АРТИСТ… (4-қисм)

2

 

 

* * *

 

Ойиси кетганидан кейин бор-йўғи беш дақиқа ўтиб отаси безовталанди. Кейин бирдан хотиржам тортиб, қизига қаради. Ёнига ўтиришини илтимос қилди. Лайло каравотнинг чеккагинасига ўтирди. Ота қизининг қўлини ушлади. Бир нималарни айтмоқчи бўлди. Бироқ чоғи келмади. Бир лаҳза олдин гапирган ота бирдан сўздан қолди. Оғзини бир неча марта қимирлатди, аммо ундан сўз чиқмади. Беихтиёр йиғлаб юборди. Унга қўшилиб Лайло ҳам йиғлади.

— Ада, кўп ўзингизни уринтирманг, чарчаб қоласиз, — деди у кўзидан дув-дув ёшини оқизиб.

Ота унга тикилди. Мийиғида кулди. Бўлди, бошқа ҳеч қанақанги ҳаракат қилмай қўйди у. Бироз ўтиб, кўзидаги нур ҳам йўқолди. Лайло қўрқиб кетди.

— Ада, ада, сизга нима бўлаяпти, ада?! Қўлингиз муздай, сал қимирлаб қўйинг, ада! — деди бутунлай ҳушидан айрилаёзган Лайло ва секин ўрнидан турди-да, эшикка югурди.

Дўхтирларни, ҳамшираларни чақириб келди. Дўхтир отасининг бўйин томирига бармоғини қўйгач:

— Тамом бўлибди, — деди пичирлаб.

Кейин ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлиб кетди…

— Лайло, ўзингдамисан? — деди Нозима дугонасининг кўзидаги ёшни кўриб.

Лайло яна чўчиб тушди:

— Кечирасан, яна хаёлим қочибди.

— Мени бунақа қилиб қўрқитмагин, ўртоқжон, машина ҳайдаб кетяпсан. Ҳалигина битта таксининг ёнгинасидан ўтиб кетдинг.

— Бўлди, хавотир олма. Мана, ўзимга келиб олдим. Магнитофонни ёқ. Овозини баландроқ қил. Шошма, бардачокда зарубежний диск бор. Ўшани қўй, бақиришиб қўшиқ айтамиз! — деди Лайло ва кўзидаги ёшни артди.

Дарҳақиқат, ресторан Лайло айтганича бор экан. Аммо шу ҳам Нозимани ўзгартиролмади. Боягина Лайло тушкун кайфиятда бўлган бўлса, энди унинг ўрнига Нозима чиқди. Йўқ, Лайлога ўхшаб жимиб қолмади. Кўп гапирди. Кўп кулди. Бироқ, барибир, кўнглининг бир жой-бир жойларига ин қурган хафагарчилик халақит бериб тураверди.

«Балки, анави аравакаш мени қарғагандир. Ўзи унга жуда ёмон гапириб юбордим-да. Озгина муомала қилганимда камайиб қолмасдим-ку… Лекин ўзиям қўпол муомала қилди-да… Шошма, асаб бузилиши у билан бошланди. Бундан чиқди, у қарғагунча куним шундай ўтиши белгиланган. Аммо бутун бошли кун тўполон билан ўтмаслиги керак-ку. Хўп, битта, ана борингки, иккита шунақанги вазиятга тушай. Лекин қаерга бормай, нима иш қилмай, ким билан гаплашмай, жанжал пайдо бўляпти. Ўз-ўзидан. Мен сираям истамаяпман. Ўзи пайдо бўляпти. Бировлар асабимга ўйнаяпти… Шошма, кимдир ирим-сирим қилмадимикин?.. Кеча ҳам тўйга боргандим. Санъаткорлар кўп экан. Ҳаммаси битта стол атрофида навбатини кутиб ўтиришди. Деярли ҳеч нима емадим. Фақат кола ичдим. Бўлди, ана шунга қўшилган. Нима бўлса ҳам, шунга қўшилган. Эртасига у менга таъсир қилган ва ишларим чаппасига кета бошлаган», дея хаёлидан ўтказди у ва шошилмасдан газакка санчқи санчаётган Лайлодан:

— Таниш фолбининг борми? — деб сўради.

