АРТИСТ… (5-қисм)

0

 

* * *

 

— Ёш болалардай жимжилоқларингни бериб ярашасизларми ёки?..

— Ёки… — деди Аҳмад илжайиб ва Нозимани елкасидан тутиб, юзидан ўпиб қўйди.

— Ура! — деди Лайло. — Қани, энди ҳаммамиз ошхонага! Ярашиш паловхонтўрасини тайёрлаймиз!

Олдин Лайло кетди. Аҳмад эса Нозиманинг белидан қучиб олди. Илгари ҳечам бунақа қилмаган. Нозима ҳам бунга йўл қўймаганди. Бироқ ҳозир негадир индаёлмади. Қўйиб берди. Фақат ошхонага етай деганларида:

— Агар шу туришингизни хотинингиз кўрганида борми? — деди жилмайиб.

— Кўрганида, мана, деб маҳкам сизни қучган бўлардим. Керак бўлса, бўса олардим! — дея катта кетди Аҳмад.

— Ҳай-ҳай, ўзингизни босинг. Бирдан суюлиб кетманг, — деди Лайло кўзини олайтириб. — Яна эндигина ярашганингизда қайтадан аразлашиб қолманг.

— Тўппа-тўғри, — деб Лайлонинг гапини маъқуллади Нозима.

Улар ош пиширишди. Роса иштаҳа билан ейишди. Сўнг Аҳмад дафтарини очди.

— Бугун бешта тўйга улгуришимиз керак. Иккитасида муаммо бўлмайди. Дарров-дарров навбатни оламиз. Чунки у ерда отарчилар навбатчи. Лекин қолган учтасида бир нима қилишимиз керак. Майли, бораверайлик-чи, кўрамиз. Энди мен кетдим. Соат роппа-роса соат бешда келаман. Хонимлар, тайёр бўлиб туринглар.

— Менинг машинамда кетамиз, — деди бирдан Лайло, — сизникида юриб яна балога қолиб юрмайлик.

— Маъқул, — деб бошини қимирлатди Аҳмад.

Лайло билан Нозима гўзаллик салонига боришди. Бошқасига. Қимматроғига. Яхшироғига. У ердагилар иккала дугонани мисоли қўғирчоқ қилиб қўйишди. Кейин қизлар қайтишди.

Аҳмад айтган вақтида келди. Уйга чиқмади. Пастда туриб қўнғироқ қилди.

Биринчи тўй бошланиши билан навбатни Нозимага беришди. У саҳнага чиқиши билан Лайло Аҳмаднинг қулоғига:

— Мен сизга нима дегандим? Худо хоҳласа, режамиз зўр иш беради, — деб шивирлади.

Аҳмад кулди.

Нозима микрофонни қўлига олди. «Икки кунлик ташвишларимни мана шу тўйда бутун танамдан чиқариб юбораман. Флешкада қўшиқ янграйверсин, лекин ўзим ҳам бу ёқда жонли ижро қиламан. Чин юракдан берилиб, тўкилиб, сел бўлиб, оқиб куйлайман. Майли, овозимни ҳеч ким эшитмасин, ҳамма-ҳаммасига розиман, фақат ичимдаги бор ғубор тўкилиб кетса бўлгани», деди ўзига ўзи Нозима.

 

* * *

 

У келин-куёвни табриклаб бўлганидан кейин бир хаёли микрофонни ўчирмасаммикин, деб ўйлади. Лекин қўрқди. Сўзларни но-тўғри талаффуз қилиб қўйишдан, овози панд бериб қолишидан қўрқди. Шу боис микрофонни ўчирди. Сўнг куйлади. Рақсга тушиб, ҳар битта сўзни юрагидан чиқариб, гўё ёлғиз, гўё чаман бўлиб очилган боғ-роғлар орасида ёлғиз ўзи юргандай куйлади. Ваҳоланки, бутун тўйхонанинг нигоҳи унда эди. Нозимани бу ердагиларнинг деярли ҳаммаси телевизорда кўрганди. Ўша овоз — ўша овоз, аммо рақс жуда бошқача эди-да. Бунақанги товус мисол товланишга қочиримларни аралаштириш унча-мунча раққосанинг ҳам қўлидан келмасди.

