Венесуэла ҳукумати Колумбия билан чегара ҳудудни ёпиб, у ерга қўшинларни жойлаштирди…

0

 

Худди шу Колумбия чегарасидан мухолифатчи, ўзини Венесуэла президенти дея эълон қилган Хуан Гуайдо ватандошларига 23 феврал куни гуманитар ёрдам етказмоқчи эди. Гуманитар ёрдам асосан медикамент ва озиқ-овқатдан иборат бўлиб, Америка президенти Дональд Трампга тегишли экан. Шунинг учун ҳам Николас Мадуро чегарани ёпиб ўша ҳудудга армия жойлаштиришни маъқул топган. Вице-президент Делси Родригеснинг гапига қараганда, чегара ҳудуддаги Симон Боливар, Сантандер ва Уньон кўприклари тўсиб қўйилган.

— Колумбия ўз ҳудудидан душманларимизнинг гуманитар ёрдамларини ўтказиб, — деди Родригес. — Венесуэла халқига нисбатан жиддий хавф туғдирди. Чегара қачонки бизнинг халқимизга қарши босим ўтказишдан тийилсаларгина очилади. Биз Колумбия президенти Иван Дукедан Трампнинг ноғорасига ўйнашдан воз кечишни талаб қиламиз, Америка Венесуэла халқига қарши юритаётган нотўғри сиёсатни қўллаб-қувватлашдан тийилишни сўраймиз…

Хабар қилишларича, 2019 йил 23 феврал куни Колумбия чегарасида чегарачилар ва Колумбияга иш излаб кетаётган тинч аҳоли вакиллари ўртасида тўқнашувлар юзага келган. Фуқаролар миллий гвардия аскарларига тухумлар ирғитишган. Улар эса кўздан ёш оқизувчи газ сепиш орқали жавоб қайтаришган.

Яна шуни маълум қилишдики, Венесуэла миллий гвардиясининг тўрт нафар офицери яқинда Колумбияга қочиб ўтиб, маҳаллий полицияга таслим бўлган. Улар Колумбия ҳукуматидан сиёсий паноҳ сўрашмоқда. Шу каби воқеалар ҳам амалдаги президентни чегарага қўшимча армия бўлинмаларини жойлаштиришга мажбур этган. Мадуро Америка ёки бошқа давлатлар тарафидан ўз халқига жўнатилаётган гуманитар ёрдамларни қабул қилишдан бош тортиб, уларни биологик қурол деб атаган.