НОМАҲРАМ… (15-қисм)

0

 

* * *

 

— Хўш, ишлар қалай? — Бек ака ўзи қурдирган чойхонага келиб ўтиришгач, чойхоначи келтирган ичкиликни Ҳусан аканинг қўлига тутқазиб сўради. — Мановини очгин-да, гапир!

— Ишларим ёмон эмас, — деди Ҳусан ака ҳовлидаги фавворага ўйчан боқиб. — Лекин сенинг ишларинг пачавага ўхшаб турибди.

— Нега энди менинг ишларим пачава бўлиши керак?

— Сенга бир гапни айтмоқчи бўлиб юргандим-у, негадир тилим бормаётганди.

— Айт, биласан-ку, барибир айтмасингга қўймайман!

— Қизинг анови Хушвақт билан қочиб кетибди.

— Нима? — беихтиёр ўрнидан туриб кетди Бек ака. — Ким… ким айтди буни сенга?

— Кўрганлар бор. Ўша… Сен бориб келган кунинг Хушвақт қизингникида экан.

— Буни билардим.

— Чиқиб кетганингдан сўнг орадан ўн дақиқаям ўтмай иккови жўнаворибди.

— Қаерга?

— Йигитларимиз аниқлашибди. Ҳозир улар водийда эмиш! Шоҳимардонда маза қилиб…

— Ўчир овозингни! Шу бугуноқ мен икковиниям кўришим керак.

— Хушвақтниям-а?

Бек ака бир муддат ўйланиб тургач, хонтахтага муштлади.

— Хушвақтни кўришга кўзим йўқ.

— Тушунарли. Маржонани-чи?

— Уни уйга олиб келинглар! Квартирасини муҳрлаб ташла! Падарига лаънат! Шу қизни сира йўлга сололмадим-сололмадим-да!

— Мен сенга айтганман, — Бек аканинг елкасига қўл ташлади Ҳусан ака. — Она керак қизингга!

— Тўтига ўхшаб бир гапни такрорлайвермасанг-чи, сенам! Онани бошимга ураманми? Маржонани уйга опкелинглар, вассалом! У билан ўзим гаплашаман!

— Хўп, энди манавини қуйсам бўлар?

— Керакмас. Кетдик! Ҳозироқ ишга киришмасанг кеч бўлади!

Ҳусан ака итоаткорона ўрнидан туриб чойхоначига нималарнидир уқтирган бўлди-да, Бек аканинг ортидан машина томон йўл олди.

 

* * *

 

Мардон Бек аканинг хонадонидан шармандаларча ҳайдалгач, машинасини учирганча уйи томон кетиб борарди. Қишлоққа кираверишда — катта йўл бўйидаги садақайрағоч остида мунғайибгина ўтирган Матназарга кўзи тушиб кескин тормоз берди.

Матназар кўйлагининг тугмаларини ечиб олган, қўлидаги дастрўмолча билан қур-қур кўз ёшларини артиб оларди.

Мардон машинадан тушиб келиб, секин унинг ёнига чўкди.

— Ҳа, ука, қаердан келяпсан? — эшитилар-эшитилмас сўради Матназар узоқ-узоқлардан кўз узмай. — Ишларинг қалай?

— Қалай бўларди? Пулларни кўкка совуриб бўлибсиз-ку! Шундан экан, яхши бўлармиди иш?

— Мен нима қила олардим? Улар кўпчилик бўлса, бас келолмадим. Тепавериб ўласи қилиб ташлашди, ярамаслар.

— Ўша куни камроқ ичиш керак эди, — танбеҳ берган бўлди Мардон. — Ўша оғунинг касофатига қолдингиз. Мениям расво қилдингиз.

— Энди нима қилмоқчисан?

— Нима қилардим? Бошқатдан пул йиғаман…

— Ука, — Матназар бошини кўтариб Мардонга умидвор термилди. — Жон ука, ёнингда пулинг бўлса, беш-ўн сўм ташлаб кет! Нонгаям пулим йўқ, ишонсанг!

Мардон лабларини асабий тишлаб, чўнтагига қўл солди.

— Кечагина юргандингиз бойвачча бўлиб, — деди у битта мингталикни Матназарга зарда аралаш узатаркан. — Энди эса… ўтирибсиз тиланчилик қилиб.

— Нима? — Матназар ялт этиб укасига боқди. — Тиланчилик? Сендан пул сўраганим тиланчиликми? Майли, ма, ол пулингни! Ўлиб қолмасман очимдан! Ол дедим!

— Олсам олаверман, — пулни қайтадан чўнтагига солди Мардон. — Ўзингиз қай аҳволда ўтирибсиз-у, тағин гап кўтаролмайсиз. Сал пастроқ тушинг-да энди!

Матназар индамади. Мардон машинасига ўтириб жўнаб кетгачгина секин ўрнидан қўзғалди-ю, нимадир эсига тушгандек қайтадан жойига ўтирди.

— Хўп, тиланчилик бўлса, тиланчилик-да!

 

* * *

 

Кечагина дунёни сўрагудек бўлиб юрган девдай эркакнинг боши эгилса, қиёмат қойим бўлади.

Катта йўл бўйида ўткинчи машиналарга умидвор боққанича мунғайиб ўтирган Матназарни кўрганларнинг кўпчилиги тўхтаб ҳимматига яраша пул ташлаб ўтар, таниган-билганлар бош чайқаб уни қўллари билан кўрсатишарди…

— Сенга ярашмайди, бу иш, — кунларнинг бирида маҳалла оқсоқоли Ҳайдар ака ўтиб кетаётиб атайин Матназарнинг ёнида тўхтади-да, у ўтирган тўнгакнинг бир четига чўкди. — Кучинг бўлса бор, иш юритишни биласан. Кўрмаган кунинг қолмади. Тиланчиликка бало борми?

— Хўш, нима қилай? — деди Матназар қовоғини уйиб. — Туғишган укамдан пул сўрагандим, тиланчи, деб айтди мени. Алам қиларкан. Мана сенга дедим-у, ростакамига тиланчилик қила бошладим.

— Йўқ, бу ишинг бўлмабди. Уканг ҳали ёш. Нимани кўриб қўйибди? Яхшиси, олдига боргин-да, пича пул сўра. Ана ундан кейин бозорга ўтиб ул-бул сотсанг ҳам тирикчилигинг ўтаверади. Худо берса, балки яна бойиб кетарсан.

— Яна ўшанинг олдига бораманми? Бериб бўпти.

— Беради. Мен ўртага тушаман, ука! Тур, ҳозир боргин! Сендан олдинроқ бориб шипшитиб қўяман. Менинг гапимни қайтармайди… Агар мени ҳурмат қилсанг, айтганимни қил!

Матназар аслида ҳеч қаёққа бормоқчи эмасди. Оқсоқолнинг сўнгги гапи таъсир қилдими, истамайгина ўрнидан қўзғалиб қишлоқ томон юрди…

 

* * *

 

Тўйдан сўнг Матназар укасининг янги ҳовлисига келмаганди. Келин бўлмиш Ойниса серзардагина экан. Ё қайнисининг оғир аҳволда қолиб қарз сўрагани учунми, ишқилиб, олдига дастурхон ҳам ёзмади. Мардон ҳам эътибор қилмаган кўйи Матназарни совуқ қарши олиб, сўрининг бир четидан жой кўрсатди.

— Ука, менга юз минг сўм бериб турмасанг бўлмайди, — оҳиста гап бошлади Матназар ердан бошини кўтармай. — Тирикчилик қилишим керак. Ўлмасам қайтарарман қарзимни.

— Бу гаплар ўтмайди, — деди Мардон. — Қарз сўрашнинг, беришнинг ўз йўли бор.

— Қанақа йўл экан? — ҳайрон бўлиб укасига тикилиб қаради Матназар.

— Шунча вақт пулнинг ичида юриб билмасмидингиз?

— Йўқ. Мен бировга қарз берсам, ҳеч қандай йўл-пўл қидириб ўтирмасдим.

— У замонлар ўтиб кетди, ака! Ҳозир бошқа давр.

— Бўпти, айт ўша йўлингни!

Мардон хотини куймаланиб юрган ўчоқ тарафга бир кўз ташлаб олди-да, давом этди:

— Майли, юз мингни бераман. Аммо бир шарт билан. Икки ойдан кейин бир юз йигирма минг қилиб қайтарасиз.

— Б-бўпти… — кутилмаган шартни эшитган Матназар нафасини ичига ютди.

— Агар айтилган куни пул келиб менинг қўлимга тушмаса, кечирасиз-у… Пул ота-болани ажратган экан… Ҳовлининг ярмини бузиб келишга мажбурман… Тўғриси, бундай қилмоқчимасдим. Сиз мажбур қилдингиз. Хонумонимни анови ифлосларга тутқазиб юбориб мени қаттиқ ранжитдингиз.

— Биламан… Майли, сен шундай қарорга келибсанки, мен розиман!

— Мана бу бошқа гап…

Мардон акаси сўраган пулларни унинг қўлига тутқазаркан, хайрлашиш мавриди келганига ишора қилиб секин ўрнидан турди…

Ўчоқда келин товуқ шўрва пишираётганди. Матназар қорни очлигидан ўчоқ томон бир-икки қараб қўйди-ю, бироқ уй эгалари индамагани сабабли пул ўралган халтачани қўлтиғига қисганча ташқарига чиқиб кетди.

 

* * *

 

Матназар эртаси куни тўппа-тўғри шаҳар бозорига борди. Лекин нима олиб сотишни, ишни нимадан бошлашни билмас, бир-бирларини туртиб у ёқдан-бу ёққа чопаётган одамларга қараганча, ҳайрон бўлиб турарди.

— Ака, картошка бор, картошка! — бир маҳал катта аравани тўлдириб қоп-қоп картошка юклаб олган ўрта яшар, сочлари устарада қиртишлаб олинган эркак келиб Матназарни туртди. — Қаранг, ҳозир даладан опкелдим буни! Олинг, ака, пулингизга куймайсиз!..

— Олсаммикан? — ўйлаб қолди Матназар гоҳ картошкаларга, гоҳ бозор ичкарисига назар ташларкан. — Оқсоқолнинг ўғлиям қайсидир бозорда картошка сотади, дейишарди. Ана, уйларини данғиллатиб олди. Демак, картошкадаям гап кўп бўлса керак-да!

— Хўп, қанчадан берасиз? — бир қарорга келгандек, эркакка юзланди Матназар.

— Кўтара оласизми?

— Ҳа, кўтарасига.

— Унда-чи… Мен ғирром одаммасман. Ишонмасангиз, ана, бозорни кўринг! Хуллас, тўрт юздан килосига бераверинг. Пулингиз ўзингиз билан кетади. Фойда қилмасангиз, мана, мен кафил!

Бу сўзларга Матназар чиппа-чин ишонди. Ўйлаб ўтирмай, икки юз эллик кило картошкани тарозида торттириб олди-ю, сотувчининг қўлига укаси берган юз минг сўмни санаб берди…

Афсуски, алдашган экан. У ичкаридан амал-тақал жой топиб картошкаларни жойлагач, тутган ишига минг пушаймонлар еди.

Бозорни аввал ўрганмаса қийин-да! Картошканинг нархи икки юз эллик сўмдан ошмас, унинг қаршисига келиб нарх сўраган одамлар бурнини жийирганича нари кетишарди…

Матназар кечгача ўтириб картошкаларни олган нархидаям сота билмади…

Кечга борибгина, ҳамма бозорчилар нарсаларини йиғиштириб кетишга чоғланган маҳал бир олибсотарга зўрға бир юз элликдан картошкаларни ўтказди…

Энди аламга ботишдан, сўкиниб тўполон кўтаришдан не фойда? Барибир алдаб кетган одамни топа олмасди. Чўнтагига арзимаган пулларни жойлади-да, ҳеч қачон бозорга яқинлашмасликка ўзича қасам ичиб уйига жўнади…

 

* * *

 

Матназарнинг хаёлида ҳаммаси тугагандек эди. У фақат бир нарсани ўйлаб яшарди. Қарзни қайтаришига бир кун қолди. Бу тунни ўтказса, эрта тонгда укаси кириб келади ва пулини сўрайди. Шубҳасиз, Матназар у пулларни қайтара олмайди. Ана шунда Мардон ёнига ўзига ўхшаган икки-учтасини олади-ю, уйни бузишга киришади. Онаси раҳматлидан қолган ягона ёдгорлик кунпаякун бўлиб кетади.

Бундай оғир дамларда эркак киши аламини ичкиликдан олмоқчи бўлади. Матназар ҳам чўнтагида қолган бир-икки минг сўм пулга дўкондан ичкилик сотиб олди-да, қоронғиликда ҳовли ўртасидаги сўрига чордона қуриб ўтирган кўйи ичкиликка мукка тушди…

— Она-а!.. — орадан бир соатлар ўтиб кайфи ошган Матназар овозининг борича бақира бошлади. — Анови кичкинангиз мени адойи тамом қилди! Қарзга пул берди менга! Эртага келиб уйни бузиб кетади! Мен ёлғизланиб қолдим! Ҳеч кимим қолмади, она! Қаддим букилди! Маҳалла-кўй орасида бош кўтариб юролмас бўлдим! Эртага яна тиланчиликка чиқаман! Шундан бошқа чорам йўқ! Ҳеч ким бери кел, демаса, нима қилай? Бошимни қай деворга урай?

Балки, қўшнилар унинг овозини эшитишгандир? Аммо ҳеч ким бош суқиб бу ҳовлига кирмади.

Матназар анча пайтгача ўзи билан ўзи сўзлашиб сўрида уйқуга кетди.

 

* * *

 

— Ҳой ака, бошни кўтаринг! Нима бало, ўлиб-нетиб қолганмисиз? Турсангиз-чи!

Матназар бир-икки ётган ерида қимирлаб олгач, кўзларини ишқалаб ўрнидан қўзғалди.

Тепасида Мардон турарди.

— Кел, ука, кел, ўтир!.. — мулозамат қилди Матназар шоша-пиша кўрпачаларни жой-жойига тўшаб. — Ўтирақол!

— Ўтиришга вақт йўқ, ака! — деди Мардон қовоғини уйиб данғиллама қилиб қурилган қатор-қатор уйларга зимдан назар ташларкан. — Қарзингизни узармикансиз, деб келдим! Тайёрлаб қўйгандирсиз?

Матназар бу гапни укасидан кутган бўлса-да, негадир жаҳли чиқиб кетди.

— Сен мунофиқ экансан! — деди Мардоннинг кўзларига тик боқиб. — Кўзингга фақат пул кўринадиган бўп қопти. Эсингдами, сени мана шу уйда ўз қўлларим билан кўтариб катта қилганман. Сени деб, жигаримни деб не балоларга йўлиқмадим. Эслайсанми ўша кунларни?

Мардон чирт этиб ерга тупурди-да, қўлларини бигиз қилиб акасини қайириб ташлади.

— Бас қилинг дийдиёнгизни! Катта қилган бўлсангиз, нима қилай? Ўша қарздан кечасан, демоқчимисиз? Чучварани хом санабсиз. Сиз мени хонавайрон қилиб топган-тутганимни анови ҳамтовоқларингизга тутқаздингиз. Хўш, ўшалар келиб сизга бир сўм қарз бердими? Бериб бўпти! Энди яхшиликка ёмонлик… Айбни менга тўнкаяпсиз.

— Сен бирор марта келиб хабар олдингми? Ит кунини кўриб ўтирибман-ку шу ерда! Наҳотки, юрагинг шунчалар тош бўлса-а?

— Гапни кўпайтирманг! Эркак киши деган биқиниб олганча ичавермайди бировдан қарз олволиб. Мундоқ ҳаракатини қилади! Бўпти, гапни калта қилайлик-да, пулларни опчиқинг! Мен кетишим керак. Ишим бошимдан ошиб ётибди.

— Пул йўқ, — деди Матназар бош эгиб. — Пулларинг соврилиб кетди.

— Шунақами? Ўзим сезгандим. Гўл, анқовлигингизни билардим.

— Оғзингга қараб гапир! — кутилмаганда Мардоннинг ёқасидан олди Матназар. — Тилим бор, деб гапиравераркансан-да! Ким сенга ҳуқуқ берди мени ҳақорат қилишга?

Шунда Мардон ёқасига ёпишган қўлларни секин олиб ташлади-да, яшин тезлигида чўнтагидан тўппонча чиқариб, Матназарнинг пешанасига тиради.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