Лайло бирдан бошини кўтарди. Дугонасига синчковлик билан тикилди.

— Нимайди? — дея пешонасини тириштирди.

— Кимдир менга амал қилганми, деб ўйлаяпман.

Лайло шошилмасдан санчқининг учидаги бодринг бўлакчасини оғзига солди. Хаёл сурганча секин чайнади. Кейин деди:

— Биттаси бориди. Адам раҳматлини бериб қўйганимизда

ойимни олиб боргандим. Қўйлиқ томонда турарди. Ҳозир ҳам ўша ёқдами, бошқа ёққа кўчиб кетганми, билмайман.

— Эртага қидириб кўрсак-чи?

— Майли, лекин бундан иш чиқармикин?

— Бир кўрайлик, ўртоқжон. Бундай ўйлаб қарасам, хонандалар орасида рақобат кучли, ҳаммаси тўйга боришади, ёнма-ён ўтиришади. Билиб бўлмайди кимнинг идишига ким нимани солиб қўйганини.

— Қўйсанг-чи бунақа гапларни. Бир кунинг шунақа бўлиб қолди-да. Шунгаям ҳар балоларни хаёлингга келтираверасанми? Ундан кўра, юр, ўйнаймиз. Қара, ҳамма маза қилиб ўйнаяпти. Биз ҳам уларнинг қаторига қўшилиб оламиз, — деб Лайло ўрнидан турди-да, Нозиманинг қўлидан тортқилади.

Иккаласи роса рақс тушишди. Терлаб, яйраб, бир-бирига қилиқ қилиб ўйнашди. Ўзиям учта қўшиқ тугагунча даврадан бери келишмади. Иккаласи ҳам қандайдир енгил тортгандай бўлди. Шу учинчи шўх қўшиқ тугаши билан бирдан оғир мусиқа чалиниб қолди. DJ «Вальс!» деб эълон қилди.

— Қани, хоним, мен билан вальсга тушасизми? — деди Лайло

айёрона кўз қисиб.

— Узр, жаноб, роса чарчадим. Озгина дам олишни кўнглим тусаб қолди, — деди Нозима унга жавобан жилмайиб.

Улар яна жойларига боришди. Икки соатча еб-ичиб, гаплашиб ўтиришди. Сўнг кайфиятлари кўтарилиб уйга қайтишди.

Лайло Нозимани уйи йўлаги ёнида туширгач, бор-йўғи юз қадамдан кейин машинасини тўхтатди. Моторни ўчирди. Телефонини қўлига олиб, Аҳмаднинг рақамини терди. «Ишқилиб, ухлаб қолмаган бўлсин-да», дея кўнглидан ўтказди ва сабрсизлик билан Аҳмад телефонини ёқишини кутди.

— Алло, — деди, ниҳоят, Аҳмад.

— Аҳмад ака, бу мен, Лайломан, — деди қиз жилмайиб.

— Лайло, Лайло, танимас эканман.

— Нозиманинг ўртоғи.

— Ҳмм, нима керак сизга?

— Гаплашиб олайлик. Муҳим гапим бор сизда.

— Нозима айтдими?

— Йўқ. Унинг мутлақо хабари йўқ. Учрашайлик, нима гаплигини айтаман сизга.

 

* * *

 

Нозима роса чарчаганди. Бироқ анчагача ухлай олмади. Кўзини чирт юмиб ётди. Аммо негадир уйқу келавермади. Ўрнидан турди. Ошхонага кирди. Чой дамлади. Бир пиёла ичди. Шундан сўнггина эснашга тушди. Ётоғига кирди-ю, ўрнига ўзини ташлаши билан «қотиб» қолди.

