АРТИСТ… (3-қисм)

0

 

 

* * *

 

 

Тўйхона тўридаги столдан битта одам турганини Нозима кўрди. Аммо у костюм-шим киймаганди. Оддий футболка ва жинси шимда. Яна тарвуздайгина қоринчаси ҳам бор. Йўқ, у кетаётган бўлса керак. Қорни тўйгунича еган, ичган, мана энди кетяпти. «Уфф, бугун омадим келмаяпти, шекилли», дея кўнглидан ўтказди Нозима. Шунинг билан бирга анави одамни кузатди. У тўғри Нозиманинг ёнига келди. Қўли билан имлаб унинг энгашишини илтимос қилди. Нозима қулоғини тутди.

— Роса жононасиз. Қўшиқларингиз даҳшат. Мен сизнинг ошиғингизман. Тўйдан кейин мен билан бир пиёлагина чой ичмасангиз, хонумоним куйиб кетади, — деди у ва битта юзталик «кўки»ни тутқазди.

Эркакнинг оғзидан чиққан ачқимтил ҳид Нозиманинг афтини буриштириб юборди.

— Алкаш! — дея бақирди Нозима у кетиши билан орқасидан. — Чучварани хом санабсан, юз долларга мени сотилади, деб ўйлаяпсанми?! Бекорларнинг бештасини айтибсан!

Унинг гапини ҳеч ким эшитмади. Сабаби, микрофон ўчиқ. Қўшиқ эса авжида.

Учинчи қўшиққа даврада одам кўпайди. Кейин яна кўпайди. Бу ёғи қистир-қистир ҳам бошланиб кетган. Лайло орқада туриб олиб, Нозима узатган пулларни йиғиб билан овора.

Нозима бешта қўшиқ айтди. Айтмади-ю, шу бешта қўшиққа оғзини қимирлатиб турди. Кейин бошловчи унинг қулоғига «Бўлди, тугатинг, бошқаларнинг жаҳли чиқяпти. Чўзиб юборди, дейишяпти, тугатинг», деди. Нозима тегажоқлик қилган одамни унутган, завқи ошган, яна беш-олтита қўшиқ айтгиси келаётганди. Ахир пуллар ўз оёғи билан келиб турганида қандай қилиб микрофонни бировга берасан? Аммо бермасликнинг ҳам иложи йўқ. Навбат кутиб турган хонандалар жанжал кўтариб юборишади.

Қиз микрофонни бошловчига тутқазди ҳамда Лайло билан бирга тез-тез юриб ташқарига йўналди.

Улар эндигина тўйхонадан чиқишиб, машинага яқинлашишганида рўпараларидан учта одам чиқди. Улардан биттаси, ўртадагиси, Нозима қўшиқ куйлаётганида гап отган киши эди.

— Жононам, мени эсингиздан чиқариб қўйдингизми? — деди у.

— Сиз кимсиз? — сўради Нозима тап тортмай.

— Мен сизнинг ошиғу беқарорингизман.

Нозиманинг юраги шув этиб кетди.

— Нима истайсиз мендан? — деди Нозима қўрққанини билдирмаслик мақсадида дадилроқ гапиришга уриниб.

— Кичкинагина ўтиришчамиз бор. Кўпи билан тўрт киши. Бориб базмимизни қиздириб, ёндириб беринг. Овозингиз мени ўлдириб ташлайди. Таппа ташлайман овозингизга. Ўртоқларимга ваъда бериб қўйганман. Топганимнинг ҳаммасини сарфлаб бўлсаям, ўша жононани олиб келаман, деганман. Эркакман, гапимда турадиган боламан. Оёғингиз остига ўнта тўйнинг пулини сочаман. Хўш, борасизми, оппоққинам? — деди шилқим йигит унга янада яқинроқ келиб.

— Эсингиз жойидами? Нималар деяпсиз? Мени ким деб ўйлаяпсиз? Балки, кўнглингиз бошқа нарсани ҳам тусаб қолар? — деди жаҳли чиққан Нозима.

— Бошқа нарсани? Бошқа нарсани боргандан кейин келишиб олаверамиз. Ресторан даҳшатли…

— Нози, сумкачанг қолиб кетибди. Юр, тезроқ олиб чиқайлик, — дея Лайло дугонасига қараб жилмайди. Сўнгра шилқим йигитга юзланди: — Сизлар тура туринглар, биз дарров чиқамиз.

Лайло дугонасини тўйхона томонга тортқилади.

— Юрсанг-чи, ҳозир кимдир илиб кетади! — деди Нозимани шошириб.

— Шошма…

Шилқим йигит Нозиманинг қўлини ушлашга улгурмади.

Қизлар югуришди. Тўйхонага киришди. Лайло тўғри тўй эгасининг ёнига борди.

— Бу нима қилиқ, ока? Бизнинг йўлимизни тўсишни сиз айтганмидингиз?! Ҳозир милиция чақираман. Кейин тўйингиз ҳам тўй бўлади! — деди Лайло қизариб.

— Синглим, ўзингизни босинг. Нималар деяпсиз ўзи? Ким йўлингизни тўсади? Нега тўсади? — деди ҳайрон бўлган тўй эгаси киприкларини пирпиратиб.

— Энди бу ёғини сиздан сўраймиз, ока. Хизматингизни қилдик…

 

 

***

 

Тўй эгаси унинг гапларини охиригача эшитмади. Ортига ўгирилди. Қўлларини кўксига қўйиб турган иккита йигитга: «Боринглар!» деди жаҳл билан. Ва тўйхона ичкарисига кириб кетди. Йигитлар хийла қорувли эдилар. Хўжайиндан буйруқ олишлари билан ташқарига югуришди. Йўлтўсарнинг ёнига боришди.

— Акмал, бу нима қилганинг?! — деди биттаси жаҳл билан. — Қотиб қолган экансан, уйингга бормайсанми? Эски қилиғингни яна бошладингми?

— Мен ҳеч нима қилмадим. Шунчаки тургандим, келиб қолишди. Нима қилай, гаплашдим. Артистингга қара, ўзи ўлиб ўтирибди…

— Уйингга бориб ухла. Шеф ортиқ чидамайди.

— Бўлди, ўзимизга тегишли, деб қўйинглар, олам гулистон. Биз кичкина одаммиз, — дея шилқим йигит ортига бурилди. Нарироқда турган эскироқ қизғиш ранг иномаркага ўтирди. Машина жойидан қўзғалди.

Лайло билан Нозима эшик ёнида туришарди. Шилқим йигитнинг машинаси кетишини кутишди. Кейин узоқлашишини. Ёнларини олган йигитларга раҳмат айтишди ва «Прадо»га югуришди.

Нозима сира ўзига келолмасди. Тўйиб-тўйиб, ўкириб-ўкириб йиғлагиси келар, аммо ҳозир шуни ҳам эплаёлмаётганди. Эплайди. Керак бўлса, дунёни бузиб юборади. Аммо иложи йўқ. Яна битта-иккита кўриб қолиб: «Фалончи машинада ўкириб кетаётган экан. Бир нима бўлган бўлса керак. Ҳойнаҳой, ҳаёти яхшимасдир-да. Анави продюсери билан юради, деб эшитардик, шу продюсер нимадир қилиб қўйган. Аниқ шундай», деб гап тарқатади.

— Ўртоқжон, — деди Нозима чаққонлик билан машина бошқариб кетаётган Лайлога, — ўзи бугунги кун расво бўлди. Аслида, уйдан чиқмай ўтиришим керак эди. Қара, сениям кечангнинг дабдаласини чиқардим.

— Қўй, ундай дема. Сен менинг жонимсан-ку. Лекин анави болаларни кўрдингми, худди сувга тушган мушукдай бўлиб қолишди.

