УЙИДАМАС, КАСАЛХОНАДА ЯШАГАН БОЛА… (ёхуд «Ойим албатта тузалиб, мени олиб кетишга келади»)

0

 

Бир пайтлар Тошкент шаҳрида яшовчи Темур исмли бу болакай ҳам тенгқурлари қатори ўйнар, қувонар, онасининг қайноқ меҳридан баҳра оларди. Лекин қисмат экан, онаси оёғини синдириб олгач, тўшакка михланиб қолди. Темур касалхонада — онасининг ёнида узоқ вақт яшашга мажбур бўлди. Кейин эса уни шаҳар ички ишлар бошқармаси қошидаги транзит марказига ўтказишди. Бу ерда ота-онаси йўқ, ёки ташлаб кетган болалар вақтинча яшайди.

— Олдинига қочиб кетмоқчи ҳам бўлдим, — дейди болакай. — Аммо қочмадим. Ҳозир транзит марказ менга жуда ёқади. Флотча макарон деган овқатлари ҳам ёқади…

Бу ерга келгунча у тўрт ой касалхонада яшаганди. Касалхона ҳамширалари, врачлари унга яхши қарашарди. Ҳатто пул ҳам беришарди. Пулни эса Темур йўлкирага ишлатишни маъқул кўрарди. Чунки мактаби касалхонадан нақ 9 километр келади. Пиёда боришнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун овқатланиш ўрнига йўлкира тўлаб автобусда мактабга борарди, дарслардан сўнг яна автобусда касалхонага қайтарди. Мактабида ручкаси, дафтарлари йўқлиги учун муаллималар уришса ҳам чидарди. Ахир, кимлардир ҳадя қилган уч-тўрт минг сўмни қай бирига етказсин?..

Бир йил олдин Темур 11- туғилган кунини дўстлари билан Тошкентдаги истироҳат боғларидан бирида ўтказган. Ўшанда амакиси уни ва дўстларини пицца билан сийлаган. Темурга юмшоқ ўйинчоқ совға қилган. У айиқча эди. Темур транзит марказга олиб кетишаётганда, юмшоқ айиқчасини онасига ҳадя қилди.

— Ойим шу айиқчани кўрганда, — дейди Темур. — Мени эсга олади. Амаким Россияга пул ишлаш учун кетган. Қайтишда менга велосипед олиб келади. Маза қилиб велосипедда учаман. Ойим тузалиб қолсалар, униям велосипедда сайр қилдириб келаман…

Афсус, онаси Азизахон ҳадеганда оёққа туриб кета олмаяпти. Даволаниш жараёни жуда узоқ давом этади шекилли.

Ўзига қолса, боласини ёнидан бир қадам ҳам жилдирмасди. Мажбур-да. Кўзини чирт юмиб транзит марказга олиб кетишларига изн берди.

Марказда ҳам ўқишини давом эттирмоқда, ҳам спорт мусобақаларида иштирок этмоқда, ҳам турли тўгаракларга қатнашмоқда. Бу машғулотлар Темурга ҳозирги қийин вазиятда тушкунликка тушиб қолмасликда катта ёрдам беряпти.

Транзит марказ мутасаддилари яқинда боланинг бувижонисини ҳам топишганди. У Тошкент вилоятида яшаркан. Бувисининг қарамоғига топширишди. Афсуски, бувиси Темурга қарай оладиган шароитда эмаскан. Болакай яна марказга қайтарилди.

Темур ҳар куни деразадан ташқарига ўйчан боқади. У бир ҳақиқат юз кўрсатишига қаттиқ ишонади. Шу ҳақиқатни ҳар куни, ҳар соатда шивирлабгина тилига кўчиришдан тийилмайди:

— Ойим албатта тузалади! Тузалгач, албатта мени олиб кетишга келади!..

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади