АЛАМЗАДА… (29-қисм. ИККИНЧИ ФАСЛ)

0

 

* * *

 

Севинч Толибга қаттиқ ишонарди. Аммо ичидан зил кетарди. Муҳаббатнинг бу тахлит тугашини сира кутмаганди. Ҳадеганда кўз ўнгида отасининг маъюс ва дардли чеҳраси, синфдош, тенгқур қизлар гавдаланарди. Улар нуқул Севинчга узоқдан бармоқ ўқталишар, ўзаро пичир-пичир қилишар, шу йўл билан уни масхаралашарди. Қўшни хотинлар эса Севинчни қоралаб, танбеҳ бериб, айблаб чарчашмасди.

Тасаввури қишлоқ кўчаларини кезишга мажбур этарди. Кезарди-ю, гўё ҳеч ким у томонга қарашни, саломлашишни, дардлашишни хоҳламаётгандек туюларди. Тасодифан дуч келган жажжи қизалоқ ҳам худди Севинчнинг фожиасидан хабардордек шартта юз ўгириб кетарди…

«Энди нима қиламан? — яна хўрсиниқ аралаш қайғуга ботганча ўйлай бошлади Севинч. — Энам раҳматли хабар топгандир қилмишимдан. Гўрида тик тургандир. Қандай қабиҳ эканман-а! Номусимни ўз қўлларим билан поймол қилдим. Қишлоқдагиларнинг кўзига қандай қарайман? Ранг-рўйимдан сезиб қолишса, бу шармандаликка қандай чидайман? Йўқ, қолмайман қищлоқда, қолмайман. Дадамга ялинаман, ёлвораман, нима қилиб бўлмасин, Толиб аканикига кетишга кўндираман. Бундан бошқа йўл йўқ. То юзим ёруғ бўлмагунча қайтмайман. Шаҳарда юравераман. Толиб акам айтди-ку, ишонтирди-ку! Ташлаб қўймайди. Мени севади, ҳа, севади. Акс ҳолда ростданам шунча жойдан мени қидириб келмасди. Демак, севади, севади, севади!!!»

— Толиб ака, бизни тезроқ олиб кетинг, — деди даъфатан Севинч. — Илтимос, тезроқ кетайлик шаҳарга!

— Нима бўлди? Нега пайтавангга қурт тушиб қолди? — сўради Толиб масхаомузроқ оҳангда. — Тинчликми? Ё ўйлаб қўйган режаларинг борми?

— Йўқ, шунчаки… Қишлоқдан тезроқ кетгим бор. Одамлардан… Э, сиз қишлоқ одамларини билмайсиз. Гап-сўз қилиб юборишади!

— Тушундим, — деди Толиб бирдан жиддийлашиб. — Сен ҳақсан. Олиб кетаман, албатта кетамиз. Қани, уёқ-буёғингни тўғрилаб ол! Тезроқ бўл! Ҳозироқ бориб бобойни оламиз-у, жўнаймиз! Қолган гапларни йўл-йўлакай гаплашиб олаверамиз. Тўхта, анави нусхага қўнғироқ қилай-чи!

Толиб залга ўтди-да, гўшакни кўтариб Фарғона шаҳридаги эски ҳамтовоғига қўнғироқ қилди. Бахтга қарши жавоб бўлмади.

— Ифлос! — тиззасига муштлаб сўкинди Толиб. — Кўрдингми, отдан тушсанг, тамом экан!?. Кечагина ялоғимни ялашга шай турганларга энди гўшакни кўтаришам малол келяпти. Ўзича менсимаяпти. Итдан тарқаган, маразлар! Ҳали қараб турсин булар! Оёғимни ўптирмасамми!?.

— Қўяверинг, — Севинч ўтирган ерида Толибга далда берган бўлди. — Одамлар ўзи шунақа бўлишади. Парво қилманг! Иккимиз иттифоқ бўлсак, бас, ҳаммаси жойига тушади.

Толиб илкис бош буриб Севинчга совуқ боқди. Нимадир демоқчи, афтидан койимоқчи бўлди. Лекин тилига кўчирмади. Аламини муштлари ёрдамида ошкор этмоқчидек, дераза токчасини зарб билан муштлаб-муштлаб олди. Шундан кейингина ташқарига юрди. Севинч ҳам бир сўз демай унга эргашди.

 

* * *

 

Ҳовлидаги манзара Севинч тасаввур қилгандан-да бешбаттар эди. Ток остига қўйилган сўри рўпарасидан Мелибой мироб жой олибди. Унинг кўзлари жиққа ёшга тўлган, песлик нуқси урган қўлларини оқ чит рўмол билан ёпиб, тасбеҳ ўгирар, қур-қур хўрсиниб оларди.

Сўрида эса яқин қариндош, қўшни аёллар давра қуриб ўтиришарди. Севинч Толибга эргашиб кириб келганини кўришди-ю, биринчи бўлиб Фахриниса холаси сўридан тушди. У Севинчнинг олдини тўсди-да, икки қўлини белига тиради. Аёлнинг кўзларидан ёш думалар, кўкси билинар-билинмас титрарди.

— Қай гўрда санғиб юрибсан? — дағдаға аралаш сўради холаси лаб буриб. — Гапир, саёқ, гапир!

Шу орада Мелибой мироб аравачасини секин ғилдиратиб келди-да, хола-жияннинг орасига кирди ва Фахринисага жавдираб, ғўдирлаганча қизини уришмасликка ундай бошлади.

— Почча, сиз тек туринг, — асабий шивирлади Фахриниса. — Қизингизнинг бошида тегирмон тош юргизмаяпман-ку! Ё сўраб ҳам бўлмайдими? Ахир, ўзингизам туни билан мижжа қоқмадингиз! Нега энди ҳимоя қиляпсиз?

Мироб бошини эгган кўйи ер остидан Толибга ғазабнок нигоҳ ташлади-ю, Фахринисани тушунган каби аравачасини ортга сурди.

— Хўш, гапирмайсанми? — жиянини тергашда давом этди Фахриниса. — Қайларда юрибсан? Бизни ўйламадингми? Сен ҳали шунақа беҳаёмидинг?

— Сиз, кеннойи, ўзингизни босволинг, — Толиб кутилмаганда Севинчнинг олдини тўсди. — Намунча қичқираверасиз? Шаллақилик ҳам эви билан-да! Севинч мен билан биргайди! Хўш, гап борми?

Фахриниса Толибни ўтган гал кўргани, кимлигидан хабардор бўлгани боисми, ҳийла паст тушди. Аммо сўзини ҳам бериб қўйгиси келмади.

— Сиз билан бирга бўлса, нима қилганини билсак бўлар, ахир, иним! Ҳар ҳолда жигаримиз! Бу ерда бўларимиз бўлди-ку!

Ҳақиқатан, ҳозирги вазият жуда қалтис эди. Гарчи шаҳарда улғайган, умрида бу каби ҳолатларга дуч келиб ўрганмаган, маҳалла, қариндош-уруғ, номус нелигини билмай ўсган бўлса-да, Толиб ниманидир тушунгандек эди. Ҳеч бўлмаганда Севинчнинг шарманда бўлиши муқаррарлигини англаб етганди. Шу сабабли ҳовлидагиларга сир бой беришни хоҳламади. Аввал сўридагиларга бир-бир совуқ тикилиб олди. Бу билан важоҳатини, қайтмаслигини, қудратини қишлоқликларга намойиш қилган бўлди. Сўнгра қайтадан Фахринисага юзланди.

— Нима қилганини билгингиз келяптими жудаям? — мағрур савол ташлади у. — Айтинг, жудаям билгингиз келяптими?

— Ҳа, — жавоб қилди Фахриниса юзини терс буриб. — Билгимиз келяпти.

— Севинч менинг яқин қариндошларимникида қиз ошидайди. У ерга казо-казоларнинг хотинлари, сингиллари келишган. Менам Севинчни синглим деб таништирдим. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Кўнгил ёзди, яйради, дам олди. Бир умр шу каталакдай ҳовлида биқиниб ўтирмайди-ку!..

Сўрида ўтирган қўшни кампирларнинг бири Толибнинг дағдағасидан аччиқландими, беихтиёр ўтирган ерида жавраб берди:

— Бизнинг қишлоқ қизлари-чи, дуч келганга сингил тутиниб кетавермасди, билдингизми?! Оғзингизга келган гапни гапиравераркансиз-да!

Толиб кампирнинг гапини эшитгани ҳамоно сўри томон бир қадам ташлади. Унинг важоҳатини кўриб юраги ёрилаёзган Фахриниса бир ҳатлаб йўлини тўсди.

— Иним, кечиринг энамизни! Билмай гапириб қўйди-да! Нима бўлсаям қари одам-да, иним! Сизга ишонамиз, ишонамиз! Яхшиям сиз боракансиз!