— Бало-ку, — деди Лайло Аҳмаднинг қулоғига лабини теккизиб гапираркан.

— Мен ҳам илгари бундай рақсини сира кўрмагандим. Лекин атирингиз жудаям ширин экан.

Лайло қаддини тиклади-да:

— Ростданми? — деди жилмайиб.

Аҳмад бош бармоғини юқорига кўтарди.

Худди шу пайт қўшиғига берилиб кетган Нозима беихтиёр улар томонга кўз ташлади. Ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетди. Ахир бечора қиз: «Аҳмад менинг қўшиғимни мақтаяпти», деб ўйлаганди-да.

Қистир-қистир кўпайди. Ҳар доимгидан-да кўпайди. Орада иккиталаб, учталаб юз купюралик «кўки»дан воз кечаётганлар ҳам бор эди. Аҳмаднинг кўзи чақнади. «Менинг бойлигимсан, Нозима. Тайёр бойлик. Сендан қандай воз кечиб кетиш мумкин? Бунинг сира иложи йўқ-ку. Битта ўқ билан иккита қуённи урадиганга ўхшайман?» дея кўнглидан ўтказди.

Нозима кетма-кет тўртта қўшиқ айтди. Кейин навбатдаги хонанда тихирлик қилиб: «Намунча эзмаланади бу? Мен яна бешта тўйга улгуришим керак. Айтинглар, бас қилсин», деди. Аҳмад унинг гапига қулоқ солмади. Чунки пул келяпти. Шунақанги пайтда тўхтаса, инсофга тўғри келмайди. Аммо яхшигина инжиқ хонанданинг инжиқ продюсери унга ёпишиб олди.

— Аҳмад ака, ҳаддиларингиздан ошдиларингиз! Тинчгина ҳал қилайлик, айтинг анавингизга, бас қилсин, — деди тутақиб.

Аҳмад еб қўйгудек унга тикилди ва ноилож ўрнидан турди.

Кейинги тўйхонага боргунича Аҳмад Нозимани мақтади. Лайлога унинг мақташи эриш туйилди. Бир неча марта қараб қўйди. Лекин чўнтагидаги пуллар Аҳмадни бутунлай сеҳрлаб қўйгандики, Лайлонинг «Бас қил!» деган нигоҳини сезмади.

— Муҳими, рақсни тўхтатманг. Ҳар битта қўшиғингизнинг сўзига ҳаракатингиз мос келаверсин. Биз шунинг устида кўпроқ ишлашимиз керак экан, — деди Аҳмад.

Аммо навбатдаги тўйхонада иш унчалик юришмади. Биринчидан, бу ерда навбат тегиши қийин бўлди. Иккинчидан, одамларнинг қорни анча тўйиб қолган экан, учинчи ва энг асосийси эса Нозима тушкун ҳолатдан чиқиб кетганди. Кайфияти кўтарилган, аввал тўйларда ўзини қандай тутган бўлса, ҳозир ҳам худди шундай эди. Кейин ҳаракатлари сира қўшиғига мос тушавермасди. Бўлмаса, бир-икки марта уриниб кўрди. Бўлмади. Ноилож яна тўртта қўшиқдан сўнг Аҳмаднинг ёнига қайтишга мажбур бўлди.

— Мен сизга нима дегандим? Бунақаси кетмайди. Боя нега ўхшаганди. Ҳозир тўйхонадагиларнинг деярли ҳеч бири эшитмади. Анави ўйнаганларга шунчаки «тинг-тинг» керак эди, — деди Аҳмад ҳали тўйхонадан чиқмасларидан.

Унинг гаплари Нозимага тегиб кетди.

— Ёқмаса, ўхшамаган бўлса, катта кўча. Бори шу, — деди у ва муздай «Соса-соlа»дан ичди.

— Энди бу ёғини жуда расво қилдингиз. Бало борми «кола» ичиб?!

— Барибир, мен айтмаяпман-ку. Компьютер айтяпти. Шунинг учун овозим унчалик муҳиммас, — деди Нозима.

— Ҳали сафаримиз қаримади. Яна тўйлар бор, боришимиз керак, — деб Аҳмад Лайлога юзланди. — Калламга бир фикр келиб қолди. Буни ҳозир машинага чиқайлик, айтаман. Шошилишимиз керак. Шаҳарнинг нариги бошига борамиз ҳозир.

Нозима ўзини роса чарчаган ҳис этаётганди. Шу боисдан судралибгина ташқарига чиқди. Машинага ўтирганидан кейин эса деразага бошини қўйиб, кўзини юмиб олди.

— Лайло, — деди бир муддатдан сўнг Аҳмад, — Нозима куйлаётганида сиз ўйнаб берасизми? Нозима ўзи ўйнаганини ўзи кўрмади. Лекин сиз кўрдингиз. Бу тажриба. Ҳеч ким қилмаган тажриба. Менимча зўр чиқади. Яна бир марта («Кеча кўришганимизда айтгандингиз», дейишига сал қолди. Охирги дақиқадагина тилини тишлади!). «Рақс тўгарагига қатнашганман», деб айтгандингиз. Ростини айтсам, Нозима чарчади. Тўғри, охирги кунларда бошига бир-иккита ташвиш кетма-кет тушди. У ҳозир дам олиши керак эди. Лекин ишлаяпти.

 

* * *

 

Агар Аҳмаднинг шу гапи бўлмаганида, Нозимадан бошқача гаплар эшитарди. У: «Мен ишимни ўзим бажараман. Бировни аралаштирмайман. Лайлонинг ўйнагиси келаётган экан, аввал қўшиқ айтсин!» демоққа оғиз жуфтлаганди. Бироқ Аҳмад усталик билан унинг унини ўчириб қўйди.

— Ростдан ҳам, — деди Нозима бунинг ўрнига, — оёғимда зўрға турибман. Бўлмаса, кечгача қўлимни совуқ сувга урмаганман. Шунга қарамасдан тинкам қуриб кетди.

— Майли, — дея бирдан рози бўла қолди Лайло, — сизлар айтдинглар, мен ўзимни синаб кўраман.

Йўқ, унақа бўлмади. Нозиманинг қўшиқлари бошқа тўйлардаги каби бунисида ҳам яхши жаранглади. Чунки компьютер ҳамма жойда яхши экан-да. Бироқ Лайлонинг рақси ўхшамади. Сал бўлмаса, у шарманда бўлаёзди.

— Кўнглим таскин истаяпти, — деди Нозима тўйдан сўнг. — Ўлай агар, ҳамма нарсадан бездим. Пуллардан, олқишлардан, тўкин дастурхондан, машинада у ёқдан-бу ёққа югуришдан, қўшиқ айтишдан, умуман, одам зоти билан гаплашишдан…

— Тавба қилдим, де, ўртоқжон, — деб унга қараб қўйди Лайло. — Бунақаларнинг ўлгиси келаётган бўлади.

— Очиғини айтсам, ўлиб кетишдан сира қўрқмайман. Аммо…

— Аҳмад ака, ҳар қалай, эркак кишисиз, аёл кишини бундай қийинчиликдан қутқаришни билсангиз керак, — деди Лайло бир нима-бир нималарга шаъма қилиб.

— Жинни! — деди шу заҳоти Нозима унга жавобан. — Сен ўйлаган нарса хаёлимнинг бир чеккасига ҳам келгани йўқ. Уфф, мени бирон жойга ташлаб кетинглар. Пиёда кетаман уйга. Бу ёғига кам қолди.

— Кўнглингиз бошқа нарсани тусамайдими? Соат ўн иккига яқинлашди. Бунақа пайтда агар битта-иккита маст-аластни ҳисобга олмаганда, биров кўчада бўлмайди. Кейин таксичилар ҳам бор. Ҳеч тинчликни хоҳламай қолибсиз-да, — дея уришган бўлди Аҳмад.

— Ўзим гаплашаман, қўяверинг, — деб Аҳмадни тинчлантирди Лайло.

Нозима индамади. Индаёлмади. Ичида «Ўзи шундоқ ҳам ортиқча гапириб қўйдим. Булар мени тушунмади. Ҳақиқатан ҳам, ёлғиз қолишни, уйда эмас, ташқарида — салқинда ёлғиз қолиб, хаёлларга берилиб айланиб юришни кўнглим тусаганди. Шуни ҳам расво қилишди-я», деди, холос.

Нозима хўрсиниб қўйди-да, деразага пешонасини тиради. Чироқларга, иморатларга, фақат такси эмас, бошқа ўтиб турган машиналарга бир-бир қараб кетаверди. Кейин:

— Ҳеч қурса, мени домнинг бошига ташлаб кетинглар. Озгина юрмоқчиман, — деди.

У шундай дейиши билан Аҳмад салон чироғини ёқди-да, пулларни санашга тушди. Одатдагидай йигирма беш фоизини ажратиб, Нозимага узатди. Нозима бепарволарча олиб сумкасига жойлаб қўйди. Лайло менга ҳам берармикин, деган умидда Аҳмадга бир-икки назар ташлади. Бироқ Аҳмаддан садо чиқмади.

Нозима машинадан тушди-да, шериклари билан номига хайрлашиб, сумкасини елкаси оша ташлаб, бир-бир қадам босганча кета бошлади. Ўзининг йўлагига беш-олти қадам қолганида унга қараб турган бир аёлга кўзи тушди. Олдинига танимади. Сўнгра:

— Ойи, — деди жилмайиб ва югуриб борди-да, онасининг бўйнига осилди.

Шу заҳоти бурнига ачқимтир ҳид урилди. Афти бужмайди. «Ичибди-да», деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди.

— Шунақаям бўладими, қизим? — деди Анбар опа ўзини хафа бўлган кўрсатишга уриниб. — Икки соатдан бери турибман. Қўнғироқ қилсам, кўтармайсан.

— Вой, ўзимнинг ойижоним, эшитмай қолибман, тўйда эдим. Шовқинда эшитмабман. Яхши келдингизми, ойи?! — деди Нозима хурсандлигидан энтикиб. — Ўзи бугун бир нима етишмаётгандай юргандим. Буни қаранг, сизни кўришим билан ўша камчилик тўлиб кетди. Кундузи қўнғироқ қилиб қўймабсиз-да. Майли, юринг ойи, — деб Нозима Анбар опанинг тирсагидан тутиб, йўлакка бошлади.

 

 

***

Тепага — уйга киргунича бир неча марта соғинганини айтган Нозима эшик ёнига етганларидан сўнг сумкасини кавлаб, калитини тополмай қолди.

— Савил, каллам ҳам ишламаяпти. Эй-й, эсим қурсин, тўйга кетишдан олдин машинага қўйгандим. Ҳозир, ойи, сиз тура туринг, мен югуриб бориб, олиб келаман, — деди Нозима хижолатли жилмайиб.

— Майли, қизим. Сумкангни менга ташлаб кета қол. Кўтариб юрасанми? — деди Анбар опа шошиб.

Нозима унга сумкасини қолдирди. Ўзи эса пастга югурди. Машинасини очди. Салон чироғини ёқди. Калитни топди. Изига қайтди. Бир қават юқорига кўтарилди ва беихтиёр онасининг қилаётган ишига кўзи тушди. Анбар опа ҳовлиққанча унинг сумкасини кавламоқда эди. Нозиманинг ичидан бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. Ҳалигина онасини кўрганида бутун вужуди қувончга тўлганди. Энди эса унинг ўрнини қайғу эгаллаб олди. У оғир ютинди-да, ортига қайтди. Пастга тушиб, онаси унинг сумкасидаги бор пулларини олиб бўлгунича кутди. Сўнг зил-замбилдай оғирлашиб тепага кўтарилди. Онасининг юзига қаради. Бир туки ўзгармабди. Илжайганча турибди. «Наҳотки мен шу аёлнинг қизи бўлсам? Наҳотки шу аёл менга кўкрак сути бериб катта қилган бўлса?!» дея хаёлидан ўтказди қиз.

— Топдингми? — сўради Анбар қизидан кўзини узмай.

«Ҳеч бўлмаганда, юзимга қарашга уялса бўларди», ўйлади Нозима ва бошини қимирлатиб:

— Ҳа, — деб қисқагина жавоб берди.