Унинг учун жуда эрта, яъни тушга яқин уйғонди. Ваҳоланки, бошқа пайтлари соат икки бўлмасдан, ёстиқдан бошини кўтармасди. Кечаги воқеаларни бирма-бир эслади. «Оғир кун бўлган экан… Шошма, Аҳмад акани ҳайдаб юбордим-ку. Энди ким билан ишлайман?.. Студиядагилар билан унчалик қалинлашиб кетмагандим. Ҳамма ишни, олди-бердиларгача Аҳмад ака бажарарди. Мен эса борардим, берилган матнни олардим. Олдин ёдлардим. Умуман, ёдлаш унақа қийин эмас. Узоғи билан уч куплет шеър. Битта нақорат. Ҳар банддан сўнг нақорат куйланаверади. Урғу, асосан, унга берилади. Овозим идеалмаслигини ўзим ҳам яхши биламан. Бироқ компьютер деганлари идеаллаштириб беради… Уфф, негадир ҳали тўшакдан турмасимдан бошим ғовлаб кетяпти», дея хаёлидан ўтказиб, секин бошини кўтарди.

Ювинди. Бўлмади. Барибир, боши оғирлигича қолаверди.

Кейин чўмилди. Маза қилиб чўмилди. Ана ундан кейин ваннадан чиқди. Нонушта тайёрлади. Аммо бир бурда нон билан икки ҳўплам чойдан бўлак томоғидан ҳеч нима ўтмади. Беихтиёр телефонини олиб титкилади. Кечаги хабарларга муносабат билдирганларнинг хатларига кўзи тушди.

«Машҳур бўлиш ҳам қийин. Чиройли бўлиш ундан-да қийин», «Артистларнинг кўзи оч бўлади», «Бировнинг эрига осилишга бало борми?», «Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди», «Шунақа қилиб обрў топгандан кўра, қаро ерга кирган минг марта афзал»…

У қолган номаларни ўқиёлмади. Кучи етмади. Телефонни улоқтирди. Телефон деворга тегди. Сочилиб кетди. Қўллари билан бирдан юзини бекитди.

— Нима қиламан энди?! Ким мени ҳимоясига олади?! Кўчада қандай юраман?! — деди алам билан.

Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглади. Нозима оғриниб бошини кўтарди. Сочини ғижимлади ва ўрнидан турди. Бориб эшикни очди. Юзи қизарган, кўзи олайган, сочлари таралмаган Аҳмад остонада турибди. «Бечора, менсиз бунга ҳам қийин экан», деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди қизнинг ва жилмайганча:

— Киринг? — деди.

Аҳмад хўмрайган кўйи остона ҳатлади. Туфлисини ечди. Ошхонага кирди. Ортидан келган Нозимага хўмрайиб ўлик кўзда қаради.

— Нима қилдим сизга? — деди Нозима.

— Мен бирон нима дедимми? — дея бурнини тортиб қўйди Аҳмад.

— Нега унда унақа қараяпсиз?

— Бошқача қарашнинг иложи йўқлиги учун.

— Тушунмадим.

— Нимага тушунмайсиз, хоним. Мен яхшилаб ўзбекча гапирдим, шекилли.

— Нимага келдингиз?

— Биринчидан, пулга…

— Иккинчидан-чи?

— Иккинчидан, шартномани бекор қилишга.

— Шунақами, унда жуда яхши. Унда мени ҳам эшитинг. Биринчидан, мен сизнинг чўнтагингизга ўғриликка кирганим йўқ. Нимаики топган бўлсам, пешона терим билан топдим. Кечаси билан ухламадим. Кундузи умримни студияларда ўтказдим. Яна нақ саккизта танишингизнинг тўйини, туғилган кунини, байрамини текин ўтказдим. Шундай экан, сизга сариқ чақа ҳам бермайман. Иккинчидан, ҳе йўқ, бе йўқ, хотинингиз менинг номимни қора қилгани учун товон пули тўлайсиз. Хўш, нима дейсиз бу ёғига?!

