АРТИСТ… (2-қисм)

0

 

* * *

 

Салонда ўнга яқин қиз-жувон бор эди. Ҳаммасининг кайфияти бир пул бўлди. Нозима титради. Кўзини чирт юмди. Шу юмуқ кўздан ҳам ёш сизиб чиқди.

— Ўл-а, садқаи аёл кет! — деди салондагилардан бири.

— Ғирт аҳмоқ экан-ку!

— Эри бунақанги шаллақи билан қандай яшаркин?

— Турқи бузуқлигидан юзида истара деган нарсанинг ўзи йўқ экан.

— Менинг эрим бўлганида бунақанги хотинни аллақачон орқасига бир тепиб ҳайдаган бўларди.

— Падарига лаънат, тарбия кўрмаган, салонимга кириб жанжал қилди-я!

Нозима шу гапларни эшитди. Бироз руҳи кўтарилгандай бўлди. Аммо, барибир, кайфияти яхшиланмади. Ўзи бугун ғалати кун бўляпти. Аввалига аравакаш, кейин светофордаги болалар, мана энди манави қирчанғи… «Агар яна бирор жойга борсам, албатта, бундан ҳам расвоси бўлади. Йўқ, бугун тўй-пўйга бормайман» хаёлидан ўтказди у.

— Нозихон, сиз сира хафа бўлманг. Бунақалар ҳозир ҳар қадамда тиқилиб ётибди. Ҳаммасининг гапини эшитиб, кўнглингизни оғритсангиз, яшамаслигингиз керак. Биз сизни жудаям яхши кўрамиз. Қанча қизлар: «Нозихон келадиган кун келамиз», деб навбат олишади, — дея унинг кўнглини кўтармоқчи бўлди сартарош қиз.

Унинг гапларини салондагилар ҳам маъқуллашди, тасдиқлашди. Аммо, барибир, ғишт қолипдан кўчиб бўлганди.

— Сочимни турмакламанг, қуритиб тараб қўйинг, бўлди, — деди Нозима.

— Йўқ, нималар деяпсиз? Энди биргина шу тайини йўқ хотинни деб шундай чиқиб кетасизми? Сизни ҳамма танийди. Бу аҳволда юришингиз яхши эмас. Ҳозир бир ажойиб қилиб турмаклаб қўяйки, ўша шаллақи жувон ич-ичидан куйиб ўлсин!

— Тўғри, тўғри, — дея дарров унинг гапини маъқуллашди салондагилар.

Нозима ўтиришга мажбур бўлди. Ахир бу ерда қанча мухлиси бор. Ҳар нима бўлганда ҳам, унинг учун қайғурадиганларнинг кўнглини қолдирмаслиги керак. Ўзини иродали, унча-мунчага «синмайдиган» қилиб кўрсатиши лозим.

— Майли, сизлар хоҳлаётган экансизлар, турмаклай қолинг, — деди у.

Аслида, унинг кайфияти, ҳозирги аҳволи сартарош қиз учун икки пул эди. Уни кўпроқ Нозима берадиган пул қизиқтираётганди. Бўлмасам-чи, бошқалар беш сўм берганида, Нозима ўн беш сўм беради. Шундай пайтлари бўлганки, «Ана сумкачам, санаб олинг, илтимос», деган. Албатта, Нозима ҳам унчалик гўл эмас. Яхшигина пихини ёрган. Агар сумкачадан сартарош қизнинг ўзи пулни санаб олса, бошқаларга «Хонанда Нози шунақанги мард, дангал қиз. Пулнинг бетига қарамайди. Тўғри, кўп пул топади. Аммо ўзи пул билан қизиқмайди. Муҳими, карьера. Мухлисларнинг ҳурмати», дейди. Ана шунинг учун ҳам кўпроқ пул беради. Ана шунинг учун ҳам сумкачасига бошқа биров қўл суқишига рухсат беради.

У, ҳақиқатан, очилиб кетди. Ҳозир уни кўрган одам бундан бир соат муқаддам ким биландир жанжаллашган тушкун кайфиятдаги Нозима, деб ўйламасди. Айниқса, шу ердаги қизлар «Расмга тушайлик, расмга тушайлик», деб чуғурлашганида, у еттинчи осмонга чиқиб кетди.

 

***

 

Шаҳноза кароматини кўрсатибди-ю, кетар чоғи, барибир, машинанинг калитини ташлаб кетибди. «Менга нима, бу кунингдан баттар бўлмайсанми», дея Нозима автомобиль эшигини очди.

Аҳмад худди ўз уйида ўтиргандай чой дамлабди. Бир парча гўшт билан картошкани аралаштириб қовуриб ебди. Энди эса оёғини чалиштирганча чой ичиб ўтирибди.

— Хўжайин, — деди унга бошдан-оёқ қараб чиққан Нозима, — маза қилиб ўтирибсизми? Бу дейман, хотинчангизнинг кўтарган жанжалидан чексиз-чегарасиз хурсанд бўлсангиз керак. «Сочига чангал солибди. Ҳамманинг олдида шарманда қилибди. Лекин сал кам бўлибди, бир-иккита шапалоқ ҳам туширганида жа кўнглимдаги иш бўларди-да», деган бўлсангиз керак. Ё башарамни қонимга белаганида зўр бўлармиди?.. Мен ит ҳам, бит ҳам бўлиб қолибманки, машинангизни бериб юбораверибсиз!

Аҳмад ўқрайганча Нозиманинг сўзларини тинглади.

— Унинг аҳмоқлигини мен сизга аллақачон айтганман. Лекин сиз ақлли, маданиятли қизсиз-ку, сиз ҳам кўтариб юрибсизми?..

— Шошманг, — дея шу заҳоти Аҳмаднинг гапини бўлди Нозима, — шунча одамнинг кўз ўнгида ҳе йўқ, бе йўқ, бир оғиз сўраш йўқ, келиб сочимга ёпишадими? Бундан ташқари, кетар чоғида айтган гаплари-чи?! Ўрнимда сиз бўлганингизда нима қилардингиз? Энди сизнинг тўй-пўйингизга бормайман. Клипларимга, қўшиқларимга қанча пул тиккан бўлсангиз, аллақачон тўйлардан ҳаммасини қайтариб олдингиз. Хуллас, орамиз очиқ. Мен бошқа продюсер топаман. Ана, хотинчангиз билан ишланг. Уни у ёқдан бу ёққа олиб юринг. Жангиллаганда овози бирам яхши чиқди. Компьютерда сал у ёқ-бу ёғини тўғриласангиз, олам гулистон… Энди бир ўзим қолишни истайман.

— Демак, ҳайдаяпсиз. Тушунарли. Майли, бир гап бўлар, — деб Аҳмад чўнтагидан Нозиманинг машинаси калитини чиқарди-да, стол устига қўйди. Ўз навбатида, Нозима ҳам уникини қайтариб берди.

Аҳмад кетди. Нозима ётоғига кириб, кўзгуга қаради. Бир очилибди, бир очилибди, у ёқ-бу ёғи йўқ. «Агар шу кўринишимда тўйга борганимда борми, ҳамманинг оғзи ланг очилиб қоларди. Эсиз», деб эндигина каравотга ўтирган эди, телефони жиринглади. Қиз эринибгина экранга қаради. Сал ўкиниб қўйди.

— Лайло, жоним, бормисан? — деди йиғлоқи овозда.

— Нима бўлди, Нози? Нега овозинг бунақа? Бозорда юрганингда зўр эди-ку! — сўради дугонаси шу заҳоти.

— Билмадим. Бугун жуда ғалати кун бўлди. Ҳалигача муаммолардан чиқиб кетолмаяпман. Ўша сен билан гаплашганимдан кейин падарингга лаънат аравакаш билан уришиб қолдим. Сўнг светофор… Салонда Аҳмад аканинг хотини! Очиғи, ҳозир йиғлаб юбораман. Чидолмайман!..

