Яна бир муҳим қонун маъқулланди

0

“Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам сенаторлар томонидан муҳокама этилди. Қонунда Ўзбекистон Республикасининг бир қанча қонунларига Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш механизмини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Қонунда Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига суд ишларини юритиш иштирокчилари ва суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, стенограмма юритиш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига аниқлик киритишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. “Судлар тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қонунларни шарҳлаш ва (ёки) муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги тақдимномани Олий суд раиси томонидан Олий суд Пленуми кўриб чиқиши учун киритиш ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.

Бундан ташқари, бир қатор қонунларга Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталаридаги ваколатли вакилининг Қонунчилик палатаси қўмиталари мажлисларида қонун лойиҳалари муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқини, Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган парламент сўровига, шунингдек сенаторнинг, Қонунчилик палатаси депутатининг сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашда кўмаклашиш, шунингдек қонун ижодкорлиги фаолияти ва парламент назорати соҳасида Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш функцияларини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.