Аҳмад аввалига ҳайратланганча Нозимага тикилди. Кейин қаҳ-қаҳ отиб кулди. Сохта кулги, зўрма-зўраки кулги.

— Мен сизга бу ерда маймун ўйнатаётганим йўқ!

Нозима қизариб кетди. У ўзини ниҳоятда камситилган ҳисоблаётганди.

— Бу дейман, — деди Аҳмад ўтирган жойида бармоқларини қайириб қарсиллатаркан, — ҳамма дардингиз ичингизда экан-у, мен билмай юрган эканман-да. Атайин қандай хизматимни қилган бўлсангиз, ҳисоблаб юрган экансиз-да. Лекин билиб қўйинг, сизни телевизорга чиқарган, одамларга танитган мен бўламан!

— Эвазига керагидан кўпини олдингиз. Менга лўлига бергандай тўйдан тушган пулларнинг йигирма беш фоизини берардингиз. Қолганини чўнтагингизга урардингиз. Энди айтинг-чи, бир мавсумда қанча пул тушади? Қарийб бутун ёзни тиним билмай ўтказардим…

— Стоп! Стоп! — дея Аҳмад қўлини кўтариб Нозиманинг гапини бўлди. — Эвазига уй, машина олдингиз, хоним.

— Сиз-чи?! — деди титраб кетган Нозима.

— Мен пулимни қайтариб олдим, холос. Кеча хотинчангизга машина олиб бердингиз, деганингизда индамадим. Лекин хотинчамга отаси олиб берган эди машинани… Бўпти, пул керак эмас. Ўзи шундоқ бўлишини билгандим. Аммо менинг ҳомийлигимда ёзилган қўшиқларнинг ҳаммаси меники бўлади. Бирортасини ҳам айтмайсиз.

— Шартнома тузганмидингиз?

— Ҳа, оғзаки.

— Нимагадир мен эслаёлмаяпман.

Аҳмаднинг қони қайнади. Ўрнидан турди. Қўлини мушт қилди.

— Бир нарсани айтиб қўяй, — деди Аҳмаднинг важоҳатидан ранги оқарган Нозима, — бугун мен милицияга қўнғироқ қилдим. Кейинги пайтларда пўписа қилаётганлар кўпайиб қолганини айтдим. Улар қўшниларимга кўз-қулоқ бўлиб туришни тайинлашди. Шундай экан, ҳар қандай шовқин милицияга етказилади.

Ҳа, Аҳмад уни урмоқчи, ҳеч бўлмаса, шу йўл билан хуморидан чиқмоқчи эди. Аммо Нозиманинг милицияни тилга олиши бирдан шаштидан туширди.

— Тулкисан, Нозима! Тулкисан! Сени хотин қилганнинг шўри қурийди. Лекин билиб қўй, мен бировларга шунчаки ҳақини едириб қўядиганлардан эмасман.

Аҳмад эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди. Ана шундан

кейин Нозиманинг оёқ-қўли бўшашди. У беихтиёр ўтирди. Қалтиради.

— Ўлиб қоламан. Ҳозир ўлиб қоламан. Булар мени ўлдиришмаса тинчишмайди. Имм! — дея ўрнидан сакраб туриб, тезда шарақ-шуруқ этказиб эшикни қулфлади. Сўнг чуқур нафас олиб, чиқарди-да, ётоғига кирди. У ёқдан бу ёққа юрди. Ниманидир қидирди. Аммо ўша қидирган нарсасини сира тополмасди. «Бўлди, бўлди, ўзингни бос, Нозима, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Кеча Лайло нима деганди? Ҳа, зўр ишлардан олдин одамни мана шунақанги муаммолар қуршайди. Кейин бирдан ҳаммаси бўлиниб-бўлиниб, майдаланиб атрофга сачраб кетади-да, унинг ўрнида нур пайдо бўлади… Пайдо бўлмаса-чи? Бир умр мана шу зулматда қолиб кетсам-чи?.. Топдим. Тинчлантирувчи дори. У қаерда эди? Тумбочкамнинг тортмасида…»

У шоша-пиша дорини олди. Биттасини тили тагига ташлади. Шимиди. Кўзини юмди. Ва битта-битта қадам босганча у ёқдан бу ёққа юрди. «Мана, мана, тинчландим. Ҳаммаси жойида. Энди ким биландир гаплашишим керак. Биринчи навбатда, Лайло. Угина мени тушунади. Угина дардимга малҳам бўла олади. Угина керакли маслаҳатни беролади».

Шундай хаёлда Нозима ошхонага югуриб борди. Қараса, телефони титилиб ётибди.

— Шуниси камлик қилаётганди! — деб бақириб юборди.

Кейин телефон бўлакларини бирма-бир йиғди-да, жой-жойига қўйди. Ёқди. Ёқилди. «Мана бу биринчи ютуқ, — жилмайишга уринди Нозима. — Сочилиб ётган нарса ишлади. Бунинг устига, телефонимнинг экрани ҳам синмабди. Ваҳоланки, синиши ҳам мумкин эди-ку. Қани, энди қадрдон дугонамга қўнғироқ қилай-чи». У шоша-пиша рақам терди. Чақирув овози кетди. Битта, иккита… бешта… Охири абонент ҳозир жавоб беролмаслигини, кейинроқ яна қўнғироқ қилиб кўришини автомат-хоним маслаҳат берди.

— Раҳмат. Шунисигаям раҳмат. Бу Лайло қайси гўрда юрибди? Хабар жўнатаман. Кейин овқатланаман. Овқатимни ҳам заҳар қилганди гўрсўхта, — деб Нозима дугонасига хат ёзди: «Лайло, ўртоқжон, сен менга жудаям керак бўлиб турибсан. Илтимос, телефонни олишинг билан қўнғироқ қил».

«Ана энди овқатлансам ҳам бўлаверади. Тўйиб овқатланаман, ҳеч қанақанги диета-пиета йўқ!» Ора-чора телефонига кўз ташлаб қўйяпти. Лайлодан дарак йўқ. «Нима бало бўлди бу қизга?!» дея ўйлади Нозима хўрсиниб қўяркан.

Қорни тўйгач яна бир марта Лайлога қўнғироқ қилди. Бу сафар телефонни унинг онаси олди.

— Ассалому алайкум, — деди Нозима юмшоқ овозда.

— Нозимахон, ўзингизмисиз? Бу сира келай ҳам демайсиз. Лайлога ҳар куни айтаман дугонангни ҳам олиб кел, бирга-бирга уйимизда концерт уюштирайлик, деб, — дея кулди Муҳаббат опа.

— Худо хоҳласа, бораман, деб юрибман. Ошингизнинг таъми ҳали-ҳануз оғзимдан кетмайди. Лайло бирон жойга чиққанмиди?

— Ҳа. Телефони уйда қолиб кетибди. Анави сиз билан ишлайдиган бола бор-ку, оти нима эди? Аҳмад. Ўша билан кўришаман, деганди. Кетаётганида ҳали соат ўн икки бўлмаганди.

Нозиманинг ичида бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. У бўшашиб кетди. «Аҳмад билан чиқиб кетди, Аҳмад билан чиқиб кетди», дея пичирлади лаблари ва беихтиёр телефонини ўчирди. Кейин «Бу ёғи қизиқ бўлди-ку, куни кеча кўнглимни кўтаришга ҳаракат қилган, Аҳмаднинг гўрига ғишт қалаган Лайло бугун у билан юрган бўлса-я?! Қизиқ. Лайлонинг унда нима иши бор экан? Аҳмаднинг-чи? Бир гап бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур?!» дея ўйланиб турди.

Нозима ётоғи томон югурди. Шатир-шутур кийинди. Бўянди. Кейин ташқарига чопди. Бу сафар уялмади. Гарчи машинасининг орқаси қирилган бўлса ҳам минди, моторни ўт олдирди. Қизишини кутиб ўтирмади.