У йиғлади. Ўксиб-ўксиб, ўпкаси тўлиб-тўлиб йиғлади. Кўзига, кипригига сурган бўёқлари яна оқди.

— Ҳозир гапиролмайман, Лайло, меникига кел… — деди-ю, телефонни ўчирди. Каравотига чўзилиб ётиб олди. — Ойи, ойижон, сизни соғиндим.

У шу тахлит ухлаб қолибди. Эшик қўнғироғи кетма-кет босилаверганидан уйғониб кетди. Шоша-пиша кўзларини артиб, кўзгуга бир қараб олди-да, эшик ёнига борди. «Глазок»дан йўлакда негадир бесаранжом бўлиб турган Лайлони кўргач эшикни очди.

Иккаласи бир-бирини қучоқлаб олди. Юзларидан ўпишди.

Кейин Нозима дугонасини уйга бошлади.

Ошхона. Лайло стулда ўтирибди. Нозима чойгум тагига олов ёқяпти.

— Дугонажон, нақ ўлай деб қолдим. Юрагимни чиқазиб юбординг. Ўзиям нақ уч марта қўнғироғингни босдим. Сира эшигингни очай демайсан. Юрагим ёрилаёзди. Бу феъли тор қиз ўзини бирон нима қилиб қўйган бўлмасин, деган хаёлга бордим-да. Нима бўлди, гапир, чойингни кейин дамлайсан, — дея тоқатсизланди Лайло.

Нозима чуқур хўрсинди. Ўхшатиб бурнини тортди. Кейин дугонасининг ёнгинасига ўтирди.

— Айтсам, — деди йиғи овозда, — дардим яна янгиланади. Лекин айтмасам ҳам, ёрилиб ўламан.

— Бўлди. Бўлди. Мен ёнингдаман. Қани, бир бошидан гапир-чи.

Нозима шошилмасдан сочиқчани олиб, аввал ўнг, кейин чап кўзига босди. Шу билан кўз ёшини артган бўлди. Кейин сўзлашга тушди. Ҳаммасини оқизмай-томизмай, қўшиб-чатмай гапирди. Лайлонинг афти буришди, тиришди. Кўзлари каттарди, қошлари бир пастга, бир юқорига чиқди. Ора-чора «Во-о-ой», деди. Нозима гапини тугатмасидан елкасига қўлини қўйиб олди.

— Бормадим, — деди ҳикоясининг охирида Нозима, — баттар бўлсин. Қандайдир амалдорнинг тўйи экан. Казо-казолар, шишкалар кўп бўлади. Кўп пул ишлаймиз, деганди Аҳмад ака. Лекин менинг кўзимга пул-мул кўринмади. Карьерамнинг олдида ҳаммаси сариқ чақага қиммат.

— Бир ҳисобдан тўғри қилибсан, — дея унинг гапини маъқуллаган бўлди Лайло, — лекин иккинчи томондан… Яхшиси, бундай қиламиз. Ўзимиз борамиз. Ўзим ёнингда тураман. Тўйнинг авжида борамиз. Аҳмад акасиз жарақ-жарақ пул ишлаб оламиз. Нима дединг?

Нозима дугонасига тикилди. Кейин жилмайди.

— Гапингда жон бор. Мен ҳам бир аламимни олайин. Ҳозир, мен беш дақиқада тайёр бўламан. Машинангда келганмисан?

— Ҳа.

— Унда яна яхши, — дея Нозима Лайлонинг иккала юзидан ҳам чўлпиллатиб ўпди-да, югурганча ётоғига кетди.

Ҳар сафар камида бир соат кийиниб-бўянадиган қиз бу сафар беш-олти дақиқа ичида барини уддалади. Тўғри, Лайло озгина қарашиб юборди. Қарашмаганда ҳам ўзи, барибир, уддаларди.

— Во-о-ой, очилиб кетдинг, ўртоқжон. Ўғил бола бўлганимда, сира сени қўлдан чиқармасдим. Қийнаб бўлса ҳам, уйланардим. Хўш, энди таклифномани бер-чи, қайси тўйхонага борамиз? — деди юзи ял-ял ёниб турган Лайло.

