АЛАМЗАДА… (35-қисм. ИККИНЧИ ФАСЛ)

0

 

* * *

 

Толибнинг ҳовлисида одатдагидек сукунат ҳукмрон эди. Ҳовли ўртасидаги сўрини қор босибди. Негадир қорни ҳеч ким тозаламабди. Ҳатто, ҳовлига дид билан териб чиқилган қора мармарлар қор остида қолибди.

Бу манзарани кўриб Севинч баттар ҳайратланди. Чунки Толиб ҳеч қачон ўз ҳовлисига нисбатан бу қадар эътиборсиз эмасди. Ерда бир дона дарахт япроғини кўрса, хизматчиларини сиқувга оларди. Ҳеч қачон уйида ноорасталик бўлишига йўл қўймасди.

Шуларни хаёлидан кечирса-да, отасига бўлган соғинч ҳисси зўр келиб Севинч ўзлари учун Толиб ажратган хона томон шошилди. Аввало уй эгасига учраши лозимлиги, ҳол сўраш, керак бўлса ҳисоб бериш зарурлиги ҳақида ўйлаб ўтирмади. Буни шарт эмас деб билди.

Аммо хонагача етиб боролмади. Меҳмонлар учун ажратилган алоҳида хона эшиги очилиб, олдин Толиб, кетидан Севинчни олиб келган ҳайдовчи ташқарига чиқди.

— Ие, Севинч келибди-ку! — дея у томон юрди Толиб ҳеч нарса бўлмагандек тиржайиб. — Қани, кел, жоним, кўришайлик! Соғинтириб юбординг-ку одамни!

Севинчнинг юраги беихтиёр ғаш тортди. Негадир ижирғангиси келиб ўзини орқага олди.

— Дадам қани? — салом-алик ўрнига қовоқ уйиб сўради у. — Дадамни кўришим керак.

— Бу нимаси? — Толиб бирдан ранги ўзгариб Севинчга яқинлашди. — Олдин саломлашишади одат бўйича. Бу қандай тарбиясизлик, асалим?

— Менга пахта қўймай қўя қолинг, — зардали оҳангда сўз қотди Севинч. — Нима қилсангиз, қилиб бўлдингиз. Энди хушомадлар нимаси? Ундан кўра дадамнинг қаердалигини айтинг!

— Ҳали шунақами? Мен билан кўришмайсанми? Охирги марта сўраяпман!

Севинч хомуш тортиб қолди. Афтидан кўз ўнгида Толиб билан ўтказган энг бахтли ва мазмунли онлар гавдаланган каби бош эгди. Қаршисидаги Толибнинг қайноқ нафасини димоғида туйиб, вужуди билинар-билинмас титради. Бояги зардалари, шаштидан асар қолмади. Қалбини таниш ва қадрдон илиқлик чулғади. Қўйиб берса, ҳозироқ Толибнинг кўксига бош қўйишга тайёр турди. Андиша устун келиб ўзини тийди.

— Мени қийнаманг, Толиб ака, — шивирлади у йиғламсираб. — Ростданам дадамни соғингандим.

Толиб Севинчнинг паст туша бошлаганини дарҳол пайқаб, икки елкасидан тутди. Шу кўйи ими-жимида ҳайдовчига «кет» ишорасини қилган бўлди-да, Севинчнинг майин ва қоп-қора, узун сочларини тўйиб-тўйиб ҳидлади. Бир неча маротаба чуқур хўрсинди.

— Аҳмоққинам, овсаргинам, — уни эркалаб юзларидан бўса олди Толиб. — Сен биринчи навбатда мени соғинишинг керак! «Дада»лашинг нимаси чақалоқларга ўхшаб?

— Йў-ўқ, керакмас, — ўзини олиб қочишга тутинди Севинч. — Дадамни кўришим шарт. Қўйворинг!

Толиб уни қўйиб юборди-да, бир қадам ортга тисланди.

