Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 25 феврал куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Бугунги кунингиз орзулар ушалишидан иборат бўлиши кутилади. Агар истакларингизни тўғри йўналишга йўналтира олсангиз, азалий орзуларингиз кетма-кет ушала боради. Техникадан яхшигина хабардорларни ҳам бу соҳада муваффақиятлар кутиб қолади. Ақлий меҳнат кишилари кўпроқ вақтини дам олишга бағишлашмаса, саломатлиги панд бериб қўйиши мумкин. Бошланишига кечқурун албатта тоза ҳаво сайрига чиқинг. Тўғри овқатланинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

25 февралда тежамкорликка эътибор қаратмасдан, бўлар-бўлмасга пул сарфлайверсангиз, кун охирига етмай, аҳволингиз танглашиб қолиши мумкин. Бугун иш ҳафтасининг биринчи куни бўлгани сабабли раҳбарлар билан баҳслашишни хаёлингизга ҳам келтира кўрманг. Барибир сиз ютқазасиз. Ундан кўра саломатлигингизни тиш-тирноғингиз билан ташқи хавфлардан ҳимоя қилинг. Шамоллаш, эски хасталиклар қўзғалиш хавфи бор. Об-ҳавонинг авзойига қараб кийининг.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Ишингиз қанчалар муҳим бўлмасин, олдинда зарурдан-да зарурроқ учрашувлар кутаётган бўлмасин, барибир четга суриб биринчи навбатда рўзғорингиздаги кемтикларни тўлдиришингиз тавсия этилади. Ижод кишиларининг қаршисида бугун эрталабданоқ янги горизонт очилади. Бир сўз билан айтганда, кунингиз туғади. Тадбиркорлар анчадан бери ажойиб бир лойиҳа ҳақида ўйлаб келган бўлсалар, бугун уни ҳақиқатга айлантиришлари керак. Шунда даромади кутилганидек кечади.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

25 феврал куни ҳам руҳан, ҳам жисмонан лоҳасликни ҳис эта бошлайсиз. Шунинг учун ахборотлар қанчалар қимматли бўлмасин, улар ҳақида бош қотиришдан тийилинг. Ишни ҳам шошилмасдан, кўпроқ дам олган ҳолда адо этишингиз керак. Жуда бўлмаса, бир ҳафта дам олинг. Табиат қўйнига чиқиб ҳаво алмаштирсангиз, кўрмагандек бўлиб кетасиз. Саломатликни бир сония ҳам эсдан чиқарманг. Кечқурун яқин инсонингиз сизга кутилмаган совға тайёрлаб қўйиш эҳтимоли бор.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Ишларингиз бошингиздан ошиб-тошганига қараб ўтирмай, ўзингиз учун, ташқи кўринишингизни тартибга келтириб олиш учун алоҳида вақт ажратинг. Бу асосан аёлларга, қиз-жувонларга тегишли. Мабодо ортиқча вазндан безовта бўлсангиз, парҳезга ўтинг, спорт билан шуғулланинг. Кечқурун соат еттидан кейин овқатланманг. Оилалилар кечқурун ўзга шаҳарга бориб келишлари, яқинлари билан жиддий суҳбатни бошдан кечиришлари мумкин.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

25 феврал куни эрталаб ўзингизга ўзингиз билимлар бериш масаласига эътибор қаратинг. Зарурат туғилса, профессионал касбингиз билан боғлиқ иш бўйича малака оширинг. Паризод буржи остида туғилганлар бугун кун давомида ота-оналаридан албатта хабар олиб қўйишлари керак бўлади. Айниқса, улар кексайиб қолган, хасталанган бўлишса, сизнинг кўмагингиз жуда асқотади. Кечқурун оила даврасида вақт ўтказинг. Ёғли ва шўр, аччиқ таомлар истеъмолидан қочинг.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Кунингиз кўнгилдагидек бошланади. Лекин ишда ташаббускорлик талаб этилишини ҳам унутманг. Шу жиҳатингизгина кунингиз байрамона кечишини таъминлай олади. Бусиз ишда унум ҳам, даромад ҳам бўлмайди. Ишхонангиздаги қарама-қарши жинс вакил ё вакиласи бўлмиш ҳамкасбингиз билан орангизда ишқий саргузаштлар пайдо бўлиши мумкин. Бахтга қарши бу саргузаштлар узоққа бормайди. Сергак бўлинг.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

25 феврал куни хаёлингизда вақт жуда катта тезликда ўтиб бораётгандек туюлиб, ҳеч нарсага улгура олмайдигандек бўлаверасиз. Бу ҳолатдан чиқиш учун ишларни пухта режа асосида амалга оширишингиз зарур. Эркакмисиз, аёлмисиз, ташқарида ишқий саргузаштларга берилишдан сақланинг. Бунинг охири яхшилик билан тугамайди. Кечқурун бир-биридан ёқимли хабарлар эшитасиз. Бундан ташқари, хонадонингизга анчадан бери ўзингиз кутаётган қариндошлар меҳмон бўлиб келиши мумкин.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Муҳим ҳужжатлар билан ишлашда жуда эҳтиёткор бўлинг. Акс ҳолда яна қайтадан югур-югурлар бошланиши мумкин. Молиявий масалада муваффақиятлар сизни четлаб ўтмоқчи эмас. Башарти танишлардан кимдир сиздан катта пул қарз олиб бермай юрган бўлса, бу ҳақда эслатиб қўйишингиз тавсия қилинади. Кечқурун енгил ҳазм бўлувчи таомлар истеъмоли билан чекланинг. Соғлиғингизни мустаҳкамлай бориш ҳам ёдингиздан кўтарилмасин. Эҳтиёткор бўлинг.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

 

25 февралда ишларингиз, ҳал этилмаган муаммолар ошиб-тошганига гувоҳ бўласиз. Нима қилиш керак? Тўппа-тўғри, улар янада кўпайиб кетмаслиги учун бир четдан ҳаракатни бошлашингиз керак. Молия, тижорат билан шуғулланувчилар, банкирлар учун кун омадли кечади. Мартаба масаласида юқори чўққиларни забт этишингиз кутилади. Ҳасадгўйлар назаридан нари бўлинг. Яқинларингизнинг кўнглига оғир ботадиган гапларни гапириб қўйишдан сақланинг.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

Имкон доирасида оптимизм ҳадя этадиган ишларни бажаришга ҳаракат қилинг. Чунки кайфиятингиз аъло даражада бўлмайди. Тушкун кайфият билан дуч келган ишга қўл уриб кетишингиз фақат зиён келтиради. Тушдан кейин анчадан бери кўришмаган дўстингиз билан учрашиб қолишингиз кутилади. Айнан у кайфиятингизни ижобий томонга ўзгартира олади. Унинг ёрдамида шахсий ҳаёт ва ишдаги муаммолардан қисқа фурсатга бўлса-да, чалғийсиз. Руҳан дам оласиз. Куч йиғасиз, мулоҳаза қиласиз.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

25 феврал куни тунда ухлаб кўрган ажойиб тушингиз ўнгидан кела бошлаганига гувоҳ бўласиз. Ишларингиз, шахсий ҳаётингизда ёрқин саҳифалар очила боради. Серқатнов йўлларни кесиб ўтишда эҳтиёткор бўлинг. Шахсий машинангиз бўлса, бугунча уйда қолдирганингиз маъқул. Айримлар яқин манзилга сафар қилиш орқали моддий манфаат кўради.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади