НОМАҲРАМ… (18-қисм. Охири)

0

 

* * *

 

Матназар ҳеч нарсага тушунмасди. Милиционерлар уни бўлимга олиб келиб, яхшигина калтаклашди. Қочишга урингани учун жазолашди. Сўнгра бир-икки соат ушлаб туришгач, яна машинага ўтқазишди.

— Сен бошқа бир турмага борасан. — деди Арслонов совуқ тиржайиб. — У ерда сенга одам ўлдириш, қочиш қанақалигини кўрсатиб қўйишади. Ҳе, хўроз!..

«Ахир, нега бундай қилишди? — машинанинг кичкинагина панжара тутилган тирқишидан ташқарига қараб бораркан, ўйларди Матназар. — Нега суд қилишмади? Нимага бирдан турмага жўнатишди? Қаерга олиб боришади?..»

Шу тобда хаёлига Маржона келди. Унинг келишган қоматини, сузик кўзларини, шартта-шартта гапириб ташлашларини-ю, баъзан кайфияти чоғ маҳалларда бир четдан туриб ноз аралаш тикилиб қўйишларини эслади. Аммо қанча эсламасин, барибир бир нарсага тушуна олмасди. Мана, у билан олти ойдан ортиқроқ яшаб қўйишди. Ҳалиям ораларида Матназар истаганидек илиқлик кўринмайди. Ҳамон шарт қўяди. Тўшакка ётгандан асабийлашишни бошлайди. Сал нотўғри гап айтиб қўйса, ўша заҳоти жеркиб ташлайди. Ахир, шуям эр-хотинликми? Матназарнинг айби нима?.. Айтганини қилса. Қўлидан келганча меҳр кўрсатса…

Машина тун бўйи тўхтамай йўл босди.

Тонгга яқингина қаердадир тўхтагандай бўлди. Кимларнингдир бўралаб сўкингани эшитилди.

Ниҳоят машина эшиги очилиб, Матназарнинг рўпарасида баланд бўйли сержант пайдо бўлди.

— Туш, етиб келдик! — буюрди у. — Қўлларингни орқага қилиб тушгин-да, бортга бошингни тира!..

Матназар бу ерларни билмасди. Ҳаво бу ерларда янада совуқроқ экан. Эти жунжикиб кетди…

— Қани, тезроқ юр! — елкасига автомат билан туртди орқада келаётган милиционерлардан бири. — Чаққон-чаққон қадам ташла!..

Матназарни баҳайбат турма дарвозасидан тўрт қаватли бино ичига олиб киришди.

Нима бўпти? Матназар турма ҳавосига кўниккан. Ҳар бир ёқимсиз ҳид унга таниш. Шунинг учун сира тап тортмай милиционер кўрсатган камерага кирди.

Ичкари нимқоронғи, унитаздан келаётган сассиқ ҳид бутун камерани тутганди…

У эҳтиёткорлик билан икки қаватли каравотга яқин борди. Ҳа, ёлғиз эмас экан. Биринчи қаватда олтмиш ёшларга бориб қолган, соқол қўйган бир эркак бамайлахотир сигарет тутатиб ётарди.

Матназар унга ўғринча назар ташлади. Қаердадир кўрганманми-йўқми деб хаёл қилди. Танимади.

— Ҳа, ошна, хуш кепсан бизнинг кошоналарга! — ётган ерида ғудраниб қўйди эркак. — Менинг исмим Шодиёр. Сен адашмасам, Матназарсан, шундайми?

— Ҳа. Лекин… Сиз қаердан биласиз, отахон?..

— Қаердан биласиз эмиш… — Шодиёр ота қўлидаги тугаб қолаёзган сигаретни унитазга ташлаб каравот четига эндигина ўтирган Матназарнинг тепасига келди. — Нима, турмада биринчи марта ётишингми сўрайсан? Билади-да!.. Ахир, шеригим қанақа одам, қайси айби учун қамалди, ҳаммасини билишим керакми-йўқми?