— Шунақами? Дадангни кўришинг керакми? Яхши, бор, борақол! Кирмайсанми?

Севинч Толибга бир муддат аланг-жаланг қараб турди-да, хона тарафга чопди. Лекин сал ўтмай йиғламсираганча қайтиб чиқди.

— Ҳа, йўғаканми дадажонинг? — сўради Толиб масхараомуз кулимсираб. — Балки беркиниб олгандир?

— Масхара қилманг! — беихтиёр бақириб берди Севинч аламини жиловлай олмай. — Топиб беринг дадамни, топиб беринг!

— Яхши топиб бераман, — деди Толиб совуққонлик билан. — Қачон топиб берай? Ҳозирми?

Севинч жавоб ўрнига Толибга яқин келди-да, кўзларига тик боқди. Бу боқиш замирида узоқ йиллик нафрат ва ёввойи муҳаббат қоришиқ эди. Нигоҳларга яширинган икки қарама-қарши туйғу ўзаро кураш олиб борар, бир-бирига йўл бермасликка, биринчи бўлишга интиларди. Барибир нафрат муҳаббатга вақтинча бўлса-да, йўл берма қолмади. У биринчи бўлди.

— Сиз бизни ким деб ўйлаяпсиз? — сўз қотди Севинч лаблари титраб. — Қишлоқи деб хўрлайверасизми? Устимиздан қачонгача кулиб ўтасиз? Кимсиз ўзи? Худомисиз, пайғамбармисиз?

— Ў, жа дадилсан-ку-а? — Толиб бир туки сесканмай Севинчнинг бошини кафтлари орасига олди-да, куч билан ўзига яқинлаштирди. — Аҳмоқвой! Бу нима деганинг? Сен меникисан! Фақат ўзимникисан! Айтдим-ку, сен фақат мени соғинишинг керак, мени! Бошқа ҳеч кимни!

Толибнинг кафтларидан таралган қайноқ тафт нафратни бир зумда ёввойи муҳаббатга алмаштириб қўйгандек эди… У бўшашди. Бир муддат лом-мим деёлмай сукутга толди. Нигоҳлари ерга қадалди. Вужуди чумоли ўрмалаган каби билинар-билинмас сесканди. Қалби эса бу шеркелбат йигит қаршисида ожиз қолиши муқаррарлигини қайта туйиб, юмшади.

— Илтимос, дадамни кўрсатинг! Қаерга беркитган бўлсангизам кўрсатинг! Йўқса, ўлиб қоламан, Толиб ака! Ҳазилам эви билан-да!..

— Ана энди ўзингга келдинг! — Толиб уни қўйиб юборди-да, бир қадам ортга тисланди. — Бўларкан-ку! Келар-келмасингдан дўқ қилишинг нимаси, жоним? Яхшиликчасига айтсанг ҳам бўлади-ку!

— Хўп, хўп, — Севинч янада мулойимлашди. Боқишларида меҳр жилвалангандек бўлди. — Майли, кечиринг! Сал оширвордим. Энди кўрсатасизми дадамни?

Толиб жавоб беришга шошилмади. Оғир хўрсинганча нари кетди. Шу орада хизматчиларга ўқрайиб, аллакимларга танбеҳ берди. Кейин сал нарига бориб, Севинчга маъноли боқди. Нималарнидир ўйлади, ўзича хомчўт қилди, бош қашиб, турган ерида бир неча марта айланиб олди. Афтидан миробни кўрсатиш ё кўрсатмаслик ҳақида бош қотирди.

Кейин… Аста Севинчга яқин келди. Икки қўлидан тутиб, маъюс жилмайди.

— Хўш, кўрсатасизми? — сўради Севинч унинг ҳийла юмшаганидан жонланиб. — Нега индамай қолдингиз?

— Кўрсатаман, — дея юзини терс бурди Толиб Севинчнинг қўлларини бўшатиб. — Юр, машинага чиқ! Ҳозир борамиз ўша ерга!