Онасини тўғри ошхонага киритди. Ўзи эса ётоғига ўтиб, кийимларини алмаштирди. Кўзига ёш тўлди. «Йиғламайман, йиғламайман, — деди ўзига-ўзи. Бироқ, барибир, кўз ёши оқиб кетди. Лабини маҳкам тишлади. — Овозимни чиқармаслигим шарт. Ўксинганимни, эзилганимни билдирмаслигим керак. Пулимни олган бўлса, онам олди. Шунга шунча қайғуми? Ҳақи бор. Пулларингнинг ҳаммасини менга бер, деганда, йўқ, дея олармидим? Албатта, берардим. Ҳаммаси тугул, йиғиб қўйганларимдан ҳам қўшиб берардим. Ойим: «Ёшлигимда жудаям чиройли бўлганман. Даданг итдан ҳам, битдан ҳам рашк қилаверганидан, ураверганидан кетиб қолганман», дерди. Аммо кейинчалик билдим. Ойим айнан қўли эгрилиги учун ҳайдалган экан. Кейин ҳам уч марта эрга тегиб чиққан. Аммо туғмаган. Кейин онасиникига ташийверганидан ҳамма эрлари олдига солиб қувишган. Бир мартасини мен ҳам эслайман. Ҳар қалай, ёшим етти-саккизга бориб қолганди. Ўгай дадам ишда, онам эса каравотда ётганча телевизор кўриш билан овора эди. Телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарсам, бувим экан. Ҳовлиққанча «Тез ойингни чақир!» деди. Мен чақириб келдим. У ёғига фақат ойимнинг гапларини эшитдим.

— Менда унча пул йўқ. Қурумсоқ эрим ташлаб кетмади. Ўғилларингиз берса бўлмайдими? Уфф. Билмайман. Бир ҳафта олдин ўттиз сўм (у пайтларда бозорда гўштнинг килоси беш сўм эди) ташлаб келгандим-ку… Нега шунақа деяверасиз? Бўпти, эримдан сўрай-чи. Лекин юз сўм жуда кўп-да, ойи… Майли, майли, сўрайман, — деди ойим ва гўшакни секин жойига қўйди-да менга қаради. — Кичкина тоғанг касал бўлиб қолибди. Операциясига юз сўм сўраётганмиш. Нима қиламиз?

Мен унга тикилганча туравердим.

— Қурумсоқ. Ҳамма топганини ўлган хотинининг болаларига сарфлайди. Менинг укам бўлса унинг қайниси. Бегонамас. Шу юз сўмни деб укам ўлиб кетиши керакми?! — деди ойим.

У менга қараб гапирарди. Аммо мени кўрмаётганди. Ўзига-ўзи гапираётганди.

Онам ўгай дадамга қўнғироқ қилди. Укасини оғир аҳволда касалхонада ётганлигини, порахўрлар юз сўм бермаса, операция қилмаслигини йиғлаб-сиқтаб айтди. Кейин ўгай дадамнинг гапини эшитди. «Ўзим бориб келаман», деди. «Сиз овора бўлманг», деди. Кейин сўлиш олиб: «Майли, тайёр бўлиб турамиз», деди.

Хуллас, ўгай дадам йигирма дақиқага қолмасдан «Жигули»сида етиб келди. Кейин бизни машинага ўтқазиб, тўғри кичкина тоғам ётган касалхонага ҳайдади.

Ишонасизми, дўхтирлар сариқ чақа ҳам сўрашмаган экан. Буни ўгай дадам дўхтирхонага кириб билиб чиқди. Операция қилган врачнинг чўнтагига пул солмоқчи бўлганида силтаб ташлабди. «Бола-чақамга ҳаром едирмайман, топганим етиб турибди», дебди.

Ўгай дадам ранги оқариб, шифохонадан чиқди. Тўғри ойимнинг ёнига келди.

— Яхшимикин, яхши бўлиб кетармикин?! — деди ойим ҳовлиқиб.

Шунда ўгай дадам ойим бечоранинг юзига шунақанги шапалоқ туширдики, бечора ойим учиб кетди.

— Ҳаромхўрлар! — деди ўгай дадам ва чирт этказиб ерга тупирди-да, машинани ҳайдаб кетди.

Мен машинада эдим. Ўгай дадам менинг борлигимни сезмади ҳам. Сўкинди. Ёмон сўкинди. Мен у сўкишларни айтиб беролмайман. Ва сўкиниш асносида нима бўлганлигини ҳам гапирди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