— Лайло, қаёқдан миянгга келди бунақа қилиш?

— Билмадим. Ўзидан-ўзи каллам ишлаб кетди. Тўй эгасининг аҳволини кўрдингми? Шишка бўлсаям, ранги оқариб кетди бечоранинг. Баттар бўлсин, бало бормиди шунақанги ўртоқларини тўйга чақириб!

— Раҳмат сенга. Тушумнинг ҳаммасини олавер.

— Вой, ростданми? — деди қувониб кетган Лайло. — Ўзимнинг ақллигина ўртоғимдан! Агар шунақа қилиб кўп пул бераверсанг, қаерга десанг, олиб боравераман. Керак бўлса, телехлик қиламан.

Нозиманинг телефони «тиринглади». У «Телеграм»ини ёқди. Дугонасидан расм келибди. Расм тагига «Нималар қилиб юрибсан, Нози?» деб ёзилган. Нозима расмни каттартирди. Сартарошхонадаги сурат. Аҳмад аканинг хотини унинг сочига чанг солиб турган лаҳза. Нозиманинг оёғигача музлаб кетди. «Қайси аҳмоқ расмга олиб, «Телеграм»га жойлаштирди?» дея кўнгилдан ўтказди у ва дарров Сабинанинг телефон рақамини терди. Дугонаси дарров телефонини ёқди.

— Саби, сен бу расмни қаердан олдинг? — деди Нозима овозини хийла кўтариб салом-аликсиз.

— Группада турибди. Ҳамма кўрди. Видеоси ҳам бор. Лекин сени тушкунликка тушиб қолмасин, деб жўнатмадим. Группадагилар ҳар бало ёзиб ташлашибди. «Нози уялса бўларди. Келиб-келиб продюсерини ҳам танлайдими? Яна кўз-кўз қилиб унинг машинасини миниб олибди», дейишибди, — деди Сабина андак киноя билан.

— Шу гапларга сен чиппа-чин ишондингми?

— Агар сени билмаганимда, ишонардим. Лекин группадагиларнинг ҳаммаси ҳам сени билмайди-ку, — деди Сабина.

— Нима гап экан? Нима деди? — деди Лайло Нозимага қараб қўйиб.

Нозима телефонини ўчирди. Кўзидаги ёшни артди.

— Падарлаънатилар! Одамларга нима бўлган, билмайман! «Телеграм»га жойлаштириб юборишибди анави салондаги жанжални! Кимга керак экан шу?! Нима фойда топишади? Мақсадлари менинг обрўмни туширишми?! — деди Нозима ва овоз чиқариб йиғлаб юборди.

— Қўй, жоним, йиғлама. Кўз ёшингга арзимайди улар. Пасткашларнинг иши-да, — деб Лайло дугонасининг сочини силаб қўйган бўлди. — Уйингга оз қолди. Борайлик, битта қаҳва ичасан, ҳаммаси жойига тушиб кетади. Ўзим сенга ванна қилиб бераман. Сув кўп нарсани олади одамдан.

Нозима лабини тишлади. Уйига етгунича миқ этмади. Етганларидан кейин эса тўғри ювиниш хонасига кириб кетди.

Лайло унинг ортидан озгина қараб турди-да, ошхонага кирди. Сумкасини очди. Пулларнинг ҳаммасини чиқариб, стол устига қўйди. Бир уюм ғижимланган пуллар. Ҳаммаси йирик. Орада «кўк»лари ҳам бор. Қизнинг юзида табассум пайдо бўлди. Ҳаммомдан сув овози эшитила бошлагач шошилмасдан санашга тушди.

