ОИЛАВИЙ ТЕСТ: “ИДИШ-ТОВОҚ ЮВИШ НАВБАТИ КИМНИКИ?”

0

 

Биз сарлавҳани мажозий маънода қўлладик. Аслида айтмоқчи бўлганимиз шуки, оила ҳам жамиятнинг бир бўлаги. Эр-хотиннинг бир-бирига ўзаро ҳурмати ёхуд аксинча ҳурматсизлиги фарзандлар келажагига сезиларли таъсир этади. Демак, эр-хотин ўзининг оиладаги мажбуриятларини теран ҳис этган ҳолда яшаса, керак бўлганда бир-бирига яқиндан кўмак берса, ҳеч қачон фойдадан холи бўлмайди.

Сиз ҳам қуйидаги саволларга жавоб бериб ўзингизни текшириб олинг.

Ҳар бир “мен” жавобингиз учун ўзингизга 1 баллдан қўйинг.

 

1. Ҳаётда турмуш ўртоғингиз кўпроқ асабий юрадими, сизми?

2. Иккингиздан ким болалар ҳақида кўпроқ қайғуради?

3. Қай бирингизга фарзандларингиз ўз муаммолари бўйича тез-тез мурожаат этади?

4. Қай бирингиз кўпроқ ота-оналар мажлисига қатнайсиз?

5. Оилавий байрамларни асосан ким ташкил этади?

6. Бола тарбиясига оид китобларни сиз кўпроқ мутолаа қиласизми, ё турмуш ўртоғингизми?

7. Ким ишдан кеч қайтади?

8. Ким оиладаги оғир юмушларни адо этади?

9. Турмуш ўртоғингиз асабийликка мойилми, ёки ўзингизми?

10. Кимнинг иши оғирроқ деб ўйлайсиз?

11. Орангиздан кимнинг ишхонаси олисроқда жойлашган?

12. Ким рўзғор ҳақида кўпроқ қайғуради?

13. Кимнинг жаҳли тезроқ?

14. Оилада эҳтиёткорлик ва ҳушёрлик талаб қилинадиган юмушларни ким адо этади?

15. Қай бирингиз тез-тез қозон-товоққа ўралашиб қоласиз?

16. Ким бозорга қатнайди?

17. Қай бирингиз тикиш, тўқиш ишларини зиммангизга олгансиз?

18. Ким кир ювади?

19. Ким уй йиғиштиради?

20. Уйдаги майда таъмир ишлари кимнинг гарданида?

21. Қўшнилар, ёру биродарлар билан муносабатларни ким бир меъёрда ушлаб туради?

22. Қариндошлик ришталарининг мустаҳкам бўлишида қай бирингизнинг ҳиссангиз кўпроқ?

23. Кимгадир мактуб йўллаш лозим бўлса, қай бирингиз қўлингизга қалам оласиз?

24. Коммунал тўловларни ким амалга оширади?

25. Уйдаги жониворларга ким ғамхўрлик қилади?

26. Гул ўстириш, томорқада ишлаш сизнинг мажбуриятингизми, ё турмуш ўртоғингизникими?

27. Кимнинг бўш вақти кўпроқ?

28. Болаларнинг ўқишига қай бирингиз яхшироқ эътибор берасиз?

29. Ишлаб топилган пуллар кимнинг қўлида сақланади ва ким харажатлар режасини тузиб чиқади?

30. Бўш вақтни қандай ўтказиш масаласини ким ҳал қилади?

 

НАТИЖАЛАР:

 

22 ва ундан кўп балл.

Оилангизда мажбурият масаласи ҳал этилган-у, сиз ўзингизга негадир ишончсизлик билан қарайсиз. Йўқ, ундай эмассиз. Ҳамма иш қўлингиздан келади. Фақат сал дадилроқ бўлинг. Ахир, “эр-хотин-қўш ҳўкиз” деган мақолни ота-боболаримиз бекорга айтишмаган. Ҳар бир рўзғорга оид иш эр-хотин ўртасида муҳокама қилиниб, аҳиллик билан бажарилса, ўртадаги фарзандлар ҳам шунга ўзларида кўникма ҳосил қилиб боришади.

13 дан 21 баллгача.

Оилангизда аччиқланишга, ортиқча асаббузарликларга баҳона кўринмаяпти. Рўзғор ишларини турмуш ўртоғингиз билан баравар адо қиларкансизлар. Агар аёл бўлсангиз, эрингиз ажойиб чиқиб қолибди. Фурсат топилди дегунча сизга ёрдамга етиб келади.

12 ва ундан кам балл.

Балки сиз оиладаги мажбуриятлар адолат билан тақсимланган дея ҳисобларсиз. Аслида эса ундай эмас. Мабодо тест саволларига эркак киши жавоб бераётган бўлса, сизга айтадиганимиз шуки, уйдаги юмушларнинг асосий қисми хотинингизнинг зиммасида экан. Шунинг учун яхшилаб ўйлаб кўринг. Ахир, нима бўлганда ҳам у сизнинг завжангиз, болаларингизнинг онаси! Сал енгиллик берсангиз, бўш қолганингизда баъзи юмушларда елкадош бўлиб турсангиз кўнгли кўтариларди.

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here