4 яшар болакай оламдан ўтган бувисининг мурдаси ёнида уч кун оч-наҳор ўтириб вақт ўтказди…

0

 

Бу аянчли воқеа Бурятияда кузатилди. 4 ёшли Ваня исмли болакайга фақат кекса бувиси қарар, ота-онаси ўлиб кетганди. Яқинда қаторасига бир неча кун боғчага келмади. Тарбиячилар аввалига бола хасталанган бўлса, келмагандир деб ўйлашди. Лекин эртаси, индинига ҳам келмагач, боғча мудираси ва тарбиячиси Ваня яшайдиган уйга йўл олишди. Эшикни тақиллатишди, тақиллатишди, ҳеч ким оча қолмади. Шовқинни эшитиб рўпарадаги қўшни кампир чиқди ва у ҳам қўшниси бир неча кундан бери ҳовлига чиқмаганини айтди. Охири улар мутасаддиларни чақириб, қўшнилар гувоҳлигида квартира эшигини бузиб киришди. Не кўз билан кўришсинки, диванда Ванянинг кекса бувиси ўлиб ётар, ёнида эса очликдан силласи қуриган 4 ёшли Ваня йиғлаб ўтирарди. Маълум бўлишича, уч кун олдин бувиси оламдан ўтган. Уйда ҳеч нарса бўлмагани сабабли Ваня стол устидаги икки дона конфетни еб, бир шиша идишда сув ичган. Очликдан силласи қуриб зўрға нафас оларди. Кўз очиб юмгунча квартирага тиббиёт ходимлари, полициячилар чақирилди. Ваняни дарров касалхонага олиб кетишди. Ҳозирда маҳаллий ҳокимият вакиллари Ваняни ишончли қўлларга топшириш ҳаракатига тушишган. Болакай ўзини яхши ҳис эта бошлаган. Бурятияликларнинг кўпчилиги интернет орқали бу воқеага муносабат билдириб, Ваняга ҳар тарафлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини баён қилишган.