Толиб индамади. Илкис мироб тарафга бурилди-да, аравачанинг икки тутқичини чангаллади.

— Бобой, қани, отланинг, — деди қовоғидан қор ёғилаётган миробга тик боқиб. — Сезиб турибман, мени Кўришга кўзингиз, отишга ўқингиз йўқ. Аммо ҳозир кетмасак бўлмайди. Меникида яшаб турасизлар! Ҳамма нарса бор. Нимайди?.. Ҳа, касалингизниям катта дўхтирларга кўрсатамиз! Қани, бўла қолинг, бобой!

Мелибой мироб бир неча ўн сония Толибга совуқ қараб турди-да, ёнбошдан қоғоз-қалам олиб, қуйидаги жумлаларни битди:

«Иним, майли, қилар ишни қилиб бўлдингиз! Бу ҳунарингиз учун ўла ўлгунимча сизни қарғаб ўтаман, ҳа. Аммо таклифингизга йўқ демайман. Қизимнинг кўнгли ўксиса, чидай олмайман. Фақат айтиб қўяй, жуда тез фурсатда яна қудратингиз ўзингизга қайтай деб турибди. Башарти шунда қизим шўрликнинг кўзидан бир томчи ёш думалатсангиз, икки қўлим ёқангизда бўлади! Шу гапларимни ҳеч қачон эсингиздан чиқарманг! Энди бизни бошланг ўша шаҳрингизга!»

 

* * *

 

… Мана, шаҳарга келганларига ҳам бир ҳафтадан ошди. Бироқ бу ташриф Севинчга қувонч бахш этмади. Толиб унга нисбатан янада совуққон бўлиб қолди. Деярли эътибор ҳам бермай қўйди. Қаерларгадир чиқиб кетиб, ярим тунда қайтса-да, биринчи палладаги каби дераза қаршисида тўхтамади, сигарет тутатмади, қалби муҳаббат оловида куяётган қизнинг вужудига титроқ солмади.

«У бошқасини топиб олган! Аблаҳ! Айтганлари, ваъдалари, овутишлари бекор экан-да! Нима бўлади энди? Кимга додимни айтаман? Қай деворга бош уриб йиғлайман?..»

Севинчнинг миясини фақат шундай ўйлар банд этганди. Турли ваҳималар бағрини эзиб, ич-этини ерди.

Шу аҳволда ярим кечаси деразадан ташқарига ҳиссиз тикилиб ўтирганда, тўсатдан ташқарида Толибнинг қораси кўринди. У дарвозани тамбалаб, атайинми, ё ўзи сезмаган ҳолдами, Севинчлар жойлашган хона деразаси томон юрди.

Қизнинг юраги потирлаб даст ўрнидан турди ва ҳиқиллай бошлади. Қўйиб беришса, дераза ойнасини синдириб, ўзини ташқарига отар бўлди.

Толиб аста юриб келди-да, қоронғиликда ичкаридаги Севинчни таниб ташқарига имлади.

Қандай рад этсин?!. Бир зумда яна кўнглидаги туманлар тарқаб, беихтиёр жилмайди-ю, эҳтиёт шарт отаси ухлаётган каравотга назар ташлаб қўйиб ўзини ташқарига урди.

— Мендан хафамисан? — сўради Толиб қоронғиликда Севинчнинг икки елкасидан тутиб. — Нега жимсан?

— Й-йўқ, хафамасман, — дея олди аранг Севинч бу гал негадир Толибнинг елкасига бош қўйишга ийманиб. — Сизни кутаётгандим, холос.

— Сенга зўр топшириқ бор, — деди Толиб энди қизни қўйиб юбориб. — Айт, бажарасанми?

— Нимайкан? Тинчликми?

— Тинчлик бўлса қанийди?!. Биласан-ку, ҳамма оғайнилар юз ўгирган. Мана, бугун уй дарвозасиниям ўзим ёпдим. Эшитяпсанми, ўзим ёпдим!?. Ҳаётда дарвоза ёпган одаммасийдим. Нима қилай? Ҳозир шундай қилишга мажбурман. Бўпти, буни қўйиб турайлик. Сен ўзингдан гапир. Бажарасанми топшириқни?

— Албатта бажараман, — деди Севинч ер чизиб. — Сиз айтасиз-у, йўқ дерканманми?.. Ўзи нима иш, Толиб ака?

— Баракалла, — деди Толиб Севинчнинг елкасига қоқиб. — Бу жавобинг зўр бўлди. Қани, юр энди менинг хонамга!

