиланди Севинч. — Қаранг, қоронғи тушиб қолди! Майлими? Уйга боргандан кейин оберсам бўладими қоғоз-ручкангизни?

Мелибой мироб норози бош чайқаб, илтимосини адо этишга ундайвергач, сумкани ковлаштириб, сўраганларини қўлига тутқазишга мажбур бўлди.

Мироб бу гал жуда шошарди. Атроф нимқоронғи эканига қараб ўтирмади. Бир нечта сатрларни қоғозга туширди-да, қизига тутқазди.

У қуйидаги жумлаларни қоғозга туширганди:

«Ҳозир қиёмат бўлади. Толибнинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Уни қувиб келишяпти. Ғанимлари Толибнинг бошига етиш ҳаракатига тушган. Кетишга шошилма! Унинг аҳволини ўз кўзинг билан кўр!..»

Мелибой мироб битикларига ишонқирамай жавдирай бошлаган қизига қараб ўз фикрларини бош қимирлатиш билан маъқуллаб қўйди.

Шундан сўнг орадан икки дақиқача вақт ўтди. Бир маҳал улар томон бир нечта машина қувлашиб кела бошлади. Машиналар шу қадар тез келардики, Севинч қандай аравачага ёпишиб панага олганини пайқамай қолди.

Олдинда келаётган қора «Волга» кўприк тугаган жойга етганда, ўнгга қайрилди. Афсуски, катта тезлик хавфсиз бурилишга йўл бермади. Машина бир неча марта ағдарила-ағдарила йўл четига чиқиб кетди. Қолган машиналар эса бирдан тўхтаб, чамаси ўн чоғли барзанги пастга тушди ва ағдарилган машина тарафга тек қараб қолди.

«Волга»нинг ғилдираклари мотор ишлаб тургани боис ҳануз ғиз-ғиз айланарди. Аммо ичидан ҳеч ким чиқа қолмас, товуш ҳам бермасди.

— Толибни худо раҳматига олган бўлсин! — деди барзангилардан бири. — Абжағи чиқиб кетган, хавотир олмаларинг! Энди у ифлос йўқ, бўлмайдиям! Хўш, кетдикми?

Ёнидагилар таклифни маъқуллаб бош ирғагач, барча машиналарга ўтирди.

Улар жўнаб кетишди. Севинч эса бақрайганча кўприк устуни панасида турар, аъзойи бадани дағ-дағ титрарди.

Мелибой мироб тўсатдан Севинч томон ўгирилди-да, қўли билан «Бор» ишорасини қила бошлади.

— Й-йў-ўқ, қўрқаман, дада, — аравача тутқичини янада маҳкамроқ ушлаб олди Севинч. — Ҳозир ёниб кетади машина. Ичида…

— М-м-м-м… А-а-а-а!!! — лади мироб норозилигини оҳанг ёрдамида билдиришга уриниб.

— Ўлиб қолган бўлса-чи? Мен… Ўликлардан қўрқаман!

Мироб боши билан «Ўлмаган» деган каби белги берди. Шундан кейингина Севинч аравачани эҳтиёткорлик билан олдинга ғилдиратиб ағдарилган машинага яқин борди. Борди-ю, кимнингдир машина ичидан «вой»лаётгани қулоғига чалинди. Бу Толибнинг товуши эди. Эшитиб, Севинчнинг юраги энтикди. Тўсатдан иситмаси кўтарилган банда каби пешонасини маржон-маржон тер босди. Энтикиш бўғзига қадар эгаллаб олди. Нимадир демоқчи, Толибга овоз бермоқчи бўлди. Уддалай билмади. Тили каловланиб қолаверди. Шунда Севинч ғилдираб кетмаслиги учун аравача ғилдирагига тош тираб қўйди-да, таваккал машинага жуда яқин бориб, ойналарини муштлай бошлади.

— Толиб ака, тирикмисиз? — Севинчнинг ўзини йиғиштириб олгач, илк тилига кўчирган сўзлари шу бўлди.

Салондан бир неча кишининг баравар иҳлагани эшитилди.

Севинчнинг юраги ҳаприқди. Ўпкаси тўлиб ҳиқиллаганча машина эшигини очишга урина бошлади. Бахтга қарши сира кучи ета қолмади. Бир неча ўн карра эшикни ўзига торта-торта, чарчаб, ерга ўтириб қолди.

Мироб ҳам наридан туриб нуқул турли-туман товушлар берар, Толибнинг тирик эканига шаъма қиларди.

— Дада-а, — дея йиғи аралаш қичқирди Севинч аламига чидолмай. — Очолмаяпман эшикни, очолмаяпман! Толиб акам ўлиб қолади ҳозир, ўлиб! Нима қилай-й?

Мелибой миробнинг тоқати тоқ бўлдими, аравачани зарда билан ўзи ғилдиратиб келди ва Севинчни туртиб ўрнидан қўзғалишга ундади.

Қиз ота далдаси таъсирида қайта ўрнидан турди-ю, тағин машина эшикларини очиш ҳаракатида бўлди.

Бу сафар ҳаракатлари зое кетмади. Эшикни қийнала-сиқтала аранг оча олди. Толибни қўлларидан маҳкам чангаллаганча ташқарига судради. Кийимлари қонга ботишига-да қараб ўтирмади. Кетидан шерикларини судраб йўл четига олиб чиқди. Талваса ичида икки шотири аллақачон жон таслим қилганига эътибор қилмади. Олиб чиққанларининг барчаси тирик инсонлар дея тасаввур қилди. Вазият бундан бошқача кечиши мумкин ҳам эмасди.

— Сиз… Сиз Толиб акамларга қараб туринг, — отасига тайинлади Севинч беихтиёр йўлга отланаркан. — Мен… Отажон, дўхтир топиб келаман, дўхтир! Тузукми? Қараб турасизми?..

Севинч ота жавобини кутишга сабри чидамай, мироб то бош қимирлатиб розилик бергунча шаҳар ичкарисига югуриб кетганди. Тўхтамасди. Нуқул югурарди. Толибнинг кўп қон йўқотиши, жон бериб қўйишини тасаввур этгани сайин тезроқ чопар, қандай бўлмасин, тезроқ врач топишни хоҳларди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