— Раҳмат сизга! Билардим, ишонардим! Унутмайман! Ҳеч қачон унутмайман!

— Юр, нега қараб турибсан? — бу гал сал дўқлаганроқ оҳангда сўз қотди Толиб. — Майдалашмагин-да, машинага чиқ!

Севинч бу гапни эшитибоқ кўнгли яйраб Толибнинг олдига тушди.

 

* * *

 

Машина шаҳар кўчалари бўйлаб елдек учиб борарди. Севинчнинг қувончи дунёга сиғмайди. Азоблар вақтинча бўлса-да, унутилгандек ойнадан ташқарига мамнун боқарди. Кўз олдидан отасининг қачонлардир айтган ҳазиломуз сўзлари, эркалашлари, мактуб битишлари-ю, дунёга мағрур боқишлари маржон каби тизилиб ўтарди. У йўл-йўлакай миробга нималар дейишни хаёлига жамларди. «Ишқилиб, йиғлаб юбормайин» дея худодан сабр сўрарди.

Ниҳоят машина секинлаб, ўнгдаги кўчага бурилди. Кўчанинг чапида узундан узун қабристон бор экан. Ўнгига эса қатор маиший хизмат дўконлари қурилибди. Севинч ўтганлар ҳақига дуо ўқиб юзига фотиҳа тортди-да, дўконлар томон бош бурди. Шу маҳал Толиб машинани негадир қабристон ичкарисига ҳайдади. Севинч «Бирор яқин кишисининг қабри бўлса керак. Зиёратга кирмоқчи шекилли»,, деб ўйлади-ю, индамай ўтираверди. Машина оҳиста юриб бориб қабристон ўртасида тўхтади. Толиб миқ этмай пастга тушди ва бошини кафтлари орасига олган кўйи бир нуқтага тикилганча туриб қолди.

— Толиб ака, нега бу ерга кирдик? — сўради Севинч кута-кута тоқати тоқ бўлгач. — Бора қолмаймизми?

— Туш пастга! — буюрди таҳдид аралаш Толиб. — Анқайма, тезроқ туш!

Севинч юраги ғаш торта бошлагандек маъюсланганча пастга тушди.

— Энди ортимдан юр, — деди Толиб олдинга ишора қилиб. — Юр, Севинч! Қўрқмасдан юр!

— Тинчликми? Намунча сирли-сирли ишлар қилаверасиз? Мундай очиғини айтсангиз-чи!

— Борганда биласан. Сен ҳозир юришингни бил!

Улар олдинма кетин қабристон охиригача юриб боришди. Чапроққа кирилган ерда тепасига оқ мармардан ёдгорлик тоши ўрнатилган қабр бор эди. Толиб айни ўша қабр қаршисида тўхтади. Тўхтади-ю, Севинчнинг йўлини тўсмаслик ниятида ўзини нари олди.

Қиз ёдгорлик тошига биркитилган суратни, сурат остидаги ёзувларни кўрди. Кўрди-ю…

Ранги бўзарди. Тили танглайига ёпишгандек бўлди. Нафаси қайта бошлаган каби ҳарсиллай бошлади.

Толиб ҳамон унга ер остидан ўғринча кўз ташлар, лабларини қаттиқ тишлаб олганди. Аммо миқ этмасди. Фақат Севинчни кузатарди.

— Бу… нима? — кўзлари косасидан чиққудек Толибга юзланди. — Мени… Мен тушунмадим. — Севинч шундай деб туриб кутилмаганда қичқириб юборди: — Дадам қани-и-и, ифлос, қани-и-и???

— Ўзингни бос! — Толиб югуриб келди-да, Севинчни маҳкам қучоқлади ва нари судради. Шу орада нарироқда турган икки шотирига «кет» ишорасини қилди. — Бу ер қандай жойлигини унутма, аҳмоқ!

— Қўйвор мени, қўйвор. қотил! Сендан ҳазар қиламан! Йўқол!..

— Бақирма дедим, овсар, бақирма! Қабристонда бақириб бўлмайди-и-и!!!

Толиб куч билан Севинчни анча нарига судраклаб борди-да, мажбуран бетон тўсиқча устига ўтқазди.

— Ўзингни бос, — уни тинчлантиришга тушди Толиб чор атрофга ўғринча кўз ташлаб. — Ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман! Фақат дод солмагин, илтимос!

Энди Севинчнинг дод соладиган ҳоли қолмаганди. Суюкли отасининг қабрини кўргандан сўнг адойи тамом бўлаёзганди. Сиқиб кела бошлаган юрагини чангаллаганча телбаларча бошини у ёндан бу ёнга ташлаб йиғлар, базўр шивирлаб қарғанар, нима қилиб бўлмасин Толибнинг қўлидан халос бўлишга уринарди. Шу тобда бу зўравон кўзига худди аждаҳодек қўрқинчли ва жирканч кўринарди. Кучи етмагани сабабли аламини силтаниш ва қарғишлардан оларди.

— Илоё отинг ўчсин! Отамнинг арвоҳи урсин илойим! Вой-вой-ей-й, энди нима қиламан? Мени ғафлатда қўйиб кетган отам! Ёлғиз қизини кўролмай кетган отам! Сизнинг гуноҳингиз нимайди, жон дада? Нега манави маразлар сизниям бошингизга етди, нега? Нимага худо буларнинг жонини ола қолмайди? Мениям ёнингизга олинг, дада! Бу дунёга сиғмайман сизсиз, сиғмайман! Чақира қолинг мениям!

— Бас қилсанг-чи! Ёш бола бўлмасанг-чи! — Севинчни овутиш пайида бўлди Толиб гўё ҳеч нарса бўлмагандек босиқлик билан. — Намунча дунёга жар солмасанг, ахир? Ё додласанг даданг қайтиб чиқадими гўридан?

Севинч даъфатан ўрнидан турди-да, Толибнинг томоғига чанг солди.

Бундай бўлишини кутмаган эканми, Толиб довдираб қолди. На Севинчнинг қўлларини томоғидан олиб ташлашни, на тек тураверишни билди.

— Топиб бер дадамни, ифлос! — телбанамо хириллаб Толибни қаттиқроқ бўғишга интиларди Севинч. — Қассоб, қотил! Дадажонимни қайтариб бер!

Толиб бир муддат гарангсиб турди-ю, нозик билакларни маҳкам қисиб қолди.

— Чиранаверма ҳадеб! — тобора Севинчнинг билакларини маҳкамроқ сиқиб шивирлади у. — Ҳаддингдан ошаверсанг-чи, сенам дадангнинг ёнига ётасан ҳозир! Ё тушунмадингми?

— Тиқ ўша гўрга! — бўш келмасди Севинч кўзлари ёниб. — Қани, зўрсан-ку! Одамхўрсан-ку! Тиқмайсанми шу гўрга мениям? Нимага қараб турибсан? Қўрқяпсанми? Бўлақол!..

Толиб жавоб ўрнига Севинчни судраклаганча машина қўйилган томонга қараб юрди. Қизнинг қаршиликларига, инграшларига-да қараб ўтирмади. Уни худди бир қоп буюм каби судрай-судрай бориб машинага ўтқазди.

