ОГОҲ БЎЛИНГ! ТОШКЕНТДА ФИРИБГАРЛАР!!!

0

 

Тошкент шаҳри ва вилоятида ўзига хос фирибгарлар пайдо бўлган. Улар хонадонлар эшикларини тақиллатиб, уй эгаларига ўзларини электромонтаж ташкилоти ходимлари сифатида таништиришмоқда. Ҳатто, қандайдир қизил рангли гувоҳномани ҳам намойиш этишмоқда. Айтишмоқдаки, улар масъулияти чекланган электромонтаж фирмаси ходимлари ва агар киши бошига 12 минг сўмдан берсангиз, бир йил давомида уларнинг монтёрлари электр масаласида пайдо бўлган муаммоларни текинга ҳал этиб беришади.

Фирибгарлар нафақат шаҳарда, балки вилоятдаги туманларда ҳам изғиб юришибди. Масалан, мен ушбу хабарни тайёрлаган муаллиф сифатида шахсан улар билан тўқнаш келганман. Менинг квартирамга ҳам ўша фирибгарлар ташриф буюришган. Аммо менда ортиқча пул қаёқда дейсиз. Қолаверса, мен ҳар доим тўловларни фақат банклардагина амалга ошираман. Огоҳ бўлинг, фирибгар, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган маразларга чув тушиб қолишдан сақланинг!

Дарвоқе, фирибгарларнинг бошқа бир гуруҳи ҳам бор. Улар ўзларини сизга табиий офатлардан аҳолини асраб қолувчи компания ходимлари сифатида таништиришади. Қулоқ тутиб турсангиз, бир зумда сиздан киши бошига 18 минг сўмдан пул сўрашга тушишади. Эвазига табиий офатлар юзага келган пайт сиз ва оилангиз аъзоларини балодан қутқариб қолишармиш. Қандай қилиб? Табиий офат биринчи бўлиб ўша ҳаромхўрларнинг ўзини ҳалок этса-чи? У ҳолда сиз пулингизга куйиб қолаверасизми?..