НОМАҲРАМ… (17-қисм)

0

 

* * *

 

Уч қишлоқ нарида жойлашган бу жийдазор не-не мурдаларни кўрмаган. Не-не нолаларни тинглаб безовта чайқалмаган.

Бугун ҳам шу ерга оппоқ «Нексия» келиб тўхтади-ю, ичидан Матназар бошлиқ уч йигит тушиб атрофни зимдан кузатган бўлишди. Зоғ учмасди атрофда. Ҳатто, навбатдаги хунрезликни олдиндан сезган каби боягина чирқиллаб шохдан-шохга қўнаётган қушлар ҳам қаерларгадир олисга ғойиб бўлишган. Далалар эса, бўм-бўш. Сувчи яқиндагина яхоблаган шекилли, сувини бирпасда ташналарча эмиб улгурган пайкаллар билч-билч лой…

— Юкхонани оч!.. — йигитлардан бирига буюрди Матназар. — Тезроқ бўлсанг-чи, ошна!.. Бунақа ишларни ими-жимида қилиш лозимлигини биласан-ку!..

Икки йигит машина юкхонасидан оппоқ матога ўралган мурдани суғуриб олишди-да, суви қурий бошлаган ариққа олиб тушишди.

— Тезда болтаминан майдаланглар-у, чуқур қазиб кўминглар!.. — деди Матназар аланглаб. — Беш дақиқа ичида бу ердан даф бўлишимиз керак.

Айтилганидек, орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, йигитлар қон сачраган қўлларини қумга арта-арта машина ёнига келишди.

— Худо раҳмат қилган бўлсин! — қўлларини фотиҳага тортди Матназар. — Гуноҳларимизни Худонинг ўзи кечирсин! Кетдик!..

 

* * *

 

Туман жиноят қидирув бўлими бошлиғи подполковник Арслонов бошини чангаллаганча кабинетида ўтирар, кулдондаги сигарет қолдиғи ўз ҳолича тутаб ётарди.

Арслонов бир муддат ўй суриб тургач, телефонга ёпишиб керакли рақамларни терди.

— Алло, Бек ака!.. — деди шошиб гўшакдан таниш овоз эшитилиши ҳамоно. — Ўзингизмисиз?

— Ўзим бўлмай, арвоҳим бўлармиди? — жавоб қилди суҳбатдош. — Нима гап?

— Ака, тағин ЧП бўпти-ку!..

— Нима бўпти?

— Бир йигитни чавақлаб ариққа кўмиб кетишибди.

— Хўш, менга нима алоқаси бор?

— Гувоҳлар сизнинг йигитларингизга тўнкашяпти.

— Вей, қанақа гувоҳ? Менинг йигитларим майда-чуйда ишлар билан шуғулланмаслигини биласан-ку!

— Тўғри-ку-я… — Арслонов пешонасини буриштириб бирпас сукутга толди. — Аммо… Ўша маҳалда бир кампир сизларга тегишли машинани кўрганмиш. Биласиз-ку, кампирларнинг оғзи шалоқ бўлади!..

— Сен ёп ўша оғизни! Битта кампирни тинчлантиролмасанг, нима қилиб ўтирибсан у ерда?..

— Мен-ку, тинчитаман. Локигин…

— Бўпти, тушундим. Харажатидан хавотир олма. Ҳозироқ етказишади сенга. Фақат тезроқ ишни ёп!.. Гап-сўз кўпайиб юрмасин!

— Хўп, сиз айтасиз-у, биз йўқ дермидик? Харажатни…

— Қўрқма, сени хафа қилмайман.

Бу гапдан сўнг Арслонов бирдан жонланиб, кафтларини бир-бирига ишқалаганча қайтадан телефонга ёпишди…

 

* * *

 

Маржона охирги кунларда ўзини қўярга жой тополмасди. Мана, бир ҳафта кутди. Хушвақтдан негадир дарак йўқ. Ҳар галги қўнғироқ қилишлар ҳам бефойда кечяпти. Телефондан «ўчирилган» деган жавобгина эшитилади холос. Отаси эса, «Шунчаки ишдан бўшатдим», деганди. Нимага йўқ бўлиб кетади?.. Ё бирор кор-хол…

Маржона эрта тонгда тўшакка михланиб ётганча шуларни ўйларкан, бирдан ҳушёр тортиб ўрнидан турди.

Йўқ, бу ерда бир гап бор. Зудлик билан отасини қистовга олмаса бўлмайди.

— Дада, ростини айтинг, Хушвақтни нима қилгансиз? — Бек ака шу тобда фавворани ёқиб, юқорига шиддат билан чиқиб-тушаётган сувга тикилганча ўй сурарди. Қизининг саволини эшитди-ю, юзини тескари бурди.

— Нима, соғиниб қолдингми ўша хунасани? — совуқ оҳангда сўради у.

— Соғинганим йўқ. Аммо ҳозир айтасиз нима бўлганини!..

— Унингга балоям ургани йўқ. Юргандир дайдиб.

— Йўқ, алдаяпсиз. Сиз уни…

— Овозингни ўчир!.. — Бек ака Маржонанинг икки юзини чангаллади. — Индамас экан деб бўлар-бўлмасни гапираверма!

— Унда нега индамаяпсиз? Айтинг!..

— Ҳа, ўлдириб юордим уни! Чунки, у яшашга ҳақли эмас. Мени шарманда қилди, тушундингми?

— Нима?.. Нима учун?.. Дада, сиз… Қотилсиз!..

— Ҳа, қотилман! Хушвақтга ўхшаган ўзбошимчаларни кўрсам, кўзларимгача қонга тўлади… Энди…

— Унда мениям ўлдиринг!.. Нега қараб турибсиз?..

Бек ака дарвоза тарафдаги соқчилар қараб қўйишганини кўргач, бироз овозини пасайтирган бўлди.

— Сени ўлдирмайман. Сен менинг зурриёдимсан. Бироқ, билиб қўй, мабодо яна менинг раъйимга қарши иш қилсанг, унда сенлигинггаям қараб ўтирмайман.

— Шунақами?.. Яхши… — Маржона тўзғиган сочларини қайтадан турмаклади-да, ортга тисланди. — Мен бу уйда бир дақиқаям турмайман энди. Бошимни оламан-у, узоқ-узоқларга кетаман.

— Кетиб бўпсан!.. Сен яқинда мен айтган йигитга турмушга чиқасан.

— Тегиб бўпман сизнинг каллакесарларингизга!.. Мен ўзимни ахлатхонадан топиб олганим йўқ.

— Тегмай қаёққа борардинг…

Маржона зарда билан хонасига кириб кетгандан сўнг Бек ака Ҳусан акага қўнғироқ қилди.

— Менга қара, шу бугундан бошлаб қизим учун бошингминан жавоб берасан!..

 

* * *

 

Бек ака эртаси куниёқ ҳеч кимга индамасдан тўппа-тўғри милиция бўлимига борди. Узун йўлак бўйлаб подполковник Арслонов кабинети томон юриб бораркан, уни таниган милиционерлар қўлларини кўксига қўйиб салом беришар, орқасидан ўзларича шивир-шивир қилиб нималарнидир бир-бирларига уқтирган бўлишарди.

— Э, қадрдоним кепти-ку!.. — хона ичида бурқсиб кетган сигарет тутунларини ҳайдай-ҳайдай, ўрнидан туриб Бек акага пешвоз чиқди Арслонов. — Бир оғиз қўнғироқ қилиб огоҳлантириш шунчалик қийинмиди? Кутиб олардик-ку!..

— Ҳозир қўнғироқ қилишгаям вақт йўқ. — деди Бек ака таклифни ҳам кутиб ўтирмай рўпарадаги ўриндиқлардан бирига чўкиб. — Ўзинг қалайсан? Жиноятчилар камайяптими?

Арслонов бу гапдан сўнг Бек акага бирпас маъноли тикилиб турди-да, беихтиёр кулиб юборди.

— Сиз билан биз тирик эканмиз, камаймайди. — жавоб қилди ниҳоят кулишдан тўхтаб. — Шуни билиб туриб сўрайсиз-а, ака!..

— Сен нимага ўзингни тиқиштиряпсан? Ахир, бизга ўхшаганларни сен тутасан-ку!

— Шуни айтаман-да!.. Ўзингиз ўйлаб кўринг, сиз қочасиз, биз қувамиз. Агар биз бўлмасак, кимдан қочардингиз?.. Кўрибсизки, ҳаёт давом этяпти. Сиз қочаверасиз, биз ярим йўлгача қувиб борамиз-да, секин орқага қайтиб қўя қоламиз. Нима қиламиз ҳарсиллаб?.. Тўғрими?..

— Бўпти, — гапни калта қилиб мақсадга ўтди Бек ака. — Мен сенинг олдингга бошқа ишминан келганман.

— Қулоғим сизда.

— Айтганча, анавини олдингми? Бус-бутун эканми?

— Ҳа, ҳаммаси жойида. Сиз берасиз-у, яримтаки бўлармиди? Айтаверинг, ака, қандай хизмат бор?

— Ҳа, анави Матназар сўтакни билармидинг?..

— Нима?.. Сўтак дедингизми? Адашмасам, у сизга куёв шекилли?..

— Менга деса бало бўлмайдими. Хуллас, ўшани сал йўлдан четроққа олиб туриш керак бўп қолди.

— Бунақа ишларни ўзингиз ҳам қойиллатардингиз-ку!

— Йўқ, мен ўлдириш маъносида гапирмаяпман. Вақтинчалик яна турмага тиқиб туриш керак деяпман.

— Шунақами? Тағин нима айб қилди у дезертир?

— Унисиминан ишинг бўлмасин! Хизматинг учун келишилган ҳақни оласан. Фақат жуда пухта бўлиши зарур.

— Ака, қачон мен сизнинг юзингизни ерга қаратганман-а? Уни қамаш чўт бўптими? Худога шукр, бўйнида тўртта мурда осилиб турибди. Шуларнинг ўзи кифоя.

— Ақлингга балли! Демак, эртага кечқурун у турмада бўлиши лозим. Суд-пуд қилиб юрма!.. Мен турма бошлиғига қўнғироқ қилиб қўяман. Сенинг вазифанг, уйидан кишанлаб опчиқиб, турмагача элтиб қўйиш. Қолганини уёқдагилар боплашаверади.

— Гап йўқ. Айтган вақтингизда бажарамиз. Айтганча… Ҳақ…

— Уф-ф, ҳар сафар сўрайвераркансан-да!.. Сен ишни бажар, уйингда ўтириб санаб олавер!..

— Бир умр хизматингиздаман, ака! — Бек акани маҳкам бағрига босиб миннатдорчилик билдирган бўлди Арслонов. — Яхшиям сизга ўхшаган акахонларимиз бор. Бўлмаса, бу дунёда ташвишдан бошимиз чиқмай ўлиб кетардик.

— Бўпти, дийдиёнгни бас қил!.. Мен кетдим.

— Тўхтанг, кузатиб қўяман!..

— Керак эмас. Ўзим кетавераман. Ёш бола эмасман…

 

* * *

 

Матназарнинг кўнгли негадир ғаш эди. У меҳмонхонада ўтириб бетиним сайраётган телевизорга ҳиссиз термулган кўйи ўтирар, айниқса, Маржонанинг меҳрсизлиги, ҳар қадамда камситавериши, иши тушиб турган маҳаллардагина бошини силаб бироз эркаланиб қўйишларини эслаган сари баттар хуноб бўларди. Аксига олиб кеча кечқурун энаси тушига кирибди. Эски ҳовлилари ўртасига туриб олганча сочини юлиб дод солармиш. Сабабини сўраса, итариб ташлармиш…

— Ака, сизни сўрашяпти ташқарида!.. — ичкарига кириб келган қўриқчини сезмай қолибди. Сесканиб ўрнидан турди-да, унга ҳайрон бўлиб қаради.

— Нима дединг?

— Сизни сўраб келишди.

— Ким экан?

— Айтишмади кимликларини. Тўрт киши. Машиналарида ўтиришибди. Зарур ишимиз бор эди дейишди.

— Кеннойинг келмадими ҳалиям?

— Негадир дараклари йўқ. Ишлари кўпайиб кетди шекилли…

— Бўпти, ҳозир чиқаман…

Матназар кийимларини кийди-да, ҳар эҳтимолга қарши тўппончасини қўйнига солиб ташқарига чиқди. Ҳақиқатан дарвозадан беш-ўн метрлар нарида оппоқ «Нексия» турар, ёнида тўрт чоғли барваста-барваста эркаклар сигарет чекиб туришарди.

Матназарнинг чиқиб келаётганини кўришди-ю, сигаретларини ирғитиб унга пешвоз чиқишди…

Матназар яқин келибоқ, улардан бирини таниди. Подполковник Арслонов. Ҳар гал қамоққа худди шу нусха кузатиб қўярди…

— Келинглар, қайси шамоллар учирди!?

— Нега келганимизни билиб тургандирсан, йигит! — деди Арслонов унга яқинроқ келиб.

— Ўлай агар, билмайман!..

— Сен тўрт кишини ўлдирганликда айбланасан. Ҳозир биз билан бирга юришингга тўғри келади.

— Нима? Қанақа ўлдирганлик? Ўйлаб гапиряпсизми? Мен…

Матназар сўзини тугатиб улгурмай, наридаги уч нафар милиция ходими югуриб келишди-да, қўлларини қайириб кишан солишди.

— Қани, машинага ортинглар бу нусхани! — буюрди Арслонов уларга. — Қолганини бўлимда сайраб беради…

— Тўхтанглар! — икки елкасидан маҳкам қисиб олишганига қарамай, кутилмаганда қичқирди Матназар. — Тўхтанглар!..

— Нима дейсан яна? — Арслонов йигитларига «Қўйиб юбор» ишорасини қилиб унга яқин келди. — Хўш, ниманг қолиб кетди? Гапир!..

— Илтимос! Сизларга биттагина илтимосим бор!

— Гапир, вақт йўқ!

— Энамнинг қабрига анчадан бери бормагандим. Бирров кириб ўтсам дегандим.

— Қамоқдан қайтгач, ўтаверасан. Ҳозир сени камера кутиб турибди. — деди Арслонов совуққонлик билан.

— Ахир, мен қочиб кетаётганим йўқ-ку! Жон ака, йўқ деманг!

— Бўпти, фақат тез бўласан.

— Ҳа, ҳа, ҳа, шундоқ мўралайман-у, машинага чиқаман!..

Қабристонга икки милиционер ҳамроҳлигида кириб келди-ю, Матназар пайт пойлашга тушди. Энасининг қабри тепасида тиз чўкканча ўтириб нималарнидир пичирларкан, тепасида турган икки милиционернинг чалғишини кутар, улар ҳам ҳадеганда Матназардан кўзларини ола қолишмасди…

Шу кўйи орадан уч дақиқача ўтди. Улар ниҳоят аланглаб атрофни кузатган бўлишди. Пайтдан фойдаланган Матназар эса, тўсатдан қўлларига қабр тупроғидан тўлдириб-тўлдириб олди-да, иккаловининг кўзлари аралаш сочди.

— Иҳ-ҳ!.. Ифлос!.. Ушла уни, ушла! Қочиб кетади!..

Матназар жонҳолатда қабристоннинг нариги маҳаллага уланган бурчаги томон чопиб борар, милиционерлар кўзларини ишқалаганча, уни қувиб боришарди…

Афсуски, мўлжал панд бердими, ўнг оёғи бехосдан очилиб қолган қабрлардан бирига тушиб кетди…

Яхшиямки, салгина ковланган экан. Гавдаси ташқарида қолди.

Милиционерлар бўлса, бор кучлари билан уни тепага тортиб олиб оёғига ҳам кишан солиб қўйишди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here