— Вой, нега? — Севинч савол беришга берди-ю, юраги шув этди. Ишонган, суянган муҳаббатини ранжитиб қўйиши хаёлига келмаганини англаб қўрқиб кетди. Шоша-пиша гапини тўғрилади. — Кечиринг, хаёлим жойидамасийди. Бошлай қолинг, Толиб ака!

 

* * *

 

Ташна кўнгиллар висол лаззатига қонди. Лекин хавотирлар, ҳадик, номус азоби яна Севинчнинг бағрини тиғлай бошлади. Ҳар Толибга ер остидан қараганда, ўзидан нафратланаверди. Фариштадек пок отасига боқишни хаёллагани сайин тўкилаверди. Шунга қарамай, қалби сокин тортди. Ўзига шундай шеркелбат ёрни йўллагани учун яратганга хаёлан шукр қилди. Қалбан дунёдаги барча ошиқ-маъшуқлар улар каби бахтли онларга ошно бўлишларини тилади. Икки юзини кафтлари орасига олганча қайта-қайта хўрсинди. Бу каби хўрсиниқлар ҳам фақат севги уммонини макон тутган маъшуқаларгагина хос эди.

— Энди асосий гапга ўтамиз, — кутилмаганда ўрнидан туриб келиб Севинчнинг ёнидан жой олди Толиб. — Тайёрмисан?

— Тайёрман, — соддаларча кулимсираб жавоб қилди Севинч. — Айтаверинг!

— Сен бугуноқ қўшни давлатга жўнашинг керак.

— Н-нима? — Севинч Толибнинг нима демоқчилигини тушунмай, бақрайди. — Жўнаш? Нимага?

Толиб жавоб беришдан олдин унинг иягини сиқимлади. Шу аснода бошини ўзига яқинлаштирди-да, қалин қошларига бир неча марта «пуф»лаб қўйди.

— Уёқда мижозлар кутишяпти.

— Қанақа мижоз? Нима қилишим керак ўзи?

— Жуда билгинг келяптими?

— Албатта. Жудаям билгим келяпти, Толиб ака.

— Унда қулоғингга қуйиб ол. Қўшни давлатдан сен яширинча наркотик олиб ўтасан.

— Нима? Наркотиги нима ўзи?

Толиб Севинчнинг бу қадар соддалигидан энсаси қотган кўйи бошини чангаллаганча совуқ кулимсиради. Аммо дарров қаддини ростлаб давом этди.

— Буниси билан ишинг бўлмасин. Мен айтган ишни қил. Ахир… Севган одам яқин кишисига ёрдам қилиши керак-ку! Ё нотўғрими?

— Тўғри-ку-я, лекин ўша нарсанинг нималигини айтмадингиз-ку! Мен… Билмасам…

— Қўлингга олгандан кейин биласан. У ерда сени керакли одамлар кутиб олишади.

— М-мени қандай танишади? Мен-чи?

— Уёғи гаплашилган. Чегарага борсанг, бас, ўзлари сени топишади.

— Сиз-чи? Сиз бормайсизми?

— Вей, Севинч, кейинги пайтда жа сергап бўп кетяпсан-да! Бу гапинг нимаси? Мен борадиган бўлсам, сенинг нима заруратинг бор? Қааранглар, мен-а, мен! Мен боришим керакмиш! Ҳалиям кимлигимни билмади-я бу қиз! Ўйлаб гапиряпсанми? Мен кимман ўзи, кимман? Намунча ғалча бўлмасанг?

— Хўп, хўп, тушундим, бошқа савол бермайман! — деди Севинч мажбуран жилмайиш қилиб. — Сизнинг ким эканингизни жуда яхши биламан! Сиз-чи, дунёдаги энг зўр одамсиз! Сизга тенг келадигани йўқ! Энди кетсам бўладими?

— Ҳа, тайёр бўлиб тур, ярим кечаси машина келади. Сени чегарагача олиб бориб қўяди. Уёғига кўрамиз, қандай абжир экансан. Билиб қўй, башарти қўлга тушсанг, мени сотиш йўқ. Менинг исмимни умуман оғзингга олма!

Севинч бу гапдан сўнг янада кўнгли чўкиб аста ташқарига юрди. Бироқ ҳовлига чиққач, бироз юмшади. Хаёлида Толибнинг тунда эркалаб айтган сўзлари, севги изҳорлари жонланиб, кулимсираб қўйди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