— Ўҳҳў, — деди ўзига ўзи санаб бўлгач, — агар ҳар битта тўйдан шунчадан тушаверса, эҳҳе, унча-мунчани танимайдиган бой бўп кетади-ку одам! Ҳмм, артистлар бекорга керилиб юришмас экан-да… Ҳечқиси йўқ. Бундан бу ёғига Нозининг продюсери ўзим бўламан… Отам раҳматли роса ишбилармон одам эдилар. Қадамларида пул топардилар, раҳматли. Ишқилиб, тадбиркорликлари менга ҳам ўтган бўлсин-да… Ойим бечора пулнинг таги кўриниб қолди, дегандилар…

 

 

***

 

У пулларни сумкасига қайтиб жойлади. Телефонини ёқди (тўйга кетишдан олдин машинага миниши билан ўчириб қўйганди). Бирин-кетин SMSлар, «Телеграм» хабарлари кела бошлади. Аввал SMSларни очди. Ойиси «Қаерларда юрибсан, нега телефонинг ўчиқ? Хавотир оляпман. Машинага эҳтиёт бўл», деб ёзибди биринчи хабарида. Иккинчисида «Дискотекага борма», учинчисида «Амакинг сўраётганди сени. Эркалатиб юборгансиз, дейди. Тавба қилдим, ўзимнинг қизим, хоҳласам, эркалатаман, дедим. Уйга тезроқ қайт», деб ёзилган эди.

— Ўзимнинг ойижоним, — дея Лайло телефонидаги расмни ўпиб қўйди.

Кейин «Телеграм»дан келган номаларни ўқиди. Суратлар, видеоларни томоша қилди. Лабини тишлади, ҳаммом томонга қараб қўйди. «Ўртоқжон, сени роса шарманда қилишибди», дея хаёлидан ўтказди. Ҳамда ўрнидан турди-да, газни ёқди.

Нозима чўмилиб, оппоқ, юмшоқ халатига ўранганча ошхонага кириб келганида Лайло диванда ётганча «Мода» журналини томоша қиларди. У бошини кўтариб, дугонасига қаради. Кулиб:

— Нози, ҳозир ёз бўлса, нега кузги халатга ўраниб олдинг? — деди.

— Шамоллаб қолишдан қўрқаман. Қуриниб олай, дарров алмаштираман. Қаҳва дамладингми?

— Оловни ўчириб қўйдим, сен чиққунингча совиб қоларди.

Улар қаҳваларини энди ичиб бўлиб, Лайло кетишга тайёргарлик кўраётганида Аҳмад Нозимага қўнғироқ қилиб қолди. Нозима истар-истамас уланаркан, қўли билан Лайлога шошмай тур, ишорасини қилди.

— Эшакнинг меҳнати ҳалол, ўзи ҳаром экан-да, — деди Аҳмад.

— Тушунмадим сизни, — дея пешонасини тириштирди Нозима.

— Тўйга борибсиз…

— Ҳа, сизни ваъдабоз бўлиб қолмасин, деб бордим.

— Мен бошқачароқ тушундим-да.

— Нима деб тушундингиз?

— Пулнинг ҳаммасини чўнтагимга ураман, Аҳмад иккала бармоғини бурнига тиқиб қолаверади, дегансиз-да.

— Ўйлаб гапиряпсизми? Қачон пулга ўчлигимни кўргандингиз?! Ҳар доим қанча берсангиз, индамай олиб кетаверганман-ку! — бақириб юборди Нозима.

— Пул ҳар қандай одамни ўзгартиради-да.

Нозиманинг ранги докадай оқарди.

— Мен бировларга ўхшаб пасткаш эмасман, тушундингизми?!

— Ким, мен пасткаш бўлибманми?!

— Бўлмаса ким?! Ана, хотинчангиз жанжал уюштириб, интернет қаҳрамонига айланиб олибди-ку менинг номимни қора қилиб!

— Бу ерга интернету хотинимнинг нима дахли бор?! Мен боғдан келсам, сиз тоғдан келасиз. Хуллас, бугунги пулларнинг ҳаммасини тайёрлаб қўйинг, бугун бўлмаса, эртага кириб олиб ўтиб кетаман. Мен ҳали охирги клипнинг пулини чиқариб олганим йўқ. Ундан кейин, телевидениега ҳам отнинг калласидай соққа тўлаганман.