Шу заҳоти Нозиманинг юзидаги табассум йўқолди.

— Эсим қурсин, Лайло, мен Аҳмад акамдан ҳатто бир оғиз ҳам тўй қаерда, деб сўрамаган эканман.

Лайлонинг энсаси қотди. Узун бармоқларининг учидаги узун тирноғи билан бурнининг учини қашлаб қўйган бўлди.

— Нега? — деди яна киприкларини пирпиратиб.

— Билмасам. Аслида, бугун вилоятга тўйга боришимиз керак эди. Чарчаганим учун бормайман, дегандим. Икки минг уч юз доллардан воз кечгандим. Кейин Аҳмад акам шаҳардан бирровга заказ олибди.

— Топдим. Ҳозир Аҳмад акага қўнғироқ қиламан. Сени сўрайман. Нимагадир телефонни кўтармаяпти, дейман. Сўнг гап орасида қаерга тўйга боришларингни ҳам билиб оламан. Қарабсанки, ҳаммаси жойида.

Шундай деб Лайло гарчи телефонининг хотирасида Аҳмаднинг рақами бўлса ҳам, Нозимадан сўради. Кейин «Вой, ўзимда ҳам бор экан», деди-да, кулиб қўйди.

Фитна иш берди. Ҳеч нимадан гумонсирамаган Аҳмад айтди-қўйди. Бунгача Нозимадан нолиди. «Унга озмунча пулим кетдими, лекин у арзимаган нарсани деб мени уялтирди. Шундай одамлар олдида обрўйимни йўқотдим», деди.

Лайло гапиришдан олдин Нозимага қараб кўзини қисиб қўйди.

— Лекин сиз ҳам уни тушунинг-да, Аҳмад ака, бечора тўйма-тўй юравериб чарчаб кетди ўзиям. Кейин унинг ўрнида ҳар ким шундай қилган бўларди. Ҳечқиси йўқ. Мен у билан гаплашаман. Кўнглини кўтараман. Ярашиб оласизлар. Ҳали келгуси баҳорда концерт ҳам ташкиллаштирмоқчи эдинглар… Бўлади. Бўлади ҳаммаси, — деди ва телефонини ўчирди-да: — Ўртоқжон! «Еттинчи осмон»да ҳаммаям тўй қилавермайди. Жуда қиммат. Аммо роса чиройли тўйхона. Ўзиям камида минг киши кетади. У ерга казо-казолар келиши аниқ… Вақт бўлиб қолди, кетдик. Сенга менинг ўзим вақтинчалик продюсер бўламан.

«Каптива» жойидан енгил қимирлади. Ҳали катта йўлга етмасларидан Лайло магнитофонни ёқди. Нозиманинг ширали овози янграй бошлади. Лайло қўшиққа монанд бошини қимирлатаркан, Нозимага қараб қўйиб:

— Мана шу қўшиғингга ўлиб қоламан, — деди.

— Чунки ўзинг клипига тушгансан-да.

— Гап клипда эмас. Ўзи зўр қўшиқ. Агар зўр бўлмаганида, мен ҳеч қачон клипига тушмаган бўлардим. Айтганча, менинг партнёрим бир-икки қўнғироқ қилиб, кейин йўқолиб кетди.

— Лондонга ўқишга кетибди.

— Нима, у боймиди? — деди бирдан жиддий тортган Лайло.

— Шунақа бўлса керак. Мана кетибди-ку. Кейин шу клипга ҳам спонсорлик қилганди. Тўғрироғи, Аҳмад акам отасиними, амакисиними кўндирганди. Фирмаси бор экан чет эл билан ишлайдиган. Мен сени яхшилаб танишиб олгансан, деб ўйлагандим, — дея мийиғида кулди Нозима.

— Танишишга танишгандим. Савил, бойлигини билдирмаганди-да. Бўлмасам, ўзим билардим қандай қилиб ўраб олишни. Аммо ҳечқиси йўқ. Чет элдан ҳам топиб оламан, — деб Лайло газни кўпроқ босди. Машина тезлиги ошди.