— Барибир, барибир, мен ҳамма нарсанинг тагига етаман! Ҳали сенлар мени сафдан чиқариб ташламоқчи бўлдингларми?! Чучварани хом санабсанлар!.. Билмай юрган эканман. Билмабман. Битта илон билан ишлабман, иккинчиси дугонам бўлибди, — дерди у ва йиғлаб юбормаслик учун лабини тишларди.

Тўғри студияга борди. Қоровул йигитнинг сўроғига ҳам жавоб бермади. Эшикларни бирин-кетин қарс-қурс очиб, овоз ёзиш хонасига кирди. Кирди-ю, қотиб қолди. У ерда бутунлай бошқалар, тўғрироғи, Нозиманинг рақибаси, у қанақанги клип ишласа, шунга яқинроқ клип тайёрлайдиган, қанақа қўшиқ айтса, ўшани бироз ўзгартириб ўзиникига айлантирадиган Шаҳина исмли қиз продюсери ва аранжировкачи билан бирга нималарнидир муҳокама қилиб ўтиришибди. Нозима кириши билан учаласи ҳам бирданига унга қаради. Шаҳина мийиғида кулди ва ўрнидан турди.

— Кеч… Кечирасизлар, — деди Нозима довдираб, — халақит бериб қўйдим.

— Нега энди халақит бераркансиз, айни вақтида келдингиз, — деди Шаҳина қўнғироқдай овозда ва унинг ёнига келди-да, иккала юзидан чўлпиллатиб ўпди.

Нозима ҳам ўпди. Зеро ўзининг қай аҳволдалигини сездирмаслик керак эди. Шунинг билан бирга Шаҳинанинг атири ниҳоятда ширин эканлигини ҳам туйди. Ўзи бу хонада ҳозир айни анбар ҳукмрон эди.

— Барибир, ишлаётган экансизлар, — дея Нозима мийиғида кулди-да, ортига қайтмоқчи бўлганида, Шаҳина унинг қўлидан ушлаб қолди.

— Нозима опа (ҳа, у атайлабдан «опа»га урғу берди. Шу билан ёшинг ўтиб қолди. Энди сал четроққа чиқаверсанг яхшироқмиди, демоқчи бўлди. Ваҳоланки, Нозима эндигина йигирма тўртга кирган, Шаҳина эса ундан икки ёшгина кичик эди)! Маслаҳатингиз керак. Четдан туриб бир эшитиб кўринг, ҳар қалай, профессионалсиз.

«Яна битта қўшиғим ўғирлангандир-да», кўнглидан ўтказди Нозима ҳамда:

— Яхши, мен розиман, — деди.

Аранжировкачи у билан кўришди. Шаҳинанинг продюсери кўришди. Айни чоғда еб қўйгудек тикилиб ҳам қўйди.

Мусиқа янгради. Нозиманинг назарида қандайдир таниш куй. «Қаерда эшитган эканман?» деб ўйлай бошлади у. Шаҳина куйлади. Аслида, унинг овози компьютердан чиқаётганди. Шаҳина шунчаки жўр бўлаётганди. Ёмонмас. Ўзи бу аранжировкачи, кейин анави компьютер устаси Игор бор, ҳар қандай овозни жарангдор, ширали қилиб ташлашади. Шунинг учун ҳам Нозима шу ерда қўшиқларини ёзади.

Нозима куйга монанд бошини қимирлатди. Бир-икки марта Шаҳинанинг қўлидан ушлаб қўйди. Юзидан ўпди.

Қўшиқ тугади. Нозима атай чапак чалди. Албатта, қўшиқ яхши чиққани учун эмас, балки эски ҳинд фильмидан мусиқа ўғирланганини топиб олгани учун. «Баттар бўл, шу қўшиғинг чиқиши билан шармандаи шармисор бўласан!» дея хаёлидан ўтказди Нозима. Сўнг:

— Табриклайман, булбул ҳам сизнинг олдингизда уялиб қолади. Зўр бўпти! — деди-да, яна бир марта Шаҳинанинг юзидан ўпиб қўйиб, у билан хайрлашди.