— Тўғри, фақат асабийлашманг! — қарияни тинчлантирган бўлди Матназар. — Ўйламай сўраб қўйдим-да!..

— Локигин… Сен жуда яхши йигитсан. — давом этди Шодиёр ота. — Ўша бўйнингга илинган тўртта мурданинг эгалари яхши одамлар эмасди. Нима қиласан? Ҳукуматчилик. Қолаверса, сени қаматганлар Худонинг ғазаби. Бекор тенг бўпсан уларминан.

— Пешона экан, ота. — деди Матназар бошини эгиб. — Пешонам шўр бўлмаса, шунақанги ярамасларга илакишиб қолмасдим.

— Сен каттангнинг қизига уйланиб яна бир катта хатога йўл қўйгансан.

— Ие, сиз буларни… Ҳа-я, қаранг, тағин шу саволни бермоқчиман…

— Майли, кўникасан. Биласанми, у қиз… Айтсам, барибир хафа бўласан. Айтмасам, виждоним тинчлик бермайди менга.

— Айтаверинг! — Шодиёр отанинг кўзларига тикилди Матназар. — Шунчасини эшитиб келдим. Бунисигаям чидайман.

— Ўша Маржона деганлари ғирт бузуқи қиз. Сен бекор уйланибсан. Ишонсанг, у жуда кўп эркакларни кўрворган.

— Сиз қаердан биласиз кўрворганини?

— Бир шеригим бўларди. Бир ой бўлди қутулиб чиқиб кетганига. Ўшандан бери ёлғиз эдим бу ерда. Хуллас, ўша йигит уни бир даврада кўрган экан. Ҳаммаси қиморбозлар, каллакесарлар дейди. Фақат отасининг одамлари йўқ экан. Маржона ўша даврада рақс тушган экан. Ўтирган эркакларнинг баданини ушлаб кўрмагани қолмабди. Парвосигаям келтирмайди дейди…

— Ахир, у Хушвақт деган йигитга…

— Гапни бўлма, бола!.. Хушвақтиниям танийман. Маржона унга ўзини топширганмас. Ьуёғидан келсак, у ярамас қиз шу кунгача беш марта анави ерини қайтадан тиклаб олган экан. Бунисига нима дейсан?..

— Наҳотки?.. — Матназар бошини чангаллади. — У Хушвақтнинг аламини олиш учун дадаси билан олишиб ётибди-ку!.. Буни қандай тушуниш мумкин?

— Тўғри, кўнгли кетган бўлса кетгандир. Нима бўлгандаям, аёл. Хушвақт унинг кўнглига ўтиргандир-да! Локигин бокира бўлиб ўзини топширганмас.

— Унда кимга топширган ўзини?..

— Бунисини Худо билади. Мен Худо эмасман. Тепасида шам кўтариб турмаганман. Сенга маслаҳатим шуки, обрўйинг борида ундан қутулишга ҳаракат қил! Йўқса, итдай ўлиб кетишинг ҳеч гапмас.

— Йўқ, ота, — ўрнидан туриб бир қўлини белига тиради Матназар. — Менам итдай ўлиб кетаверадиганлар хилидан эмасман. Ҳали турмадан чиқиб олай, кўрсатиб қўяман алдашни.

— Қўлингдан ҳеч нима келмайди. — қўл силтади Шодиёр ота. — Уларни билмайсан. Бугун ёвлашса, эртага яна бирлашиб кетаверишади. Сен ким бўпсан? Пашшадай гапсан.

— Кўрамиз ҳали. Пашшаям осонликча ўлмайди. Курашади.

— Бўпти, маҳмадоналик қилавермай, жойингга чиқ! Ётадиган маҳал бўлди. Айтганча, турмадан чиқиб олай дедингми?

— Ҳа, нимайди?

— Сенга айтишдими ўзи неча йилга қамалганингни?

— Бе, суд қилса айтади-да!

— Мен биламан.

— Хўш, неча йил экан?

— Ўн беш йил, бўтам, ўн беш йил.

Матназар кулгиси қистаб эшитилар-эшитилмас, шивирлаб қўйди.

— Яхшиям укамни огоҳлантиришга улгурдим. Аммо барибир, бир ҳафта ичида қочиб кетмасам, отимни бошқа қўяман!

 

* * *

 

Маржона туни билан деярли мижжа қоқмади. Негадир Матназардан дарак йўқ. Милицияга қўнғироқ қилиб кўрди. Айтишмади. Ярим кечаси ўзи бориб ҳам келди. Бу ерда йўқлигини айтишди. Уйига қайтиб юраги ғаш тортган кўйи деразадан ташқарига қараб тонг оттирди…

«Ишқилиб, ўлдириб юборишмаган бўлсин у латтани! — ўйларди кўзлари юмилиб бораётган бўлса-да, ухлаб қолмаслик илинжида бошини силкитиб-силкитиб. — Ҳеч бир ишни қойиллата олмайди ландовур. Тўшакда-ку, ғирт оми экан. Қаёқданам шу шўртумшуққа тегдим ўзи? Падарига лаънат! Қуриб кетганмиди менга эр?..»

Шу пайт ташқарида кимларнингдир ғўнғир-ғўнғир товуши эшитилгандек бўлиб, Маржона шошилинч ўрнидан турди-да, ташқарига қаради. ўира-шира қоронғиликда қўриқчилар баланд бўйли, эгнига қора чарм куртка кийиб, бўйнини қалин шарф билан ўраган бир эркакка нималарнидир астойдил тушунтиришарди.

— Шу бўлса керак Мардон. — деди ўзига ўзи. — Ўҳ-ҳў, жа келишганга ўхшайди. Бўйи баландлигини қара, нақ девнинг ўзи-я!..

Маржона шоша-пиша эгнига халатини илиб ташқарига чиқди.

— Ким экан? — атайин сўради у остонадан туриб.

— Сизнинг олдингизга келибди. — деди қўриқчи йигитлардан бири қаршисидаги Мардонни кўрсатиб. — Матназар аканинг укаси экан.

— Майли, қўйворинглар, кираверсин!..

Мардон илдам қадамлар билан Маржонага яқин келди.

— Сизмидингиз Мардон? — сўради Маржона уни бошдан-оёқ кузатиб чиқиш асносида.

— Ҳа, акам қўнғироқ қилиб тез келишимни айтганди.

— Акангизнинг ўзи қаерда?

— Билмадим. Уни… Кўрмадим мен.

— Шунақа денг?.. Бўпти, ичкарига киринг, сиз билан маслаҳатлашадиган иш бор!..

Мардон итоаткорона Маржонанинг ортидан ичкарига кирди…

— Чарчагандирсиз? — ичкарига кириб ўтиришгач, сўради Маржона қаршисидаги девқомат йигитга зимдан назар ташлаб.

— Ҳа, шунақа десаям бўлади. Туни билан йўл юрдим.

— Унда анави хонага киринг-да, бирпас ухлаб олинг! Менам ухламадим. Бироз дам оламан. Қолган гапларни кейин гаплашамиз.

— Хўп, кеннойи!

Бу гапни кутмаган Маржона ялт этиб Мардонга қаради. Лекин индамади…

Унга Мардоннинг «кеннойи» дея мурожаат қилиши негадир ёқмаганди.

 

* * *

 

Умрини алпқомат йигитлар даврасида ўтказиб ўрганган Маржона Мардонни кўргандан бери ўзини буткул йўқотаёзганди. Кўзлари юмилиб кетаётганига қарамай, сира ухлай олмас, уйқу тўла кўзлари нариги хона эшигида эди.

«Оҳ, қандай келишган, норғул йигит экан! — ўйларди ўзича. — Акасига сираям ўхшамайди. Буткул бошқача. Қарашлари жиддий, камсуқум. Қанийди шундай йигитнинг қучоғида бўлиб қолсам!.. Мени эркаласа, юз-кўзларимни бўсаларга кўмиб ташласа. Ахир, бундай йигитларга фақат мен лойиқман! Мендан бошқаси арзимайди… Нима қилсам экан-а?.. Қандай қилиб кўнглига йўл топсам?.. Нима қилсам, ўзимга қаратиб оламан?.. Ҳа-а, топдим!..»

Маржона беихтиёр ўрнидан туриб халатини кийди.

«Олдига кираман. Нимадан қўрқардим? Ҳозир у менинг ихтиёримда. Қочиб ҳеч қаёққа бора олмайди. Кираман-у…»

У секин-секин юриб бориб рўпара хона эшигини очди. Мардон аллақачон ухлаб қолган, қимирлаб ҳам қўймасди ҳатто…

Маржона эҳтиёткорлик билан каравотнинг бир четига ўтирди. Шу тобда кўзлари чақнар, эҳтирос аъзойи баданини чирмаб олган, бир сония кутишга-да тоқати етмасди…

— Ухлашингдан!.. — шивирлади Маржона ҳануз ухлаётган Мардоннинг юзларига бармоғини билинар-билинмас теккизиб. — Нега ёнимда ёта қолинг деб айтмадим?.. Ҳечқиси йўқ. Сен бугун менинг жаннатимга кирасан…

Маржона оҳиста ўрнидан турди-да, эгнидаги халатини ечиб бир четга улоқтирди…

 

* * *

 

— Қани, тур ўрнингдан! — эрта тонгда камера эшиги очилиб ичкарига қўлида автомат билан кириб келган соқчи Матназарга буюрди. — Нарсаларингни йиғиштириб, олдимга туш!

— Тинчликми? — сўради Матназар ҳайрон бўлиб.

— Тинчлик… Сени турма бошлиғи сўраяпти.

— Қизиқ…

Матназар шошилмасдан ўзига керакли нарсаларни йиғиштирди. Сўнгра Шодиёр отага юзланди:

— Ота, мени бошқа турмага олиб кетишмоқчи, шекилли… Агар кўришолмасак, омон бўлинг! Мен сизни унутмайман!

— Ишқилиб, ўзингни эҳтиёт қил, йигит! Яхши бор…

Матназар соқчининг олдига тушиб ташқарига чиқди…

Турма бошлиғи баланд бўйли, кенг елкали, ёши қирқлардан ошган, серсоқол одам эди. Остонада соқчини кўриб, ўрнидан турди.

— Олиб келдим! — ҳисобот берди соқчи ташқарига ишора қилиб.

— Олиб келган бўлсанг, ичкарига олиб кир! — буюрди турма бошлиғи. — Нега аммамнинг бузоғига ўхшаб бўшашасан? Тез бўл!

— Хўп бўлади!

Кўз очиб юмгунча Матназар бошлиқнинг кабинетида ҳозир бўлди. Бошлиқ унга бир муддат тикилиб турди-да, бош чайқаб қўйди.

— Омадинг бор экан, йигит! — деди ниҳоят Матназарга яқин келиб. — Мана, нечанчи марта турмага тушишинг! Ҳар гал қутулиб кетяпсан. Бунақаси кам бўлади.

— Тушунмадим, — елка қисди Матназар.

— Сен озодсан. Лекин ҳеч қанақа қоғозга имзо қўйишинг шарт эмас. Сабабини ўзинг билсанг керак… Сени уканг Мардонбек қутқариб оляпти. Шуни ёдингда тут! Ҳақиқий эркак экан уканг!

— Мардон? У қаерда?

— Ташқарида… Бор, кўзимдан йўқол! Билиб қўй, яна менинг турмамда пайдо бўлсанг, ўзингдан кўр! Жуда ёмон бўлади сенга…

— Тушундим, — Матназар югурганча ташқарига чиқиб кетди…

 

* * *

 

Турмадан чиқди-ю, атрофга аланглади. Анча наридаги толлар остида таниш машина кўринди. Ўша ёққа қараб юра бошлади.

Ҳақиқатан, машинадан укаси Мардон қучоқ очганча пешвоз чиқди. Юзларида табассум, кўзлари чақнарди.

— Акажон, соғ-саломат бормисиз? — дея кўзларига ёш олди у Матназарни маҳкам бағрига босиб.

Матназарнинг ҳам кўнгли бўшаб кетганди. Укасининг елкасига бошини қўйганча силкиниб-силкиниб йиғлади. Хаёлида худди ёнларида онаси раҳматли тургандек, икковини астойдил дуо қилаётгандек туюлиб кетди.

— Укажон, ниҳоят бир-биримизни тушуниб етдик, — деди у кўз ёшларини артиб. — Шу пайтгача ёвлашиб келдик, дўст-душман орасида шарманда бўлганимизниям пайқамадик.

— Қўйинг, ака, ўша кунларни эсга олманг! Ҳаммаси ортда қолди. Мен оқ-қорани таниганга ўхшайман. Ҳаммасини кеча уйингизда ётиб обдон ўйладим. ўирт аҳмоқ эканман. Мени опичиб катта қилган акам билан ёвлашиб юрсам, унга хиёнат қилсам… Кечиринг, акажон! Мен аҳмоқни кечиринг!

— Қўй, кечирим сўраб, юрагимни куйдирма! Менинг укам ҳамиша ғурури баланд йигит бўп қолиши лозим. Сен ҳеч қачон кечирим сўрама! Ҳаммаси Худонинг бизга юборган синови. Худога шукр, ўша синовлардан ўтиб, мана яна кўришиб турибмиз…

— Албатта, акажон! Бу ёғига бирга бўлмасак бўлмайди. Ҳали қиладиган қанча ишлар турибди. Ўзингиз бош бўласиз…

— Бўпти, кетдик! Айтганча, Маржона келмадими?

Мардон оҳиста бош эгди.

— Нега индамай қолдинг? — қайтадан сўради Матназар. — Тинчликми ўзи?

— Э, ака, ўшанга бекор уйланибсиз, — тилга кирди Мардон.

— Нима бўлди ўзи?

— Унинг парвойигаям келгани йўқ. Пул йиғиш билан овора. Бирга бориб келамизми, деб сўрасам, лабини буриб қўя қолди.

— Шунақа дегин? Бошида сезгандим ўзи… Бек аканинг раъйини қайтаргим келмаганди…

— Тағин нима дейди, денг?.. Мен унинг қўлида ишлаб қора дори сотармишман.

— Бекорларни айтибди. Энди бу ишларни йиғиштирмасак бўлмайди, ука! Оқибати яхши бўлмайди.

— Ака, ўшанда… Менинг ўрнимга кимни тинчитгандиларинг?

Матназар кулиб қўйди.

— Ҳа, энди… Бўпти, юр, уйга борайлик. Қолган гапларни ўша ерда гаплашаверамиз! Ҳали турмадан чиққанимни эшитса, Бек ака…

— Ака, илтимос, ўшанинг номини тилга олманг! Неча марта турмага тушган бўлсангиз, ҳаммасини ўша ярамас уюштирган. Сиз унинг қўлида қўғирчоқ бўп келгансиз, холос…

 

* * *

 

— Хўш, олдин қаерга борамиз? — сўради Матназар машинага ўтираркан. — Маржонани «зиёрат» қиламизми бошланишига?

— Қўйсангиз-чи, ўшани! — афтини буриштирди Мардон. — Кўришга кўзим йўқ. Яхшиси, қабристонга борамиз. Онамни зиёрат қиламиз.

— Ҳа, сен бирор мартаям у кишининг тепасига бормагансан, — деди Матназар. — Ақлинг киргани рост бўлсин! Айтганча, менга қара, келин уйдами?

— Қанақа келин, ака? Мен Қозоғистонга кетишим билан жўнаворибди онасиникига. Келдим-у, уйининг ўзида жавобини бервордим.

— Тўғри қипсан. Менгаям ёқинқирамаганди…

Машинада бир соатлар чамаси йўл босишгач, қишлоққа яқинлашиб боришди.

— Тўхтат машинани! — буюрди Матназар қишлоққа кираверишдаги таниш тўнгак устида ўтирган қарияга кўзи тушиб. — Анови чол негадир кўзимга иссиқ кўриняпти.