— Мен тушунаман, — деди ўзи ҳам Севинчнинг ёнидан жой олиб машина эшигини ёпгач Толиб. — Сенга осонмас ҳозир. Нима бўлгандаям падарингдан айрилдинг. Худо раҳматига олсин бобойни! Энди менга қара, қулоқ сол, ўзингни қўлга ол, ҳозир ҳаммасини тушунтираман! Кейин… Кейин билганингни қилавер, Севинч! Хуллас, даданг сен кетганингдан кейин жанжал кўтарди. Нуқул «у-у»лаб миямни қотириб ташлади. Индамадим. Қарасам, мелисага отланибди. Нимаймиш, менинг ҳамма кирдикорларимни айтиб қаматармиш. Шундан кейин… Кечира олмадим уни. Чунки менгаям тинчлик керак. Қаёқдаги ногиронни деб…

— Ҳақорат қилма дадамни! — уни силтаб ташлади Севинч. — Ҳ-ҳали кўраман, бир кунмас бир кун ўзингам дадамдан баттар аҳволга тушасан. Ўшанда сени етаклайдиган одамнинг ўзи бўлмайди. Хорланиб ўласан. Худо жонингни олсин, одамхўр! Мен…

Севинч ортиқ сўзлай олмади. Тўсатдан боши айланаётганини ҳис қилди. Сал ўтмай кўнгли айниди. Ўқчиб-ўқчиб, бир неча ўн сониялардан кейин ҳушидан кетди.

 

* * *

 

Севинч Толибнинг уйидагина ўзига келди. Руҳан зўриқиш туфайли ҳолсизланган экан. «Тез ёрдам» врачи керакли уколларни томирига юборгач, кўзини очди. Бироқ қалби ҳануз аза тутарди. Юрагига қил сиғмасди. Айрилиқ алами вужудини кемирарди. Тепасида мағрур нигоҳ ташлаб қўяётган Толибга ҳиссиз разм соларди-ю, хаёлан қарғанарди. Қисматига лаънат ўқирди. Тафаккури фақат шундай кечинмалар билангина банд эди.

Севинч келгуси тақдири хусусида қайғурмасди. Ҳеч нарсани ўйламасди. Ҳатто ғаш тортган, худди қон айланувчи томирлари янглиғ тортишиб бораётган юрак нолаларига қулоқ тутишга бегонадек эди. Толиб унга ҳамдардлик билдириш, дардига шерик бўлиш ўрнига пайтдан унумли фойдаланди. Гўё Севинчни овутиш, зўрма-зўраки таскин бериш баҳонасида сочларини ҳирс билан силай бошлади. Сўнгра юзлари, томоғи остидан ҳарсиллаб-ҳарсиллаб бўсалар олди. Ниҳоят лаблар туташди. Вужудларни чирмаб олган қайноқ туйғулар жунбушга келди. Севинч янада бўшашиб, ихтиёрини буткул Толибга топшириб қўйди…

Орадан бир соат вақт ўтиб, муҳаббатга қонган жисм ниҳоят тафаккурга мажбуран бўйсунди. Севинч анча сергак тортди. Ўйлашга, фикрлашга ўзида куч, тоқат топа билди. Гарчи отадан айрилиш балоси қалбини тарк этмаса-да, зўравонни хоҳишларига бўйсундира олишига амин бўла борди. Унга фақат мулойим, ширин сўзлаш лозимлигини қайта англади. Шу ният кучли келиб, аччиқ хотиралар, алам, нафратнинг йўлини тўсиб қўйиш ҳаракатига тушди. У ўч, интиқом кўчасига фақат тафаккур сўқмоғи орқали кириб бориш мумкинлигини идрок этди.

— Толиб ака, бир илтимосим бориди, — деди кийимларини тўғрилаш асносида зўрма-зўраки жилмайиб Севинч. — Йўқ демайсизми?

Толиб ҳам ўрнидан қўзғалди-да, деразадан ташқарига қаради. Хизматчилар, қўриқчилар ўз юмушлари билан бандлигига ишонч ҳосил қилгач, ортга қайтди.

— Нимани илтимос қилмоқчисан? — сўради у Севинчнинг сочларига қўл юбориб.

Аслида Севинч айни дамда бундан ярим соатча олдинги ўтли туйғуларга аллақачон бегона эди. Яна кўнглини айрилиқ дарди кемира бошлаганди. Аламларини аранг жиловлар, йиғидан базўр тийилар, тафаккурга қулоқ тутган ҳолда тўғри фикрларди. Шунинг учун ўзини босиб олишга, Толибдек бешафқат, каллакесарни ранжитиб қўймасликка, уни ишонтиришга уринди. Бунинг учун ўзини телбанамо қиёфага киритиши шартлигига ақли етди.

— Толиб ака, мениям ишхонангизга оборинг, — деди ясама эркалик билан атайин киприкларини пирпиратиб. — Менам сизга ўхшаб ёмон одамларни қўрқитай!

— Жинни бўлганмисан? — тўнғиллаб берди Толиб. — Балки одам ўлдиришгаям қизиқиб қолгандирсан?

— Ҳа-да, — кулимсираб Толибга яқин борди Севинч. — Биронтасини кўрсатсангиз, ўлдиравераман.

— Қандай қилиб?

— Масалан, қорнига пичоқ тиқиб қочишим мумкин. Рос-саям қаттиқ тиқаман-да пичоқни! Бўғили-иб ўлади ўша одам.

— Менга қара, — Толиб Севинчга совуқ тикилиб, икки юзидан тутди. — Биринчидан, мен каллакесармасман, аксинча ишбилармон бир одамман. Савдогарман десам, тўғрироқ бўлади. Иккинчидан, менинг аёлим ҳеч қачон ишимга аралашмаслиги керак. Уйда ўтириши зарур. Мени хурсанд қилиши шарт.

— Вой, нега? Мениям сиз билан бирга юргим келяпти-и! Хўп дея қоли-инг!

Толиб жавоб ўрнига индамай ташқарига чиқиб кетди. Қалби айрилиқ аламидан адо бўлаёзган Севинч лаб тишлаганча унинг қайтишини кутди. Хаёлига келган тиниқ фикр уни бардош қилишга, орзу, армонлар ушалиши йўлида бардам бўлишга ундади.

Афсуски, бу гал ҳам истаклари саробга айланди чоғи, Толибдан ҳадеганда дарак бўлавермади. Севинч унинг ҳовлида шотирларига нималарнидир уқтирганини кўрди. Кейин… У шошиб кўчага чиқиб кетди. Шотирлардан бири Севинч ўтирган хона томон юрди.

Аммо шотир хонагача кирмади. Ташқаридан эшикни қулфлади-ю, жўнаб қолди.

Севинчнинг юраги ғашликдан тўкилаёзганди. У қандайдир пухта ўйланган ёвузликни ҳис этгандек бўлди.

Югурганча дераза қаршисига борди. Шотир аллақачон дарвозахонага етиб қолибди. Жонҳолатда деразанинг бир қабатини очди-да, шотирга қараб қичқирди:

— Нега эшикни қулфладингиз? Толиб ака қани?

Шотир юришдан тўхтади. Ортга ўгирилиб, дераза қаршисидаги йиғламсирабгина турган Севинчни кўрди ва у томон қадам ташлади.

— Очинг эшикни! — қичқиришда давом этди Севинч титраб. — Ҳақингиз йўқ мени қамашга!

— Синглим, — деди босиқлик билан шотир унга яқин келиб. — Буйруқ шундай бўлди. Толиб ака устингиздан қулфлаб қўйишимни буюрди. Ҳадемай овқат келтиришади қизлар! Хафа бўлманг!..

— Йў-ўқ! — ҳайқирди Севинч жазаваси минг чандон ортиб. — Уйига ўт қўяман, ўт! Отамнинг қотили, каллакесар! Қўйвор мени, қўйвор!

Шотир бу ҳайқириқларга жавобан бош чайқаб қўйди-ю, яна дарвозахонага қайтди.

Севинч эса азбаройи жондан тўйганидан ним қоронғи хонани айланиб чопар, нуқул йиғи аралаш сўзланарди.

— Дада-а-а!!! Мени қутқаринг, дадажон! Мени ўлдиришмоқчи! Қутқари-инг!!!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