40 нафар талаба Марказий банк стипендиясига муносиб топилди

0

Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртлари талабалари учун эълон қилинган махсус стипендия ва стажировка ўташ танловининг натижалари эълон қилинди.

Марказий банк ахборот хизмати маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртлари талабалари учун эълон қилинган махсус стипендия ва стажировка ўташ танловига мувофиқ, ўтказилган 3 босқичли танлов натижаларига кўра, 320 нафар талабгор орасидан 40 нафар талаба Марказий банк стипендиясига муносиб деб топилди ва тўрт ой давомида Марказий банкнинг фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлди.

28 февраль куни Марказий банкда стипендиатлар учун қабул маросими ташкил қилиниб, Марказий банк Раиси М.Нурмуратов раҳбарлигидаги Бошқарув аъзолари Марказий банкнинг стипендиясига муносиб топилган барча талабаларни олий ўқув юртларида олган билимларини амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлганликлари билан табриклашди.

Марказий банк фаолияти ва асосий вазифаларини тўлиқ тушуниб етиш учун ҳар бир стипендиат март ойидан бошлаб 4 ой давомида Марказий банкнинг турли департаментларида амалиёт ўтайди.

Мазкур дастур кадрларни талабалик давридан бошлаб мақсадли равишда тайёрлаш ва макроиқтисодий сиёсат ва Марказий банк фаолиятига оид билимларини оширишни рағбатлантириш мақсадида кейинчалик Марказий банкка ишга жойлашиш имконини беради.​​
 

uza.uz