Аҳмад телефонини ўчириб қўйди. Нозима полни қарсиллатиб тепиб:

— Падарингга лаънат! Сенга учраган кунимга лаънат! Нега?! Нега?! Нима гуноҳим бор, ҳамманг менга ёпишасан?! — дея бақирди.

Лайло югуриб келиб, уни қучоқлаб олди.

— Тсс, жим! Жим. Ҳаммаси изига тушиб кетади. Сени катта ишлар кутиб турибди. Катта ишлардан олдин одамнинг бошига шунақанги муаммолар тушади. Муҳими, сен синиб қолма. Уқдингми, синиб қолма! — деб юзидан чўлпиллатиб ўпди.

— Лайло, илтимос, кетиб қолма. Кетсанг, мен ўзимни бир бало қилиб қўйишим мумкин. Бир кунга шунча ташвиш оғирлик қиляпти. Ҳаммаси жанжал. Ҳаммаси! — деди Нозима кўзидан дув-дув ёш тўкиб.

— Бўпти, яна пича ўтираман… Иккаламиз ҳам телефонимизни ўчириб қўямиз, бўптими? Фақат мен ойимга қўнғироқ қилиб олай, кейин, — деб Лайло Нозимани қучоғидан бўшатди.

Лайло телефонини олиб рақам тераркан, ошхонадан чиқди. Ва ўзи билмаган киши бўлиб тўғри Нозиманинг ётоғи томон кетди. Бориб каравотига ётди. Онаси телефонини ёқиши билан салом берди.

— Ойи, мен Нози биланман. Унинг уйидаман. Амакимни боплабсиз. Сизнинг ўрнингизда бўлганимда, янаям қаттиқроқ гапирган бўлардим. Нега ўзи менга хўжайинлик қилуврадилар? Аввал ўзларининг қизларини эплаб олсинлар. Ана, битта бола билан юрибди. Таги паст, қийшиқ бола билан, — деб пиқ этиб кулди.

— Вой, ўлмасам, ҳали шунақами?! Писмиқ-да, писмиқ. Ҳали…

— Шошманг, ойи, бирдан бир нима-бир нималар қилгингиз кеп кетади. Ҳозир индаманг, бир вақти келиб қолса, шартта юзига айтасиз.

— Қачон келасан?

— Бораман. Дугонамнинг озгина иши бор, шунга ёрдамлашиб юбориб, кейин бораман. Хўп, хайр, — дея Лайло телефонни ўчирди ва ўрнидан турди-да, Нозиманинг ётоғини кўздан кечириб чиқди. Пардоз стулига ўтириб, катта кўзгуда ўзини томоша қилди. Чиройидан мамнун бўлиб жилмайди. Шу пайт Нозима уни чақирди.

Лайло овоз келган томонга қараб ўқрайиб қўйди ва стол устидаги узукни олиб томоша қилди. Бир хаёли қўлига тақиб олмоқчи бўлди-ю, бирдан сумкасидаги пуллар эсига тушди. «Бўлди, бер. Аҳмад акамга қайтармасам, у мени тириклайин еб қўяди, деса, нима қиламан? Балки, ҳозир шу масалада чақираётгандир. Чалғитишим керак. Бирон нимага қизиқтириб қўйсам, эсидан чиқади. Бу ердан кетсам бўлди. Ишлатиб қўйибман. Ёнингдан бериб тур, қайтараман. Қўлимга пул тушиши билан қайтариб бераман, дердим» дея хаёлидан ўтказди. Ҳамда узукни ташлаб юборди-да, ўрнидан турди.

— Нози! — дея бақирди турган жойида. — Калламга бир фикр келиб қолди!

— Қанақа фикр?

Лайло чопқиллаб дугонасининг ёнига борди.