— Ботир дўкондор-ку, ака! Тиланчиликка ўтволган.

— Йўғ-э, наҳотки шундай одам тиланчилик қилиб ўтирса?

— Нима бўпти? Бир пайтлар ўзингиз ҳам…

Мардон қолганини айтмади. Чамаси, ўша пайтларда ўзи қилган ишлар эсига тушиб тилини тишлади.

— Қани, мен бир ҳол-аҳвол сўраб қўяй-чи!

Матназар пастга тушиб, дўкондорга яқин борди. Қария уни кўрди-ю, бирдан ранги бўзариб бошини эгиб олди.

— Ассалому алайкум, отагинам! — қўл узатди унга Матназар.

— Ваалайкум… — Ботир дўкондор ерга қараган кўйи қўлини узатиб бош силкиган бўлди.

— Бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? — атайин сўради Матназар. — Тинчликми?

Дўкондор лом-мим демади. Кўзларидан оқиб туша бошлаган ёшни қўлидаги чит рўмолга артганча индамай ўтираверди.

— Ҳм-м… Мановини олиб қўйинг! Дуо қиларсиз!

Матназар унга битта мингталик пулни узатди. Аммо қўллари ҳавода муаллақ қолди. Дўкондор пулни унинг қўлидан олишни истамади.

— Нимаям қилардик? — Матназар шундай деди-ю, пулни тўнгакнинг бир четига қистириб машинага қайтди.

Ака-ука қишлоқ оралаб қабристон томон йўл олишди.

 

* * *

 

Ҳали тонг ёришиб улгурмай, Бек аканинг дарвозаси очилиб, ҳовлига Ҳусан ака кириб келди.

— Ҳой, Бек, қайдасан? Чиқ! Ташқарига чиқ тез! — бақирди у ҳовлининг ўртасига етганда. — Э, чиқа қолсанг-чи!

Бек ака ғафлат олган эканми, кўзларини ишқалаганча ташқарига чиқиб келди.

— Ҳа-а, намунча бақир-чақир қилмасанг азонлаб? Нима бўлди?

— Бек, уйимиз куядиганга ўхшайди! — хириллади Ҳусан ака. — Тезда бу ердан даф бўлмасак бўлмайди.

— Нега? Нима бўлди? Тушунтириброқ гапирсанг-чи!

Ҳусан ака сал ўзини босган бўлиб крандан сув ичди-да, давом этди.

— Орқамиздан мелиса тушган. Ҳали замон кеп қолади. Агар вақт борида қочиб қолмасак, адойи тамом бўламиз. Қамашади бизни!

— Ким қамайди? Нега қамайди?

— Негалигини ўзинг яхши биласан. Шахсан Арслоновнинг ўзи йигитларини олиб йўлга тушганмиш!

— Арслонов?.. Ахир у…

— Ҳа, бизнинг пулларни еб-еб, энди тузоққа илинтирмоқчи ўша аблаҳ!

— Гаплашиб кўрмадингми? Балки, ҳаммаси қуруқ гапдир?

— Қанақасига қуруқ гап бўлади, Бек? Шундай буйруқ кепти, дейишяпти.

— Вой аблаҳлар-ей! Менга қара, биз шу пайтгача нега унга ҳақ бериб келдик? Ҳимоя қилиш қўлидан келади-ку!

— Билмадим. Хуллас, кўч-кўронингни йиғиштириб, тезроқ қуён бўлавер! Мен кетдим!

— Қаёққа? Тўхта, бирга кетамиз!

Ҳусан ака тўхтаб орқасига қайрилди-да, кулиб қўйди:

— Йўқ, Бек, энди йўлимиз бошқа-бошқа. Ҳар ким ўз жонини ўзи сақласин! Хайр!

— Шунақами? Оббо сотқин-ей! Ҳали сенам мени сотиб кетмоқчимисан?

— Мен унақалардан эмасман. Хавотир олма! Мабодо қўлга тушган тақдиримдаям, номингни тилга олмайман.

