Саҳрои Кабирнинг кўзини кўрганмисиз?

0

Ер юзида ғайритабиий ҳудудлар жуда кўп. “Ришат” ёки “Саҳрои Кабир кўзи” номини олган ҳудуд ҳалигача олимлар ўртасида турли тортишувларга сабаб бўлиб келмоқда.
Мавританиянинг шимолий-ғарбида, Саҳрои Кабирнинг ғарбий қисмида жойлашган ушбу ажабтовур жой аниқ ўлчамлар асосида чизилган мукаммал доиралар композициясидан иборат. Ташқи айланасидан ҳисобланганда доираларнинг диаметри роппа-роса 50 километрни ташкли этади. Ушбу геологик кўринишни коинотдан кузатсангиз, Ердан минглаб ёруғлик йили олисда жойлашган галактикалар суратига ўхшаб кетади. Дарвоқе, унинг илк сурати “Жемини” сунъий йўлдоши бортида хизмат олиб бораётган космонавтлар томонидан 1965 йилда тасвирга олинган. Бунгача, ушбу сирли ҳудуд француз олимлари томонидан ўрганилган бўлсада, ушбу суратдан сўнг бутун дунё “Саҳрои Кабир кўзи”дан хабар топди.
Геологик ва археологик ўрганишлар хулосасига кўра, у 600 миллион йил аввал пайдо бўлган. Аммо қандай пайдо бўлганлиги ҳақида олимлар ҳали-ҳалигача бир тўхтамга кела олмаяпти. Хулосалардан бирига кўра, бу жуда йирик метеоритнинг Ерга келиб урилиши оқибатида юзага келган. Бошқа бир тахминга ишонадиган бўлсак, у қачонлардир фаол бўлган вулқон қолдирган “чандиқ”дан бошқа нарса эмас. Бу ҳудудни ўзга сайёраликларнинг “ижод маҳсули” деб ҳисоблагувчи олимлар ҳам йўқ эмас.
Яралиши ва мавжудлиги сабабидан қатъий назар, “Саҳрои Кабир кўзи”ни биринчи марта кўрган инсон ҳайратланмасдан қолмайди.