— Сен дам олишинг керак. Одамга ўхшаб. Мен битта янги очилган ресторанни биламан. «Матч» деган. Зўр қурилибди. Юр, ўша ёққа бориб, маза қилиб ўтирамиз. Ҳамма қайғуларингни унутасан.

— Сира уйдан чиққим йўқ, ўртоқ. Тўғриси, чиқишгаям қўрқиб қолдим. Яна бир бало бўлиб қоладими, дейман-да.

— Қўрқма, асалим. Мен ёнингдаман. Тўғриси, ҳамма нарсаси ташқарида экан. Кўм-кўк майса, оқ қайин, ҳар хил арчалар, чироқлар. Кейин жойлари ҳам алоҳида-алоҳида, ўралган. Кўрсанг худди эртак дейсан. Тур, бунақа ўтирма. Бунақа ўтирсанг, касал бўлиб қоласан. Ҳали сен одамларга кўп кераксан. Айниқса, менга! — деб қиқирлаб кулди Лайло ва Нозиманинг юзидан чўлпиллатиб ўпиб қўйди.

Нозима кийинаркан, Лайло боя ишқи кетган узукни тақиб туришга сўради. «Бемалол, — деди Нозима, — бриллиант кўзли узук. Менга ҳам роса ёқади. Лекин ҳозир сира таққим йўқ. Кўнглимга сиғмаяпти».

Лайло дарров узун оппоқ бармоғига узукни тақиб олди-да, Нозимага кўрсатди.

— Қалай, ярашибдими? — деди.

— Зўр. Худо хоҳласа, ўзинг ҳам бундан яхшиларини оласан, — дея жавоб берди Нозима ва жилмайиб қўйди.

«Бор эди. Бундан ҳам зўрлари бор эди. Адам раҳматли олиб бергандилар. У пайтлари биз жудаям бой эдик. Ҳамманинг ҳаваси келарди. Адам бечора катта дўкон қураман, дедилар. Икки қаватли. Биринчи қаватида худди Европадагидай супермаркет бўлади. Иккинчи қаватида кийим-кечак. Кейин шу ердан чиқмай, бошқа нарсаларга бошимни қотирмай ишлайвераман, дердилар. Қурдилар… Бир куни борсалар, шундоққина битган иморатнинг бир томони чўкибди. Томи қийшайиб қолибди… Адам бечора унга озмунча пул тикканмидилар!.. Бирдан юрагини ушлаб қолибдилар… Шу бўйича қайтиб ўзларини ўнглаб ололмадилар…»

— Ҳой, қиз!

Лайло чўчиб тушди. Нозима унга ҳайратланганча термилиб турарди.

— Нима бўлди? — деди у.

Лайло бирдан дугонасини қучоқлаб олди.

— Раҳматли адамлар эсимга тушиб кетди. Биз ўша пайти роса бой эдик. Адамлар баракали одам эдилар, — деди Лайло кўзидан ёшини оқизиб.

— Эшитганман. Жойлари жаннатда бўлсин. Мана, мен бўлдим. Кетдик энди, дугонажон.

Лайло машинасини шаҳарнинг шимолий шарқи томонга ҳайдаркан, анча вақтгача ўзига келолмади. Нозима аҳволини ўзгартираман, деб фақат яхши гаплардан гапирди. Бироқ Лайло ўзгармади. Сохта жилмайиб қўяр ва шу ондаёқ яна жиддий тортиб қоларди. Отаси унинг қўлида жон берганди. Аслида, касалхонада падарининг ёнида ойиси бор эди. Лайло кўргани бор эди. Онаси айтдики: «Сен ўтира тур, мен ғиз этиб дўконга чиқиб келаман. Шарбат олиб келаман». «Ойи, сиз ўтираверинг, мен турганда сиз борасизми?» дея Лайло эътироз билдирганди, ойиси унамади. «Оёқларимнинг чигалини ёзиб, тоза ҳаво ҳам оламан», деди ойиси.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