Студиядан чиқиши билан Шаҳина, ўғрилик, мусиқа унутилди. Хаёлини Лайло билан Аҳмад эгаллади. «Қаерга кетган бўлиши мумкин? Студияга келишмабди. Унда қаерга бориши мумкин?.. Шошма, нега бунчалик безовта бўляпман? Аҳмад қаердан пул келса, ўша ёққа ўзини ташлайди. Лайло ҳам манфаат учун ҳеч нарсадан қайтмайдиганлардан. Ана, куни кеча сен ола қол, дегандим, индамай ҳамма пулни сумкачасига тиқди. Шундан озгинасини ресторанга сарфлади. Яна у енгилроқ. Шулар ҳисобига улар бирлашиб олиши ҳеч гап эмас. Лайлонинг саҳнага чиқиб қўшиқ айтишини тасаввур қилолмайман. Аммо клипда боплаб ўйнаб берганди… Бошим оғриб кетди», дея хаёлидан ўтказган Нозима энди машина моторини ўт олдирганди ёнгинасига қоп-қора «Мерс» тўхтади. Нозима уловини ҳайдашга шошилмади. Иномарка эгаси эса дарров машинадан тушди. Нозимага бир қараб қўйди. «Шаҳинанинг ҳомийси, — хаёлидан ўтказди Нозима, — ўшанга тегиб олган. Агар бу одамнинг пули бўлмаганида, ҳатто салом ҳам бермаган бўларди. Бало бу Шаҳина, бало! Мени боя опа, дедими? Ҳе, опа эмиш. Опанг ҳали эрга тегмаган. Сенинг хабаринг бўлган нарсалардан унинг хабари йўқ. Шу гапинг билан ўзингча мени қарига чиқариб қўйдинг-да. Кўрамиз, ким биринчи мункиллаб қоларкин?!»

У машинани жойидан енгил қўзғатиб, тезликни энди оширган эди ҳамки, телефони жиринглади. Экранга қарамасдан қулоғига тутди.

— Нози, қаерларда юрибсан, ўртоқ?! Уйингга келсам, йўқсан. Ойим қўнғироқ қилганингни айтиб қолди!

У Лайлонинг овозини дарров таниди ва шу заҳоти пешонаси тиришди.

— Ҳа. Мен аҳмоқ сени ўртоқ билиб, ўзимга яқин олиб юрган эканман. Сен бўлсанг, Аҳмад билан топишиб олибсан, муборак бўлсин, — дея кесатди Нозима.

— Тилинг бирам заҳарки, оғиз очганиям қўймайсан. Бирдан бўлмағур хаёлингни тўкиб-сочасан. Сен учун зўр нарсалар қилиб қўйдим. Ҳозир уйингга бораман.

Нозима телефонини ўчириб, ўриндиқ устига ташлади. «Нима деб ўйлашим керак эди? Сен нима хаёлга борардинг? Ҳамманг ярамассанлар!» деди.

Ярим соатда уйи ёнига етиб келди. Шошилмасдан машинадан тушди. Бир қур атрофга разм солди. Лайлонинг «арава»си кўринмади.

— Беш дақиқалик йўл. Аллақачон келишинг керак эди, — деди у ўзига-ўзи гапириб ва сумкачасини қўлтиғига қистирди-да, уй томон кетди.

Хонасига кириб, ҳали кўйлагини ечишга улгурмасидан эшик қўнғироғи жиринглади. У шу ҳолича бориб эшикни очди. Лайло келди, деб ўйлаганди. Кўйлагининг олди очиқ эди. Эътибор қилмади. Эшикни очганида эса рўпарасида бир даста қип-қизил атиргулни кўрди.

— Нима бу? — деди.

Гул унга тутқазилди ва Аҳмаднинг иршайган башараси кўринди. Нозиманинг эсига бирдан олди очиқлиги тушди.