Улар нақ йигирма дақиқада манзилга етишди. Дарҳақиқат, тўйхона атрофи арзанда уловларга тўлиб кетибди. Асосий қисми иномарка. Қолганлари ҳам ўзимизникиларнинг қимматлари.

— Сен ўтира тур, мен кириб тўйхона эгаси билан гаплашиб чиқаман. Кўнглинг тўқ бўлсин, ҳаммаси жойида бўлади, — деб Лайло машинадан тушиб кетди.

Ҳамма ёқни чироқлар эгаллаб олганга ўхшарди. Ўтиб қайтаётган юзлаб машиналарнинг чироқлари, симёғочлардаги чироқлар, тўйхона атрофи, тепаси… Фақат осмонда осилиб турадиган «чироқлар» кўринмайди. Пастдаги чироқлар уларни ютиб юборган. Нозима шуларга маҳлиё бўлиб, вақт ўтганини сезмай қолди. Бир маҳал Лайло шошиб эшикни очди-да, унинг хаёлини бўлиб юборди.

— Бўл тез, туш машинадан. Артист зоти тиқилиб кетибди. Зўрға навбат олдим сенга. Ҳозир Маҳкам Тўйчиев охирги қўшиғини айтяпти. Шундан кейин сенинг навбатинг, бўл тез! — деди ҳовлиқиб Лайло.

Нозима ҳам шоша-пиша машинадан тушди. Номига кийимларини тўғрилаган бўлди. Сўнг тўйхона томон юрди.

Дарҳақиқат, тўйхона тўла одам. Бир қисми ўтирибди. Бир қисми даврада, эркагу аёл сакраб ўйинга тушяпти. Бу ёғи қўшиқ куйлаётган хонанда ҳам чидолмасдан турган жойида ўйнаб ётибди. Куйлаяпти? Йўқ, куйламаяпти. Шунчаки оғзини қимирлатиб, рақсга тушяпти. Бу ёғи компьютер, варанглатиб ишини қилиб ётибди. Қистир-қистир жойида.

Нозима санъаткорлар учун ажратилган стол томон кетаётганида Лайло унинг қўлидан тортиб қолди-да, қулоғига бақирди:

— Қўшиқ тугаяпти! Ўтирма!

Нозима «хўп» дегандай бошини қимирлатиб қўйди ва рақс тушаётган хонанданинг ёнига борди. Дарҳақиқат, у дарров тугатди. Бошловчи микрофонни қўлига олди. Навбатни Нозимага берди. Нозима бир-иккита нозли қадам ташлади. Нозланганча келин-куёвни табриклади. Бу орада «DJ»га Лайло флешкани берган ва у компьютерга тиққан эди. Нозима микрофонни ўчирди. Олдин куй, кейин қўшиқ янгради. Оғир қўшиқ. Бу қўшиққа ўйнаб бўлмайди. Нозима ҳаммани кузатяпти. Кўпроқ бўйинбоғ таққанлар томонга қараяпти. Улар эса бунга қарашмаяпти. Ейиш, ичиш билан овора. «Қурумсоқлар, — хаёлидан ўтказди Нозима, — сенлар учун сочимни укладка қилдирганман, роса бўянганман. Очиқ куйлагимни кийганман. Қистирмайсанларми?»

Биринчи қўшиқ тугади. Биров унинг ёнига келмади. У сал ўйинқароқ қўшиққа ўтди. Битта-иккита ёш-ялангни ҳисобга олмаганда, яна биров турмади. «Савиллар. Бекорга булар шишка бўлишмаган. Қайтанга, камбағалларнинг тўйлари зўр. Кўришлари билан югуриб келишади. Борини беришади. Булар бўлса ҳалиям ўтиришибди», деб ўйлади у ва турган жойида бир қўлини юқорига кўтариб, нозланганча сал-сал елкасини қимирлатиб қўя бошлади.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