— Қизим…

— Қизинг аллақачон қўлга тушибди. Менга шундай хабар келди. Ана ўшандан хавотир олсанг арзийди… Бўпти…

Шу тобда дарвоза ортида милиция машинасининг сирена товушлари эшитилди. Ҳусан ака жонҳолатда ўзини томорқа томонга урди. Бек ака эса аллақачон чердакка чиқиб беркинишга улгурганди.

 

* * *

 

— Ака, Бекнинг орқасидан мелиса тушганмиш! — хуфтон маҳали Матназарнинг ҳовлисига кириб келган Мардон жонҳолатда дарвозани ёпиб шивирлади. — Ҳозир эшитиб қолдим.

— Ие, нега? Улар жа кучли одамлар-ку!

— Кўза кундамас, кунида синади, деганлари шу бўлса керак. Қизи аллақачон қўлга тушибди.

Матназар бу хабарларни эшитиб, дафътан ҳушёр тортди.

— Мардон, ука… — деди у бошини қашиб. — Биз-чи? Тағин кечаси бизниям итдай тутиб кетишмасин!

— Бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин, ака! — кўз қисди Мардон. — Бизни онамиз раҳматлининг руҳи қўллайди.

— Й-йўқ… барибир эҳтиётимизни қилмасак бўлмайди.

Мардон Матназарнинг елкасига қўлини ташлади.

— Менам кўп қийинчиликларни, ҳар хил одамларни кўрдим ҳаётда. Худога шукр, бир куни ўша Арслонов деган айғир билан танишиб қўйган эканман.

— Йўғ-э?

— Ҳа, чойхонада бирга ош егандик. «Сен менга ёқиб қолдинг, бола, нима хизмат бўлса, тортинмай айтавер», деганди. Кўнглим сезган эканми, куни кеча ҳузурига кириб бир саломлашай дебман. Ўзи шипшитиб қолди.

— Нима деди?

— Ҳаракатингни қилларинг, яқин кунларда босқин бўлади, деб тайинлади.

— Хўш, кейин-чи?

— Кейинми? Қўлига битта «лимон»ни тутқаздим. Бизни тинч қўйишга ваъда берди.

— Хайрият-эй! — оғир хўрсиниб қўйди Матназар ва укасини бағрига босди. — Яхшиям сен бор экансан… Менга қара, Бек акаларни йўлдан чиқаришса, ким шаҳарга эгалик қилади? Кел, икковимиз эгаллаб қўя қоламиз! Ҳарқалай, кўпчилик таниб қолган…

— Қўйсангиз-чи, — қўл силтади Мардон. — Ўша кунлар қайтарилишини сира хоҳламайман. Ундан кўра, мана, дўкондордан тортиб олинган супермаркет бор. Иккаламиз секи-ин қимирлатаверамиз… Ризқимизга яраша Худо беради. Мен бир пайтлар Бек акани авраб ҳужжатларини ўзимнинг номимга расмийлаштириб олгандим.

— Шундай уй қолиб кетадиган бўлди-да, ука! — афсусланган бўлди Матназар. — Ўзинг кўргандирсан?

— У уйдан ҳам умидингизни узаверинг! Уйни-чи, аллақачон давлат мусодара қилиб бўлган. Аниқ биламан. Шундай экан, супермаркетдан қўймасин, акагинам!

Матназар бу гапни эшитиб, овозининг борича кулиб юборди. Мардон эса уни маҳкам қучиб, ўз ҳовлисига бошлади.

— Юринг, ака, би-ир отамлашайлик!

— Ҳа, биласанми, — Матназар йўл-йўлакай Мардонга уқтириб борарди, — Дўкондорнинг ўзини супермаркетга қоровул қилиб оламиз. Нима бўлгандаям, қари одам. Кўчада тиланчилик қилиб юрмасин…

Ака-укалар катта кўчага чиқиб бир-бирларини қучоқлаганча қоронғилик қаърида ғойиб бўлди.

(Тамом)

Олимжон ҲАЙИТ