— Вой! — деди-ю, гулни ола солиб бекитиш керак бўлган жойини бекитди. — Уялмайсизми? Қараманг! — деб бақирди ва ортига ўгирилди-ю, ётоғига югурди.

Гул каравотининг устига тушди. У шоша-пиша қолган кийимларини ҳам ечиб, уйда кийиб юрадиганини кийди. Ҳамда юзи қизарганча хонасидан чиқди.

Энди эшик ёнида Лайлони ҳам кўрди. Қовоғини осилтирди.

— Сюрпризинг шуми? Ўргилдим! — деди жаҳл билан.

Лайло унинг гапига парво ҳам қилмай шоша-пиша оёқ кийимини ечди-да, югуриб келиб дугонасининг қўлидан ушлади, ётоғи томонга тортқилади.

— Сиз, — деди бўйнини чўзиб Аҳмадга қараркан, — меҳмонхонага кириб туринг.

— Бало борми унга меҳмонхонада?! Йўқолсин! — деди Нозима.

— Жим. Юр, хонангга кирайлик, гаплашиб олайлик, — деб баттар унинг қўлидан тортқилади Лайло.

Ётоққа кирганларидан кейин эса эшикни ёпиб қўйди.

— Жинни, бу дунёда тулки бўлмасанг, кунинг ўтмай қолади. Мен кеча сени ёнингдан кетганимдан эрталабгача нима қилиш кераклиги ҳақида ўйладим, — дея шивирлаб гапира бошлади Лайло. — Қарасам, агар ҳозир Аҳмаддан айриладиган бўлсанг, эртанги кунинг расво бўларкан. Ҳеч нимага эришолмас экансан. Қолаверса, менинг ҳам қўлимдан ҳали бирон нима келмайди. Шунинг учун олдин пул йиғиб олишимиз керак, деган тўхтамга келдим. Аҳмаднинг у ёғидан ўтдим, бу ёғидан ўтдим, аврадим. Охири сен билан яна ишлашга кўндирдим.

— У эмас, мен у билан ишламоқчимасман.

— Гапимни бўлмай жим тур. Хуллас, бундан бу ёғига, — деб эшик томонга қараб қўйди Лайло ва давом этди, — ҳаммасини ҳисоб-китоб билан олиб борамиз. Ёнингда ўзим бўламан. Етарлича маблағ йиғиб олганимиздан кейин Аҳмадни секин четга суриб қўямиз. Унгача мен ҳам шоу-бизнесни ипидан-игнасигача ўрганиб оламан. Тушундингми?

— Яна шунинг башарасига қараб юришим керакми? — дея норози бўлиб тўнғиллади Нозима.

— Нима, у билан яшаяпсанми? Юрибди-да минғирлаб. Хуллас, ҳали айтганимдай, бундан бу ёғига лўлининг эшагини суғориб, пулини оламиз, уқдингми?

Нозима чуқур хўрсинди.

— Мана бу бошқа гап. Энди юр.

Меҳмонхонага олдин Лайло, кейин Нозима кирди. Лайло Аҳмадга кўзини қисиб қўйди ва гап бошлади.

— Биттангиз менинг энг қадрдон ўртоғимсиз, иккинчингиз шу пайтгача у билан зўр ишлаб келган одамсиз. Иш бор жойда нима бўлади? Камчилик, мана шунақанги тушунмовчилик. Агар шуларни деб бир-бирингиздан айрилсангиз, катта хатога йўл қўясиз. Хатонинг товони эса жуда катта бўлади. Шунинг учун бир-бирингиз билан ярашишларингни хоҳлайман, — деди Лайло ва ортига бурилиб Нозиманинг қўлидан ушлаб Аҳмаднинг ёнига олиб борди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

 

 

2 ФИКРЛАР

    • Эътибор берганингиз учун катта рахмат, дустим. Тугрилаб куйдик, эътиборсизлик килинган экан, узр сурайман!

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here